Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Мустаҳкам Тангриёрова

Оққан дарё оқаверади. 

«Бу сеники, Тумарис фалонники деб, тараф-тараф бўладиган бўлсак...» — Матёқуб Матчонов туркий халқларнинг бирдамлиги ҳақида гапирди

«Бу сеники, Тумарис фалонники деб, тараф-тараф бўладиган бўлсак...» — Матёқуб Матчонов туркий халқларнинг бирдамлиги ҳақида гапирди

«Ўзбекистон маданий мероси – янги ренессанс асоси» VII Халқаро конгресси: ўзликни англашдан улкан муваффақиятларгача.

Тадбирнинг эгаси – Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти. Анжуман мақсади ва вазифасини битта жумлада айтиш лозим бўлса, жамиятни номини такрорлайсиз – Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш! Хўш, бу йўлда қилинаётган ишлар кўлами, йўналишлари, деталлари қанақа?

«Xabar.uz» анжуман иштирокчиларини суҳбатга чорлади.

Турсунали Қўзиев, маданий мерос агентлиги директори ўринбосари:

– Олтита конгрессда бошидан бери қатнашиб келаяпман. Бу давр оралиғида бутун дунё бўйлаб сочилиб кетган Ўзбекистон маданий меросини ягона бир тизимга жамлаш муваффақиятли амалга оширилди. 7-конгресс бу ҳаракатнинг илмий мерос жиҳатини очиб берди. Фақат маданий мерос эмас, мана шу лойиҳа натижасида илмий меросимизни ҳам кашф қилаяпмиз. Энди, дейлик, Абу Райҳон Беруний ёки Мусо ал-Хоразмий қўлёзмаларидаги илм-фан тараққиёти учун пойдевор бўлган маълумотлар ўрганила бошланди.

Ўзбекистон маданий меросини фақат маданий мероси, уни мулки, келажак авлодга берадиган мулки сифатида эмас, балки умумжаҳон мулки, инсоният тарихининг ажралмас ва бой қисми сифатида намоён қилишга эришилди.

Шу мақсадда, нафақат Ўзбекистон, балки жаҳон олимларини ҳам жалб эта олди. Давлат ташкилотлари, вазирликлар, агентликлар, идоралар, муассасалар, музейлар, илмий муассасалар, фанлар академияси, шу соҳадаги назариётчилар, тарихчилар ва амалиётчилар, тадқиқотчиларни бир тизимга бирлаштира олди.

Давлат ташкилотлар ҳамда нодавлат ташкилотлари билан бир қаторда ижтимоий масъул бўлган бизнес соҳасини ҳам ягона ғоя атофида улар бирлаштирилиши катта муваффақият.

Буробия Ражабова, филология фанлари доктори:

– Китоблар ҳам мамлакатнинг бойлиги ҳисобланади. Лойиҳа доирасида дунёнинг мақбул ва машҳур музейлари ва кутубхоналаридан олиб келинган қўлёзмаларимиз китоб қилиняпти. Анжуманда ана шундай 70 та китобнинг тақдимоти бўляпти. Қуръони Каримнинг нусхалари Навоий, Бобур сингари буюкларимиз асарлари, санъат асарлари. Мен «Алишер Навоийнинг тарихий асарлари» мавзусида маъруза қилдим. 

Алишер Навоий шоир, адиб, давлат арбоби ва мумтоз муаррих – биринчи тушунчамиз. Иккинчиси, у «Тарихи анбиё ва ҳукамо» ҳамда «Тарихи мулуки ажам» деган иккита катта илмий тарихий асар ёзиб қолдиргани. Учинчиси, Навоий бошқа ўттиздан ортиқ асарларида Али Яздий, Хондамир, Абдураззоқ Самарқандий, Мирхонд каби қатор тарихий шахслар ҳақида ҳам маълумотлар ёзиб қолдиргани. Тўртинчиси, Алишер Навоийнинг ҳатто бадиий асарларида ҳам тарихий географик атамалар бор, Миср ҳақида, Ясси Туркистон, Самарқанд ҳақида маълумотлар шулар жумласидандир. Бешинчиси, Алишер Навоийда этнонимлар тарихи бор. Уйғурлар кимлар, қиётлар, каркаслар, барлослар, мана шулар ҳаммаси маърузамда жам бўлди.

Жамолиддин Абдукаримов, Хўжанд давлат университети доценти, тарих фанлари номзоди:

– Менинг маърузам «Фарғона тарихшунослик мактаби дурдонаси Муҳаммад Ҳакимхоннинг «Мунтахаб ат-таворих» асари» деб номланган. XIX асрда Қӯқон хонлиги тарихнавислик мактаби ривожланиб, кӯплаб хонлик ҳаётининг турли соҳаларини ёритиб берувчи нодир асарлар яратилган. Шуларнинг ёрқин намунаси – «Мунтахаб-ат-таворих» нодир тарихий, этнографик, адабий, географик асар ҳисобланиб, энциклопедик характерга эга.

«Мунтахаб ат-таворих» ӯзига хос уч хил йўналишни мужассамлаштирган: жаҳон тарихи, локал (маҳаллий) тарих ва мемуар (эсдаликлар). Мазкур асарнинг асосий қисми Бухоро манғитлар тарихи, Қӯқонда ҳукмронлик қилган минглар сулоласи ҳамда муаллифнинг чет элларга саёҳати баёни бӯйича тақсимланиб, бу маълумотларнинг барчаси Муҳаммад Ҳакимхоннинг ӯз қаламига мансуб қимматли манба ҳисобланади.

Асарнинг бадиий безаклари сифатида форс-тожик, ӯзбек, араб халқларининг мақол ва масалларидан унумли фойдаланилган. Э. Хуршутнинг аниқлашича, муаллиф ҳатто битта Хитой халқи мақолини ҳам келтирган.

Дилноза Жамолова, ФА тарих институти директорининг илмий ишлар бўйича ўринбосари:

– Мен конгресс доирасида «Кино ва медиа олами: меросга янгича нигоҳ» халқаро конференциясида «Ўзбекистон тарихидаги 50 буюк шахс» деган маъруза билан иштирок этдим.

Бугун миллий тарихимизни ўрганиш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Чунки, бунга қадар тарих фани мактаб дарслиги ҳолатидан чиқолмаган. Бутун бир халқимизнинг тарихини жонлантириш кераклигини англаб етдик. Тарихнинг ҳар қайси тарафини ўрганиб, қайтадан кашф қилиб, унинг ижобий, салбий томони билан, барча жиҳатларини ўрганиб етказилиши лозимлиги ҳукумат миқёсида айтилиб ўтилди.

Кинематография агентлиги томонидан 2024-2030 йилларда тарихий бадиий фильмлар олиш кун тартибига қўйилган. Бадиий фильмларда тарихий шахсларни олиб чиқиш биринчи ўринда турибди. Тўғри, бугунги кунгача тарихий шахслар ҳақида фильмлар олинган. Лекин, кейинги 30-33 йиллик давр давомида яна кўплаб манбаларни ўрганиш натижасида асосий сюжетлар қолиб кетгани, уларни қайтадан кўрсатиб бериш кераклиги англашилди.

Биз 48 нафар тарихий шахсни, давлат ва жамоат арбобларини исм-шарифларини алоҳида кўрсатдик. Масалан, Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди, Мирзо Улуғбек, уларни нафақат ўзбеклар, балки бутун дунё танийди. Лекин, шу билан биргаликда халқимизга таниш бўлмаган, аслида эса танишга, танитишга арзигулик, ўзбек халқи тарихида муҳим ўрин тутган яна кўплаб шахслар фаолиятини ҳам ёритиш керак. Жумладан, шайбонийлардан бўлган Абдуллахон нафақат давлатчилик, Амир Темур давридаги марказлашган давлатни тиклаш, балки маданият, санъат соҳасида, иқтисодиёт соҳасида жуда кўп ишларни амалга оширган. Бу инсоннинг фаолиятини бадиий фильм қилиш, кейинчалик сериал даражасида ёритиш кераклигини биз асосномамизда кўрсатдик.

Бундан ташқари, афсус билан айтиш мумкин, совет ҳокимиятига қарши курашда, миллий истиқлолчилик ҳаракати бошлиқлари – қўрбошиларни ҳалигача босмачилар деб айтувчилар бор. Агар кинематография агентлиги Совет ҳокимиятига қарши 1917-1935 йилларда курашган юзлаб қўрбошиларимиз фаолиятини Шермуҳаммадбек, Иброҳимбек, Мадаминбеклар тимсоллари орқали очиб берса, улар ҳақидаги нотўғри фикрларга чек қўйилади, миллий тарихимиз, миллий озодлик курашлари тарихини холис ўрганишимизга йўл беради. Жадидларнинг ҳар бирини алоҳида бадиий фильм қилса арзийди.

Матёқуб Матчонов, киноарбоблар уюшмаси раиси:

– Тақдимотлар, қўшма баёнотлар ҳаммаси яхши, албатта. Дунёда глобал кескин, инсониятни хавф остида қолдирадиган воқеалар юз бераётган бир вақтда, ҳар бир соҳа миллатлар бирлашишига хизмат қилиши муҳим.

Куннинг биринчи ярмидаги мажлисимизда Қозоғистон, Қирғизистон, Озарбайжон, Туркия киночилари ўз лойиҳаларини тақдим қилишди. Ҳозирги даврда тарққиётга фақат бирдамлик етказади. Ана шу бирдамликка киночиларнинг вазифаси жуда катта.

Туркий халқларнинг умумий тарихи учун, умумий бирдамлиги учун хизмат қиладиган фильмлар яратиш керак. Агар ҳар хил ракурсларда, тарихий шахслар тимсолини яратиб, кейин у маники, бу сеники, Тумарис фалонники деб, тараф-тараф бўладиган бўлсак, биз вазифамизни бажармаган бўламиз.

Қуёш кимники? Қуёш ҳамманики. Ой кимники? Ой ҳамманики. Ҳамманинг ҳаққи бор қуёш остида, ой остида яшашга. Туркий халқларнинг умумий тарихи бор. Ана шу умумий тарихни ёритиш бу халқларни бирлаштиради. Ўзимизнинг асосий томошабинларни ана шу бирдамликка қаратиш учун фильм яратишимиз керакдир.

Мен бу анжуманда учинчи марта иштирок этаяпман. Турксой қошида киночилар 3 йилдан бери шу йўналишда олдинга бирорта қадам ташлангани йўқ. Келинглар, катта қадамни қўяйлик. Турксой қошидаги киноассоциясига бош-қош бўладиган раҳбарларга айтайлик, конкрет вазифалар қўяйлик, ишга тушайлик. Келгуси анжуманларда ана шундай фильмлар тақдимотлари бўлсин.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг