3 йилда 300 нафарга яқин тиббиёт ходими турли даражада калтакланган – статистика
Олий Мажлис Қонунчилик палатасида бўлиб ўтаётган мажлисда «Тиббиёт ходимининг фаолиятига тўсқинлик қилганлик учун жавобгарлик белгиланиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.
Мажлисда маълумот ўрнида келтирилган статистик маълумотларга кўра, 2019-2022 йилларда республикада 285 дан ортиқ ҳолатда тиббиёт ходимларига нисбатан турли шаклдаги тажовузлар қилинган.
Муҳокама қилинган мазкур ҳужжат лойиҳада қуйидагилар назарда тутилмоқда:
«Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида»ги қонун янги модда билан тўлдирилиб, унда «тиббий фаолият», «тиббиёт хизмат» ва «тиббий ёрдам» тушунчаларини очиб беришга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс алоҳида 197-7-модда билан тиббиёт ходимининг қонуний тиббий фаолиятига тўсқинлик қилиш билан боғлиқ ҳолатларда жавобгарликни, мазкур ишнинг тааллуқлилиги ва уни кўриб чиқиш муддатларини белгилаш назарда тутилмоқда.
Тиббиёт ходимининг қонуний тиббий фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки шу мақсадда тиббиёт ходимига турли шаклда қонунга хилоф равишда таъсир ўтказиш фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан етти бараваригача, мансабдор шахсларга эса — етти бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача маъмурий қамоқ жазоси қўлланилиши белгилаб қўйилмоқда.
Депутатларнинг таъкидлашича, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши тиббиёт ходимлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларнинг касбий фаолиятига турлича аралашувларнинг олдини олишга, шифокорлик касбининг мақоми ва нуфузини оширишга хизмат қилади.
Мажлисда депутатлар қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилидилар.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter