Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Мустаҳкам Тангриёрова

Оққан дарё оқаверади. 

Ўртачи орқали турк-ўзбек никоҳи қанчага тушади? «Туркияда ўзбеклар» туркумидан (1-мақола)

Ўртачи орқали турк-ўзбек никоҳи қанчага тушади? «Туркияда ўзбеклар» туркумидан (1-мақола)

Номуносиб жуфтлик қанча вақт бирга яшай олади? Бундан ким кўпроқ жабр кўради?

Туркия сўнгги ўн йилликларда минглаб ўзбек муҳожирлари учун нажот мамлакати бўлиб келди. Лекин, лира қадри кескин тушгани ортидан ўзбекларнинг бир қисми Туркияни тарк этишди. Бугунда Туркияда қолаётганлар орасида эса бир вақтлар уйига ойида 800-1000 долларгача маблағ жўнатгани ҳам ўша даромадининг ярмича, ҳатто ундан ҳам камроғида ишлаётгани айтилади.

Ўзбеклар, шунчаки Туркияга мослашиб бўлгани, тилни, жойларни, йўлларни ўрганиб олгани, мамлакатга кириш енгилликлари, жумладан, бориш харажатлари нисбатан камлиги ёки дейлик, бошқа мамлакатга ўтиш ҳаракати ўхшамагани сабаб такрор бу ерга йўл оладилар. Ўзбек муҳожирлари сони аввалгилардан камайгани билан Туркияда ҳозирда ҳам минглаб ўзбекистонлик ишламоқда.

Хўш, Туркиядаги ўзбек муҳожирлари ҳаёти, қувонч-ташвишлари қанақа? Мавзуга оид режалаштирилган ижодий сафар маълум сабабларга кўра ортга сурилгани сайин бугун айтилиши, бугун ёзилиши керак, зарур бўлган қирралар ярқ этиб ўзини кўрсатаверади.

Келиннинг боласи бор экан...

Туркияга келин бўлган ўзбек қизлари бахтли ҳаёти ҳақида эшитганмиз, ижтимоий тармоқларда суратлар ва видеоларни кўрганмиз. Аммо, сўнгги йилларда Туркияда ўзбек аёллари билан боғлиқ «Келин мафияси» деган ибора пайдо бўлганки, бахт ваъда қилинган ўзбек қизларини сотаётган ўзбек аёллари, турфа найранглар билан куёвни ҳам, келинни ҳам боши берк кўчага олиб киргани маълум.

Туркиянинг «STAR» телевидениеси журналисти Заҳиде Етиш бир неча ойки ана шу мавзуни экранга чиқармоқда. Туркум кўрсатувлар ғояси шундай, ўртачилар турк йигити учун ўзбек қизини топишади. Иддаоларга кўра, орага тушган киши, турли баҳоналарда каттагина пул олади. Янги келин эса бир неча кун ёки бир неча ойда турк хонадонидан ё қочиб кетади ёки ажралишади. Келинлардан бир қисми Туркияда яшаш ҳуқуқини берувчи ҳужжат тайёр бўлганда ғойиб бўлгани таъкидланади.

Кўрсатувда шундай қисматга дуч келган куёвлар қатнашадилар. Кўрсатувнинг ҳар янги сонида улар сони ортиб бораётгани кузатилади. «Келин мафияси» фирибгарлигини бошқараётганлар деб наманганлик уч аёл исми тилга олинади.

Заҳидеханим кўрсатувининг сўнгги сонидан айрим парчаларни матнда тақдим қиламиз.

«Ошналарим билан кафеда ўтиргандик. Қиз топиб берадиган ўртачи бор, дейишди. Бирор ҳафта ўйладим, кейин бир қарорга келдим ва ўртачининг телефон рақамини олдим» дейди Фатиҳ.

Бошловчи Фатиҳга нега Туркиянинг ўзидан уйланмагани ҳақида савол беради. «Тополмадик. Бир-икки марта сўрадик, бермадилар. Ёшим 43 да, шунда, таваккал қилдим». Фатиҳнинг айтишича, унга 10-15 нафар қизнинг суратини кўрсатишган. Улардан бирини маъқул қилганда ишни чўзиб-чўзиб сўнг, бу қиз Туркияга кириши мумкин эмас, деб айтишган. Бу орада эса Фатиҳдан 30 минг лира олинган. Сўнгра, бошқа бир қизни топишган. Чипта, ул-бул харажатлари учун деб яна 30 минг лира жўнатилган. Хуллас, Фатиҳ тўй ва бошқа харажатлардан ташқари нақд берган пули 60 минг лира (Бугунги кунда 60 минг лира 2 минг доллардан ортиқроқ маблағ. Фатиҳ 2022 йил ўрталарида уйланганини ҳисобга олсак, инфляция даражасига кўра, бу маблағ янада қийматлироқ бўлган). Фатиҳ гапирар экан, экранда қизил рўмолга ўранган наманганлик жувон сурати йирик планда кўрсатилади. Эркак аёли билан ўзини бахтли ҳис қилган. «Бир куни ишдан келсам, йиғидан юзи шишиб кетган. Нима бўлди десам, нариги хонага ўтди. Қўлида бир сурат. «Бу менинг болаларим» деди».

Фатиҳ.

Маълум бўлишича, аёл тўйдан олдин Фатиҳга Ўзбекистонда турмушга чиққани ва эри вафот этганини айтган. Суратдаги болаларни эса акасининг болалари деган экан. Аёлдан «Болалар сеники эканини нега бошидан айтмадинг?» деб сўраганда, «Ўртачилар шундай ўргатди» деб жавоб олган. Фатиҳнинг айтишича, аёлига болаларни олиб келамиз, уларга озор бермайман деган. Лекин, аёл нимани ўйлаган, нега бундай йўл тутган, юқоридаги воқеадан кўп ўтмай, бир ярим ой бирга яшаган Фатиҳни тарк этган...

Гўкҳан исмли йигит ҳикоя қилишича, у аёлини жуда севган, улар бирга атиги 54 кун яшаган. Фақат аёл кетганидан кейингина, унинг Ўзбекистонда фарзанди борлигини билган. «Уни қиз бола деб олиб келишди. Тўйни аёлнинг ҳайз кунларида уюштиришди. Бу ҳолатда унинг аввал оила кўрганини билиш қийин. Мен бунда аёлларни айбламайман. Уларни қўрқитишган, айтма дейишган. Улар ҳам биз каби жабрдийда аслида. Бизнинг даъвомиз бу ишларни ташкил қилганларга».

Йигит кеч топган бахти барбод бўлганидан қаттиқ изтиробда экани кўзидан сизиб чиққан ёшдан билинарди.

Гўкҳан.

У хотини учун Туркияда яшаш ҳуқуқини берувчи ҳужжатни расмийлаштиргани эртаси, аёл уйдан чиқиб кетганини таъкидлайди. Гўкҳан аёл учун 35 минг лира берган (ўтган йилги курс ҳисобида бир ярим минг доллар атрофида маблағ). «Бизнинг умидимизни ҳам сўндирдилар», дейди у. Гўкҳаннинг айтишича, унинг хотини ҳозирда Ўзбекистонда аввалги эри билан яшаяпти.

«Чўғ ғарибан инсанлар»

Туркум кўрсатувларда ўртачи аёллар онлайн тарзда суҳбатга тортилади. Улардан бири, саволга жавобан «Турк йигитлари илтимосларга кўра, 15-20 нафар келин топиб берганман» деганда, студиядаги куёвлар, яқинлари бу аёл 50-60 нафар қиз олиб келгани ҳақида айтганини юзига солишди. Бошловчи ўртачи аёлларга «Сиз томонларда эркак йўқми? Нега қизлар ўз юртида турмушга чиқмайдию, бу ерга келиб туркка эрга тегади?» деб савол берди.

– Гўзал ҳаёт истайдилар ва шунинг учун Туркияга кетадилар.

– Гўзал ҳаёт истайдилар, бироқ кўрмаган, билмаган жойга, фақат йигит билан телефонда гаплашиб, келадиган жойлари гўзал эканини қанчалик биладилар? Борадиган жойлари узоқ қишлоқлар бўлса. Сиз Истанбулдан манзил бермайсиз-ку.

Бошқа бир ўртачи Б. экранга терс туриб берган интервьюсида Туркияга Ўзбекистондан эрга тегиш учун келадиганларни «чўғ ғарибан инсанлар» деди.

Ўртачиларни таниган, Туркияда ишлаётган ўзбекистонлик аёллардан бири эса студия билан телефон алоқасида «Улар олиб келган қизларини тунги клубларда ишлатиб кўрадилар. Ишни уддалай олмаганларини юқоридаги шаклда узоқ қишлоқларга эрга берадилар», деб гапирди.

Муаллиф Заҳиде Етиш бу хил никоҳлардан ўзбекистонлик қизлар ҳам алданган бўлиши мумкинлиги эҳтимолини-да ўртага ташлайди. Не бўлганда ҳам қисқа вақтли никоҳларда бўлган ўзбек қизларининг турк эрлари билан тушган суратлари катта форматда кадрда қайта-қайта кўрсатилади.

Беш карра беш...

Навбатдаги кўрсатув (8 декабрь) давомида суратлар остида бир неча жуфтлик бирга яшаган муддати ва турк эр уйланиш учун сарфлаган маблағининг бугунгача йўқотилиши (афтидан фоизлардаги пеня) миқдори аниқ рақамларда кўрсатилди.

Мустафа 180 кун бирга яшаган ва 990 минг лира йўқотган.

Гўкҳан 54 кун, 350 минг лира,

Серкан 3 кун, 250 минг лира,

Вейсел 28 кун, 460 минг лира,

Ҳасан Ҳусейн 5 кун, 250 минг лира,

Девлет 16 кун, 250 минг лира,

Кадир 10 кун, 400 минг лира,

Мевлуд 45 кун, 600 минг лира.

Бошловчи 8 нафар йигитнинг бесамар никоҳи учун кетган пулини умумлаштирди – 3 млн 550 минг лира (120 000 доллардан ортиқроқ).

Бу маблағ ва яна бир қанча ҳолатда олинган пулларни ўртачилар фирибгарлик йўли билан ўзлаштиргани урғуланади. Аслида 10 минг доллар Туркияда уйланиш харажатлари учун унча катта маблағ ҳисобланмайди. (Куни кеча номдор тадбиркорлар фарзандлари тўйида келинга 8 килограмм тилла тақинчоқ берилган, ерга тушган пулларни махсус белгиланган 5 киши йиғиб олган ва пуллар қопларга жойланган).

Турк йигитларининг анча кеч уйланиши сабабларидан бири шу. Кўрсатув марказида бўлган йигитлар кеч бўлса ҳам турк қизига уйланмагани ҳам камчиқимлик билан боғлиқдир, эҳтимол. Хуллас, бир неча минг доллар қийматидаги пулни шунчаки ҳавога совуриш, камига руҳий зарба олишдан турк куёвлари, уларнинг яқинлари ўзларини жабрдийда санайдилар.

«Ўзбекман, дейишга уяламан»

Кўрсатувнинг ҳар бир сони Туркияда ишлаётган меҳнат муҳожирлари баҳс-мунозараларига сабаб бўлмасдан қолмайди. Жумладан, «Туркиядаги ўзбеклар» телеграм каналидаги изоҳларда қуйидаги ёзувларни ўқиш мумкин.

«...Шундай қилиб аллақанча «келинлар» бор. Туркияда эрма-эр айланиб юрибди».

«Ўзбекман, дейишга уяламан. Шарманда! Юзимиз қолмади. 7 йилки ишлаб юрибмиз. Ўзимизга ишониб келганмиз. Меҳнатимиз орқасидан ҳужжат ҳам олдик. Сассиқ эркаклари ўзларига қолсин, керакли маблағни ишлаб топсам, кетаман».

«Уят, уят. Шундайларни деб ўзбекнинг яхши аёллари ҳам таънага қолади. Жонингни озгина қийнаб ишласанг, ҳалол пул топардинг».

«Ман ҳам туркка турмушга чиққанман. Алҳамдулиллоҳ, хўжайиним жуда ҳам яхши инсон. Қийинчилик кўрган, аёлнинг қадрига етадилар. Мен бола қараб уйда ишлаган пайтларимда улар билан танишганман».

«Улар ҳам қолишмайди. Ўғрини қароқчи урибди».

Заҳиде Етиш кўрсатуви ортидан ютубда турк фуқаролари ҳам ўз фикрларини ёзиб қолдиришган...

Ўзбек келини ҳақиқий жабрдийда кимлигини айтди

12 декабрь оқшомидаги кўрсатувда ўзбек қизи Робияхон иштирок этди. У ўзидан 15 ёш катта Айдинга сотилганини унинг уйига келгандан сўнггина билган экан. Робияхон унга деб берилган пулдан бир тийин ҳам олмаганини таъкидлади. Фақат самолёт билетини олиб беришганлигини айтди. «Менинг ота-онам доимо Ўзбекистондан ташқарида эдилар. Етти ёт бегона ўзбек оиласида улғайдим. Турмушга чиқдим. Эримни жуда яхши кўрардим. 3 нафар фарзандли бўлганда ажралишдик. Қайнонам мени бошдан қабул қилолмаган эди. Эрим бошқага уйланди. Мен болаларим ва ўз муаммоларим билан қолдим. Онам ўтган йили вафот этди. Отам қаерда юрибди, билмайман.

Мен аслида Туркиядан иш излаган эдим. Бир одам бор, болаларинг билан қабул қилади, дейишганда, яхши одам экан деб ўйладим. Аввалига қўлимдаги болам билан келсам, мослашиб бўлгач катталарини ҳам олиб келаман деган фикрда эдим. Лекин, мен учун қанчадир пул берилгани учунми, менга қул каби муносабатда бўлдилар. Аслида, мен бахтли бўлиш учун келгандим. Ичиб келиб урган, зўрлаган кунлари кам эмасди. Оч қолардим. Ўзлари иссиқ сувда ювиниб, менга фақат совуқ сувга рухсат бор эди. Боламга қўшнилар эски-тускиларини беришди. Бир куни қочиб кетмоқчи бўлдим. Ўшанда тилни билмайман, йўлни билмайман. Қандайдир бозорга бориб қолдим. Ўзбек эр-хотин савдо қилаяпти экан. Улар уйга қайтишим кераклигини, акс ҳолда, менга ўғрилик ёки бошқа бир айб қўйиб туҳмат қилишлари мумкинлигини тушунтиришди. Уйга келганимда мени шу оилага топиб берган ўзбек аёл, Б. хоним ва унинг онасини чақиришди. Улар мени роса уришди, паспортимни тортиб олиб эримнинг қўлига беришди. Бошқа бир кунда жандарма жонимга оро кирди. Улар мени қутқаришди, ҳужжатларимни олиб беришди», деб ҳикоя қилади Робияхон.

Бошловчи саволларга кўмдирганда, Робияхоннинг эри, студиядаги 48 ёшли Айдин бунгача 5-6 марта уйланган ва ажрашганини тан олди.

Ўртачилар қилмишидан ўзларини жабрдийда деб билаётган куёвлар қаторида жабрдийда келинлар борлигини Робияхон биринчи бўлиб оммага билдирди. Бошловчи жабр кўрган ўзбек қизлари учун ҳам студия эшиги доимо очиқлигини такрорлади.

Заҳидехонимнинг давомли кўрсатувлари ортидан юзага чиққан одам савдоси билан боғлиқ маълумотларни Туркиянинг ҳуқуқ-тартибот идоралари ўрганишга киришган. Сўнгги соатларда юқорида ўртачи сифатида тилга олинган ўзбек аёли Б. ҳамда ўзбек ўртачилари билан ҳамкорликда бўлган турк аёли қўлга олингани маълум бўлди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг