Профессор Жуэн О: «Ўзбекистон — иккинчи Ватаним!»
Яқинда Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, «Тараққиёт стратегияси» маркази билан ҳамкорликда «Ўзбекистонда оила институтини мустаҳкамлаш» мавзуида муҳокама анжумани бўлиб ўтди. Анжуманда оила-никоҳ муносабатлари соҳасидаги илғор хорижий амалиётни илмий таҳлилларга таянган ҳолда чуқур ўрганиш, халқаро ва хорижий ташкилотлар, илмий-тадқиқот муассасалари билан узвий ҳамкорлик ва тажриба алмашишни йўлга қўйиш, ёшларга оилавий муносабатларнинг ҳуқуқий ва психологик асосларини ўргатиш, ажрашишларнинг олдини олиш борасида турли мулоҳазалар баён этилди.
Анжуманда ягона хорижий қатнашчи — Тошкент шаҳридаги ИНҲА университети профессори, жанубий кореялик Жуэн О хоним анжуман иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотган «Кореяда намунали оиланинг модели» мавзуида ўз тақдимотини ўтказди. Ушбу нуфузли анжуман иштирокчилари жанубий кореялик профессор Жуэн О тақдимотини барча ўтган тақдимотлар орасида энг қизиқарли ва фойдали маълумотларга бой бўлганини таъкидлашди. Жумладан, профессор Жуэн О Жанубий Кореядаги оилавий анъаналар ҳамда оилаларни мустаҳкамлаш масалалари бўйича икки мамлакатнинг қарашлари бир хиллиги ҳақида гапириб берди.
Биз фурсатдан фойдаланиб, Тошкент шаҳридаги ИНҲА университети талабаларига иқтисодиёт ва менежмент асосларидан ажойиб маърузалар бераётган профессор Жуэн О билан учрашиб, суҳбатлашдик.
— Анжуман таассуротлари ва тақдимотингиз ҳақида сўзлаб берсангиз.
— Анжуманда Жанубий Кореядаги оилавий анъаналар ҳамда оилаларни мустаҳкамлаш масалалари бўйича Ўзбекистон билан қарашлари деярли ўхшашлиги ҳақида гапириб бердим. Албатта, Кореядаги оилавий анъаналар ҳақида ҳам айтиб ўтдим. Лекин асл Корея анъаналарига охирги 30 йил ичида иқтисодиётимизнинг ўсиши, аёл ҳуқуқларининг эркаклар ҳуқуқларига деярли тенглашиши ва глобаллашув жараёнлари ўз таъсирини ўтказди.
Масалан, 1970 йилда бир кореялик аёлга ўртача 4-5 нафар бола тўғри келган бўлса, 2017 йилга келиб бу кўрсаткич 1-2 тагача тушиб кетди. 30-40 йил муқаддам кореялик аёлларнинг ўртача турмушга чиқиш ёши 18-20 ёш бўлса, ҳозирга келиб бу кўрсаткич ўртача 30 ёшлар атрофида. Бунга сабаб, ҳозирда Кореядаги хотин-қизлар эркаклар каби олий маълумотли бўлиб, ўз соҳасида етук мутахассис сифатида карера қуришга ва турмушга чиқишдан аввал иқтисодий томондан мустақил бўлишга ҳаракат қилишларидир.
Ўз-ўзидан бу жиҳатлар кореялик аёлларнинг турмушга чиқиш ёшларини ўтмишга қараганда анча ошишига сабаб бўлади. Корея компанияларидаги жуда кучли рақобат туфайли, аёллар одатда 1 нафар, энг кўпи 2 нафар фарзандли бўлишади, чунки кўп фарзандли бўлиш аёлни кўпроқ уйда ўтириб қолишига ва охир-оқибат ишидан ва муваффақиятли карьерасидан айирлишига олиб келиши мумкин.
— Сиз Ўзбекистондаги оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш учун нималарни тавсия қилар эдингиз?
— Оиладаги маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш учун авваламбор тизимли тарғибот-ташвиқот ишларини йўлга қўйиш, илмий-маърифий адабиётлар, рисолалар, ўқув-услубий, таҳлилий қўлланмалар тайёрлаш ва тарқатиш, ахборот-коммуникация технологиялари имкониятларидан самарали фойдаланиш орқали замонавий намунали оиланинг мезонларини ишлаб чиқиш керак. Мана шу материаллардан фойдаланиб, мактабларнинг юқори синф ўқувчилари учун намунавий оила мезонларини ҳамда халқингизнинг узоқ тарихи жараёнида тўплаган чиройли урф-одатларини ўзида мужассам этган бой маданиятингизга мос оила ҳақидаги мукаммал дарсликни яратиш лозим.
Мен ишонаманки, агар мактаб ўқувчиларига мана шу мукаммал оила дарслиги бўйича астойдил ва мунтазам сабоқ берилса, жамият ва оилада маънавий-ахлоқий қадриятлар доимо мустаҳкамланиб боради.
— Сиз қандай қилиб Тошкент шаҳридаги ИНҲА университетига келиб қолгансиз?
— 2016 йил ИНҲА университетининг «Ўқитишда мукаммаликка эришган профессор» унвонига сазовор бўлдим. Шунинг учундир, Кореядаги ИНҲА университети президенти ҳамда логистика факултети раҳбар ва профессорлари менга Тошкент шаҳридаги ИНҲА университетида янги очилаётган логистика факултетида ишлашни тавсия этишди.
Мен бу таклифни бажонидил қабул қилдим, чунки мен Кореяда олган барча билимимни ҳамда орттирган тажрибамни Ўзбекистонда илк бор ташкил этилган логистика факултети талабаларига беришни хоҳлар эдим. Орзуим — Ўзбекистондаги логистика факултетини Кореядаги ИНҲА университети логистика факултети даражаси ва стандартларига етказиш. Буни мен ўзим учун ҳаётимдаги яна бир олий мақсадлардан бири қилиб белгиладим.
Ўтган йил натижаларига кўра, мен Тошкентдаги ИНҲА университети талабаларининг профессорлар маърузалари сўровномасида юқори балл (максимал 100 баллдан 94 балл) олишга эришдим. Олдинги семестрда ҳам ўтган йилдаги каби юқори балл олишга муваффақ бўлдим. Буларнинг ҳаммаси менга доимий фидокорона меҳнат орқали инсон кўп мақсадларига эришиши мумкинлигини яна бир бор исбот қилди.
— Сизга Тошкент шаҳридаги ИНҲА университетида ишлаш ёқдими?
— Тўғрисини айтсам, жудаям ёқди. Мен бир қанча жиҳатга урғу бериб ўтсам: энг аввало университетдаги дўстона муносабат ва ўғил-қизларнинг билимга чанқоқликлари. Дарс бериш жараёнида шунга амин бўлдимки, Тошкент шаҳридаги ИНҲА университетидаги айрим талабалар билим жиҳатидан Кореянинг ИНҲА университети талабаларидан ҳеч ҳам кам эмас. Агарда бу талабалар Жанубий Кореяга бориб ўқисалар ҳам энг аълочи ва фаол талабалар қаторида бўлишади.
Менга ёққан иккинчи жиҳат, ишлаш учун ўқитувчи-профессорларга ҳамда ўқиш учун талабаларга яратилган шарт-шароитлардир. Ўғил-қизлар бу имкониятлардан унумли фойдаланиб, фақатгина ўқишлари, билим олишлари керак! Бизнинг ишлашимиз учун шундай шароитларни яратиб бергани учун Ўзбекистон раҳбариятига ўз самимий миннатдорлигимни билдирмоқчи эдим.
— Сиз ўзбекистонлик талабалар билан кўп мулоқотда бўласиз. Шу мулоқотлар ҳақида ва умуман Ўзбекистондаги таассуротларингизни сўзлаб берсангиз.
— Бу ердаги талабалар билан мулоқотда мен шуни кўрдимки, улар биз корейс профессорларини ИНҲА университетининг Ўзбекистондаги тимсоли ҳамда Тошкент ва Инчеон университетлари ўртасидаги кўприк вазифасини бажарувчи инсонлар сифатида кўришади. Масалан, ўтган йил мобайнида мен кўплаб ўзбекистонлик талабаларимга Корея университетларида ўқиш учун керакли бўлган тавсияларни ёзиб бердим. Менинг тавсияларим бўйича, логистика факултетидаги бир неча талабаларим ҳозирда Кореядаги ИНҲА университетига қабул қилиниб, у ердаги ўқишларини муваффақиятли давом эттиряптилар. Бу, албатта, менга жуда ёқимли ҳамда менинг Ўзбекистондаги хизматим бу ердаги талабаларимга кераклигини кўрсатиб турибди.
Менга юртингизда ёққан яна бир жиҳат ҳақида алоҳида тўхталмоқчи эдим. Энг аввало, қуёшли ўлкангизнинг мафтункор табиати ва дала-ю боғларда етиштириладиган ноз-неъматларнинг мазаси мени ўзига ром этди. Дунёда камдан-кам юртларда тўрт фаслни учратиш мумкин. Лекин шу тўрт фаслнинг барчаси сизларда мужассам бўлганлигининг ўзи ҳам бежизга Ўзбекистонни жаннатмакон ўлка, деб аталмаслигини яна бир бор исботлади. Шарқ миллатига мансуб урф-одатларимизда ҳам ўхшашликлар бор. Мен бу ерга оиламни ҳам олиб келдим. Ўзбекистонда яшаш мен ва оиламга жуда маъқул келди. Агар имкони бўлса, бир умр Ўзбекистонда ишлаб, ёшларга ўзимнинг бор билим ва тажрибамни бермоқчиман. Ўзбекистон — менинг иккинчи Ватаним!
— Самимий суҳбатингиз ва тавсияларингиз учун ташаккур.
— Интервьюга таклиф қилишгани учун «Xabar» газетаси ижодий жамоасига ҳам катта раҳмат!
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter