Онасини ва синглисини ураётган ўғиллар... оқибатни унутманг деймиз?!
Наврўз маҳалласида истиқомат қилувчи, ҳозир ватанида ватансиз қолган Санобар Валиевна Аслонхонова 1982 йил 17 февралда Қўқон шаҳрида туғилган. Улар оилада тўрт фарзанд — икки ўғил ва икки қиз эдилар. Отаси Вали ака аввал ўқитувчи, кейин ошпазлик билан шуғулланди. 2015 йили саратон касаллигидан оламдан ўтди. Онаси Ҳидоятхон Умарова эса Қўқон шаҳар қизил яримой жамиятида ҳамшира бўлиб ишлаган. Ҳозир пенсияда.
— Отам тириклигида барча фарзандларини уйли-жойли қилди, уйлантириб, турмушга узатди. Ўғилларнинг ҳар иккиси — акам ва укамга ҳам ҳовли-жой, шароитларни қилиб берди. Опам турмушга чиққан, — дейди қиз изтиробларини баён этар экан. — 2002 йилда Ангрен шаҳрида истиқомат қилувчи яқин қариндошимга узатишди. 2010 йилга қадар биргаликда умр кечирдик.
Икки марта бўйимда бўлган фарзандларим саккиз ойлигида ўлик туғилишди. Абдуллоҳ ва Раҳматуллоҳ болаларимни қабрга қўйдик. Бунинг қаттиқ изтироби ва азобларини ҳеч бир онанинг бошига солмасин. Яқин қариндошлигимиз сабабли тиббиёт ходимлари ҳам соғлом фарзанд туғилиш имконияти чеклангани ҳақида якуний хулоса беришди.
— Фарзанд асраб олсангиз бўлмасмиди?
— Буни суриштириб кўрдим. Ота ёки она асраб олинган болани боқиши учун расмий ойлик иш ҳақига эгалиги ҳақида маълумотнома тақдим этиши зарур экан. Турмуш ўртоғим Абдулазиз Раҳматуллаев ҳеч қаерда ишламас эди. Бу фикрни айтганимда асло унамади ва дарғазаб бўлди. «Болани ким боқади?», — деди. Ўзим эса чеварчилик билан шуғулланаман. Оилани ҳам ўзим боқар эдим. 2007 йили ўртада тенг пул ташлашиб, икки хонали уй сотиб олдик. Ўз уйимизга эга бўлганимизда бошимиз осмонда эди. Бироқ ўртамизда фақат шаръий никоҳ бўлиб, фуқаролик ҳолатини қайд этиш органида қонуний никоҳимиз қайд этилмаган эди. Шу сабабли уй хўжайиним номига олинди ва кадастр ҳужжатлари унинг номига қилинди.
— Нима учун қонуний никоҳдан ўтмадиларингиз?
— Тўйдан олдин бу масалани бир неча марта кўтарганман. Хавотир олма, Ангренга борайлик, ўша ердан ўтамиз деб мени қатъий ишонтириб келди. Қўқондан доимий рўйхатдан чиқиб, Ангренга кетгач эса қайнонам бунга бутунлай қарши бўлди. На уйимизда рўйхатга қўйдиртирди, на «ЗАГС»дан ўтказдирди. Мен у шаҳарни яхши билмас эдим. Шу сабабли уйдан чиқиб, дардимни бирор мутасаддига айта олмадим. Ота-онамнинг бу масала бўйича бир неча бор қилган илтимосларини ҳам эътибордан четда қолдиришди. Биз ҳам жанжал чиқмасин деб тезламадик.
Энг ачинарлиси, 2007 йили эрим биргаликда олган уйимизни ўз номига расмийлаштирганидан кейингина қонуний никоҳдан ўтишга рухсат берди. Содда эканман. Ўшанда қувончим чексиз эди. Эримнинг фамилиясига (Санобар Раҳматуллаева) ўтдим. Узоқ кутган фарзанд ҳам туғилиб, бирин-кетин оламдан ўтаверишгач, бўлаётган барча нохуш жараёнлар соғлиғимга жуда ёмон таъсир қилди, руҳан сиқилдим. 2010 йилда ота уйимга қайтдим. Бир ёстиққа бош қўйганим бир марта ҳам ортимдан сўраб келмади.
— Бирор марта ҳам сўрамадими ҳолингизни?
— Бир-икки бор телефон қилди. Қайтсанг яхши бўларди, қийналаяпман деди. Фарғонадаги университетга отасининг кучи билан кирган, қайнотам оламдан ўтиб қолгач ўқишни ташлаб қайтган эди. Фойдали меҳнат билан шуғулланмаслиги сабабли рўзғор аравасини тортиш учун мени бир неча марта ўз олдига чақиргани ҳам мен учун ҳақоратли эди.
— Ота-онангизнинг бунга муносабати қандай бўлди?
— Улар ҳам ҳаммасини сезиб туришарди, бошида хато қилишганидан қаттиқ сиқилишар эди. Кўнглимга қарашди. Отам яхши пул топарди. Ака-укаларимни алоҳида чиқариб, мени уйда олиб қолдилар. Уйимиз онамнинг номида эди, менга мерос қолишини айтдилар. Мени шу ерга қайта рўйхатдан ўтказишди. 2016 йилда эрим мени ажрашиш учун Ангрен шаҳрига чақиртирди. Лекин мен ажрашишдан аввал биргаликда топган уйимиздан ўз улушимни талаб қилдим. Сенга уй йўқ, чунки ажрашмайман, сени севаман деб ўзгариб қолди. Сендан ажрашган эркак аҳмоқ бўлади деб кечирим сўрай бошлади.
— Худонинг зорини қилган экан, балки бирга қолсангиз бўлмасмиди?
— Унга ишончим мутлақо сўнган эди. Чунки айрилиқ давримизда, 2014 йили яна шаръий никоҳ асосида иккинчи хотинга уйланиб олган эди. У бир фарзандли, эри вафот этган аёл, қўқонлик Назира деган қиз эди. Уни Россияга ўзи билан олиб кетганидан хабардор эдим. 2015 йили уни ўша ерда роса дўппослаган, бечора касал ҳолида бир амаллаб қочиб қутулган экан. Бир куни ўша аёл мени кўчада кўриб қолиб, нега эрингиз шундай эканлигини айтмагансиз, мени қийнади деб ўпкалади...
— Сиздан ажрашмасдан уйланибдими?
— Шундай. Хуллас, мен бевафога ёр бўлолмас эдим. 2017 йил январда яна қонуний ажрашиш учун чақиртирди, бормадим. 2017 йил июнь ойида Ангрендаги қариндошларимнинг тўйига борган чоғимда, кел, бирйўла ажрашишга ҳам ариза ташлаб кетай деб Ангрен ФҲДЁсига бордим.
— Демак, узил-кесил қонуний ажрашишга қарор қилгансиз?
— Маъносиз ҳаётдан чарчадим. Яхши ўзгаришларга умидим бор эди. ФҲДЁ бўлимига борсам, сизлар аллақачон ажрашиб бўлгансизлар, фуқаролик ишлари бўйича Оҳангарон туманлараро судига бориб, ҳужжатларингизни олиб келинг дейишди. Судга бордим, аммо бизни ажраштирган судяни кўрмадим. Мени сиртдан ажраштириш ҳақида қарор чиқаришган экан. Ваҳоланки, мен ҳеч қандай чақирув қоғозини олган эмасман.
— Суд қароридан нусха борми? Қонунга тескари борган судянинг исм-фамилиясини биласизми?
— Суд қарорини кўтариб, ФҲДЁга олиб бориб бердим. Нусхасини олмаган эканман. ФҲДЁ эса компютерини очиб, 2017 йил 15 апрелда никоҳдан ажралганлик ҳақидаги 85-далолатнома ёзуви қайд этилган I-TV 0048074-гувоҳномани (орадан қарийб уч ой ўтиб, 2017 йил 7 июлда) қўлимга тутқазишди. Судяга даъвом йўқ. Барибир бирга яшай олмас эдик. Тинч ажрашганимга ҳам хурсанд эдим. Эрим эса ажрашган заҳоти Россияга кетиб қолган экан. Паспортимнинг муддати тугамаса ҳам уни алмаштириб, ота фамилиямга ўтказдим.
— Йигитдан бошқа хабар бўлмадими?
— Бунинг менга ортиқ қизиғи йўқ. Эшитишимча, Россияда яшайдиган, ўзидан уч-тўрт ёш катта ўзбек аёли билан шаръий никоҳ қуриб яшаган ва у билан ҳам ажрашган экан. Яқинда онаси «болаларимиз бирга яшасин, энди кечиринглар» деб амакимнинг уйига келишган экан. Шунча воқеалардан кейин ортга йўл йўқ.
Дардим бошқа, акалар. Ўз уйимдан шу тариқа маҳрум бўлиб қолдим. Бу ҳам етмагандай, 2015 йил декабрда отам оламдан ўтгач, акам Мухтор Аслонхонов уйни бўшатинглар, уни сотаман дея қатъий талаб қўя бошлади. Ўзи ҳеч қаерда ишламайди, иккита боласи бор, укам боқади. Жуда кўп ичади. Бир неча марта келиб мени урди. Ҳатто отам вафот этганининг йигирманчи куни уйнинг калитини сўраб, идишни отди ва ўнг елкамни синдирди. 40 кун гипсдан юрдим. Ҳар сафар уйга келганида онамни ҳам урди. 2016 йил сентябрда Наврўз маҳалласида иккинчи қаватдаги уч хонали уйимизни бизга билдирмасдан 13,5 минг долларга нотаниш аёлга сотиб юборибди. Аёлдан ҳар ҳафтада 100 доллардан олиб турган. Биз буни билиб қолгач, «хавотир бўлманглар, сизларга бир хонали уй олиб бераман» деб алдаб келди. 2016 йил ноябрь ойида онам билан уйни бўшатиб қўйишимиз кераклигини айтиб, бизни кўчага ҳайдаб чиқарди.
— Зўравон ака устидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилмадингизми?
— Аввал Наврўз маҳалласи раиси Али Ҳамроқуловга чиқдим. У эса «уйда ўғил боланинг ҳақи бор, бўшатиб қўйгин. Сотса-сотаверади, сенга уй олиб бермоқчи экан-ку, ношукур» дея акамнинг тарафини олди. Фойдаси бўлмади. 2016 йил декабрда Дегрезлик маҳалласи раиси Азим Содиров телефон қилиб, мени ўз олдига чақиртирди. Акам шу ерда доимий рўйхатда туради. Кейин билсам, онам бу иккисини муросага келтиргин деб илтимос қилган экан. Аммо раис келишим билан мени ҳақоратлади. «Яхши қиз эридан ажрашадими, нега ота уйингга келдинг, уйни мерос олишга қизнинг ҳаққи йўқ» деди. Кейин «аканг уй олиб беришига мен кафилман» деди. Тарвузим қўлтиғимдан тушиб раиснинг олдидан чиқдим. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай онам акам номидан тез орада бизга уй олиб бериш учун ёзилган ва маҳалла раиси муҳр қўйган тилхатни олиб келди.
— Ўша тилхат қани?
— Мана, фойдаси тегмаган бу ҳужжатни ташлаб юбормоқчи бўлиб юргандим. Ўзи уй ҳужжатларини яшириб, укамникида яшаётган эдик. Акам таъқибни кучайтириб, ичиб келиб ўша ерда ҳам бизни дўппослади. Ҳар сафар укам орамизга тушиб бизни қутқариб қолади. Бу бўйича туман ИИБга мурожаат қилдим. Акамни уч кун қамаб қўйишди. Жарима солишди, чиқиб кетди. Бошқа чора кўрилмади. Бизни ўлдириш билан қўрқитди. Охири чидай олмай, 2017 йил май ойида нотариусга бориб, уйнинг олди-сотдисига қўл қўйиб бердик.
— Нотариус қўрқитув шароитида имзо чекилаётганига эътибор қаратмадими?
— Йўқ, бу ерга-бу ерга имзо чекинглар дейишди ва чиқариб юборишди.
— Акангиз шундан сўнг сизларга ваъда қилинган бир хонали уйни олиб бердими?
— Йўқ. Ҳеч нарса олиб бермайман деди. Ўзимиз пул йиғиб янги уй сотиб олгунимизга қадар рўйхатдан чиқармаслик ҳақида биздан уйни сотиб олган Донохон опа билан оғзаки келишган эдик. Бироқ аёл ваъдасига вафо қилмади. Уй дафтарини йўқотиб, бизни рўйхатдан чиқариб юборди. Энди бир яхши танишимникига вақтинча рўйхатга қўйдим. Онам Умарова Ҳидоятхон эса ҳеч қаерда рўйхатда турмаяпти. Натижада икки ойдан буён 700 минг сўм пенсиясини ҳам ололмаяпти. Чунки «Халқ банки»нинг пенсия пулини тарқатувчилари маблағни фақат доимий ёки вақтинча рўйхатдан ўтган жойдан тарқатишмоқда. Энди тўловни пластикка ўтказмоқчимиз. Чунки банк маблағни пластик карточкага муаммосиз туширар экан.
— Хўш, танишингизникига паспортни рўйхатдан ўтказдириб қўйибсиз, она-бола ҳозир қаерда яшаяпсизлар?
— Мен холамникида, онам эса амакимникида. Қайси қариндошимиз чақирса, бир-икки кун «меҳмон» бўлишга мажбур бўлаяпмиз. Мен-ку ишлаб бир кунимни кўраман. Пайғамбар ёшига тўлган онамнинг юраги хаста. Қариган чоғида бошига шунча сарсон-саргардонлик тушиб турибди. Ҳар бир одамнинг ўз уйи — ўлан тўшаги бўлсин экан. Қўқон шаҳридан қурилаётган янги уйлардан сотиб олиш ниятим бор эди. Аммо бир хонали уйнинг биринчи тўловини (15 миллион 120 минг сўмдан — 30 миллион 240 минг сўмгача) тўлашга қурбим етмаяпти. 5 йилда 10 миллион сўм йиғдим. Қолганини йиққунимча яна икки йил кетади, унгача қаерга борамиз, шунга қаттиқ бошим қотиб қолган.
Санобар Аслонхонова сўзларди-ю кўзда аччиқ ёши қалқарди. Унинг кўзларида мунг ва алам қотиб қолгандай туюларди.
У уй масаласида ёрдам сўраб Қўқон шаҳар маҳалла кенгаши бошқарувига мурожаат қилди. Арзон уй олувчилар рўйхатига киритилди. Биринчи тўловда енгилликлар яратиб бериш учун Қўқон шаҳар ҳокимлигининг арзон уй олиш бўйича комиссияси раиси, шаҳар хотин-қизлар қўмитаси раиси Манзурахон Ғиёсова ва шаҳар ҳокими Маъруфжон Усмоновдан муаммо ечимида амалий ёрдам кутамиз.
Хулоса ўрнида қариндошга асло қиз берманг деймиз. Ўта содда ҳам бўлманг, ҳуқуқий саводхонлик йўлида ортга чекинманг, деймиз. Никоҳни албатта фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органлари орқали қайд эттиринг деймиз. Кўзингни оч, эй йигит, ичкиликка берилма, она ва синглингга озор бериб, икки дунёнгни куйдирма деймиз. Рўзғор юкини хотин гарданига осаётган ношудлардан озор чекмаслик учун қизларни албатта ўқитинг деймиз... Ва якунда яна оқибатни унутманг деймиз.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter