Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

2019 йилги Давлат дастурининг бажарилмаган бандлари маълум қилинди

2019 йилги Давлат дастурининг бажарилмаган бандлари маълум қилинди

«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати ўзига юклатилган вазифаларидан келиб чиққан ҳолда 2017 – 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили»да амалга оширишга оид Давлат дастурининг бажарилиши бўйича мониторинг натижалари таҳлилини эълон қилди.

Ҳаракатлар стратегиясини «Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили»да амалга оширишга оид Давлат дастурида 2019 йил мобайнида жами 274 та, жумладан:

  • Давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштириш йўналишида - 34 та;
  • Қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш йўналишида - 15 та; 
  • Иқтисодиётни ривожлантириш ва либераллаштириш йўналишида - 84 та; 
  • Ижтимоий соҳани ривожлантириш йўналишида - 100 та;
  • Хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш ҳамда чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий ташқи сиёсатни амалга ошириш йўналишида – 41 та банддаги тадбирларнинг амалга оширилиши белгиланган эди.

Давлат дастурининг бажарилиши 2020 йил 1 январь ҳолатига кўра қуйидагича:

  • 216 та банд ижро этилган, яъни назарда тутилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган, чора-тадбирлар режаси ва дастурлари тасдиқланган. 
  • 45 та банд бўйича ҳужжатлар лойиҳалари масъул вазирлик ва идоралар томонидан ишлаб чиқилиб, норматив ҳужжатларни қабул қилувчи субъектларга киритилган.
  • 1 та банд, яъни тўртинчи йўналишдаги 206-бандни бажариш муддати узайтирилган.
  • Давлат дастурининг 12 та банди ўз вақтида бажарилмаган.

Мазкур бандлар ижросини таъминлаш бўйича масъул идора ва вазирликлар томонидан ишлар ташкил этилган бўлса-да, Давлат дастурида ушбу бандларни бажариш учун белгиланган амалга ошириш механизми тўлиқ қамраб олинмаганлиги сабабли режалаштирилган чора-тадбирлар белгиланган муддатда бажарилмаган, яъни Давлат дастурида ишлаб чиқилиши кўзда тутилган қонун ва қонуности норматив ҳужжатлар лойиҳалари ўз муддатида лозим даражада ишлаб чиқилмаган, амалий чоралар бажарилмаган.
Хусусан:

  • 43-банд бўйича 2019 йилнинг 1 июлига қадар  Жиноят ва жиноят-процессуал қонунчилигини тубдан қайта кўриб чиқиш белгиланган бўлиб, жиноий жавобгарлик ва жазо тизимини такомиллаштириш, жиноят-процессуал қонунчилиги нормаларини тизимлаштириш ва уйғунлаштириш, жиноят-процессуал қонунчиликда ярашув институти доирасини кенгайтириш ва бошқаларни назарда тутувчи янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикасининг Жиноят Кодекси ва Ўзбекистон Республикаси Жиноят-Процессуал кодексларининг лойиҳалари жамоатчилик муҳокамасига тақдим этилмади;
  • 62-банд бўйича Жаҳон банки кўмагида ишлаб чиқиладиган банк-молия тизимини ривожлантириш бўйича узоқ муддатли стратегия тасдиқланиши кўзда тутилган бўлиб, Жаҳон банки миссияси томонидан Банк-молия тизимини ривожлантириш бўйича узоқ муддатли стратегия лойиҳаси ишлаб чиқилган, лекин белгиланган муддатларда тасдиқланиши таъминланмади;
  • 84-банд бўйича лицензия ва рухсатномалар бериш жараёнини соддалаштириш (лицензия олувчиларни мажбурий ўқитиш, малакасини ошириш тартибини қайта кўриб чиқиш ҳамда тадбиркорлик субъектлари раҳбар ва ходимларини тайинлашни лицензия ва рухсатнома берувчи давлат органлари билан келишиш тартибини қайта кўриб чиқиш)га оид норматив ҳуқуқий ҳужжат қабул қилиниши таъминланмади;
  • 89-банд бўйича пахта хом ашёси ва бошоқли дон маҳсулотлари етиштиришга кредит ажратиш тартибини қайта кўриб чиқиш, яъни пахта хом ашёси ва бошоқли дон етиштиришни молиялаштиришга имтиёзли кредит ажратиш муддатини агротехник тадбирлар муддатига мослаштириш, тўқимачилик-пахта ишлаб чиқариш корхоналари ва кластерларига ажратилган имтиёзли кредитларни қайтариш шартлари ва муддатини аниқ белгилаш масалалари ҳал этилмай қолди;
  • 119-банд. Эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Кичик саноат зоналари фаолиятини мувофиқлаштириш ва бошқаришни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинган. Бироқ, мазкур банднинг амалга ошириш механизмида назарда тутилган эркин иқтисодий зоналарни ривожлантириш концепцияси тасдиқланмаган;
  • 122-банднинг бажарилиши 2019 йил 1 март кунига белгиланган бўлиб,  Ўзбекистон Республикасининг «Концессиялар тўғрисида»ги Қонуни (Қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган бўлиб, тегишли вазирлик ва идораларга келишиш учун киритилган) лойиҳасини белгиланган тартибда кўриб чиқиш учун йил якунига қадар киритилмаган;
  • 131-банд ижросини таъминлаш муддати 2019 йил 1 июль этиб белгиланган бўлиб, Тадбиркорлик субъектларининг ташқи савдо фаолиятини тартибга солувчи қонун ҳужжатларини тизимлаштириш бўйича (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси ташқи савдо фаолияти тартибларини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги» Фармони лойиҳаси ишлаб чиқилган. 2019 йилнинг 22 ноябрь куни project.gov.uz порталига вазирлик ва идоралар билан келишиш учун жойлаштирилган) ишлар ўз вақтида бажарилмаган;
  • 171-бандда 2019 йил давомида арзон уй-жойлар қуриш дастурини изчил давом эттириш, намунавий уйлар лойиҳаларини такомиллаштириш, энергия тежамкор технологияларни қўллаш, замонавий ва арзон қурилиш материалларидан фойдаланиш чораларини кўриш бўйича қурилиши режалаштирилган 15 010 та уй-жой ва квартиралардан 6 517 таси фойдаланишга топширилди, қолган 8493 тасида қурилиш-монтаж ишлари якунланмаган.
    Хусусан, 11070 та уй-жой шароитини яхшилашга мухтож оилалар учун уйлар (5604 таси топширилди), 658 та алоҳида намуна кўрсатаётган ёш оилаларга уйлар (265 таси топширилди), 1272 та оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган аёллар учун уйлар (558 та топширилди), 1050 та мудофаа вазирлигининг ҳарбий хизматчилари учун уйлар (60 таси топширилди), 450 та миллий гвардия харбий хизматчилари учун хонадонлар (бирортаси топширилмади), 510 та ички ишлар органлари ходимлари учун хонадонлар (30 таси топширилди) фойдаланишга топширилмаган.
    Шунингдек, 2019 йил давомида давлат дастурида белгиланган:

- қурилиш материаллари таннархини мақбуллаштириш;

- 2 сотихли 2 ва 3 хонали уй-жойларни массивнинг бош режасида жойлаштиришда хўжалик йўлини қайта кўриб чиқиш орқали нархни мақбуллаштириш бўйича амалий иш бажарилмаган;

- қишлоқ жойларда ва фуқароларнинг алоҳида тоифалари учун 15 010 та арзон уй-жойлар қуриш ва шаҳарларда 355 та кўп қаватли уйлар қуриш белгиланган бўлсада, 2019 йилнинг 12 ойи давомида атиги 6 517 та (43%) уйлар фойдаланишга топширилган);

  • 183-банд билан Магистрал телекоммуникация транспорт тармоқларини кенгайтириш учун «Ўзбектелеком» АК магистрал телекоммуникация тармоғи ўтказувчанлигини вилоят марказларигача 100 Гбит/с дан 400 Гбит/с гача, туман марказларигача 10 Гбит/с дан 100 Гбит/с гача ошириш чораларни кўриш белгиланган бўлиб, 2019 йилнинг 30 декабрь ҳолатига кўра магистрал телекоммуникация тармоқларини кенгайтириш қурилмаларнинг бир қисми республикага етиб келган ва монтаж ишлари олиб борилган. Лойиҳа доирасида 26,3 млн. АҚШ доллари ўзлаштирилган. Қурилмалар тўлиқ келтирилганидан сўнг 237 та объектда магистрал телекоммуникация тармоқларини кенгайтириш ва телекоммуникация ускуналарини модернизация қилиш кўзда тутилган. Японияда содир бўлган табиий офат сабабли юкларни ишлаб чиқариш ва келтириш ишлари кечиктирилганлиги ва ишларни 2020 йилда давом эттирилиши тўғрисида ишлаб чиқарувчи томон – «Toyota Tsusho Corporations» (Япония) компанияси маълумот берган;
  • 201-банд бўйича Республикага туристлар оқимини янада кенгайтириш мақсадида машҳур халқаро брендлар асосида фаолият юритувчи етакчи компаниялар филиалларини Ўзбекистонда очиш чораларини кўриш учун халқаро брендлар асосида озиқ-овқат, спорт, савдо хизматлари, соғлиқни сақлаш ва бошқа соҳаларда фаолият юритувчи йирик компаниялар билан музокаралар ўтказиш ва Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари томонидан тегишли лойиҳаларни амалга ошириш чоралари кўрилиши белгиланган эди. Бу борада Тошкент шаҳрида «Hilton» меҳмонхонаси очилди. Ушбу банд ижросини назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Туризм тармоғини жадал ривожлантиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-4095-сонли қарор имзоланди. Қарор асосида таниқли мехмонхона брендини жалб этиш мақсадида, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 27 майдаги «Мехмонхона хўжалиги фаолиятини янада ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 433-сон қабул қилинди. Шунга қарамай, халқаро брендлар асосида озиқ-овқат, спорт, савдо хизматлари, соғлиқни сақлаш ва бошқа соҳаларда фаолият юритувчи йирик компаниялар билан музокаралар ўтказиш бўйича ишлар режалаштирилган миқёсда амалга оширилмаган;
  • 207-банд. Халқ таълими муассасаларини молиялаштириш механизмини такомиллаштириш мақсадида бир нафар ўқувчига харажатларнинг базавий нормативларидан келиб чиққан ҳолда «маблағ ўқувчи ортидан» тамойили асосида босқичма-босқич молиялаштириш тизимига ўтиш белгиланган бўлиб, Тошкент шаҳридаги умумтаълим муассасаларини молиялаштиришнинг амалдаги тартиби ўрганилган ва натижада ваучерлар орқали молиялаштириш тизимини жорий этиш тажрибасини амалга ошириш учун Тошкент шаҳрининг М.Улуғбек туманидаги мактаблар танлаб олинган. Хорижий тажрибага асосланган ҳолда халқ таълимида киши бошига молиялаштириш тизими ишлаб чиқилган ва мактаблар учун ваучерлар қиймати ҳисоблаб чиқилган. Натижада, бир ўқувчи учун ваучерлар миқдори аниқланиб, ушбу тизимда молиялаштириш таклиф этилган. Бироқ, уни амалга оширишда турли муаммолар мавжудлиги, хусусан умумтаълим муассасаларини алоҳида ғазна ҳисобрақами орқали Ўзбекистон Республикаси ғазначилигига қамраб олмаган ҳолда молиялаштириш бюджет жараёнини ижро этишни тартибга солувчи қонун ҳужжатларига мос келмаслиги маълум қилинган.
    Шунга кўра, мазкур банд ижро муддатини узайтириш, таълим муассасаларини молиялаштиришнинг янги тизими бўйича тажриба-синов тариқасида ўтказишни 2021 йилдан бошлаб амалга оширилишига рухсат берилиши бўйича Халқ таълими ва Молия вазирликларининг қўшма хати киритилган.
  • 231-банд. «Yoshlar – kelajagimiz» давлат дастури доирасида ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш ва бандлигини таъминлаш («Yoshlar — kelajagimiz» жамғармаси маблағларидан 2 трлн сўмдан ортиқ маблағ ажратиш орқали 50 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратиш режалаштирилган бўлиб, амалда эса 2019 йилнинг 30 декабрь ҳолатига  3 518 та бизнес лойиҳаси учун жами 938,5 млрд. сўм миқдорида имтиёзли кредит маблағлари ажратилгани ҳолда 12 011 та (режага нисбатан 24 фоиз) янги иш ўрни яратилган).
Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг