2030 йилгача жаҳон аҳолисининг қарийб 45 фоизи семириб кетиши мумкин
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тахминларига кўра, 2030 йилга бориб, дунё аҳолисининг қарийб 45 фоизи семириб кетиши мумкин. Семизлик нафақат катталар ўртасида, балки болалар ва ўсмирлар орасида ҳам жиддий муаммога айланиб бормоқда. Маълумотларда келтирилишича, 1975 йилдан айни пайтга қадар дунёдаги семиз одамлар сони уч баравар ошган. 5 ёшдан 19 ёшгача бўлган 340 миллиондан зиёд болалар ва ўсмирлар семизликка дучор бўлишган.
Мазкур фактлар жамиятимиз учун семизлик жиддий таҳдид эканини кўрсатмоқда. Ушбу хавфнинг олдини олишда биргаликда ҳаракат қилиш вақти келди.
Бугун, 1 июлдан бошлаб Президентимизнинг «Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига асосан юртимизда семизликка қарши курашиш, саломатликни мустаҳкамлаш ва соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш бўйича кенг кўламли ишлар бошланади.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги билан биргаликда:
- вазирлик, идора, корхона, ташкилот, маҳаллий давлат ҳокимияти органларида фаолият олиб бораётган раҳбар ва ходимларнинг антропометрик кўрсаткичларини (семизлик даражасини, вазн индексини), бошқа ўткир касалликларни кескин камайтириш, саломатликни мустаҳкамлаш баҳолаш мезонларини ишлаб чиқиб, рейтинг асосида таҳлил қилиш ҳамда натижаларни онлайн кузатиб бориш тизимини;
- Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг тегишли ҳудудда оммавий спорт билан шуғулланувчилар сонининг ошишига, соғлом овқатланишига, хусусан, таркибида туз, қанд ва ёғ миқдори кўп бўлган ҳамда хамирли таом ва ширинликларни, нон маҳсулотларини истеъмол қилишни қисқартиришга, зарарли одатлардан, алкоголь ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилишдан воз кечиш йўли билан касалликка чалиниш, ортиқча вазн ҳолатлари (семизлик) ва бевақт вафот этиш кўрсаткичлари камайишига қараб ишига баҳо бериш бўйича рейтингини рақамлаштирилган дастур ёрдамида мониторинг қилиш тизимини жорий этади ҳамда «Соғлом турмуш тарзи» платформаси билан интеграция қилинишини таъминлайди.
Мутахассиларнинг фикрича, юриш, велосайр ва гимнастрада каби жисмоний фаолликни кундалик турмуш тарзига айлантириш ҳар қайси ёшдаги кишилар учун фойдадан ҳоли эмас. Фаол юриш орқали юрак қон-томир касалликлари, инсульт, хавфли ўсмалар, нафас олиш аъзоларининг сурункали касалликлар ва қандли диабет каби юқумли бўлмаган касалликларнинг олдини олган бўламиз.
Велосипедда сайр қилиш жисмоний фаолликнинг яна бир қулай ва завқли тури ҳисобланади. Велосайр мушак, юрак-қон томир тизимини мустаҳакамлайди, нафас олиш ритмини ривожлантиради. Тизимли ҳаракатлар ёғларнинг эришига, шу орқали ортиқча вазндан қутилишга олиб келади.
Шу ўринда қайд этиш керакки, семизликка қарши курашда соғлом овқатланиш ҳам муҳим ўрин тутади. Жумладан, турли хил сабзовот ва меваларни истеъмол қилишга одатланиш керак бўлади. Ёғли гўшт маҳсулотларини дуккакли маҳсулотларга, балиқ ва парранда гўшти ёки ёғсиз гўштларга алмаштириш, туз ва қандни имкон қадар камроқ истеъмол қилиш, овқат билан бирга чой ичмаслик, табиий шарбатлар ёки қайнатилган сув ичиш каби оддий, аммо муҳим қоидаларга риоя этган маъқул.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter