2023 йилдан қатор соҳаларга янги талаб киритилади
Йиғилишда ижтимоий соҳа объектларида ҳам босқичма-босқич муқобил энергия ускуналарини ўрнатиш муҳимлиги таъкидланди.
Мутасаддиларга келгуси йил Инвестиция дастури маблағларининг камида 15 фоизини шундай қурилмаларни ўрнатишга йўналтириш топширилди.
Бунда, йил якунига қадар 2 107 та боғчада, 1 минг мактабда, 1 071 та оилавий шифокор пункти, поликлиника ва шифохоналарда, 1 минг маҳаллада ташкил этилаётган янги тиббиёт пунктларида, 200 та санаторий ва бошқа дам олиш масканларида қуёш электр панеллари ва сув иситиш қурилмалари ўрнатилади.
Шу билан бирга, 2023 йилдан:
- савдо-кўнгилочар комплекслар, маданият ва истироҳат боғлари, ресторанлар, меҳмонхоналар;
- супермаркетлар, дўконлар, бозорлар, савдо омборлари;
- автомобилларга газ ва ёқилғи қуйиш станциялари;
- аэропорт, темир йўл ва автобус вокзаллари;
- хусусий таълим ва тиббиёт ташкилотлари;
- тижорат банклари ва уларнинг филиаллари камида 25 фоиз иссиқ сув истеъмоли ва ташқи ёритишни муқобил энергия ҳисобидан қоплаш талаби киритилади.
Йиғилишда шулар билан бирга:
- барча вилоят, туман (шаҳар) ички ишлар бошқарма ва бўлимларида ҳамда жазони ижро этиш муассасаларида;
- барча туман солиқ инспекциялари ва вилоят солиқ бошқармаларида;
- барча вилоят, туман ва шаҳар прокуратуралари, Бош прокуратура Департаменти ва Мажбурий ижронинг бошқарма ва бўлимларида;
- барча вилоят, туман ва шаҳар адлия идоралари, давлат хизматлари марказлари, ФҲДЁ бўлимларида;
- барча вилоят, шаҳар ва туман молия, ғазна, пенсия идоралари, суғурта ташкилотларида;
- камида 1 мингта маҳалла идораси биноларида муқобил энергия қурилмаларини ўрнатиш вазифаси қўйилди.
Бугунги йиғилишда белгилаб берилган чора-тадбирлар ҳисобига жорий йилнинг ўзида муқобил энергия манбалари қурилмаларининг қўшимча 1 триллион сўмлик бозори яратилади.
Шу муносабат билан ҳар бир вилоятда камида 1 тадан шундай қурилмаларни ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш лозимлиги таъкидланди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter