Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Мустаҳкам Тангриёрова

Оққан дарё оқаверади. 

Ёлғиз аёл ҳақида қўшиқ: беванинг иқтисодий-ижтимоий муаммолари, жамиятдаги стереотип ва бошқалар ҳақида (учинчи суҳбат)

Ёлғиз аёл ҳақида қўшиқ: беванинг иқтисодий-ижтимоий муаммолари, жамиятдаги стереотип ва бошқалар ҳақида (учинчи суҳбат)

«Хabar.uz» ёлғиз аёл лойиҳасидаги суҳбатларини давом эттиради. Эри оламдан ўтган ёки ажрашган ўзбек аёлларининг бир қисми мамлакатдан ташқарида ишлаётгани сир эмас. Аёл ёлғиз боши билан муҳожирликни бўйнига олиши осонми? Бегона юртларда ишлаётган беванинг қувончлари ва ташвишлари қанақа?

Бугунги қаҳрамонимиз туғруқхонадаёқ эрсиз ўтишга аҳд қилган ва умрининг ярмини Россияда ўтказаётган Нилуфар Умирова.

 Нилуфар Умирова Нурафшон шаҳридан. Ҳамшира мутахассислигига эга. Ёлғиз қизини узатган. 2 нафар набираси бор.

Нилуфар, фейсбукда ўзига хос даврани ташкил қилгансиз. Постлар ва улар ортидаги мулоқотларда ёлғиз аёл эканингизни билиш мумкин. Турмушга чиққанингизга қадар ёлғиз аёл ҳаёти қандай бўлиши ҳақида тасаввурингиз бўлганми?

 – Отам вафот этганларида мен бешикда бўлганман. Онам тўрт фарзандни ёлғиз ўзлари катта қилдилар. Шифохонада, жарроҳлик бўлимида 38 йил ҳамшира бўлиб ишладилар. Ўрни келганда бир неча сменада ишлардилар. Тунги сменадан келиб, тонгда қулупнайни суғоргани, бегона ўтлардан тозалаганини эслайман. Ўзимиз ҳали оғзимиз етмай 1 майда қулупнайимиз бозорга чиқарди. Мен мактабдан чиқиб тўғри онамнинг олдларига, шифохонага борган кунларим бўлган. Опам узатилган, акамлар ишда бўлса ёлғиз қолмаслигим учун ягона чора шу эди. Эрталаб ўша ёқдан автобусга мингизиб юборардилар. Ўшанда ёлғиз аёл юки нималигини тушунмасам ҳам онамга қийин эканини билардим.


Ёлғиз аёл ҳақида қўшиқ: беванинг иқтисодий-ижтимоий муаммолари, жамиятдаги стереотип ва бошқалар ҳақида (иккинчи суҳбат)


– Онангиз сизнинг ёлғиз аёл бўлишингизни ҳеч ҳам истамаган. Турмуш ўртоғингиз билан танишувингиз қандай кечган, тушунмовчиликлар нимадан бошланган, оилани сақлаб қолиш имкони бўлганми?

– Тиббиёт техникумини битириб поликлиникада ишлаётган эдим. Ҳали йигирмага ҳам тўлмаганман. У ёқ-бу ёқдан совчилар чиқа бошлади. Бўлажак куёв иш жойимда кўриб қолган эмиш. Опалари ёпишиб олишди. Онаси йўқ экан. Уч марта учрашдик. Охирги учрашувда ундан спирт ҳиди анқиётган эди. Бориб онамга айтдим. Онам опаларига айтса, улар укалари гапни билмаслигини уқтиришган, бироз дадил бўлиш учун бир пиёлагина ичган дейишибди. Шундай қилиб фотиҳа ҳам ўтказилди. Кўп ўтмай у ҳақда «ғирт алкаш» деган гапни эшитдим. «Қайтарайлик» дедим. Онамнинг «Одамлар нима дейди, маҳалла унинг ичишини қаёқдан билсин, сенга бирор гапни тақашади. Онаси йўқ, ака-опалар ўзи билан ўзи, сиқилганидан ичгандир, оилали бўлса босилар» деган гапи мени бироз тинчлантирди.

Ҳар қандай ажрашган оиланинг ҳам бахтли кунлари бўлади. Сиз бахтли туюлган онларингизни эслайсизми?

– Тўйимиз 1997 йилнинг 9 май кунида бўлиб ўтди. Онам, отам йўқлигини билдирмай, ҳеч кимдан кам қилмай узатди. Ўзи оила кенжаси, эрка катта бўлган қизман. Умримда қилмаган ишларимни бажариб кетганимнинг ўзи қувонарли эди. Эрталаб туриб ҳовли, кўчаларни супураман, қайнотамга чой ҳозирлайман. Поликлинакада ишим 8 дан 3 гача. Келиб бироз дам оламанми-йўқми, яна супир-сидир, кечки овқат, кейин саранжомлаш. Кейин... соат ўнми-ўн бирми, фарқи йўқ, ичиб олган эрим кириб келади-ю, ана жанжал, ур-сур. Бу машмашаларнинг боши чилламнинг ичидаёқ урчиди ва охири кўринмасди. Безиллаб қолгандим.

 Яқинларингиз бу ҳолатга қандай қарардилар?

– Онам болали бўлса босилиб қоларми деб умид қиларди. Асабийлашиш, ора-орасида еб турадиган тепкилар ҳомилага таъсир қилмай қолмас эди. Уч марта ҳомилам тушди. Жанжаллардан тўйиб, ҳар гал энди қайтмайман деб ота уйимга борганимда, онам акамга синглинг хабар олгани келган, уйига олиб бориб қўй дердилар. Акам эшик олдида ташлаб кетарди. Онам менга ичи ачирди. Унинг ҳолини тушунардим. Ҳали ўқиб юрган пайтларимда Ленинграддан кичик акамнинг жасади тобутда келганди. Онамга шу дарднинг ўзи етарди. Опам турмушга чиқиб ўзи билан ўзи бўлиб кетган. Катта акам эса мени уйга қайтишимни истамас эди. Балки шундай йўл билан оиламни сақламоқчи бўлгандир, балки маҳаллада ортиқча гап бўлишини истамагандир, эҳтимол кеннойим билан келишмай қолишим мумкинлигини ўйлагандир.

Эрингиз ишламасмиди?

– Уйланаётганда колхозда сувчи дейишганди. Ҳеч қанча вақт ишламади. Ишдаям, шийпонда ичиб ухлаб қолиб пахтани сув бостирганда ҳайдалди. Рўзғорга иккита нон кўтариб келолмаган эрим ичишга пулни қаердан топишига ҳайрон қолардим.  Лекин, туғруқхонада қатъий қарорга келдим. Учинчи йил деганда мен қўлимга чақалоқни олганда, эримга боланинг ҳам қизиғи йўқлигини тушундим. Орқамдан борадиган, кам-кўстимни бутлайдиган фақат онам бўлди. Эрим келмас эди, келса ҳам ичиб келиб шарманда қилишини ўйлардим. Чиллахонада туриб, эр шу бўладиган бўлса эрсиз ўтайин дедим. Онамга яна ўша уйга олиб борса, ўзимни ўлдиришимни айтдим.

Келинлик уйингизга бормасангиз, ота уйига қабул қилишмаса, нима қилдингиз?

– Онам ижара уй гаплашибди. Туғруқхонадан чиқиб тўғри ўша ёққа бордик. Кечга яқин эрим ва қайнопаларим бизни топиб келишди. Онам, куёв келиб-кетиб юрсин, ўзгарса, кейин олиб кетаверсин деди. Аммо, у бу ерга ҳам фақат ғирт  маст ҳолатда келарди. Ўзгармаслигига ишонч ҳосил қилдик. Бир куни эгалари муҳожирликдан қайтадиган ижара ҳовлида қанча яшаш мумкин? Шу орада, бир домдан чоғроққина квартира сотиладиган, биз ярмини нақд, ярмини бир йил давомида тўлаб бориш шарти билан оладиган бўлдик. Синовли кунлар бошланди. Беш-олти кунлаб қозонимиз қайнамайдиган, қовун ёки тарвуз, ё бўлмаса помидор тўғраб  нон билан еган кунларимиз кам эмасди. Бўлка ноннинг чеккасини ўзимиз, ўртасини ширин чойга бўктириб бешикдаги қизимга берардик. Онам ўз ишига кетарди. Мен маоши яхшироқ деб корейсларнинг текстилида ишга чиқдим. Уч смена навбат билан алмашарди. Онам ва менинг сменам тўғри келиб қолганда Алла опа деган қўшнимиз болага қараб турарди.Уйнинг эгаси эса ҳали уни, ҳали буни баҳона қилиб пул сўрайверар, хуллас, бир йилга дейилган қарзни 5-6 ойга йиғиб олди. Онам энди бир нечта врачларидан қарздор эди. Бирига айтилган муҳлат етса, бошқасидан олиб унга берарди. Болам эндигина бир ёшга кирганди, онам танийдиган, Москвада ишлайдиган аёлга қўшилиб йўлга чиқдим. 2000 йилнинг марти эди.

Ишлаб, шу билан тезда қарздан қутулиб олгансиз-да шунда.

– Мени олиб борган аёл қурувчилар бригадасига ишга жойлади. 11-12 чоғли эркакнинг 3 маҳал еб-ичиши, кирлари, яшаш жойини тозалаш менинг бўйнимда эди. Икки ой ишладим ҳамки ойлик берилмади. Яхши одамлар бор бўлсин. Яқин атрофда наманганлик Зина опа деган баққувват аёл дворник бўлиб ишларди, йўл-йўриқ кўрсатди. Бригададан кетдим. Опа «Пяторочка» деган маганзинга ишга жойлаштириб қўйди, ўзи яшаётган подвал уйдан жой берди. Подвал бўлса ҳам телевизори, холодильники, диванлари бор эди. Оқшомлари устимдан қулфлаб ишга кетарди. Ишим яхши, озода эди, маҳсулотларни қадоқлар эдик. Биринчи ойлигимни олганимда, уч ой деганда биринчи марта онам билан «переговорний» орқали гаплашдим. Магазинда 3 ой ишлаб йўлкирага пул етганида эса Тошкентга қайтдим.

Қарз, қарз нима бўлди?

–Қарздан ҳамон қутулмагандик. Шунинг учун онам ва болам олдида бир ойгина бўлдиму яна Москвага йўлга тушдим. Энди анчагина дадил фикрлардим. Тилни биламан, поездда ўзбеклар кўп бўлишини биламан, ўзимга тўғри бўлсам, қаллоблардан узоқ бўлсам, ишимни бажарсам, яхшигина пул топишимни биламан. Шундай қилиб, мен ҳам  Зина опа каби дворник бўлиб ишлай бошладим.

Буёғи силлиқ кечдими энди?

– Тунда қоровуллик, тонгда ўша ҳудудни супур-сидири, келиб озгина дам оламанми, қўшимча иш чиқиб қолса, картон, бутилка йиғишми, бирор хонадонда уборками қилиб кетавераман, ўзим билан ўзим эдим. Ана шу тарзда ишлаб, ниҳоят қарздан ҳам қутулдим. Бир қўшнимиз оилавий Новосибирскда ишларди. Яккалик жабрини тортаётганимни билиб чақиришди. Бордим. У ерда ресторанда идиш ювувчи бўлиб ишлай бошладим. Бир куни ишдан қайтаётганимда, кечаси соат 11 да иш тугарди, безори болалар елкамдаги сумкамни тортиб олиб қочиб кетишди. Ичида ҳужжатларим ва озроқ пул бор эди. Ишхонамга айтолмасдим. Ҳужжатсиз ишчи уларга фақат ортиқча ташвиш – ишдан бўшатиб юбориши мумкин эди. Бир неча ой ишлаб, ўз хоҳишим билан ишдан бўшай қолдим. Кейин «Барахолка» деган бозорда тожикистонлик Мая опа билан мева сота бошладим. Бу ерга мевани улгуржи бозордан олардик. Юк олаётганимизда «облава»га тушиб қолдик. Ҳужжатим йўқлиги туфайли депорт қилиндим.

Шундай қилиб 5 йил ўтишини Ўзбекистонда кутдингизми?

– Қайтиб келиб аввал ишлаган текстилга яна жойлашдим. Бекор ўтиришга ҳаққим йўқ эди. Лекин оилапарвар бир эркакнинг топишини ҳам қўшиб топганимда мақсадга етишимни билардим. Янги паспорт олгач яна Москвага жўнадим. Қайта ва қайта нолдан бошлаш одамни чарчатар эди. Бошқа иложини ҳам тополмасдим. Келиб сущи ресторанида иш бошладим. Ишимиз ёмон эмас эди. 15 кундан кейин билан бўлса ҳам, маош узилишсиз тўланарди. Лекин топганимнинг бир қисми патент, ижара уйи, еб-ичишимга (овқатланиш ўз ҳисобимиздан эди) кетарди. Иш оқшом соат 11 да тугарди. Икки бекатлик йўлни пиёда босиб қайтардим. Интернет орқали танишган, Туркияда, Россиянинг бошқа жойларида ишлаётган ўзимга ўхшаган аёллар айнан ўша соатда қўнғироқ қилишар ва мен уйгача улар билан гаплашиб чалғирдим. Улар ўзлари каби хонадонда кампирга қарашни маслаҳат берардилар. Мен ўликдан қўрқишимни  айтардим. Сущида 6 йил ишладим.

Тошкентдан нима гаплар етарди?

– Энди қўл телефонлари чиққанди. Онам доим «Ҳалол топ, ҳалол бўл, топганингда барака бўлади» дедилар. Қизим мактабни битириб педагогика коллежида ўқиди. Коллежни битириб мактабда дарс бера бошлагани ҳақидаги хабарлардан кўнглим ўсарди. Энди уни бошқалардан кам қилмай, борган ерида таъна эшитмайдиган тарзда узатиш ҳақида ўйлардим.

 Айтганча, ўзимизда ёлғиз аёлнинг қиз узатиши ҳам, ўғил уйлантириши ҳам осон эмас, деб таъкидланади.

–Қизимни онам гулдай авайлаб вояга етказиб бердилар. Мактабда аълода ўқиди. Табиати ювош, ҳар қандай қув қизлардан узоқ бўлди. Қизимга узоқроқ жойлардан совчилар чиқаверди. Онам бошингда эринг бўлмаса, бир қадам узоқда, ўзимиз танимаган одамларга қандай узатамиз дея иккиланардилар. Билганларимиздан ўртанчи қайнопамнинг (6 та қайнопам бор) ўғли харидор бўлди. Анча вақт кўнмай чўзиб юрдим. Қизим ёлғизлиги билинмасин деб, аммалари ўғилларини акалари деб таништирганмиз. Бу гапларгача бир-икки келганида акам экан деб гаплашган экан. Йигит бориб ўламан-куяман деганида қизим рад жавоб беравергач, бир гал келибдию «олиб қочиб кетаман» дебти, бошқа сафар «Мана, келганимда мен билан гаплашаяпсан-ку, номингни чиқарвораман» деб айтибди. Онамнинг маслаҳатлари билан шуларга узатадиган бўлдик. Шукур, ўғил ва қизи бор. Ёзда неварамнинг тўйини ўтказдик.

 Катта таваккал қилган экансиз. Муаммолар бўлмадими ишқилиб?

– Ҳар қандай рўзғорда ҳам бирда тушуниш бўлади, бирда англашмовчиликлар бўлади. Шукр, иккиласининг гапи бир жойдан чиқади. Қудаларим ажойиб инсонлар. Куёвим намозларга чиқади, рўзғорини чиройли олиб боради. Бир гектар ери бор, фермерлик қилади. Қизим қизиқтириб, тендерми, нимададир 40 сотих ер ютиб олишган. Помидор, бодринг, ловия экишади. Қизим якка-ёлғиз бўлганига яраша катта оилага тушди — битта ҳовлида қайнота-қайнона, икки ака-ука оиласи, бола-чақаси билан яшашади. Оила шу қиш кунлари ҳам бекор ўтирмай сават тўқийди, қизим ҳам ўрганиб олган, эрининг ёнида ўтириб у ҳам баробар тўқишади.

Ажрашган эрингизнинг опаси билан қуда-андачилик қиляпсиз. Ажрашганингиздан пушаймон пайтларингиз бўлганми?

– Битта фарзандли бўлганимда ажрашиб олганимга шукурлар қиламан. Учта-тўртта бола билан ажрашсам нима қилардим? Бўлмайдигани бўлмайди! Эримни бир бева аёлга уйлантириб қўйишди охири. Тўртта бола орттириб, чидади, чидади ва болаларни олиб чиқиб кетганига бир неча йил бўлди, холос. Эрим эса ҳассада зўрға юрибди.

Эсли-ҳушли, гўзал аёлсиз. Ҳаётингизни қайтадан қуриш ҳақида ҳеч ўйлаб кўрганмисиз?

– Россияда ишлаётган аёллар орасида тарбия кўрган, жигарлари, фарзандлари шаънини ўйлаб, тўғри юриб, тўғри ишлаётган ёлғиз аёллар кўпчилик. Ҳатто улар орасида, бировларнинг фикри бузилмасин деб ёлғизлигини яшириб, эрим Россиянинг фалон шаҳрида ишлайди ёки паспорти тўғри бўлса орқамдан келади, дейдиганлари бор. Лекин, ёлғиз аёлни алдаб, бахтга ишонтириб, қайтадан бахтсиз қилинаётган ҳолатлар ҳақида ҳам эшитамиз.

Биласиз, Россияда масжидлар бор. Дейлик, бирининг уйида аёли бўла туриб, бошқасининг эридан ажрашгани аниқ бўлмай туриб, бориб никоҳ ўқитилади. Гувоҳ ҳам шарт эмас. Бир ҳафтагина бирга яшаб, ажрашишга ҳам улгуришган, эркак яна бошқани айнан ўша масжидга етаклаб келган ҳоллар бор. Бу ерда домла ЗАГС гувоҳноманг борми, ниятинг жиддийми деб сўраб ўтирмайди. Шу ерда ҳақиқий бахтини топганлар ҳам учрайди.

Аммо мен енгил-елпи таклифлар эмас, жиддий, рисоладагидек оила қуриш ҳақидаги таклифларни ҳам қабул қилолмадим. Агар мен эр, ўзимнинг ҳаётим, кийиниш, бўяниш ҳақида ўйлаганимда бугунги эришганларимга эришолмасдим.

Муҳожирликда сиз кечган нарсалар кўпми?

–20 йил Москвада яшаб Кремлни кўрмаган инсонман. Оромгоҳларни, кино, театрни кўрмадим. Байрамлар нималигини билмадим. Мана Янги йил яқинлашяпти. Ҳар Янги йилда ўзбек хотин-қизлари қайсидир ресторанда йиғилиб базм ўтказадилар. Бормайман. Икки соатлик тадбир учун 50-70 доллар тўлаш керак. Яхшиси, мен бу пулни уйга жўнатаман. Келганимда сочларим узун эди, суви ёқмай тўкилиб кетди, мажбур бўлдим – қирқдим. Доим дам олишсиз ишлайман. Меҳнатдан эзилиб, эзилиб кетасиз. Ҳаммадан ҳам онам, қизим, акам, опамни соғинганда, дунёларга сиғмай кетаётгандек бўлаверардим.

 Москвадаги энг унутилмас кунларни қандай эслайсиз?

– Ишдан чиқиб, магазиндан нон билан колбасами ёки алланима оламану, хиёбонми, болалар майдончасидами, скамейкада ўтириб еб оламан. Шу ерда қоронғу тушишини кутаман. Ҳамма уй-уйига кириб, хонадонларда чироқлар бирин-бирин ўчаётганда, мен астагина бир домга кираман ва лифтда юқори қаватига кўтариламан. Подъездда ҳеч ким йўқлигига ишонч ҳосил қилгач, шу ерда, зина устида ўтирган ҳолда кўзим илинади... Тонг отиши билан дарров бинодан чиқиб кетаман... Бу бир ҳафтача давом этган.

 Нилуфар, муҳожирлик одамларни бирлаштиради, дейдилар. Ўзингизга ўхшаган ўзбек аёллари билан дўстлашиш, опа-сингил тутиниш имкони бўлгандир.

– Бунақа «опа-сингиллар» кўп бора мени «ўтқазиб қўйишди». Бирининг бошига иш тушди, кўз ёши қилди. Қўлимда борини, 750 долларни бердим. Фалон вақти қайтараман деди. Кейинроқ, бир ойдан сўнг, ўн беш кунда ойлигимни олганда... деб чўзавердию, аввалига яшаш жойни ўзгартирди. Кўп ўтмай телефон рақами ўчирилди. Ичим тўлган кунда шу воқеани ўзини яқинроқ тутган бошқа бир дугонамга айтиб бераман. Кунларнинг бирида бунинг ўзи 400 долларимни авраб олиб дом-дараксиз йўқолади. Раҳмдил эдим. Ўзим ҳам вақтида пулга зориққаним учунми эланишса, аҳволларини айтиб йиғлашса яна бердим. Бири 450, бошқаси 350, энг ками 200 долларни қарзга олиб уни қайтариш тўрт-беш йилдан буён хаёлларига ҳам келмайди. Жами 2 минг долларим ана шунақа аёллар қўлида қолди. Улар менинг азобларимни билган аёллар. Энди йиғлаганларга раҳмим келмай қолди...

 Лекин фейсбукда ажойиб дўстларингиз бор...

–Фейсбукда дўстларни танлаш, синаш имкони бор. Айримлар дўстлигини ойлаб қабул қилмай тураман. Профилини кўраман, бошқаларга ёзган изоҳларини ўрганаман. Бемаъни, тайини йўқ дўстларнинг менга кераги йўқ. Ҳозирда бир ярим мингга яқин обуначим бор. Вақт-вақти билан, фаол бўлмаган, фақат томошабин обуначиларни тозалаб тураман. Дўстлар сонини орттиришни истамайман. Фейсбукда дўстларим 100 фоиз аёллар. Битта эркак исми бор – қизим куёвим номидаги телефондан фойдаланади. 

Кунига камида ўнта-ўн бешта пост қўясиз? Бу сизга нима беради?

– Мусофирликда ёнимда қариндошим йўқ, дугонам йўқ, 100 ёшга кираётган бир кампирга қарайман, фейсбукдаги мулоқот ҳаётим мазмунига айланган. Аввало ўзим зерикмайман. Обуначиларга нимадир бераётганимни ҳис қиламан. Кўргансиз, постларим об-ҳаводан тортиб сиёсий масаладаги видеолавҳаларни қамраб олган. Асосан, хотин-қизлар мавзуларига эътибор бераман. Пост, шунча обуначидан, бўлмаганда тўрттаси ёки бештасига тарбия бера олса катта гап. Дўстларим турли ёшдаги аёллар. Улардан ўзим ҳам кўп нарсани ўрганаман.

Асосий ишингизни қолдириб қандай улгурасиз?

– Кампирим жуда қариб қолган. Лекин ўзи юради, ўзи овқатланади, ақли жойида. Унинг таомини вақтида беришга, хонадонни озода тутишга улгуриб бўлиб интернетга кираман. Дейлик, кампирни чўмилтираяпман. Уни ваннага киритиб қўйиб, орқаларини ишқалайман. Қўл-оёқларини ўзи ишқалашни яхши кўради. Шунда, 10-15 дақиқа бўш вақтим бўлади. Ванна ёнида стулчада ўтириб олиб бир неча постни қўйиб ташлайман. Чунки, кечаси уйқу олдидан бир нечта лавҳаларни тайёрлаб қўйган бўламан. Кейин  кампир квартираси билан ёнма-ён, ўзимга алоҳида 3 хонали квартира бериб қўйилган, тунда бемалол интернетни титкилаш, видеолавҳаларни эшитиш, керак жойида монтаж қилиш, ёзувларни жойлаштириб қўйишга ҳеч ким ҳалақит бермайди.

– Аввалроқ, ўликдан қўрқишингиз сабаб кампирга қарамаганингизни айтдингиз.

– Аслида тириклардан қўрқиш кераклигини тушуниб етдим. Қизимни узатиб келганимдан буён иккита кампир қўлимда жон таслим қилди. Бу кампирим кундузи оёқда юргани билан тунлари аъзойи бадани қақшаб чиқади. Оғриқ кучайган оқшомларда унинг ёнида тонг орттираман.

Келажагингизни қандай тасаввур қиласиз?

– Опа, меҳнатдан эзилиб кетдим, насиб бўлса, ёзга қолмай Москва билан хайрлашаман. Бориб невараларимни навбати билан олиб келиб боқиб ўтираман. Ўзбекистонда жами иш стажим 11 йил экан. Бу билан қанақа пенсияга чиқаман, билмайман. Лекин ишламоқчи эмасман. Қизимни узатганимдан кейин ўзимизнинг домимиздан бир хонали яна бир уй сотиб олганман. Энди ғиштли домлардан яна бир уй олиш ниятидаман. Шунга озроқ етмай турибди, бироз ишласам, етиб қолар. Шунда пенсиямни ўзим таъминлаган бўламан. Иккита уйни ижарага бериб, хотиржам яшамоқчиман.

– Яна айтадиган гапларингиз борми?

– Қоқилдим, сурундим, аммо ҳеч ҳам ортга қайтмадим Қайсидир идоралар эшиги олдида ёрдам сўраб сарғаймадим, ўзимни осмадим, Аллоҳнинг пешанамга битган тақдирига қарши чиқмадим. Инсон фақат интилиши керак экан. Телефонда набираларим, бири қўйиб бири вижирлаганда қанчалик ўзимни бахтиёр ҳис қиламан. Алҳамдулиллоҳ , ёлғиз фарзандим 4 та фарзандга айланди.

Бошимдан кечирган қийинчиликлар унут бўлиб бораяпти. Аллоҳим, охиримизни хор қилмасин. Барча муҳожирларга қилган меҳнатлари ва тортган азоблари роҳатини ҳам кўришлик насиб этсин илоҳим.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг