Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Сардор Али

Шахсиятпарастлик — ошкора ожизликдир.

Кариб ҳавзасидаги диктатор фожиаси. Унинг «эчки» лақаби ҳам бор эди...

Кариб ҳавзасидаги диктатор фожиаси. Унинг «эчки» лақаби ҳам бор эди...

 

 «Диктатура ўз ўлим уруғини ўзи билан олиб юради».

Вацлав Гавел

 

Ўтмишга назар ташласак, ўз халқига жабр ва зулм қилган аксар диктаторларнинг тақдири аянчли тарзда якунланганлиги кўринади. Ҳа, балки барча зулмкор диктаторларнинг ҳам ҳаёти аянчли тугамагандир, лекин келажакда авлодлар унинг номига маломат тошларини отишлари аниқ.

Лотин Америкасида ярим асрдан кўпроқ вақт давомида Трухильо номи диктатура атамаси билан синоним тарзда ишлатилди. Перулик ёзувчи Варгас Лёсанинг «Ёвузлар» ёки «Эчки байрами» китоби орқали бир кичик мамлакатнинг золим диктаторини дунё таниди.

Ушбу мақоламизда Доминикан Республикасининг шафқатсиз раҳбари, ўз генераллари томонидан отиб ўлдирилган диктатор Рафаэль Трухильо ҳақида сўз юритамиз.

Кўча безорисининг армия генералига айланиши

Рафаэль Леонидас Молина Трухильо 1891 йилнинг 24 октябрида Доминикан Республикасининг Сан-Кристобаль шаҳридаги кўп фарзандли ночор оилаларнинг бирида дунёга келган. Рафаэль мурғаклигидан омон қолиш учун курашди. У мактабга бориш ўрнига, пул топиш илинжида кўча кезди. Ёш бўлишига қарамай Трухильо контрабанда билан шуғуллана бошлади.

Рафаэль Трухильо ёшлик вақти

1916 йил 5 май санасида Қўшма Штатлар Доминикан Республикасини истило қилди. Бу контрабандани ўзига касб қилаётган болакай ҳаётида бурилиш нуқтаси бўлиш билан бирга, унга келажакда ҳокимият пилла поясига чиқиш учун имконият яратди. 1918 йилда бўлажак диктатор америкаликлар томонидан тарқатиб юборилган собиқ Доминикан армияси ўрнига ташкил этилган Миллий гвардия таркибига қўшилди. У хизматнинг биринчи босқичида жиноят оламининг кир ва қора кўчаларида тажриба орттирди. «Қозонга яқин юрсанг, қораси юқади», деганларидек, борган сари Трухильо қалбини нафрат, ғазаб ва шафқатсизлик эгаллай бошлади. Ҳатто, ундан ўз ҳамкасблари ҳам қўрқа бошлади.

  Унинг ваҳшийлиги ва шафқатсизлиги халқ ғалаёнлари ва иш ташлашларни бостиришда юзага чиқди. Трухильонинг хатти-ҳаракати америкалик генералларда ижобий таассурот қолдирди. Кўп ўтмай у махсус ҳарбий мактабга ўқишга юборилди. Махсус мактабни тамомлаган Трухильонинг погонига тўртта юлдузча (капитан унвони) қадаб қўйилди.

Ҳокимиятга йўл

1924 йилда АҚШ ҳарбий бўлинмалари Доминикан провинциясини тарк этаётган бир вақтда, Рафаэль Леонидас полковник мундирини кийиб, республика қуролли кучлари штаб бошлиғи бўлиб ишлаётган эди. 18 йиллик қарамликдан сўнг Доминикан мустақилликка қадам босди. Доминикан миллий гвардияси фаол армияга айлантирилди. Трухильо эса унинг олий қўмондони бўлди.

1930 йилда Доминикан Республикасида оммавий тартибсизликлар авж олди. Олий бош қўмондон Трухильо намойишчилар етакчиси Рафаэл Уреня билан келишувга эришиб, амалдаги президент Васкесни ағдаришни режа қилди. Махфий келишувга кўра, Рафаэл Уреня кейинги президентлик сайловида Трухильога президентлик курсини бўшатиб бериши керак бўлди. Президент Васкес Трухильога мамлакатдаги тартибсизликларни бостиришни буюрди. Лекин бўлажак диктатор ўз раҳбарининг айтганини қилмади. Натижада Уреня тарафдорлари пойтахтни жангсиз эгаллаб олишди. 1930 йил 3 март куни  Рафаэл Уреня янги президент, Трухильо эса армия ва полиция раҳбари этиб тайинланди. Бироқ, бўлажак диктатор «соядаги бошқарувчи» бўлиб қолишни истамади. Бундан ташқари, у Рафаэл Уреняга тўлиқ ишонмасди. Ахир, ҳокимият пилла поясига чиққан инсон ундан тушгиси келмаслиги аксиома-да. Шу сабабли Трухильо Рафаэл Уреняни куч орқали ўйиндан чиқариб ташлади. Бошқа президентликка номзодлар эса полиция босими остида ўз номзодларини қайтиб олдилар.

Трухильо эрасининг бошланиши

1930 йилнинг 16 май куни бўлиб ўтган президентлик сайловда 99 фоиз овоз билан Трухильо президент бўлди. Бу Доминикан Республикасида «Трухильо эраси» деб аталган ҳарбий диктатура режимини бошлаб берди. Бир йилдан кейин Трухильо партияси – Партидо Доминицанодан бошқа барча партиялар фаолияти тақиқланди. Ҳар бир Доминикан фуқароси агарда давлат ишига кирадиган бўлса, Трухильо партиясига аъзо бўлиши шарт этиб белгилаб қўйилди. Партияга аъзо фуқаролар даромадининг 10 фоизи Партидо Доминицано эҳтиёжлари учун мажбурий тарзда ушлаб қолинган.

Президентлик қасамёди

Қисқа вақт ичида Трухильо шахсиятига сиғиниш мисли кўрилмаган даражага келди. Диктатор ўзининг кўксини турли хил унвон ва медаллар билан тўлдириб ташлади. Мисол учун, «Мустақилликни тикловчи», «Эл озодлиги», «Тасвирий санъат ва адабиёт ҳомийи», «Биринчи талаба», «Биринчи муаллим», «Биринчи доктор», «Биринчи фан доктори» каби в.ҳ.к медаллар.

Диктатор Трухильо садизм (бировнинг озор чекишидан лаззатланиш) ғояларига муккасидан шўнғиган. Маълумотларга кўра, диктатор ҳар тунни ёш қизлар билан ўтказган. Баъзида Трухильо хонасига тунда кирган қизларнинг тонгда жонсиз таналари хонадан олиб чиқилган. Шу боис унга «шаҳватпараст эчки» деб лақаб беришган.

«Ким менинг дўстим бўлмаса, у менинг душманимдир ва шунинг учун у бадал тўлайди» – Трухильо

Қисқа вақт ичида бутун мамлакат бўйлаб Трухильо шарафига минглаб ёдгорликлар қад ростлади. Мамлакат пойтахтининг номи ҳам Трухильо деб ўзгартирилди. Мамлакатнинг энг баланд чўққиси (Monte Tina) ва бутун Кариб денгизи диктатор номини олди. Трухильо ҳарбий мундир кийишни ёқтирган. Бунда мажозий маъно бор эди. Бу орқали у «ҳар қандай ҳолатда, очиқдан очиқ куч ишлата оламан», демоқчи. Бундан ташқари, Трухильо кўплаб қариндошларини энг юқори полиция ва ҳарбий лавозимларга тайинлаган. Бу унга мухолиф ва ўзгача фикрловчи инсонларни тўсиқсиз йўқ қилиш имкониятини тақдим этган.

Вазият шундай даражага келганки, ҳар бир доминикаликнинг қадами полиция ва махсус сиёсий жандармерия томонидан назорат қилинган. Мамлакат бюджетининг асосий қисми армия, полиция, махсус хизмат кучларига ажратилган. «Ким менинг дўстим бўлмаса, у менинг душманимдир ва шунинг учун у бадал тўлайди». Бу диктатор Трухильонинг шиори эди. Агарда бир доминиканлик мамлакат ҳақида салбий сўз айтса, эртаси куни кўзини панжара ортида очган. Трухильо ўзининг сиёсий душманларини қийнаб ўлдириб, уларнинг жасадини халққа очиқдан очиқ намойиш этган. Бу билан диктатор одамларда қўрқув уйғотиб, менга қарши чиқадиганларни келажакда шундай тақдир кутяпти, деган мессежни берган.

1933 йилда Доминикан Конгресси Трухильога генералиссимус олий ҳарбий унвонини, шунингдек, энг юқори денгиз унвони – Доминикан Республикаси флоти адмиралини берди. Ўша вақтда диктаторнинг йиллик даромади 30 миллион доллар (бугунги эквивалентда – 70 миллионга яқин)га баҳоланган. Трухильо мамлакатдаги барча иқтисодий тармоқларни монополия қилиб олди. Бу орқали у қашшоқ халққа арзимаган маош бериш орқали, ўзи катта даромад топишни кўзлади. Тез орада балиқчилик, чорвачилик, деҳқончилик, ош тузи қазиб олиш, тамаки ва шакарқамишнинг энг яхши плантацияларнинг барчаси де-факто очкўз диктаторга тегишли бўлди. Аҳоли бойиш ўрнига тобора қашшоқлашиб борарди.

Шундай оғир вазиятда, аниқроғи 1937 йилда Доминиканда йирик иш ташлаш акцияси бўлди. Одамлар йўқчилик ортидан кўчага чиқди. Аммо, бу уларга нажот бўлмади. Трухильо иш ташлашга чиққан ёшу қарини отишга буюриқ берди. Натижада 20 минг гаитилик ишчилар отиб ташланди. Кейинчалик уруш таҳдид қилган Гаитининг босимидан қўрқиб кетган генералиссимус давлат ҳисобидан 500 000 доллар (ҳар бир ўлик учун 25 доллар) миқдорида компенсация тўлашга рози бўлди. Бу воқеалардан тўққиз йил ўтгач, мамлакатдаги энг йирик плантациялардан бири Ла Романада қашшоқлик сабабли умидсизликка тушган ишчилар иш ташлашди. Қўрқиб кетган диктатор барча намойишчиларни қамоққа ташлади. Бир неча кундан сўнг бутун дунёга иш ташлашнинг асосий ташкилотчилари «суддан қочиш мақсадида қамоқхонада ўз жонларига қасд қилгани» эълон қилинди.

Расмий равишда Трухильо 1930 йилдан, 1952 йилгача тўрт марта мамлакат президенти этиб қайта сайланди. Энг қизиғи, бу золим диктатор ҳар сайловда 100 фоизлик натижа билан ғалаба қозонган. Йиллар ўтиб Трухилонинг коммунизмга бўлган нафрати, шубҳаси ва қасоскорлиги паранояга айланди. 1950 йилнинг январь ойида генералиссимус буйруғи билан Доминикан коммунистларининг раҳбари Ф. Валдес дорга осилди. Бундан олдин унга психологик дори воситаларини мажбуран ичириб, ақлдан оздиришган.

1952 йилнинг 16 август кунида диктаторнинг укаси Эктор Трухильо президент лавозимини эгаллади. Бироқ, ҳокимиятнинг барча жиловлари ҳали ҳам Рафаэл Леонидас қўлида қолаётганини барча яхши биларди.

Ёши 60 га бориб қолган Трухильо бир нечта эски танишлари билан тортишиб қолади. Қонхўр диктатор буйруғи билан 1956 йилда Колумбия университети ўқитувчиси Хесус де Галиндез Нью-Йоркдан ўғирланган. Унинг жасади ҳеч қачон топилмади. Лекин айрим маълумотларга кўра, у очиқ денгизга олиб келиниб, буғли печкада тириклайин ёқиб юборилган ёки акулаларга ем қилинган. Галиндеснинг айби китоб ёзганида бўлиб, у ўз асарида диктатор Трухильо ва унинг сиёсий режимини тасвирлаб берган эди.

Ёши ўтиб борган сари генералиссимуснинг психологик ҳолати ёмонлаша бошлади. У тобора кўпроқ қон тўккиси, итоат этмаганларни жазолагиси келарди. 1954 ва 1956 йилларда армия ва полициянинг ёрдами билан Трухильо шакар саноати ва қишлоқ хўжалиги ишчилари ўртасидаги норозилик тўлқинини шафқатсизларча бостирди. 1958 йилда диктаторнинг агентлари Доминикан армиясининг юқори мартабали зобитлари томонидан тайёрланаётган фитнани ўз вақтида фош этишди. Трухильо фитначиларнинг биронтасини тирик қолдирмади.

Диктаторнинг қулаши

XX асрнинг 50-йиллар охирига келиб,  Лотин ва Жанубий Америкадаги диктатура тузумлари бирин-кетин қулай бошлади. Доминиканда ҳам Трухильонинг ҳам тахти равони қимирлаб қолди. 1959 йилнинг июнь ойида жуда қийинчилик билан барча мавжуд кучларни сафарбар этиб, Трухильо Константада ҳукуматга қарши қуролли қўзғолонни бостиришга муваффақ бўлди.

Трухильо режимини Вашингтонга содиқ қолдиришга интилаётган америкалик сиёсатчилар диктаторга мамлакатда либерал ислоҳотлар ўтказишни ва ички сиёсий авторитар матбуотни заифлаштиришни қатъий тавсия қилдилар. Бироқ, генералиссимус доно маслаҳатга қулоқ солмади. 1960 йилнинг январь ойидан бошлаб ҳатто католик черкови ҳам диктаторни қоралай бошлади. Кўп ўтмай Т.Хусто бошчилигида яширин республикачилар қўмитаси ташкил этилди. Бундан хабар топган диктатор даҳшатга тушди. 1960 йил 25 ноябрь куни Хустонинг хотини ва икки синглиси қамоққа олинди. Маълумотларга кўра, полиция уларни калтаклаб ўлдириб, жасадларни жарликка ташлаб юборган.

АҚШ ва Доминикан ўртасида муносабатлар совуқлаша бошлади. Натижада Америка Давлатлари Ташкилоти (ОАС) Доминикан Республикасига нефть ва бошқа муҳим товарларни етказиб беришга эмбарго қўйди. Муттасил қирғин мамлакатда ғазаб тўлқинини келтириб чиқарди ва бу қуролли қўзғолонга айланиб қетиш хавфини туғдирди. Ақлдан озган жаллод-генералиссимусга қарши янги фитна пайдо бўлди. АҚШ Марказий разведкаси бу фитнани қўллаб-қувватлади.

Диктатор ҳалок бўлган автомобиль

1961 йил 30 май куни золим диктатор ўзининг дала мулкига бўлган сафари чоғида ўз генераллари томонидан отиб ташланади. Трухильодан сўнг ҳокимият унинг акаси Ҳектор ва асраб олинган ўғли Рамфис Леонидасга ўтди. Улар диктатор Трухильога суиқасд қилган айрим генералларни тутиб, қийнаб ўлдиришди. Айримларини эса топа олишмади. Дастлаб Трухильонинг жасади Сан-Кристобалда тантанали равишда дафн қилинди. Бироқ, қисқа вақт ичида Трухильо ва унинг яқин қариндошлари режими бутунлай қулади. Маълумотларга кўра, диктаторнинг қариндошлари мамлакатни тарк эта туриб, ўзлари билан Трухильонинг кулини ҳам олиб чиқиб кетишган. Кейинчалик Трухильонинг қолдиқлари Париждаги Пер Лачаисе қабристонига дафн қилинган.

Вақт ўтиши билан аста-секин Доминикан Республикасида тузум демократлаша бошлади. Шундай кун келдики, диктатор Трухильони ўлдирган ҳарбийлар миллат қаҳрамонлари бўлди.


Сардор Али

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг