6 ойга «кесилган» «алиментчи ота» 38 кунда озодликка чиқди
Вояга етмаган фарзандлари таъминотидан бўйин товлаш учун муайян жавобгарликлар мавжудлигини кўплар билади. Бундай ҳолатга «алиментчи оталар» кўпроқ тушиши ҳам маълум. Бироқ самарқандлик Х. Фарруҳ икки нафар вояга етмаган фарзандлари учун алимент тўлашни парвоига келтиргани йўқ. Давлат ижрочисининг тўғри йўл-йўриғига ҳам қулоқ солмади. Пичоқ суякка етгач, унинг иши судга ошириб юборилди. Бунинг натижасида 10 «сутка» ўтириб чиқди. Шундан кейин ҳам унинг бурнига сув кирса, қани?! Қўлингдан келгани шуми, қабилида яна юраверганидан сўнг МИБ ходимлари кескинроқ чора кўришга мажбур бўлди. Бу сафар Х. Фарруҳга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.
Жиноят ишлари бўйича туман суди уни ЖК(жиноят кодекси)нинг 122-моддаси (вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсни моддий таъминлашдан бўйин товлаш) билан айбдор деб топиб, олти ой муддатга озодликдан маҳрум этди.
Шундан кейингина у ва унинг яқинлари ҳаракатга тушсами?! Бир ойга етиб-етмаган муддатда алиментдан ҳосил бўлган бир неча миллон сўмлик қарздорликни бартараф этгач, дарҳол жиноят ишлари бўйича вилоят судига мурожаат этди.
Жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят суди судьяси Б. Алиқуловнинг «Xabar.uz»га тушунтиришича, Х. Фарруҳ дарҳол озодликка чиқарилди. Чунки, ЖКнинг 122-моддаси 3-қисмида, агар шахс алимент мажбуриятлари бўйича қарздорликни тўлиқ тўлаган бўлса, у жавобгарликдан озод қилинади деб белгиланган. Яъниким, алиментдан бўлган қарздорликни бартараф этиб, жазодан қутилиш мумкин, илло алиментнинг ўзидан қочиб қутилиб бўлмайди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter