18 нафар мактаб ўқувчиси муддатидан олдин талаба бўлди
Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 10 апрелдаги «Ўзбекистонда Шарда университетини ташкил этиш тўғрисида»ги қарори билан Андижонда ташкил этилган Шарда университетида айни пайтда бир неча йўналишларда талабалар инглиз тилида таҳсил олмоқда.
Шарда университети ҳамда Андижон вилояти халқ таълими бошқармаси ўртасида умумтаълим мактабларини олий таълимга тайёрлаш, ўқувчиларнинг билимларини синовдан ўтказиш бўйича ҳамкорлик йўлга қўйилган. Ана шу ҳамкорлик доирасида бу йил илк бор Шарда олимпиадаси ўтказилди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Мазкур олимпиаданинг қуйи босқичларида 6 та фан (кимё, биология, физика, информатика, математика, инглиз тили) бўйича қарийб 4 мингдан зиёд ўқувчилар иштирок этди. Юқори натижага эришган 287 нафар битирувчи ёшлар олимпиаданинг финал босқичида ўз билимини синовдан ўтказди.
«Олимпиаданинг якуний натижаларига кўра, 18 нафар мактаб битирувчиси муддатидан аввал талаба бўлиш имкониятини қўлга киритди. Бу албатта, ўқувчиларимизни пухта билим олишга бўлган интилиши, фаоллигини оширади, қолаверса, олий таълим муассасаларига имтиёзли равишда, муддатидан аввал кириш имконини беради», – дейди Андижон вилояти халқ таълими бошқармаси бошлиғи Азизбек Миркомилов.
Қўшма лойиҳа доирасидаги навбатдаги олимпиада Ўзбекистон – Корея халқаро университети (KIUF) ҳамкорлигида ўтказилиши режалаштирилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter