2 йилда 25 та махсус мактаб-интернат қурилади
2022 йил 14 апрель куни «Президент таълим муассасалари агентлиги тизимидаги ихтисослаштирилган мактаблар тармоғини кенгайтириш тўғрисида»ги президент фармони имзоланган.
Фармонга кўра, Президент таълим муассасалари агентлиги тизимида:
- 2022 йил 1 сентябргача вазирлик, идора ва ташкилотлар тасарруфида бўлган таълим муассасалари негизида 19 та ихтисослаштирилган мактаб-интернатлари ҳамда 141 та ихтисослаштирилган мактаблар;
- 2023 йил 1 июнгача Халқ таълими вазирлиги тасарруфида бўлган ва фаолияти тугатилган Меҳрибонлик уйлари ва Болалар шаҳарчалари негизида 5 та ихтисослаштирилган мактаб-интернатлар ҳамда 3 та ихтисослаштирилган мактаблар ташкил этилади.
2022–2024 йилларда Агентлик тизимида 25 та ихтисослаштирилган мактаб-интернат қурилади.
2022/2023 ўқув йилидан Халқ таълими вазирлиги тизимидаги айрим фанларни чуқур ўқитишга ихтисослаштирилган мактаблар негизида айрим фанлар чуқур ўқитиладиган синфлари мавжуд умумий ўрта таълим мактаблари ташкил этилади.
Агентлик мактабларига қабул параметрлари бир синфда ўқувчиларнинг энг кўп сони 24 нафардан ошмаслигини ҳисобга олган ҳолда Агентлик томонидан белгиланади.
2022/2023 ўқув йилида Агентлик мактабларининг аниқ фанлар йўналишига қабул 5–11-синфларга, табиий фанлар йўналишига 7–11-синфларга, кейинги ўқув йилларида тегишинча 5- ва 7-синфларга амалга оширилади.
Агентлик мактабларига ўқувчиларни қабул қилиш аниқ ва табиий фанлар, хорижий тиллар ҳамда мантиқий фикрлаш бўйича ўтказиладиган кириш имтиҳонлари натижаларига кўра амалга оширилади.
Рўйхати Агентлик томонидан тасдиқланадиган халқаро, минтақавий ёки асосий фан олимпиадаларининг учинчи (вилоят) босқичида ғолиб бўлган (1, 2, 3-ўрин) умумий ўрта, ўрта махсус ва бошланғич профессионал таълим ташкилотлари ўқувчилари ўзи таълим оладиган ҳудудида жойлашган Агентлик мактабларига умумий қабул параметрлари доирасида кириш имтиҳонсиз ўқишга қабул қилинади.
Агентлик мактабларида аниқ ва табиий фанлар билан бир қаторда Ўзбекистон тарихи фани чуқурлаштирилган ҳолда ўқитилади.
Агентлик мактаблари директорининг ихтисослик фанлари бўйича ўринбосари лавозими ўрнига «Мактаб маслаҳатчиси» лавозими жорий этилади.
Агентлик тизимидаги ихтисослаштирилган мактаб-интернатларда ўқувчилар учун аутсорсинг асосида бепул соғлом овқатланиш ташкил этилади.
Агентлик мактабларига раҳбар ва педагог кадрларни ишга қабул қилиш уч босқичли танлов (саралаш босқичи, тест синови ва суҳбат) асосида амалга оширилади.
2022/2023 ўқув йилидан Агентлик мактабларида сунъий интеллект, робототехника, агротехнология, нанотехнология, биотехнология, IELTS, TOEFL ва SAT бўйича қўшимча курслар ташкил этилади.
Агентлик ҳузуридаги Педагогик маҳорат ва халқаро баҳолаш маркази Педагогик маҳорат ва халқаро баҳолаш илмий-амалий маркази (марказ) этиб қайта номланди.
Марказ умумий ўрта, ўрта махсус ва профессионал таълим ташкилотлари педагог кадрларининг билим даражаси ҳамда касбий маҳоратини баҳолайди.
Марказ томонидан педагог кадрларнинг билим даражаси ва касбий маҳоратини баҳолаш барча талабгорлар учун шартнома асосида амалга оширилади.
Баҳолаш натижаси бўйича 2 йил муддат давомида амал қилувчи «Илғор ўқитувчи», «Устоз ўқитувчи» ҳамда «Профессионал ўқитувчи» даражали сертификатлар берилади.
Мазкур сертификатни олган педагог кадрларига қуйидаги миқдорда қўшимча ҳақ тўланади:
- «Илғор ўқитувчи» даражали сертификатни олган педагог кадрларга уларнинг базавий тариф ставкасига нисбатан ҳар ойлик 50 фоиз миқдорида;
- «Устоз ўқитувчи» даражали сертификатни олган педагог кадрларга уларнинг базавий тариф ставкасига нисбатан ҳар ойлик 70 фоиз миқдорида;
- «Профессионал ўқитувчи» даражали сертификатни олган педагог кадрларга уларнинг базавий тариф ставкасига нисбатан ҳар ойлик 100 фоиз миқдорида.
- Ушбу сертификатларни олган педагог кадрлар Агентлик тизимидаги таълим муассасаларига уларнинг малака тоифасидан қатъи назар ишга қабул қилинади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter