Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Мустаҳкам Тангриёрова

Оққан дарё оқаверади. 

Одам папилломаси вируси: Корея жамғармаси билан синов лойиҳа, эзгу ният ва амал номувофиқлиги. Ойлаб кечиккан таҳлил жавоблари...

Одам папилломаси вируси: Корея жамғармаси билан синов лойиҳа, эзгу ният ва амал номувофиқлиги. Ойлаб кечиккан таҳлил жавоблари...

Жанубий Кореянинг KOFIH фонди ва Ўзбекистон ҳамкорлигидаги лойиҳа фаолиятини ўрганиш асносида Самарқандда қатор ҳолларда аёллар таҳлили жавоблари бир неча ойлаб кечиккани маълум бўлди...

Аввало шуни айтиш керак, икки давлат ҳамкорлигидаги «Одам папилломаси вирусини аниқлаш ва бачадон бўйни саратони касаллиги диагностикаси бўйича имкониятларини такомиллаштириш» синов лойиҳаси мақсади таҳсинга лойиқ. Лекин ният ва амал мувофиқ келмаган ҳолатлар мавжудлиги ачинарли.

Одам папиллома вируси нима ва у қанчалик хатарли?

Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Самарқанд филиали гинекология бўлими мудири Фируза Орифова қарийб 40 йилдан буён ана шу даргоҳда фаолият олиб боради. Етук мутахассис. «Бачадон бўйни саратони кўпаймоқда ва ёшариб бормоқда», дейди у. Фируза опа бачадон бўйни саратонини аслида олдини олиш мумкинлигини таъкидлайди: «Саратон тўсатдан пайдо бўлмайди, ўзини соғлом деб ҳисоблайдиган аёл ҳам ҳар олти ойда гинеколог кўригидан ўтиб туриши керак».

Фируза Орифова.

Бачадон бўйни саратони бошланишига папиллома вируси қанчалик ўрин тутади?

– Папиллома бачадон бўйни саратонини олиб келувчи омиллардан бири ҳисобланади. Бу вируснинг 100 дан ортиқ тури бор, лекин шундан тўрттаси саратонга олиб келадиган тур ҳисобланади. Бачадон бўйни саратонига олиб келувчи бошқа омиллар ҳам бор. Бу бачадон бўйнидаги фон касалликлари, эктопиялар, оддий тилда айтганда яралар, лейкоплакия шулар жумласидан. Бачадон бўйни саратон олди касаллиги эса дисплазия дейилади. Мана шу фон касалликлари, саратон олди касалликларига бу вирус қўшилса бачадон бўйни саратонига олиб келадиган омил ҳисобланади, – дейди шифокор.

Фируза Орифова бугунда дунёнинг қатор мамлакатларида тиббиёт тизимини ривожлантириш бўйича илғор лойиҳаларни амалга ошираётган Жанубий Корея жамғармаси ва Ўзбекистон ҳамкорлигидаги лойиҳа аҳамиятини таъкидлайди.

– Биринчидан, аёл ўзида вирус борлигини билмайди. Бу асосан жинсий алоқа орқали юқадиган касаллик. Эркак ўзи касал бўлмаса ҳам, вирус ташувчи ҳисобланади. Аёлни эса вирус безовта ҳам қилмайди. Лекин йил ўтган сайин ўша вируснинг титри кўпайиб фон касалликлари қўшилса, иммунитет пасайиб кетса, саратон касаллигини келтириб чиқарадиган омилга айланади. Дейлик, аёлда ҳозир вирус топилди – бу ҳали саратон эмас. Лойиҳанинг ёрдами, шу вирусни аниқласа, аёл даволанса, табиийки, саратоннинг олди олинади.

Ҳа, KOFIH (Корея халқаро соғлиқни сақлаш жамғармаси) билан ҳамкорликдаги лойиҳа, агар иш тўғри ташкил этилса, аҳамияти беқиёс.

Самарқанд журналистлар ва блогерлар телеграмм гуруҳида 17 февраль куни «Самарқанд вилоятида фертил ёшдаги аёлларда одам папилома вирусини аниқлаш ва бачадон бўйни саратони касаллигининг диагностикасини такомиллаштириш лойиҳаси» бўйича ҳамкорлик шартномасини имзолашга бағишланган тадбир бўлиши ҳақида эълон берилганда, очиғи, мавзунинг ана шу жиҳатларини ўйладик.

Тадбирда...

Тадбир олдидан аёллар бу лойиҳа ҳақида нималарни билишлари билан қизиқдим. Суҳбатдошлардан бири унда вирус аниқлангандан сўнг, кейинги босқичдаги текширув учун намунани 4 январда топширгани ва бир ярим ойдан кейин ҳам ҳануз жавоб йўқлигини айтди.

– Бир неча марта хавотирланиб қўнғироқ қилдим. «Тинчликми, нега айнан менинг таҳлилим жавоби келмаяпти?» дедик. «Хавотирланманг, битта сизники эмас» дейишди.

...Тадбир чиройли бошланди. Лойиҳа ҳақида гапирилди. Томонлар бир-бирларини қутлашди. Тадбир сўнгида имзоланган ҳужжат ҳақида пресс релизда шундай дейилади: «Мазкур меморандум 2022 йил август ойида Жанубий Корея KOFIH, Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирлиги, Самарқанд соғлиқни сақлаш бошқармаси ва Самарқанд вилоят юқумли касалликлар клиник шифохонаси ўртасида имзоланган инвестиция лойиҳа ҳамкорлик шартномасини 2023 йилда давом эттириш мақсадида имзоланди. Маълумот ўрнида айтиш мумкин, ҳамкорлик шартномасининг умумий қиймати 1 млн. еврони ташкил этади».

Лабораторияни ўрганиш жараёнида, четроқда, 9-поликлиника гинеколог шифокори Мафиза Хушвақтовадан жавоблар кечикиши сабабини сўрадим. «Биринчи марта олинган намунада папилома бор-йўқлиги вилоятнинг ўзида, мана шу лабараторияда аниқланади. Иккинчи таҳлил Тошкентга жўнатилади. Сиз айтган ҳолат Тошкент билан боғлиқ», деди шифокор. Шу жойда таҳлили жавоби чиқмаётган аёллар 11 нафар эканини айтишди. Ҳамшира Манзура Қаноатова октябрь, ноябрь ойидан буён кутилаётган жавоблар ҳақида ҳам айтди. Шифокорга масалани ўрганиш учун иш жойига ўтишимни билдирдим.

Маълумот ўрнида

Аёлларда папилома вирусини эрта аниқлаш борасида KOFIH билан Ўзбекистон лойиҳаси 2022 йилнинг ёзида фаолият бошлаган.  Синов лойиҳаси учун Тошкент шаҳри, Андижон ва Самарқанд вилоятлари танланган. Самарқандда (шаҳар ва туманлар кесимида) 2 йил мобайнида 10 000 нафар фертил ёшидаги аёл бачадон бўйни саратонига скринг қилиш режалаштирилган. Аввалига аёл танасидан суртма олиниб ПЦР лабаратория усулида ОПВни юқори онкоген турига таҳлил ўтказилади. Худди шу мақсадда Самарқанд вилояти юқумли касалликлар шифохонасида ПЦР ускунаси ўрнатиб берилди. Яъни, биринчи олинган суртма вилоятнинг ўзида текширилади. Ёзилишича, ана шу ўрганишда намунасидан мусбат натижа чиққан (вируси бор) аёллардан вирус генотипи ва суюқлик циталогиясидан паталогик жараён бор-йўқлигини аниқлаш учун такроран суртма олинади. Намуна оловранг махсус виала идишига солингани учун шифокорлар виалага суртма олинди, деб қўя қолишади. 

Мақсад йўлида Самарқанд шаҳридаги 4 та поликлиника гинеколог шифокори қисқа муддатли ўқувда бўлган. Уларга совиткич, ноутбук, бир марталик гинекологик кўрик учун тўпламлар, идишлар ва барча керакли ашёлар берилган. Бевосита аёллар билан ишлаш ўтган йил августи охиридан бошланган.

Жавобнинг кечикиши бемор руҳиятига қандай таъсир қилади?

Ваъда қилганимдек, 18 февралда 9-поликлиникага бордим. Аввалига, куни кеча 11 нафар аёлнинг таҳлили жавоби келмаяпти деб айтган шифокор ва ҳамшира, «йўқ, 5 нафар экан, янглишибмиз» дейишди. Бир айланиб келиб, «бизда бунақа ҳолат йўқ», деб туриб олишди. Улар айтмаган маълумотларни ўзимиз излаб топдик.

Васила Қ., Нуробод туманидан, 43 ёшда:

– Биринчи марта таҳлил учун нумунани Нурободнинг ўзида топширгандим. Вирус чиққанини айтишди. 5 январда Самарқанд шаҳридаги 9-оилавий поликлиникага бордим, иккинчи марта намуна олишди. Онкология номи билан боғлиқ бўлгани учун жавобни интиқ кутдим. Яхши чиққан бўлса қўнғироқ қилишмадими деб ҳам ўйладим. Лекин мусбат чиққан экан. Шунча вақтдан буён қўнғироқ қилмай-қилмай, 19 февралда, якшанба бўлса ҳам боғланишди. 45 кунда! «Онкология»га йўлланма беришди. Биламан, бу ҳали саратон дегани эмас. Лекин, унинг олдини олишда қаратилган амалда шунчалик сусткашлик қилишадими?

Шаҳноза Т., Жомбой туманидан, 45 ёшда:

– Аввалига Жомбой марказий шифохонасида вирус учун намуна олишди. Папилома вируси чиқди, дейишди. Бу ҳали саратон дегани эмаслигини билсам-да, кўнглим ғаш тортиб юрдим. 4 январда Самарқанд шаҳридаги 9-оилавий поликлиникада энди ҳужайраларни текшириш учун намуна олишди. Таҳлил жавобини бунчалик узоқ кутиш, одамни руҳан эзиб юборади. 19 февралда, кечга яқин қўнғироқ қилишди... Онкология поликлиникасида ҳисобга қўйишди. Касалликка чалинмасдан олдини олаётганимдан хурсандман. Тунов куни поликлиникадан яна қўнғироқ қилишди ва «Сиз шикоят қилганмисиз?» деб сўрашди. Аслида ана шу гап урчимаганда таҳлилларимизга ҳали ҳам жавоб келмасмиди?!

19 февраль, якшанбада нарпайлик М.И. (41 ёшда) ҳам 5 январда топширган виала намунаси мусбат чиққани билдирилган. Ўтган ҳафтада у учун ҳам онкология поликлиникасида карта очилган.

Юқоридагилар Тошкентда, Вирусология илмий-тадқиқот институтида текшириладиган таҳлил натижаси билан боғлиқ ҳолатлар. Лекин вилоятнинг ўзида ПЦРда таҳлил этиладиган намуна жавоблари ҳам узоқ муддат кечиккани маълум бўлди.

Яйра А., Булунғур туманидан, 33 ёшда:

6 декабрь куни бошқа бир иш билан туман марказига чиққандим. Бепул анализ қилинишини тасодифан билиб қолдим. Самарқанддан келишган экан. Мен ҳам навбатга қўшилдим. Вирус чиқмаса қўнғироқ қилмаймиз, дейишди. Бир ой ўтди, икки ой ўтди, жимжитлик. Вирус чиқмади деб эмас, улар ҳам беморларга жиддий эътибор бермайдиган ташкилот эканми деб кўнглимдан ўтказдим. 18 февралда қўнғироқ қилишди, душанбада келинг дейишди. Демак, чиққан экан, шуни қарийб 3 ой чўзиш керакми деб аччиқландим.

«Xabar.uz» худди Яйра каби бирламчи таҳлил намунаси жавобини узоқ вақт кутган яна кўплаб аёллар билан суҳбатда бўлган.

Калаванинг учи қаерда?

Ҳамма гап шундаки, таҳлилга олинган намуналар аввало поликлиника совуткичида тўпланади. Кейин уларни ҳамшира вилоят юқумли касалликлар шифохонасига олиб бориб топширади. Бу ерда бирламчи, ПЦР да текшириладиган суртмалар олиб қолинади, виалага олинган намуналар эса Тошкентга жўнатилади. Энди савол пайдо бўлади: суртмалар 3 та бекатнинг қайсисида ушлаб қолинди?

Ҳозирда KOFIH билан ҳамкорлик лойиҳасида Самарқанд шаҳрида яна иккита, 2 ва 3-поликлиникалар ҳам ишлаяпти. 3-поликлиника гинеколог шифокори Шаҳноза Убайдуллаева «Бизда бунақа кечикиб жавоб келиши ҳолати бўлмаган» дейди. Лекин, 9-поликлиникада бир кунда топширилган суртмаларнинг турли вақтда жавоб келгани ҳолатига нима дейсиз?

Лойиҳага Самарқанд вилоят юқумли касалликлар клиник шифохонаси маъмуриятининг тўғридан-тўғри алоқаси йўқ, деб таъкидланди. «Фақат жой берганмиз, холос». Шифохонадаги лаборатория лойиҳанинг асосий таянч нуқтаси. Вилоятда текшириладигани ҳам, Тошкентга жўнатиладигани ҳам аввало шу ерга келиб тушади. Кодланган идишчалар қабул қилинганда, табиийки, қаердадир қайд қилинади. Ана шу рўйхат, барча эҳтимоллардан воз кечишга, масъулият қайси бўғинда йўқолганини аниқлашга имкон берарди. Лекин лаборатория бўлим бошлиғи Интизор узр сўраб, ҳеч қандай маълумот беролмаслиги, Тошкентдан шунақа кўрсатма бўлганини айтди.

Ана шундан кейин, 15 кунда тайёрланиши керак бўлган таҳлилнинг ойлаб судралиши ва тизим иши мутаносиблиги савол остида қолди.

Суртма совуткичда 40 кунгача сақланганда моҳияти йўқотмайди, деб айтишди. Лекин, Самарқандда ҳам электр таъминотида муаммолар кам эмас. Бу биринчидан. Иккинчидан, ҳатто электр ўчмаган деб фараз қилганда ҳам жавоби 2, 3 ойдан кейин келган намуналарнинг таҳлилга киргунча ўзлигини сақлаб қолгани савол пайдо қилмайдими?

Режани бажариш керак, лекин...

Лойиҳада ишлаш учун махсус тайёрланган 1-оилавий поликлиникасидан фаолият бошланганидан бир ой ўтар-ўтмас, берилган совиткич, ноутбук ва бошқа буюмлар кўп тармоқли шаҳар марказий поликлиникасига ўтказилган. Қандайдир вақтдан кейин бу буюмлар марказий поликлиникадан ҳам олинган ва 8-оилавий поликлиникада пайдо бўлган. Гап бу ерда буюм ҳақида эмас. Беш ой давомида лойиҳа доирасидаги вазифа учта муассасага юклатилган ва яна қайтиб олинган.

Самарқанддаги 1-оилавий поликлиникаси гинекология бўлими мудири Дилором Насриддинова KOFIH билан ҳамкорлик дастури бўйича махсус ўқитилган шифокорлардан бири.

– Туманларга чиқиб, оммавий равишда суртма олиш талаби қўйилди. Чунки, ҳудудимиз бўйича поликлиникага келиб суртма топширувчилар сони билан лойиҳа режасини тўлдиролмас эдик. Хўп, биз туманга борамиз. Совуткични бирга олиб боролмаймиз-ку. Борган еримизда таҳлил учун совуткич бор-йўқлигини билмаймиз. Йўловчи машинада қути-қути гинекологик тўпламлар, анжомларни, идишларни бирга олдик ҳам, дейлик. Масалан, 100 аёлдан намуна олгунча ва икки соатлик йўлда қайтгунча, сумкамиздаги намуналар аслиятини йўқотмайдими? Бу иссиқ ҳаволи сенябрь ойидаги гап. Лекин туманлардан ўзлари келишса, навбатсиз қабул қиламиз, деб билдирдик, аёлларимиз туманлардан атайлаб шунинг учун келишмайди, – дейди Дилором.

Самарқанд шаҳар кўп тармоқли шифохона гинекологи Клара Жалилова:

– Лойиҳани биздан нега олишганини билмайман. Лекин, туманларга чиқолмадим. Туманга чиқсам, бу ерда маълум вақтда келиши шарт деб айтилган беморларим, ҳомиладорларим келсаю, мен бўлмасам, ишончни йўқотаман.

8-оилавий поликлинакаси гинекология бўлими мудири Лола Мақсудова:

– Фақат совиткич қолди, шуни ташиш муаммо бўлиб турибди, бошқа ҳамма нарса қайтарилди. Битта врачим бор, ўзи ҳам ҳомиладор, туманга чиқолмайди, ҳудудимиз бўйича мумкин қадар кўпроқ аёлларни жалб қилишга ҳаракат қилдик, барибир лойиҳадан чиқиб кетдик.

3-оилавий поликлиника гинеколог шифокори Шаҳноза Убайдуллаева режани бажараётганлардан. У ҳам бир неча марта туманга чиққан экан. Турмуш ўртоғи машинасида олиб борган.

– Таҳлил топширувчилар ҳафтасига 50 нафардан кам бўлмасин, дейишди. Лекин 15-20 нафар аёл келарди. Туманлар эса ҳар борганимизда 100-150 нафардан одам йиғиб беришарди, ҳозир борсак ҳам йиғиб беришади. Лекин 3-4 ойдан бери туманга чиқмаяпмиз. Чунки, бизнинг поликлиниканинг Зарафшон, Қорасув, Мотрид, Боғибаланд каби филиаллари бор. Ана шу филиалларга чиқаяпмиз.

Шаҳнозанинг айтишича, у 2300 нафардан ортиқ аёлдан намуна олиб топширган.

9-оилавий поликлиника ҳамшираси Манзура Қаноатовага кўра, лойиҳа фаолияти бошланишидан буён уларда таҳлил олинган аёллар сони 2035 нафар (17 февраль санаси маълумоти).

Расмий маълумотда айтилишича, 2022 йилнинг август ойидан 2023 йил январь ойигача вилоятда 6385 нафар фертил ёшидаги аёлдан ОПВига таҳлил олиниб текширишдан ўтказилган.

Лойиҳада икки йилда 10 мингта, бир йилда 5 мингда аёлда текширув ўтказиш режалаштирилган. Режа ортиғи билан бажарилганига мен ҳам ишонгим келади. Лекин бунинг учун, дейлик, 2035 нафар аёл текширгани айтилган шифокор, бўлмаганда ойида 400, ҳафтасига 100 атрофидаги аёлдан намуна олиши керак. Бундай рақам фақат туманга чиқилган вақтларда юзага келган. Туманга эса ҳар ҳафта чиқилмаган. 9-поликлиникада, дейлик, ноябрь ойида ҳафтасига 15-25 нафар атрофидаги аёлдан суртма олингани қайд қилинган (Масалан, 31 окт.- 5 ноябрда 12 нафар, 12 ноябрь – 18 ноябрда 25 нафар). Суртма солинган идишчалар сони 60 та бўлмагунча олиб бориб топширилмагани айтилади. Таҳлиллар жавоби кечикишининг биринчи сабаби шу деб кўрсатилади.

Кейинги босқичда ҳам таҳлил идишлари сони аҳамиятли бўлиб чиқаяпти. Ҳар қандай таҳлил ускуналари 36 талик, 42 талик ва 96 талик катакка эга. Бошқача айтганда, масалан, ПЦР да 36 таликда 35 та таҳлил идиши ва уларнинг ёнида битта реактив қўйилиб таҳлил натижаси олинса, бунда реактив энг тежалган усул ҳисобланади. Агарда 96 та виала қўйиладиган ускунага 20 та қўйиб, битта реактив ишлатилса, моддий йўқотиш кўпайиши айтилади. Ускуна тўлиши учун эса таҳлил қилинган аёллар сони ҳисоботда эмас, амалда ошиши керак.

Лойиҳани такомиллаштирса бўладими?

Юқорида қанча камчиликлар айтилмасин (айтилмаганлари ҳали бор), булар лойиҳани тўхтатишга эмас, балки мукаммаллаштирилишига хизмат қилиши керак. Мен Шаҳноза Убайдуллаеванинг «Гинекологик креслога чиқишидан олдин аёлга бир марталик тўпламни ўз пулига олиб келишини айтишга хижолат бўлардим. Кўрикка келган аёлга лойиҳа берган тўшама, ойна, қўлқоп ва ҳоказоларни ишлатамиз. Ҳам суртма олинади, ҳам кўрик қилинади. Ундан кейин бу таҳлил хусусий клиникаларда ўзига яраша нархда. Шароити қийинроқлар кам эмас. Имкони борлари ҳам ҳафсала қилиб боравермайди. Вирусни аниқлаймиз деб, саратоннинг илк белгилари топилган ҳолат ҳам бўлди» деганини унутолмадим. 

Шаҳноза Убайдуллаева

Булунғурлик Яйра ўзи ОПВга тасодифан намуна топшириб, овсинлари уйда бехабар қолганидан хижолатда. Туман шифохонадагилари ўз таниш-билишларини чақиришган деб айтади соддалик билан. «Опамнинг «матка»си оғриб юради. Чақиртирдим. То келгунча кетиб қолишибди. Бунақа текширувларни танланма эмас, балки қишлоқ-қишлоқ қилиб жавлик қамровда ўтказиш керак» дейди Яйра.

Каттақўрғонлик Сайёра катта бўлиб кетаётган миомаси масаласида келганда, бирйўла Самарқанд «онкология»сига йўлланма бермайсизларми? Суртма жавобини икки ой кута-кута бугун Тошкентдаги онкологлар ҳузурида юрибди.

Фируза Орифова «Авваллари бу касаллик 45-50 ёшдан ошганларда аниқланарди. Ҳозирда 25-30 ёшларда ҳам бачадон бўйни саратони учраяпти» дейди. Шифокор касалликнинг олдини олиш, аниқланганда, вақтида даволанишини таъминлаш борасида давлат миқёсида қилинаётган ишлар ҳам салмоқли эканини айтар экан, айрим ҳолларда аёлларимизнинг ўзи бепарво қолаётганини эслатади: «Йиллаб аёллар докторига кўринмаган хотин-қизларимиз бор».

Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизматига кўра, мамлакатда бачадон бўйни саратони 2012 йилда 1323 ҳолатда аниқланган бўлса, 2022 йилда бу рақам 1851 тага ўсган. Айнан шу касаллик ортидан ўлим ҳолати эса 2012 йилда 736 тани, 2022 йилда 969 тани ташкил қилган.

Мустаҳкам Тангиёрова

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг