Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Мустаҳкам Тангриёрова

Оққан дарё оқаверади. 

Ўзбекча «Тақдир ҳазили» ёки Самарқанд шаҳридаги «адаш» кўчалар...

Ўзбекча «Тақдир ҳазили» ёки Самарқанд шаҳридаги «адаш» кўчалар...

Фото: «Xabar.uz»

Бир хат баҳонасида очилган мавзу

Нотаниш рақамдан қўнғироқ бўлди. Салом-аликдан сўнг: 

– Самарқанд кўчаси  ...инчи уйда яшайсизми?

– Шундай!

– Фамилиянгиз фалон, исмингиз писмадончами ?

– Адашмадингиз, тинчликми ?

– Сизга хат бор эди. Почта алоқа бўлимидан қўнғироқ қилаяпмиз.

– Мен уйдаман, жўнатаверинг.

Суҳбатдош менинг номимга келиб тушган хатни бевосита етказиб беролмаслигини айтди. Чунки, у шаҳарнинг бошқа бир бурчаги Хишрав (Сўлим) қўрғонида, жумладан, ўша ердаги Самарқанд кўчасига хизмат қилар экан. Уларда ҳам ...инчи рақамли хонадон бор. Мен яшаётган уй Самарқанд кўчаси, Темурийлар тарихий қўриқхона ҳудудида. Яхшиям, конверт устида телефон рақамим ёзилган экан. Ундан 10-почта алоқа бўлимига жўнатишини сўрадим...

Қизиғи, Самарқанд шаҳрида яна Самарқанд кўчаси бор экан. Янгидан барпо этилган «Қорасув» массивида. Самарқанд почта алоқаси боғламаси ходимлари айтишди...

Мана шу ҳовлига кўчиб кирганимизга 15 йил тўлди. Ўйлаб қарасам, кўчамиз номи билан боғлиқ ҳангомалар аввал ҳам бўлган экан. Кунлардан бир кун бир машина тўла формали йигитлар келишди. Қандайдир аёлнинг паспорт нусхасини кўрсатиб, бизнинг манзилда пропискада экани, у қидирувдалигини таъкидлашди. Уйда қурилиш бўлиб ётибди, усталарга тушлик тайёрлаш керак бўлган вақт. Барча хоналар бир йўла бузилгани учун бор ҳужжатларни қариндошларникига олиб бориб қўйганмиз. «Домовой» – «уй дафтари»ни олиб келиб, улар айтган аёл бизда рўйхатда турмаслигини исботлагунча жиғибийроним чиққан...

Бошқа гал эшигимизни оқ халатли шифокорлар тақиллатишди. Шу манзил бўйича, кимгадир тиббий ускуна бериб юборилган, лекин у қайтармаган экан...

Али Қушчи номида иккита, Ибн Сино номида учта...

Почта алоқаси боғламаси сараловчиси Марғуба Садриева Самарқанд шаҳрида «адаш» кўчалар кам эмаслгини айтади. Лекин, бир хил номдаги кўчаларда икки хил ҳолат кузатиларкан. Бир қисмида манзиллар рақамлар кетма-кетлиги фақат шу кўчага тегишли, яъни бирида бор сон, бошқасида ҳам мавжуд. Бошқа бир ҳолатларда, дейлик, биринчи кўчада бошланғич рақамлар, бошқасида давоми.

Али Қушчи кўчаси Сўзангарон томонда 4-почта алоқа бўлимга қарашли яхлит, манзил рақамлари фақат шу кўчага тегишли. Яна битта Али Қушчи кўчаси «Микрарайон»да. Сўғдиёна массивида ҳам Али Қушчи кўчаси бор. Оралиқда бошқа кўчалар бўлса ҳам, сўнгги икки кўчада рақамлар тизими ягона. Бошқача айтганда, кичик рақамлари Микрарайонда, катталари Сўғдиёнада, – дейди Марғуба Садриева.

Марғуба Садриева шаҳарнинг турли ҳудудларида учрайдиган яна бир кўча ҳақида тўхталди.

Ибн Сино кўчасининг биттаси «Гагарин» тарафда, яна биттаси Боғибаланд томонда, яна бошқаси Даҳбед кўчаси билан туташган. Мен жўнатмаларни рақамига қараб саралайман. Гагарин кўчасидаги кўп қаватли уйлар орасидаги ҳовлида жойлашган ташкилотлар Ибн Сино кўчасининг тоқ рақамлари билан қайд қилинган, Боғибаландга жуфт рақамлар тегишли. Айни вақтда Даҳбед кўчасига туташган кўчада 14, 15 ва 17-манзиллар бору, 16-манзил эса булардан тўрт-беш бекатлик масофада – Боғибаландда.

Маълум бўлишича, Самарқанд шаҳрида Хива кўчаси ҳам иккита экан.

Эски шаҳар қисмидаги Хива кўчаси 40-50 йиллар аввал ҳам бўлган. Мустақиллик даврида қатор кўчалар номи ўзгартирилганда, «янги шаҳар»даги Грибоедов номидаги кўчанинг аталиши ҳам Хивага ўзгартирилган.

Самарқанд шаҳридаги 2-почта алоқа бўлими бошлиғи Гаяне Сулейманова ўзи фаолият юритадиган ҳудуддаги номдош кўчаларни санаб берди:

– Уй рақамлари такрорланган Маданият кўчаси темирйўл вокзали ҳудудида ва Кимёгарлар қўрғонида ҳам бор. Озодлик кўчаси ҳам иккита – темирйўл вокзали ва ёғ-мой комбинати ҳудудларида. Ҳабиб Абдуллаев номидаги кўча бизнинг почта алоқа бўлими ҳудудида ҳам, шунингдек, Самарқанд архитектура ва қурилиш институти яқинида ҳам бор. Шунингдек, Форобий кўчаси ҳам иккита.

Асосий мавзуга дахли йўқдек, аммо...

Гаяне Сулейманова кўчалар номланиши ва рақамланиши билан боғлиқ оғриқли яна бошқа маълумотларни ҳам айтди. Масалан, у ишлаётган почта алоқа бўлимининг манзили Рудакий-90. Лекин, худди шу рақам билан айри бинода, маълум масофада кўп қаватли тураржой ҳам бор экан! Бунақа ҳолат ягона эмас. «Почта алоқа бўлимлари ходимлари ишини қийинлаштирадиган бошқа омиллар ҳам кўп», дейди суҳбатдошимиз. Янгидан қурилган кўп қаватли уй-жойлар хонадонларни рақамлаштришда пала-партишликлар учраркан. «Масалан, иккинчи қаватда 28-хонадон, 3-қаватда 46-хонадон, 4-қаватда эса, дейлик 37-хонадон қилиб манзил белгиланган ҳоллар бор. Одамлар кўчиб кирганига анча вақт бўлган, аммо хонадонлар рақамлаштирилмаган ёки шунчаки рақамлар эшикларга ўрнатилмагани ҳам кузатилади».

Мотрид почта алоқа бўлими бошлиғи Шаҳноза Жабборова бўлимга қарашли Қорасув массивида 170 та кўп қаватли уй борлигини таъкидлайди: «Биласиз, бу ерда 16 қаватли ҳам, 24 қаватли ҳам «дом»лар бор. Уларнинг бирортасида подъездда кираверишда бўлиши керак бўлган, нормаларда қайд этилган почта қутиси йўқ. Хабарчи (почтальон) жўнатмани энг юқори қаватга ҳам чиқаради. Энди тасаввур қилинг, ана шу катта ҳудудда битта хабарчи ишлайди. Бошқа штат йўқ».

30-40 йиллар муқаддам почтальон деганда елкасида оғир сумка ортган кишини тасаввур қилишган. Бугунги тасаввуримиз эса ўзгача – ҳар бир хонадонга даста-даста газета-журнал кириб борадиган замонлар ортда қолди.

Самарқанд шаҳар почта алоқаси боғламаси хат-хабарларни қабул қилиш бўлими бошлиғи Лола Ҳасанова ҳозир ҳам почта орқали етказилаётган жўнатмалар салмоғи кам эмас деб урғулайди:

– Эндиликда манзилларга фуқародан фуқарога эмас, асосан хонадонларга расмий идоралардан юбориладиган хатлар, жумладан, мурожаатларга жавоблар, қарздорлик билан боғлиқ хатлар, дейлик, коммунал хизмат, банкдан қарздорлиги, ДАН жарималари ҳақидаги, шунингдек, ташкилотдан ташкилотга бораётган хатлар билан ишлаймиз.

Маълум бўлишича, Самарқанд шаҳар почта алоқаси боғламаси орқали кунига икки мингдан ортиқ хат ўтаркан. 

Бошлаган мавзудан почта хизмати масалаларига ўтиб чалғиётгандек кўриниш берсак-да, аслида, Самарқанд шаҳри кўчаларини номлашдаги мантиқсиз такрорлар бугунда ҳам иши осон бўлмаган, ҳаминқадар маошга қаноат қилиб, қуёш тиғида кўча кезаётган почта хизмати ходимларига қатор ноқулайликлар, ортиқча юкламалар келтиришини таъкидламоқчи эдик.

Манзиллар аниқ-тиниқлиги нафақат почта хизмати ходимларига, балки қатор бошқа соҳа вакиллари учун ҳам муҳим.

Интернетдаги Самарқанд шаҳри харитасида «отдош» кўчалар номлари бирида «кирилл», бошқасида «лотин» ҳарфлари билан ёки қўшма сўз бўлганда бирида чизиқча билан, бошқасида тўғри ёзилганини кўрасиз.

2023 йил Самарқанд Бутунжаҳон туризм пойтахтига айланиши баралла айтилди. Сайёҳ борки, аввало келган жойининг харитасини очиб, ҳар бир ёзувни синчиклаб ўрганади. Қолаверса, кўча номлари такрорланиши аҳоли учун ҳам қатор ноқулайликлар келтириши мисолларда кўринади.

Ажабо, Самарқанд, кўчаларини номлаш учун сўз етмайдиган даражадаги шунчалик катта шаҳарми? Ёки луғатимиз шунчалар қашшоқлашдими? Самарқанд тарихи, ривоятлари, ўзига хос урф-одатлари билан боғлиқ номларни излаб топиш, мувофиқлаштириш кимнинг вазифаси? 

Самарқанд шаҳар топонимик комиссияси раиси ўринбосари Норбек Алқаров кўчаларни номлаш, қайта номлаш Ўзбекистон Республикасининг 2011 йилда қабул қилинган «Географик объектларнинг номлари тўғрисида»ги қонуни асосида амалга оширилишини таъкидлади. «Кўчалар номи ўзгартирилганда аҳолининг фикри асосида маҳалла фуқаролар йиғини таклифи шаҳар томономик комиссиясига тақдим қилинади. Комиссия таклифни ўрганиб чиқиб, материалларни вилоят топонимик комиссиясига юборади. Кейин республика эскпертизаси   хулосаси, ундан сўнг 15 кун давомида муҳокама қилиш порталига қўйилиб фикрлар ўрганилиши, Халқ депутатлари кенгашида кўрилиши ва қарор чиқарилиши  буларнинг ҳаммаси изчилликни  талаб қилади. Охирида эса кадастр хизмати географик объектлар номини расмийлаштиради ва харитага киритади». 

Норбек Алқаровнинг айтишича, айрим ҳолларда жараённинг Кадастр хизмати бажариши керак бўлган сўнгги босқичига келиб иш оқсамоқда экан. «2022 йилда қатор кўчалар қайтадан номланган қарорни уларга юборганмиз. Лекин, бир қисм иш бажарилган бўлса-да, 25 та кўча ҳануз базага киритилмаган ва хариталарда акс эттирилмаган» деди мулозим.

«Xabar.uz» Самарқанд шаҳрида ўнга яқин кўча айни бир хил аталишини аниқлади. Бироқ, биз дуч келмаганимиз, эшитмай қолганимиз қанча? Айтилишича, кўчалар номлари такрор кетаётгани ҳақида аҳоли ёки маҳалла фуқаролар йиғини таклиф берганда топонимик комиссия ҳолатдан хабардор бўларкан.  

Ваҳоланки, ҳали 2022 йил бошида архитектор Файзулло Муҳаммадқулов топонимик муаммолар борасида Самарқанд шаҳар ҳокими Фазлиддин Умаров номига очиқ хат билан чиққан эди. Самарқанд шаҳридаги кўчалар номлари орасидаги ғализликлар, мантиқсизликлар борасида аниқ-тиниқ таклифларини илгари сурган муаллиф кўчалар номлари такрорланиши ҳақида алоҳида тўхталган.

Географик объектлар номлари давлат реестри базасида Самарқанд шаҳридаги кўчалар номларини кўздан кечирсангиз, бу ерда ҳам такрор номлар борлигига ишонч ҳосил қиласиз.

Самарқанд кўчалари

Обираҳмат кўчалари

Нодирабегим ва Моҳларойим–Нодирабегим бир инсон, Бекҳо ва Беклар эса икки тилдаги (тожик ва ўзбек) бир сўз эканини ҳисобга олсак, бундай атамалар ҳам аслида такрордир. Реестрда «Бибихоним – Сароймулкхоним», «Зебунисобегим – Аврангзеб қизи» каби атамалар ҳам келтирилган.

Нодирабегим ва Нодирабегим Моҳларойим...

Бекҳо, беклар

Тутзор – Тутистон, Боғзор –  Боғистон, Чаман – Чаманзор жуфтликларида сунъий ҳосил қилинган сўзлар на ўзбек, на тожик тил нормаларига тўғри келади. Шу жойида тил ўрганаётган хорижликнинг «далазор» деган сўзи ёдга тушади.

Чаман, Чаманзор, Тутистон...

Агар изланса, Самарқанд ўтмишини озроқ билган, бугунига синчковроқ боққан ёки «Бобурнома»ни бир варақлаган, Навоий ўтган йўллардан уни ёд қилиб кечган киши шаҳар кўчалари учун бетакрор номлар топиши қийин эмас. Самарқандда «Шарқ тароналари» деган кўча бўлса ярашмайдими? Шаҳар халқи асосан икки тилда, ширу шакар лаҳжада гаплашади. «Ширу шакар» деган номга қандай қарайсизлар? Аслида жой номларига сингдирилишига арзигулик сўзларимиз кўп, тилимиз бой.

Самарқанд шаҳрининг майдони ҳозирда 123,82 км2, аҳолиси 2023 йил 1 январ ҳолатида 523,2 минг киши деб қайд қилинган. Ўтган йили шаҳарни қўшни туманларни қўшиш ҳисобига кенгайтириш (284 км2 гача) ва аҳоли сонини ошириш режалаштирилди. Ўзбекистон Президенти 2022 йил декабрь ойидаги нутқида Самарқанд вилоят таассаруфидан олиниб, ҳозиргача фақат пойтахт эга бўлган республика таассурифдаги мақомли шаҳарга айлантирилишини маълум қилди.

Мустаҳкам Тангриёрова


P.S. 2022 йилда Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгашининг қарори билан пойтахтда 500 дан ортиқ кўча ва жой номлари ўзгартирилди. Номсиз бўлган 281 та кўчага янги ном қўйилди. Шунингдек, 20 та такрорланган кўча номлари қайта номланди.  

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг