Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

1979 йил, 11 август: самоларга сочилган юлдузлар

1979 йил, 11 август: самоларга сочилган юлдузлар

Оламни кўрмоқ учун уйғонмоқ керак. Ҳаётни ҳис қилмоқ учун яшаш керак. Ватанга хизмат қилмоқ учун бугунни англаш керак. Бугунни англаш учун ортга боқиш керак. Ортда бизни ғалабаларга ошно қилган Буюк хотира ётибди. Бу «Пахтакор»-1979. Уларнинг хотири бизга ҳамон куч беради.

«Отамдан қолган тошойна қани?!»-дераза ойнасидан бош чиқариб, хотинига бақирган Ўзбек комедияси устаси Эргаш Каримов жаҳл билан ичкарига отилади. Ҳаял ўтмай, хонадан «чарақ-чуруқ-чарс» этиб синган ойналар товуши эшитилади... Кичиккина бир эпизодни ҳозиргача катта қизиқиш билан кўрамиз.  Жамоа ўйинлари ҳақида китоблар ёзилган, шеърлар битилган, комедик фильмлар яратилган... «Пахтакор» ўйинларига ишқибоз бўлган бундай ашаддий «касаллар» жамоанинг яшил майдонларда тўп суриб юрган даврларидаёқ талай эди...

Ҳа, оддий тўпўйин - футболга, думалоқ тўпнинг сеҳрли оғушига тушиб, ўсмирликданоқ мана шу тўп асирига айланган, қулочларини яшил майдон узра кенг ёзиб югурган, ҳайқириғи кўнгилнинг бош урар каби сингари ўтли, орзулари осмон қадар бўйли эди «пахтакор»чиларнинг.  Уларни хотирлаганда, ҳали-ҳануз титрайди вужуд-вужудимиз,  бўғзимизга тош янғлиғ тиқилади оғриқ...

Бугун роппа-роса 44 йил илгари Ўзбек футболи айрилиққа учраган кун. 1979 йил 11 август куни - Ўзбек футболи тарихида қора ҳарфлар билан ёзиб қўйилган.  Шу куни «Пахтакор» футбол жамоаси навбатдаги тур ўйинларини ўтказиш учун Минск шаҳрига парвоз қилган. Улар Украинанинг Днепродзержинск осмонида Ту-134А русумдаги самолёт орқали кўтарилишган. Парвоз чоғида ушбу самолёт Челябинск-Кишинёв рейсида парвоз қилган шу русумдаги 65735 рақамли бошқа бир самолёт билан тўқнашиб кетиб, ҳалокатга учраган. Икки лайнернинг 8400 метр баландликдаги тўқнашуви оқибатида 178 нафар йўловчи ҳалок бўлган. Ҳалок бўлганлар орасида 17 нафар  «Пахтакор» футбол жамоаси аъзолари ҳам самоларга юлдуздек сочилишган. Осмон йиғлаган ўша кун... Рақиб жамоаларнинг ашаддий мухлислари ҳам ўкириб йиғлаган ўша кун... Миллатнинг бош жамоаси саналган ўғлонларидан Ўзбекистон бир лаҳзада айрилган... ўша кун! Ғалабалар сари талпинган қалблар миллионлаб мухлисларнинг юракларига битмас жароҳат, ўкинч солиб кетишган. Бу оғриқ, бу айрилиқ ҳали-ҳануз юракларни ларзага солади. Ҳали-ҳануз изтироб алангасида ёндиради кўнгилларни.

Самолёт ҳалокати 1979 йилнинг 11 августида Тошкент вақти билан соат 13:35-дақиқадан 38 сония ўтганда содир бўлган. Интернет маълумотларига кўра, диспетчернинг хатоси икки юз нафарга яқин инсонларнинг ҳалок бўлишига сабаб бўлган.

Диспетчернинг хатоси нимада эди?

11 август, 7:50. Харьков ҳаво ҳаракатларини бошқариш марказида раҳбар Сергеев жанубий-ғарбий йўналишга масъул этиб катта тажрибага эга бўлмаган Жуковскийни қўйди. Унинг ҳаракатларини назорат қилишни эса биринчи классли диспетчер Сумскойга топширади. Ваҳоланки, бу ҳудуд собиқ СССРда самолётлар энг кўп учиб ўтадиган йўлга эга эди. Одатий кунларда ҳам ушбу жой осмонида бошқа ҳудудлардан кўра иш анча қизғин бўларди.

13:17. Молдовага қарашли Ту-134 самолёти Харьков маркази билан алоқага чиқди. Командир 9600 метр баландликни эгаллашни сўради. Лекин Жуковский унга бу йўл банд бўлишини айтиб, рад жавобини берди.

Кейин эса алоқага Минскка тегишли бўлган Ту-134 чиқиб, командир Комаров самолёт 5700 метр баландликда эканини айтиб, ўзи учун белгиланган 9600 метр масофага кўтарилишни сўради. Ҳар икки самолёт йўналиши Днепродзержинск тумани осмонида тўғри бурчак остида кесишар, лекин орадаги фарқ бир дақиқани ташкил этарди. Бироқ Жуковский ҳисобда адашиб кетади ҳамда икки самолёт учиб ўтиш фарқи 3 дақиқа деб белгилаб олади. Шу сабабли у Комаровга 7200 метр баландликни эгаллашга буйруқ беради.

13:34. Минск экипажи 8400 метр баландликка кўтарилишга буйруқ олади ҳамда навбатдаги буйруқни кута бошлайди. Чунки бу йўлдан Ил-62 учиб ўтиши лозим эди. Ва Жуковский яна бир хатога йўл қўяди. Буни «Пахтакор» учаётган самолёт командирининг алоқага чиқиб айтган сўзларидан пайқаган Сумской бошқарувни қўлга олади ҳамда учувчилар билан алоқага ўзи чиқишни бошлайди:

13.34.07:—676чи (Ил-62нинг борт рақами), 9600 метр баландликни эгалланг.

13.34.28:—735чи, сиз эса 9000 метр баландликка ўтинг. Днепродзержинскда 8440 метр баландликда йўллар кесишади.

Жавоб эса қуйидагича янграйди:

— Тушундим, 8400.

Сумскойнинг хатоси шунда бўлганки, у жавобни қайси самолёт командири айтганини сўраб, тасдиқлатишни эсдан чиқарган. Ҳар икки диспетчер буйруқни ким бажарганини сўрашни ёки локаторга қараб, самолётлар қайси йўналишда ҳаракат қилаётганини текширишни унутишган.

8400 метр баландликдаги тўқнашув

13.35.38: 95 даража бурчак остида 65916 рақамли Ту-134А шу русумдаги 65735 рақамли бошқа бир самолёт билан тўқнашиб кетади. Ҳар икки самолёт учувчилари қалин булут туфайли қаршисидаги самолётни кўриш имкониятига эга бўлишмаган. 8300 метр баландликда Молдова самолёти Минскка қарашли самолётнинг қанот қисмига келиб урилган. Комаров «Пахтакор» учаётган лайнер бошқарувини 4500 метр баландликкача герметизация бузилган ҳолатда ҳам ушлаб турган, бироқ шундан кейин самолёт кескин равишда қулашни бошлаган.

Ҳалокат тўғрисида биринчи бўлиб ўша пайт ҳавода бўлган АН-2 самолёти экипажи хабар беради: «Куриловка ҳудудида қулаётган самолёт қисмлари кўзга ташланмоқда. Менимча, бу ТУ-134 парчалари».

Икки лайнернинг 8400 метр баландликдаги тўнашуви натижасида 178 нафар инсон ҳалок бўлди. 9 ойдан кейин бўлиб ўтган судда Жуковский ва Сумской устидан суд қарори эълон қилинди. Улар умумий режимда 15 йилдан озодликдан маҳрум этилди. Бошқа жавобгар шахслар эса «сувдан қуруқ чиқишган»,-дейилган манбаада.

17 нафар футбол қаҳрамонларининг номлари қайд этилган рўйхатни келтирар эканмиз, яна бир карра бундан 44 йил илгари ота-оналарнинг қайғуларини, ёш келинчакларнинг дардли ноласию, ҳали атак-чечак қадам ҳам босиб улгурмаган гўдакларнинг етим қолгани, минг-минглаб, миллионлаб одамларнинг фарёдларини ҳис қилдик.

Идгай Борисович Идгай Борисович Тазетдинов 13.01.1933 Мураббий

Владимир Васильевич Чумаков 08.12.1932 Шифокор

Мансур Иномжонович Толибжонов 04.04.1944 Маъмур

Михаил Иванович Ан  19.11.1952 Ярим ҳимоячи

Владимир Иванович Фёдоров 05.01.1956 Ҳужумчи

Олим Масолиевич Аширов  25.01.1955 Ҳимоячи

Равиль Рустамович Агишев  14.03.1959 Ҳимоячи

Константин Александрович Баканов 25.05.1954 Ярим ҳимоячи

Юрий Тимофеевич Загуменних 07.06.1947 Ҳимоячи

Александр Иванович Корчёнов 04.05.1949 Ярим ҳимоячи

Николай Борисович Куликов 25.04.1953 Ҳимоячи

Владимир Васильевич Макаров 09.03.1947 Ярим ҳимоячи

Сергей Константинович Покатилов 20.12.1950 Дарвозабон

Виктор Николаевич Чуркин  25.01.1952 Ҳужумчи

Сирожиддин Аҳмадович Бозоров 10.08.1961 Ҳужумчи

Шуҳрат Мўсинович Эшбўтаев 08.02.1959 Ҳужумчи

Владимир Валиевич Собиров 14.01.1958 Ҳужумчи

Манбаага кўра, воқеадан сўнг 9 ойдан кейин суд бўлиб ўтган. Судда Жуковский ва Сумской устидан суд қарори эълон қилинган. Улар умумий режимда 15 йилдан озодликдан маҳрум этилишган.

«Пахтакор» ҳақида сўз кетганда, жамоанинг ишончли ўйин кўрсатиб, жаҳон майдонларида юқори натижа кўрсатишга қодирлиги, жамоанинг Еврокубокларда ўйнаши мумкинлиги тўғрисида фикрлар билдиришади. Фожиа оқибати нафақат, кўплаб одамларнинг ҳалок бўлишига, балки узоқ йиллардан буён Ўзбек футболининг ривожланишига ҳам салбий таъсир кўрсатиб келаётганини сўзлашади.

Биз қалбимизга она сути билан кирган Ватан туйғусини, она алласини ёдлаган каби эслаймиз самоларга юлдуздек сочилган «Пахтакор»ни.

Бугунги футболчиларимиз ҳам Ватан хизматига ярамоқ бахти, унинг истиқболига ошуфта бўлиш илинжида мана шу энг юксак туйғу билан майдонга тушишса, уларни «Пахтакор» қўлласа, дегимиз келади.

Катта майдон узра кенг қулоч ёя,

Самога сочилди эпчил, шоввозлар.

Чорак асрдирки, «Пахтакор» дея,

Ўкириб бўзлайди миллион овозлар...

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг