Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«16 февраль воқеалари»да айбланган 5 нафар шахс оқланди

«16 февраль воқеалари»да айбланган 5 нафар шахс оқланди

Фото: Rost24

1999 йилнинг 16 февраль куни пойтахтдаги портлашлар сабаб жиноий жавобгарликка тортилган 5 нафар шахс оқланди. Айни маълумотни Тошкент вилояти суди матбуот котиби Ш.Худойбердиев «Xabar.uz»га тасдиқлади.

Қайд этилишича, оқланганлар «16 февраль воқеалари»нинг асосий ижрочилари деб топилганлар эмас. Аксинча, улар собиқ божхона ходимлари ҳисобланади. Судланувчилар (эндиликда собиқ) ўз хизмат вазифаси юзасидан бажариши лозим ёки мумкин бўлган ҳаракатларни қасддан бажармагани оқибатида (Жиноят кодексининг 208-моддаси) қонли воқеаларга сабабчи бўлганликда айбланиб, 1999 йилдаёқ жазога тортилган. Уларга нисбатан чиқарилган ҳукм бугун Тошкент вилоят судининг апеллация ҳайъати томонидан бекор қилинди. Судлов ҳайъати уларнинг хатти-ҳаракатида жиноят аломатлари йўқ деб ҳисоблаб, барчасини оқлаш ҳақида ажрим чиқарган.

Шу тариқа собиқ судланувчиларга нисбатан чиқарилган Зангиота туман судининг ҳукми орадан 22 йил ўтиб, бекор қилинди.

Оқланганларнинг айтишича, Тошкент шаҳарида бўлиб ўтган оммавий сайёр қабулдан кейин уларнинг масаласида олдинга силжиш кузатилади. Республика раҳбарлик идоралари ва Судьялар олий кенгаши масъуллари қабулидан сўнг жиноят иши апелляция тартибида кўрилиши натижасида 22 йил кутилган адолат тикланади.

Оқланганлар:

Камалов Ёлкин Тулаганович – 1968 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, миллати ўзбек, Ўзбекистон фуқароси, маълумоти олий, оилали, «Ғишт кўприк» божхона масканида бош нозир бўлиб ишлаган.

Ходжаев Мухаммадзахир Набиевич – 1973 йилда Қашқадарё вилоятида туғилган, миллати ўзбек, Ўзбекистон фуқароси, маълумоти олий, оилали, «Ғишт кўприк» божхона масканида нозир бўлиб ишлаган.

Юнусов Иброҳим Шовкатович – 1970 йилда Тошкент вилоятида туғилган, миллати ўзбек, Ўзбекистон фуқароси, маълумоти олий, оилали, «Ғишт кўприк» божхона масканида нозир бўлиб ишлаган.

Бегматов Бахтиёр Набижанович – 1974 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, миллати ўзбек, Ўзбекистон фуқароси, маълумоти олий, оилали, «Ғишт кўприк» божхона масканида нозир бўлиб ишлаган.

Буриев Искандар Тожибаевич – 1973 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, миллати ўзбек, Ўзбекистон фуқароси, маълумоти олий, оилали, «Ғишт кўприк» божхона масканида нозир бўлиб ишлаган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг