Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўзбекистон ва Германия ўртасида миграция соҳасида англашув меморандуми имзоланди

Ўзбекистон ва Германия ўртасида миграция соҳасида англашув меморандуми имзоланди

Ўзбекистоннинг Берлиндаги элчихонасида Германия меҳнат бозорига ўзбекистонлик мутахассисларни жалб қилишга қаратилган уч томонлама англашув меморандумни имзолаш маросими бўлиб ўтди.

«Дунё» АА хабарида айтилишича, унда «Микрокредитбанк» АТБ ва «International People IP GMbH and Co.KG» компанияси масъуллари, дипломатлар, шунингдек, онлайн тарзда «German Sparkassenstiftung for International Cooperation» ташкилоти рабарияти иштирок этди.

Имзоланган меморандумга кўра, немис томони ўзбекистонлик мутахассисларини гастрономия, озиқ-овқат логистикаси, логистика ва гўшт маҳсулотларини қайта ишлаш саноати соҳаларида Германия корхоналарида ишлашга тайёрлаш учун дуал касбий таълим ўқув юртларида ўқиш жараёнини енгиллаштириш мақсадида тил курслари таклиф этади. Шунингдек, сараланган мутахассисларга виза ва бошқа ҳужжатларни расмийлаштириш, Германияда кутиб олиш, иш ва яшаш жойлари билан таъминлаш ва рўйхатдан ўтказиш ишларида яқиндан ёрдам беради.

«Тошкент шаҳрида компаниямизнинг «International People Education GmbH» тил ўқув маркази ўз фаолиятини бошлади. Ҳозирги кунда ўқув марказида немис тили билим даражасини аниқлаш бўйича халқаро тил сертификатлари олиш учун мўлжалланган тил курслари ҳамда касбга йўналтирилган махсус тил курсларига қатнашиш имконияти мавжуд», – деди ўқув маркази раҳбари Акбар Фахриев.

Шунингдек, Тошкент давлат иқтисодиёт университетида Инклюзив дуал таълим маркази «International People IP GmbH and Co. KG» билан ҳамкорликда очилган.

Немис компанияси делегациясининг жорий апрель ойида Ўзбекистонга сафари, «German Sparkassenstiftung for International Cooperation» ваколатхонаси ва «Микрокредитбанк» билан биргаликда амалий ҳаракатлар режасини ишлаб чиқиши кутилмоқда.

Қайд этилишича, ушбу меморандум Ўзбекистон ва Германия ўртасида имзоланган миграция ва мобиллик соҳасида кенг қамровли шериклик тўғрисидаги битим ижросини таъминлаш йўлидаги навбатдаги амалий қадамлардан бири бўлиб хизмат қилади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг