Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Тошкент вилоятида 2022 йилда фойдаланишга топширилиши белгиланган 13 та объектда ишлар якунланмагани очиқланди

Тошкент вилоятида 2022 йилда фойдаланишга топширилиши белгиланган 13 та объектда ишлар якунланмагани очиқланди

Фото: Xabar.uz

Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси ҳамда прокуратура органлари фаолияти устидан назорат қилувчи комиссияси йиғилишида сенаторлар Тошкент вилоятида ижтимоий соҳа ва инфратузилмани ривожлантириш объектлари қурилишида аниқланган камчиликларни танқид қилишди.

Қайд этилишича, ўтган йилда фойдаланишга топширилиши лозим бўлган 13 та объектда ишлар якунланмаган ва фойдаланишга топшириш далолатномалари тўлиқ расмийлаштирилмаган. Бундан ташқари, жорий йилда топширилиши лозим бўлган 101 та объектда қурилиш ишлари режадан орқада қолган бўлса, янгидан қурилиши режалаштирилган 21 та объектда эса қурилиш ишлари бошланмаган.

Фото: Xabar.uz

Шунингдек, жорий ўқув йилида фойдаланишга топширилиши керак бўлган 4 та мактаб ҳамда 7 та боғчада қурилиш ишлари якунланмаган. Юқоричирчиқ, Бўстонлиқ, Қибрай, Янгийўл туманларида 2 тадан, Чирчиқ, Нурафшон шаҳарлари ҳамда Бекобод туманида 1 тадан шундай объектлар мавжуд.

Йиғилиш давомида қурилиш ишларини сифатли ва ўз вақтида бажарилишида пудратчилар масъулиятини янада ошириш, қурилиш ишларига тўсиқ бўлаётган муаммоларни мутасадди ташкилотлар томонидан ўз вақтида бартараф этиш, бу борада прокуратура органларининг назорат фаолиятини кучайтириш лозимлиги таъкидланди.

Муҳокама якунида Тошкент вилоят ҳокимлиги ҳамда вилоят прокуратураси, шунингдек, Бош прокуратура, масъул вазирлик ва идораларга тегишли таклиф ва тавсияларни қамраб олган қўмита қарори қабул қилинди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг