Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Мустаҳкам Тангриёрова

Оққан дарё оқаверади. 

Ўзга юртда ўзбеклигидан айро бўлмаганлар. «Туркияда ўзбеклар» туркумидан (3-мақола)

Ўзга юртда ўзбеклигидан айро бўлмаганлар. «Туркияда ўзбеклар» туркумидан (3-мақола)

Туркия - бағри кенг мамлакат. Бу ерда фуқаролари узоқ йиллар яшамаётган давлатнинг ўзи йўқ ҳисоби. Турк халқи билан тарихимиз, тилимиз, қадриятларимиз муштарак бўлгани учун Туркиядаги ўзбек меҳнат муҳожирлари, у ерда ўзларини бемалолроқ ҳис қилишларини таъкидлашади. Туркияда, шунингдек, келин, илм мухлиси, тадбиркор сифатида ҳам ўз ўрни бўлган, таъбир жоиз бўлса, икки халқ ўртасида кўприк бўлгулик юртдошларимиз кам эмас. Бугун уларни суҳбатга чорладик.

«Тарбиямиз билан ажралиб турамиз»

Ситора Алихонзода Азизова, журналист, таржимон:

— Туркияга келганимда тўрт йилдан ошди.

Одатда, вақт ўтган сари инсон ҳар қандай ҳолатга кўникиб бориши табиий. Шу жумладан, Ватандан йироқда яшашга ҳам... Аммо баъзи туйғулар ўзгармас, аксинча, улар борган сари кучайиб бораверар экан. Масалан, соғинч...

Ватан соғинчи! Яъни, қанча кун ўтса ўтсин, нақадар кўниксанг кўник, мусофирликдаги ҳаётингдан нечоғлик мамнун бўлсанг бўл, аммо кўнглингни бир чети ҳамиша ҳувиллаб тургандек бўлаверади. Бу бўшлиқ асло тўлмайди.

Ватанингга оид нимаки бўлса, кимки бўлса, уларга муҳаббатинг, ҳасратинг ортиб бораверади. Улар билан боғлиқ хотираларинг эса асло эскирмайди. Балки жонланаверади...

Бошқа давлатда яшаш, айниқса, келин бўлиш ўзини миллатидан айро санамайдиган, ўзлигини унутмайдиган бир одамга бироз масъулият юклаши бор гап. Чунки орқангдан сенинг исмингни эмас, кўп ҳолларда миллатинг номини тилга олишади. Масалан, ўзбек келин, рус келин, суриялик келин ваҳоказо.

Шу боис ҳам ўзбек қизи, ўз миллатингнинг бир вакили сифатида ҳам доим ўзингни назоратда тутишингга тўғри келади.

Ҳеч эсимдан чиқмайди, бу ерда турмуш қурганимдан кейин илк марта турмуш ўртоғим оиласида катта маъракага борганимда, у ердагилар жуда қизиқиш билан мени кузатган эди. Етмиш ёшлардан ошган бир онахон кетар чоғида «Қандай ота-она экан улар, бу замонда қизига шунақа тарбия бера олган!» деган эди.

Балки ўзбекона самимий муомалам, ўзимни тутишим у кекса онахонни ҳайрон қолдиргандир. Ҳар ҳолда, биз барибирам тарбиямиз, айниқса, катталарга ҳурмат кўрсатишимиз билан ажралиб турамиз. Бу ерда эса бундай муносабатни, афсуски, ҳар доим ҳам учратмайсиз. Қолаверса, самимийлик бу ерда нодир туйғу...

Фарзандларимни ҳам имкон қадар ўзлигимиздан узоқлашмаган ҳолда тарбия қилишга уринаман.

Айниқса, ўн ёшли ўғлимга доим «Сен икки миллатга ўрнак бўла оладиган инсон бўлишинг керак» дейман. У Ўзбекистонда туғилган. Олти яшар пайтида Туркияга келганмиз. У билан энг яхши кўрган машғулотимиз Ватанимиз ҳақида суҳбатлашиш. У ерда ўтказган кунларимизни хотирлаш, яқинларимизни эслаш... Аммо ҳар доим ҳам бунга имконим бўлмайди. Икки нафар кичик ёшдаги фарзандларим кўпроқ вақтимни олиб қўйишади.

Ўғлим маҳаллада ҳам, мактабда ҳам жуда намунали бола. Орқасидан мақтовлар эшитганимда ҳам она, ҳам бир ўзбекистонлик сифатида ғурурланаман. Чунки улар менга ўғлим ҳақида яхши гаплар айтиб, миннатдорлик, ташаккур изҳор этганида албатта, ўзбеклигимизни эслаб ўтишади...

Туркияда яшашнинг, бир зиёли инсон сифатида ўзим учун кашф этган катта ижобий тарафи — бу ерда ўқиш-ўрганиш учун катта ҳажмда манбалар мавжудлигидир. Истаган турдаги адабиётни топиш имкони бор. Ва мен ана шу имкониятдан мумкин қадар, ҳам ўзим, ҳам фарзандларим учун фойдаланишга ҳаракат қиламан.

Яқиндан бошлаб, Ўзбекистондаги бир нечта нашриётлар билан ҳамкорликда турк тилидаги адабиётларни ўзбекчага ўгиришни бошладим. Албатта, фарзандларимдан ортиб, ҳозирча бу ишга ўзимни тўлиқ бағишлай олганим йўқ. Аммо келгусида бу борада катта, салмоқли ишлар, таржималар қилиш ниятим бор.

Турк нашриётлари биздан анча илгарида ва уларда жанрлар хилма хиллиги кенг. Истаган жанрда ўзингизни қизиқтирган мавзуда бир адабиёт топиб ўқиб, билим, дунёқарашингизни оширишингиз мумкин.

Китобхонлик даражаси ҳам бу ерда бизга қараганда нисбатан юқори. Чунки аксарият турк оилаларида, болалар туғилиши билан китобга, ўқиш-ўргатишга қизиқтириб борилади. Болалар адабиёти ҳам жуда кенг қамровли ва ранг-баранг. Болалар боғчаси ва мактабларда ҳам дарсларда мутолаага эътибор, диққат қаратишади.

Масалан, уч ярим ёшли қизим борадиган боғчада ҳафтада икки кун мутолаа кунига ажратилган. Ҳар икки кунда бола уйидан ўзи ёқтирган китобни олиб боради, тарбиячи уларни ўқиб беради, болалар таассуротларини бўлишади. Ўғлимнинг мактабида ҳам шундай, ҳар кун битта янги китоб ўқиб келган ўқувчига кунлик қўшимча балл берилади. Ўғлим синфида энг юқори балл билан ҳозирча олдинда кетмоқда...

Туркиянинг табиати гўзал, инсонлари ҳам чиройли, аммо бироз совуқдек туюлади менга.

Ўзи турклар бироз совуққон, аммо ҳассос миллат. Баъзи ўринларда уларнинг бошига тушган ғам, фожиани совуққонларча, тезда кўникиб қабул қилишига ҳайрон қоламан. Аммо баъзи мавзуларда ўта таъсирчан ва уйғоқ.

Бизникилар эса бироз лоқайд, беҳафсала эканини айтмаса, қандайдир истарали, меҳрли, самимий инсонлар...

Бегона мамлакатга кўникиб, тез мослашиб кетишимда турмуш ўртоғимни катта ҳиссаси бор. Хўжайиним оилапарвар, ўта масъулияли. Айниқса, ота сифатида!

Масалан, бу кеча қизим иситмалаб чиқди. Турмуш ўртоғим «сен кичкинага қара, етар» деб эрталабгача қизимни бошида ўтириб чиқди. Кичкина ўғилчамнинг ҳам бир-икки кун тоби бўлмай, инжиқланиб қолганди. Шунга иккита болага қараш сени чарчатади, деб ўзига масъулиятни олди. Қизимнинг дорисини бериб, оч қолса овқатини едирибди. Ора-сира хабар олиб турдим. Албатта, мен ҳам ухлаганим йўқ. Эрталабга яқин кўзим илинибди, иситмаси тушавермаганига дадаси мени ҳам безовта қилмай, қизимни шифохона олиб кетибди...

Умуман, ҳар тарафлама менга ёрдам бериб, дастаклайди. Уйда ўтирибсан, бу ишлар сенинг вазифанг демайди. Овқатга ҳам, уй юмушларига ҳам қарашади.

Мен иш билан компьютер бошига ўтиргудек бўлсам, болалар халал бермасин деб бошқа хонада ўйнатиб ўтиради.

Ҳар бир оилада бўлганидек бизда ҳам баъзан тортишувлар бўлиб туради. Лекин мен ўзбекона тарбия кўрган бир аёл сифатида оилада эркак кишининг раҳбар эканини, устунлигини унутмайман. Турмуш ўртоғим буни билади ва ўзининг танловидан кези келса, ғурурланиб қўяди.

Ўз ўрнида у ҳам менинг бу элда бир мусофир, кўнгли ярим эканимни ёдидан чиқмармайди ва кўпинча менга ён босади, аяйди, кўнглимга қарайди.

«Туркияда фан доктори бўлдим, илмий ишим ўзбек арбоби ҳақида»

Феруза Иззат, Анталия билим университети ўқитувчиси, тарих фанлари доктори:

— Болаларим билан Туркияга келганимизга ҳам 11 йил бўлибди. Ўшанда болаларим мактаб ёшида эди. Икки қизим ва ўғлим аввалига мактабда таълим олишди. Мана ҳозир университетнинг магистратурасида таҳсил олишяпти.

Уларга қизиқибми ёки ичингда яшириниб турган куч юзага чиқадиган вақти келганиданми, мен ҳам магистратурага ўқишга кирдим. Туркия менга қанақадир янги имкониятлар тақдим қилгани бор гап. Тарих соҳасига жуда ҳам қизиқардим. Магистратурада тарих соҳасида яхши бир устоз раҳбарлигида Алихонтўра Соғуний ҳаётини тадқиқ қилдим ва уларни нафақат сиёсатчи сифатида, балки адиб, табиб сифатида ҳам серқирра фаолиятини ёритишга киришдим.

Магистратурани тугатиб докторантурада ҳам ўқишни давом эттирдим. Докторантурада Ўзбекистоннинг бошида 24 йил бўлган, Ўзбекистон компартияси биринчи секректари Шароф Рашидов ҳаёти ва фаолиятини илмий ишимнинг бош мавзуси сифатида ўрганадиган бўлдим. Бу шахсга турли қарашлар ҳамон айтилади. Рашидов кимлар учун қаҳрамон, айни вақтда уни Москванинг содиқ одами, ўзбекнинг душмани дейдиганлар ҳам бор. Пахта ишини Рашидовга боғлаганлар, Орол фожиасини Рашидовдан кўрганлар мен учун қизиқ бўлди. Бу одамга қандай холис баҳо берса бўлади деган мақсадда ишга киришдим. Шу йилнинг бошида докторантура ишимни ҳимоя қилдим ва PhD соҳиби бўлдим.

Туркия иш фаолиятимда ҳам катта имкониятларни тақдим этди. Ўзбекистонда ҳам бир муддат ўқитувчи бўлганман. Лекин, устоз сифатида тўплаган тажрибаларимнинг асосий қисми Туркияда ўтган дарсларим билан боғлиқ бўлди. 7 йил олдин бошланғич мактабда, кичкина болаларга дарс бериш билан бошланган саргузаштим десам бўлади, бугунга келиб Анталия университетида талабаларга дарс бериш билан давом этмоқда. Бу жараён осон кечмади. Чунки Ўзбекистондаги таълим тажрибам билан бу ердаги ўқитувчига қўйилган талаб жуда ҳам фарқли эди. Айниқса, кичкина болаларга дарс бериш осон бўлмади. Катта қийинчиликларга дуч келганман. Лекин, ўша қийинчиликлар ҳозирги даражамга олиб келди, десам хато бўлмайди.

Бу ерда «ўзбекман» деб айтганимда кўпчилик турклар «ҳа, ўзбекистонликларни биламиз, бизнинг уйимизда ишлашади, бизларнинг ҳам хизматчимиз бор» дейишади. Ёки қайсидир қариндошиникида ўзбек ишлаётганини айтишади. Кўча-куйда, юзимдан билишади, қаерликсан деб сўрашганда, ўзбекистонликман десам, «Ҳа, ишлагани келганмисан?» деб қора меҳнатни назарда тутишади. Бу мени бироз хафа қилади. Лекин, ўзбекларни фақат қора меҳнатчи деб танишларидан мен уялмайман. Чунки, ҳақиқатан ҳам, Ўзбекистондан келиб, пешана тери билан ҳалол меҳнат қилиб оила боқаётган, бу ердан туриб Ўзбекистонга пул жўнатаётган одамлар кўп. Туркия учун ҳам қийин бўлган ҳозирги иқтисодий шароитда, инфляция мисли кўрилмаган даражада ўсиб бораётган бир вақтда, ҳануз биздан келиб ишловчилар кўп. Мен умид қиламанки, бир кунлар келиб ўзимизда иқтисодий шароит яхшиланиб бу ерга фақатгина қора меҳнат учун келадиганлар ҳозиргидек кўп бўлмайди.

Шу билан бирга, бу ерга ўқишга келган, ўқишдан кейин илмий бир мавқеи билан танилаётган ўзбекларимиз кўп. Шунингдек, тижорат, меҳмонхона, гастрономия бизнеси билан шуғулланаётган ўзбекларимиз ҳам кам эмас. Бу мени қувонтиради, албатта. Ўзим таълим соҳасида ишлаётганим учун билганим, ёшларимиз орасида Туркия олий ўқув юртларида ўқишга қизиқиш йилдан йилга ошиб бораяпти. Бошқа йўналишларни билмадиму, инглиз тилидан дарс бераман, ўзим гувоҳман, бизнинг ёшларимиз хорижий тилларни ўрганишда анчайин салоҳиятли. Университетимизга инглиз тилини жуда яхши билган талабалар келади. Масалан, Қозоғистон, Қирғизистон ёки бизга қўшни бўлган бошқа давлатлардан келган ёшлар билан солиштирсак, Ўзбекистондан келаётган талабалар тил борасида анча пухта билимга эга.

Ўқитувчилик фаолиятим билан биргаликда тарихдан тадқиқотларим ҳам давом этаяпти. Ҳозир PhDни қўлга киритганимга қарамасдан яна ҳар хил тадқиқотлар билан машғулман. Бир нечта мақолаларим китоб ва журналларда чиқди. Шу билан бирга, турк халқи анъаналари билан боғлиқ видеолавҳаларни тасвирга тушириб, ўзимнинг ютуб саҳифамга қўйиб боряпман. Телеграмдаги «Кечинмалар дафтари» каналимда ўзига хос обуначиларим билан баҳс-мунозара қилиб турамиз. Бошқа ижтимоий тармоқларда ҳам мумкин қадар қатнашишга ҳаракат қиламан. Бу мамлакатда гитара чалишни ўргандим. Гитара чалиб қўшиқ куйлаганимда руҳим енгил тортади. Ҳайитларда, байрамларда ўзбекистонлик дўст-дугоналар билан жам бўлиб турамиз. Ҳамма она каби фарзандларим учун ҳам вақт ажратишни бурчим деб биламан. Бир йил ўтар-ўтмас Ўзбекистонни соғиниб-соғиниб Ватанга отланаман. Аммо, бир неча ҳафтада Туркияни ҳам соғина бошлайман...

«Фақат дорисиз маҳсулотлар етиштирамиз»

Шаҳноза Сафарова, Анталиядаги тоғ ён бағри ҳудудидаги экологик туризмга ихтисослашаётган фермер хўжалиги бошлиғи:

— Мен Анталияга қўлимда битта сумка билан келганман. Шукур, бугун катта бир ферманинг эгасиман. Фермамиз шундоққина тоғ ён бағрида жойлашган, атрофи ўрмонлар билан қопланган. Яқин ўртада қўшнилар ҳам йўқ. Лекин, бузилмаган, топталмаган, бор-бутунлигича табиат бор. Мен бу ерни сотиб олганимда, бунгача ундан ҳеч ким фойдаланмаган эди. Ҳаммасини нолдан бошлаш қанчалик қийин бўлмасин, ер бўш турганидан яхшиликни изладим. Яъни, экин экилмаган ерда кимёвий дорилар сепилмагани, заҳарланмагани айни муддао эди. Катта майдонни обод қилиб турган сувимиз ер остидан чиқади. Биздан 100 метрча масофада эса тоғдан тушадиган дарё оқади. Шаршара ҳам узоқ эмас. Бундай жойда дорисиз етиштирилган мева-сабзавотлар ҳам, боқилаётган қўй-эчки, паррандалар ҳам табиийлик билан уйғунлашади.

Фермер хўжалигимизда маҳсулот етиштирилиши билан бирга экологик туризм йўналишига ҳам эътибор қаратяпмиз. Ҳудудда меҳмонлар учун шароит яратдик ва буни турли каналлар орқали эълон қилдик. Энди кўкламдан кеч кузгача бўлган вақтларда бола-чақаси билан атайлаб келадиган оилалар, даврадошлар бор. Табиат қўйнида дам олишади. Бу ердаги мева ва сабзавотларни ўзлари териб олишлари мумкин. Бунинг гашти бошқача-да. Бизда анжир бор, тарвуз бор, беҳиларимиз бу йил серҳосил бўлди. Мана шу йил Ўзбекистондан олиб келинган қовоқ уруғларини ҳудудимиздан ташқарида, тошлоқ жойларга бўлса ҳам қадаб чиққандик, ҳосил яхши бўлди.

Табиий маҳсулотлардан ўзлари овқат пиширишлари ёки кўнгиллари тилаган таомга буюртма беришлари мумкин. Биздан кўпроқ худди ўзимиздаги каби кўк сомса, исмалоқ, бичак ва ўзбек паловини сўрашади.

Лекин асосий ишимиз хўжаликни юритиш. Майдонимиз катта, қўй-эчки ва паррандаларимиз етарлича. Ерда ҳам ишлаймиз. Ҳудудни тоза ва чиройли сақлашга ҳам аҳамият бериш керак. Хуллас, бунча ишни аҳил жамоам билан биргаликда бажарамиз.

Қиш кириши бу иш камайди дегани эмас.

Туркияда Янги йил Ўзбекистондаги каби кенг нишонламаса ҳам Анталияда русийзабонлар, Европа таъсирида бўлган инсонлар кам эмас. Янги йил олдидан табиий ем билан боқилган ва янгитдан сўйилган товуқ, хўроз, ғоз, ўрдак, бедана, қуён гўшти учун буюртма олишимиз ҳақида эълон бердик. Ҳатто байрамни нишонламайдиганлар ҳам шу баҳонада турли маҳсулотларни сўраб алоқага чиқишди.

Режамиз бўйича, 28, 29 декабрда буюртмаларни етказиб бўлишимиз керак эди. Лекин, улугармадик, 30 декабрь учун ҳам иш қолди.

Маҳсулотни янгилигича етказиш учун оқшомдан ишни бошлаймиз. Паррандани сўйиш, тозалаш, тарозига тортиш ва қадоқлаш ишлари ярим тунгача давом этади. Анталия бўйича етказиб бериш бепул. Янги сўйилган гўштни ўзим машинада ҳар бир буюртмачи уйига олиб бориб бераман. Рулда тетик ва бехавотир етиб боришим учун ҳам вақтида дам олиш муҳим. Машинани ўзим бошқараман. Тоғ ҳудудидан шаҳаргача йўл яқин эмас.

Сотилган парранда гуштидан тушган пулдан ем қарзларига тўлаймиз. Қолганига паррандалар учун яна ем оламиз. Шундан кейин ҳозирча бошқа буюртма олмай турамиз. Чунки, жуда чарчадим. Лекин, руҳим тетик. Маҳсулотни қабул қилиб олаётган инсонлар чеҳрасидаги мамнуният кўзингда муҳрланиб қолаверади...

Иш орасида ижтимоий тармоқлар учун видеолавҳалар ҳам тайёрлайман. Бу фақат ишимизни тарғиб қилиш учун, холос. Масалан, тарозига қўйилган қуён гўштини тасвирга туришаётиб унинг шифобахш хусусиятларини айтаман. Қуён гўшти парҳез таомлар учун керак, аллергия бермайди. Навбатдаги қуён 2 кило 160 грамм, ички аъзолари билан қўшиб берилади. Ғоз эса 5 кг 140 грамм чиққанини кўрсатамиз. Ичига таъбга кўра масаллиқлар жойлаштириш учун фақат қорин томонидан кесилади. Юрак, ошқозони ва жигари бирга берилади. Мойи ҳам қиммат ва фойдали. Мойидан табиий крем сифатида ҳам фойдаланилади.

Хуллас, биз ҳеч бир кимёвий дориларсиз боқилган ўрдак, бедана, хўроз, ҳатто туяқушнинг гўштини ҳам етиштирамиз. Тухумлар ҳам сотилади. Уч кунда тўпланган тухум 100 тадан ошибди. Қизиғи, тухумлар пушти, мовий, оч яшил, тўқ яшил рангларда ҳам бўлади. Тухумларни буюртмачилар истеъмол учун ҳам, инкубатор орқали парранда олиш учун ҳам харид қилишади. Ҳар 50 дона тухумга 5-10 дона тухумни қўшиб берамиз. Дарвоқе, ана шу тухумларни туққан паррандаларни ўзимиз ҳам инкубатор орқали очтирганмиз.

Шаҳарда туғилиб улғайган ўзбек қизи Шаҳнозани анталияликларнинг Шехназ қизи қилиб танитган фермамни яхши кўраман. Бу ерда мен нафақат ишлайман. Балки, бепоён ва тиниқ осмон, дарё устида жилваланган ёмғир рақси, бошқа ерларда кўриш мумкин бўлмаган табиат гўзалликларига боқиб яйрайман, тоза ҳаводан симириб-симириб нафас оламан.

«Ўзбекистоннинг обрўсини янада юксалтириш мумкин»

Фазлиддин Мадиев, Анқара ҲБВ универстити докторанти:

- Туркияга 2020 йил магистратурада ўқиш мақсадида келганман. Айни пайтда Анқарада докторантурада ўқияпман.

Кундалик ҳаётим асосан ўқиш ва оила ташвиши билан ўтади. Фаолиятим (соҳам) халқаро муносабатларга оид бўлгани учун дунё сиёсати ва муносабатлари ҳақида интервюлар бераман, таҳлилий мақолалар ёзаман. Қийинчиликлар бўлиб туради. Бу янги келган одамлар учун анчайин енгиб ўтиш қийин бўлган ҳолат. Лекин менда чет эл тажрибаси кўп бўлгани учун бу борада ўзимни ноқулай сезмайман.

Албатта, иш фаолиятимни Ўзбекистонда ҳам олиб боришим мумкин эди. Лекин, Ўзбекистондаги шарт-шароитга ўрганмаганларга мослашиш сизни жуда унғайсиз қилиб қўяди. Туркиянинг афзаллигини бу ерга келганлар ўзининг мослашувчанлигига қараб хулоса қилади. Мослашолмай қайтиб кетадиганлар ҳам йўқ эмас. Шахсан мен учун Туркиядаги очиқлик ва эркинлик ёқади. Жиддий ҳаракат қилсангиз, Туркияда ўзингиз учун йўл топиш имкони бор.

Ўзбекларга нисбатан кайфият доим яхши бўлган (лекин гуруч курмаксиз бўлмаганидек, иккала томондан ҳам подани булғаб турадиганлар доим топилади). Мен шахсан ўзбеклигимдан доим ғурурланаман, негаки, бу ерда танишган кишиларим менинг қаердан эканлигимни билгач «ота тупроқларимиздан экансан, табаррук жойлардан экансан» дейишади. Масалан, Анқарада Ўзбекистон, Самарқанд, Бухора, Хоразм деганимда уларнинг кўзида ва юзида у ерларга бориш истаги, ҳавасини тезда сезасиз.

Туркияда Ўзбекистон деганингизда (айниқса, академик сатҳда бўлганларда) боришни соғиниш ҳиссини кўришингиз мумкин. Бир марта борганлар эса у ерда кўрганларини доим ҳавас билан бошқаларга ҳикоя қилиб беришларини кузатаман. Лекин, шунингдек, сиёсий ва иқтисодий атмосферани яхши тушунадиганлар бу ерда эшитган ҳикояларига ишониб бориб, ҳаваслари сувга тушиб қайтиб келганлари ҳам йўқ эмас. Туркияликлар (ўрта ва катта ёшдагилар) у ерга носталгия учун борадиганлар ҳам йўқ эмас, чунки, улар Ўзбекистонда ўзларининг 1960-1970 йиллардаги Туркиясини кўришади. Болаликларини яшагандек бўлишади.

Туркияда Ўзбекистон ва ўзбеклардан норозилар жуда кам. Ҳатто йўқ деса ҳам бўлади. Туркияда Ўзбекистоннинг обрўсини кўтариш Ўзбекистондаги вазиятга боғлиқ, яна ҳам тўғрироғи Ўзбекистон ҳукумати ўз давлатининг аҳолисини қанчалик қўллаб-қувватласа, ташқи дунёда ҳам бу шунчалик билинади. Нафақат Туркияда бутун дунёда Ўзбекистон ва ўзбекистонликлар номининг ҳавас билан тилга олиниши ҳамда юксалиши учун ўзининг яшаётган давлатида қадр топишлари, сифатли таълим олишлари, давлат ва жамият орасида узвий боғланишни ҳис қилишлари ва буни бир қадрият сифатида кўриш кўникмаси ҳосил бўлиши керак.

Бундан ташқари, Ўзбекистон давлати Туркияда яшаётган, ўқиётган ва ишлаётган аҳолиси учун ишончли ёрдам ва кўмак марказлари очиб, уларга ҳуқуқий ҳамда амалий ёрдам бера олиши керак. Бу фақат кучли ватандошлик ҳисси ва ўзаро ишонч билан амалга ошадиган иш. Туркияда Ўзбекистонга салбий қараш йўқ, шундан фойдаланган ҳолда, ўзбек санъати, адабиёти, тарихи, маданияти, гастраномия ва энг асосийси таълим-тарбияси (ахлоқ-одоб) негизидаги юмшоқ кучдан фойдаланиши, бунинг концепциясини ишлаб чиққан ҳолда амалий ишларга ўтиши керак деб ҳисоблайман.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг