23 миллион нафар афғонистонликка очарчилик ва ўлим хавф солмоқда — БМТ
Афғонистонда яшовчи 23 миллион киши тўйиб овқатланмаслик ва очарчилик оқибатидаги ўлим хавфи остида турибди. Жаҳон озиқ-овқат дастури (ЖОД) ҳамда Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) ўтказган тадқиқотлар шундан далолат бермоқда, дейилади Интерфакс» хабарида.
«Агарда шошилинч чоралар кўрилмас экан, Афғонистонда ноябрь ойидан кенг кўламли очарчилик бошланиши хавфи бор, мамлакатнинг ярим аҳолиси, деярли 23 миллион киши ўткир озиқ-овқат етишмовчилигидан азият чекади. Дунёдаги энг ёмон гуманитар инқирозлардан бирини бошдан кечираётган мамлакатнинг яна бир қайғули рекордига гувоҳ бўламиз», — дейилади БМТ сайти жойлаган баёнотда.
Тадқиқотда инқирозга олиб келган бир неча омиллар: қурғоқчилик, қуролли низолар, пандемия ва иқтисодий инқироз санаб ўтилган.
«Олдинда қаҳратон қиш, Афғонистоннинг айрим туманлари бу пайтга келиб инсонпарварлик ташкилотлари учун ёпилади. Ҳар иккинчи афғон, БМТ таснифотига кўра, учинчи, ҳатто тўртинчи даражали хавф остидаги вазиятда қолади. Озиқ-овқат билан таъминлаш ва одамлар учун яшашга керакли воситаларни сақлаб қолиш учун халқаро ҳамжамиятнинг зудлик билан аралашуви керак, акс ҳолда Афғонистонни гуманитар инқироз кутяпти», — дейилади баёнотда.
Жаҳон озиқ-овқат дастури раҳбари Дэвид Бисли Афғонистонда жаҳондаги энг ёмон инқироз бошланганини таъкидлади.
«Бу йилги қишда миллионлаб афғонлар миграция ёки очликдан ўлим — бирини танлашга мажбур бўлишади. Ягона чораси — ёрдам ҳажмини ошириш ва афғон иқтисодиётини тиклашдир», — деди у.
БМТ маълумотларига кўра, озиқ-овқат етишмовчилигидан қийналаётган одамлар сони Афғонистонда апрель ойидан бери 37 фоизга ошган. Энг ачинарлиси, беш ёшгача бўлган 3,2 миллион нафар болалар ҳам шу рўйхатда.
БМТнинг Афғонистон учун инсонпарварлик ёрдам режаси учдан бирга молиялаштирилган, бу «денгиздан томчи» — огоҳлантирди БМТ донорларни ваъда қилинган маблағларни тезроқ ўтказишга ундаркан. Жаҳон озиқ-овқат дастури 23 миллион кишига ёрдам кўрсатмоқчи, бунинг учун ойига 220 миллион доллар керак.
ФАО эса мамлакат аҳолисининг 70 фоизини ташкил этувчи фермерлар ва мол боқувчи уй хўжаликларини қўллаб-қувватлаш ҳаракатида. Бу йил 3,5 миллион киши ташкилот кўмагини олади. 2021 йилда бу ва бошқа фавқулодда чоралар учун ФАО қўшимча 11,4 миллион доллар, 2022 йилда эса ойига 200 миллион доллардан жалб этиши талаб этилади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter