Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Шуҳрат Нормуродов

Лоланинг клипини кўриб...

Лоланинг клипини кўриб...

Фото: «YouTube»

Шу кунларда интернет тармоқларида шов-шувга айланган ва кўпчилик томонидан маъқулланаётган бу клипда асосан тийиқсизлик, поёнсиз эркинликка интилиш бордек.

Ўзи аслида Лоланинг қўшиқларига бир пайтлар ўзим ҳам мухлис бўлганман. Биринчи куйлаган «Баҳор» қўшиғиям эсимда, кейин «Нетайин» қўшиғи билан танилган Лолани, гарчи ўша қўшиқниям сўзини нотўғри таллафуз этиб, «неҳтайин» деб куйласа ҳам, барибир ёқтирардим.

Кейин у машҳур бўлиб кетди. Айниқса, 2005 йилдаги «Кўз ёшим» қўшиғи ҳамманинг қалбига кириб борганди. Ўша пайтлар қўшиқчида қандайдир яхши маънодаги чегара бор эди, бу қўшиқларида ҳам сезилар, клиплари ўзгача жозиба касб этарди. Ўшанда уни ўзбекча куйлаб, русча гапирса ҳам яхши кўрардим. Афсус... Сўнгги клипларидаги тақирбош кўринишлар, кийиниш услубларидан кейин уни таниёлмай қолдим. Шундагина билдимки, ижодда ҳам назокат ва жозиба касб этган ўша чегарага нимадир бўлган. Мен ҳамон Лоланинг эски қўшиқларини, ўша сирлиликка ва ибога беланган жозибали кўринишларини соғинаман.

Аслида инсон маънан эркин яшаши мумкинми? Шундай яшаш бизга маъқулми? Йўқ, Лола хоҳлаётганидек, инсоният маънан бетийиқ бўлганида Яратгандан бизга доимий ахлоқимизни чегараловчи муқаддас китоблар юборилмасди. Инсон бор экан ахлоқий меъёр бўлиши шарт. Хўш, МИЛЛИЙЛИК деган тушунчамизга аллергияси бор ёшлар айтсинчи, улар оилада отасидан юқорида ўтира оладими?!

Энди шу ўринда қушиқчиларни назорат қилиш керакми, деган саволга мен «ҳа», дердим. Лекин уларнинг қўшиқларини эмас, клипларини назорат қилиш керак. Майли қўшиқни эркин ижод қилсин, лекин оммага тақдим этаётган клипида ахлоқий мезонларни ҳисобга олсин, чунки уларни томоша қилувчи ва улардан андоза олувчилар асосан бизнинг фарзандларимиз.

Шуҳрат Нормуродов

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг