500 сўмлик пакет ерни 500 йилгача заҳарлайди
Бугун — Халқаро пластик пакетлардан воз кечиш куни.
Ҳар йили 3 июл бутун дунёда пластик пакетларсиз кун сифатида кенг нишонланади. Шу куни сайёрамиз ҳақида қайғурувчилар атроф-муҳитга катта зарар етказаётган полиэтилен пакетлардан воз кечишни тарғиб қилади.
Дунё бўйича ҳар дақиқада бир миллионга яқин полиэтилен пакет ишлатилади, уларнинг аксарияти ўртача 25 дақиқадан сўнг ахлат қутисига тушади. Пластик турига қараб, бундай пакетларнинг парчаланиши 100 йилдан 500 йилгача давом этиши мумкин. Полиэтилен пакетлар ва бошқа пластмасса буюмларнинг тўпланиши атроф-муҳитнинг микропластмассалар билан ифлосланишига олиб келади. Улар ҳайвонларнинг озиқ-овқат занжирига кириши ва ҳатто инсонларнинг ичимлик сувигача етиб бориши мумкин. Бу эса организмда микропластмассалар тўпланиши ва заҳарланишни келтириб чиқаради. Бундан ташқари, пластик қоплар ичига кириб қолган ҳайвонлар турли шикастланиш ва ёки бўғилишдан вафот этиш ҳолатлари ҳам кўп учрайди.
Европа Иттифоқи давлатларида йилига 3,4 миллион тоннага яқин полиэтилен пакетлар ишлаб чиқарилади. Бу 2 миллиондан ортиқ автомобил оғирлигига тенг. Уларнинг 90 фоиздан ортиғи бир марталик. Бир европалик ўрта ҳисобда йилига 500 тага яқин пластик пакетдан фойдаланади. Шунга қарамай, европаликларнинг кўпчилиги бир марталик пластик қопларни тақиқлашни қўллаб-қувватламоқда.
Пластик пакетларнинг табиатга ва табиат орқали тўғридан-тўғри инсон саломатлигига зарарлари ҳақида халқаро акциялар ўтказилиб туришига қарамай, пластикдан фойдаланиш ҳар йили 8 фоизга ошиб бормоқда.
Афсуски, замонавий дунёда пластик буюм ва пакетлардан бутунлай воз кечиш имконсиз. Аммо ундан фойдаланишни минималлаштиришга эришиш мумкин. Мисол учун, полиэтилен пакет ўрнига унинг муқобили – қоғоз қоп, тўқилган эко-сумкалар, харид учун матодан тикилган эко-пакетлардан фойдаланиш мумкин. Ёки иссиқ кофени пластик қопқоқли бир марталик стаканда харид қилиш ўрнига, ўзингизнинг термо идишингиз билан қаҳвахонага келишингиз мумкин. Хорижда баъзи кофе дўконлар бу ҳолатда қаҳва учун чегирма ҳам беришади.
Муаммонинг замонавий ечимлари
Дунё аҳолисининг 80 фоиздан ортиғи истиқомат қилувчи 76 та давлатда полиэтилен пакетлар муомаласини тартибга солиш бўйича чекловлар жорий этилган. Энг оммалашган чора чакана савдо тармоқлари томонидан полиэтилен пакетларни бепул тарқатишни қонун билан тақиқлаш ҳисобланади.
Лекин бутун дунё учун тартибга солишнинг ягона турини жорий этиш имконсиз. Чеклов мамлакатлар ва ҳатто штатлар даражасида ҳам фарқ қилиши мумкин. Тартибга солиш самарали бўлиши учун вазиятнинг кескинлик даражаси баҳоланиши керак. Масалан, Бангладешда пакетлар сув тошқинининг асосий сабабларидан бири бўлган. Чунки канализация тизимлари ва сув қувурларига тиқилиб қолган пакетлар сабаб тошқин ва талофатлар кўпайган ва шунинг учун энг яхши ечим сифатида пластик пакет ишлаб чиқариш ва фойдаланиш тўлиқ тақиқланган.
Энг қатъий тартибга солиш чоралари Африка ва Осиёда. Бу минтақалардаги баъзи мамлакатларда пластик қопларни ишлаб чиқариш, импорт қилиш, ишлатиш тақиқланган ва тартибни бузиш қамоқ билан жазоланади. Кенияда эса мисли кўрилмаган жазо белгиланган – 38 минг доллар жарима ёки 4 йил қамоқ жазоси.
Ўзбекистонда пластик пакетлар билан ҳолат қандай?
Пластик пакетлардан ачинарли даражада кўп ва кенг фойдаланамиз. Ўзбекистонда йилига бу кўрсатгич 26,2 минг тоннани ташкил этмоқда. Буни статистик рақамларсиз чиқиндихоналардаги пакет уюмлари, ошхонамиздаги пакет учун ажратилган алоҳида тортма ёки қутидан ҳам англаш мумкин.
Мамлакатимизда 2019 йил 1 январидан полимер плёнкали пакетларни бепул бериш тақиқланган бўлса-да, бозор ва майда дўконларда бу тартиб амалдан чиқиб қолган. Ҳар бир харидингиз алоҳида-алоҳида пакетларга ўраб, қўлингизга тутқазилади. Биз узоғи 25 дақиқа фойдаланадиган пакет эса 500 йилгача сайёрамизни заҳарлаб тураверади. Овқат қидирган бирор ҳайвон уни ютиб юборса, вазият янада ачинарли тус олади.
Сайёрамизнинг тозалиги учун барчамиз бирдек жавобгармиз. Пластик пакетлардан воз кечиш ёки кескин камайтириш атроф-муҳитни яхшилашга шахсий ҳисса бўлиши мумкин. Ҳозирги ифлосланиш даражаси учун ҳар қандай ҳисса, ҳатто сиз учун аҳамиятсиз бўлиб туюлган ҳаракат ҳам муҳимдир.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter