Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Хушнудбек Худойбердиев

Фақат ҳақиқатни, барча ҳақиқатни, ҳақиқатдан ўзга ҳеч нарсани…

Бой жиноят қилса — шўхлик, камбағал шўхлик қилса — жиноят

Бой жиноят қилса — шўхлик, камбағал шўхлик қилса — жиноят

Иллюстратив фото

Кеча Миришкор тумани ҳокимининг маҳалла раисларини сўккани ва ургани ҳақидаги аудио тарқалди. Қашқадарё вилояти ҳокимлиги бу овоз ҳақиқатдан Миришкор тумани ҳокими Б.Раджабовнинг овози эканлигини тасдиқлади.

«Бу борада ички тартибда чора кўриш билан чекланиш ҳам мумкин эди. Аммо, қонуний равишда чора кўрилиши, "Нега оддий халқ хато қилса, жазо ёки жарима, ҳоким хато қилса, кечирим-ми?" каби табақалаштирувчи гап-сўзлар келиб чиқмаслиги тарафдоримиз», — дейилади вилоят ҳокимлиги баёнотида.

Шунингдек, Бош прокуратура ушбу ҳолат бўйича текширувларни бошлагани маълум қилинди.

Нима ҳам дердик, Ўзбекистонда жами 200 дан ортиқ ҳоким бўлса, уларнинг барчаси сўкмайдиган ёки кимнидир урмайдиган бўлиши учун камида 200 йил керак. Тарки одат амри маҳол. Аммо ҳақорат қилгани ёки қўл кўтаргани учун ҳокимлар ҳам аёвсиз жазо олиши керак.

Бир нарса мени доим ҳайрон қолдиради. Қизиқ-да, масалан ҳоким фуқароларни сўкса, қонун бўйича маъмурий жазо берилади (максимум 40 минимал жарима). Агар тескариси, яъни оддий фуқаро ҳокимни сўкса, унда бу тўғридан-тўғри жиноят бўлади ва ҳатто 1 йилгача қамалиши ҳам мумкин. Қонунларимиз нега бунақа адолатсиз?

Ҳалиям мен ҳокимлар ҳақорат қилган ҳолатларда шунчаки кўз юмилиб, ҳатто ўша жаримани ҳам беришмаётгани ҳақида гапирмаяпман. Шунчаки қонунларимиздаги оддий адолатсиз фарқни айтяпман холос.

Ҳоким ким? Халқни пулидан ойлик олиб, аслида халққа хизмат қилиши керак бўлган хизматчими ёки фақат Президентга хизмат қилишга бел боғлаб, халқни писанд қилмайдиган ва ўз ҳудудида мутлоқ ваколатга эга бўволиб (қонунан эмас, оғзаки), ўзи хон, кўланкаси майдон бўлган шаҳаншоҳми?

Нега давлатнинг бирдан-бир манбаи бўлган халқ ҳокимтўралардан қуйи ўринда туриши керак? Нега?

Ёки ҳоким ҳақорат қилгани учун ҳам жиноий жавобгарлик белгилансин (ахир у катта амалдор, унинг ҳаракати давлат имижига путур етказади), ёки аксинча оддий фуқаролар ҳокимни ҳақорат қилгани учун дарҳол жиноятчи сифатида қаралмасин.

Ҳокимлар ўзини ким деб ўйлайди? Уларсиз Ўзбекистон йўқми? Ёки уларсиз жамият ривожланмайдими? Уларсиз ер айланишидан тўхтаб қоладими?

Сизлар оддий хизматчисизлар. ХАЛҚ ХИЗ-МАТ-ЧИ-СИ! Тамом. Барчангиз шунақасиз, вилоят ҳокими ҳам, шаҳар ва туман ҳокимлари ҳам.

Сизлар бор бўлганингиз учун халқ бор эмас, аксинча халқ борлиги учун Сизлар борсиз. Прадо ёки Тахое деган машиналарни халқ миндириб қўйган Сизга. Халқнинг пешона тери билан топган пулларидан тўлаган солиқлари туфайли керилиб ҳокимлик қилиб юрибсиз.

Гапиртирса, кўпчилик ҳокимлар бир хил пластинкани айлантиришади: иш кўп, ухлашга ҳам вақт йўқ, 1 дақиқа тиним билмай меҳнат қиляпмиз, соғлиғимизни йўқотяпмиз ва ҳ.к. Лекин бу бирортангизга халқни, фуқароларни ҳақорат қилиш, уларга қўл кўтариш ҳуқуқини бермайди. Агар шунақа ҳуқуқим бор деб ўйласангиз, бекорларни бештасини айтибсиз.

Албатта ҳамма ҳокимлар ҳам сўконғич эмас, ҳамма ҳокимлар ҳам қўл кўтармайди. Умуман ҳеч кимни ҳақорат қилмасдан ёки урмасдан ўз ҳудудини гуллатаётган ҳокимлар ҳам йўқ эмас. Уларга минг раҳмат, барака топишсин, илоҳим. Аммо улар анчайин кам.

Мияни эмас, тил ва қўлни ишлатсам, зўр ҳоким бўларканман, деб ўйлайдиганлари анча кўпроқ, минг афсуски. Юқорида айтганимдай, барча ҳокимлар ақлли бўлиши учун 200 йил керагов...

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг