Маҳаллалар ҳақида дув-дув гаплар
Ўша машҳур «Маҳаллада дув-дув гап» киноси ҳамманинг ёдида бўлса керак. Кинода маҳалла одамларининг ҳаёти, уларнинг яшаш тарзи билан боғлиқ воқеалар ҳикоя қилинади. Маҳалла деганда кўз олдимизга шоду хуррамлик кунида бир-бирини қўллаб-қувватлайдиган, оғир кунида елкадош қўшнилар келади.
Шунингдек, «Бир болага етти қўшни ота-она», «Бир болага етти маҳалла ота-она», деган қадриятлар ҳеч қачон ўлмасдек. Буларнинг барчасига бош-қош, албатта, кўпни кўрган, ҳаётда оқу қорани таниган, оилада ва қўни-қўшнилар орасида ўз ўрнига эга, халқ томонидан сайланган маҳалла оқсоқоллари... аслида бўлиши керак.
Аслида, деганимизнинг сабаби бугун аксарият маҳаллаларда маҳалла оқсоқоллари ажабтовур, кўз кўриб қулоқ эшитмаган ишларни қилишмоқдаки, айтиб адо қилолмаймиз. Ва маҳалла боласига ота-оналик қилиши, тоғдек суянч бўлиши керак бўлган маҳалла раислари ҳақида кунда бир янгилик ўқиймизки, маҳалла қадриятлар бешиги дея онгимизга сингдирилган қадриятлар бугун тугаб бораётгандек гўё.
Бу йил бутун дунё учун синов йили бўлди. Турли табиий офатлар, коронавирус пандемияси. Дард одамларни бир-бирига яқинлаштирди, кимнинг кимлиги шундай кунларда билинди. Пандемия бошлангандан бери ҳамма давлатлар бир-бирига имкон қадар ёрдам қўлини чўзмоқда. Саховатпеша одамлар, ташкилотлар, тадбиркорлар, ҳомийлар табиий офатлар ва пандемия қолдираётган асоратларни енгиб ўтишда баҳолиқудрат бир-бирларидан ўз ёрдамларини аяшмаяпти. Нафақат бир миллат ёки халқ, балки халқлар, мамлакатлар бирлашяпти. Афсуски, мана шундай кунларда, халқнинг, инсониятнинг мусибатидан фойдаланишга уринадиган, бойлик орттиришга ҳаракат қиладиган ноинсофларнинг кўплиги ҳам ачинарли ҳолат. Янада ачинарлиси, бундай номаъқулчиликни кўз-кўзга тушадиган маҳалладошимизнинг, бошқаларга ўрнак бўлиши керак бўлган оқсоқолларнинг қилаётгани.
Бундан чамаси бир ойлар олдин ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Коронавирус пандемияси даврида ижтимоий ҳимояга ва ёрдамга муҳтож аҳоли қатламларини моддий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонига мувофиқ жойларда аҳоли қатламларига моддий ёрдам пули ажратилиши жараёнида қонунбузилиши ҳолатларига йўл қўйилаётгани ҳақидаги хабарлар тарқалди.
Масалан, Тошкент шаҳри, Сергели тумани «Ҳумо» маҳалласида вужудга келган нохуш вазият сабаб, Тошкент шаҳар ҳокими аҳоли билан учрашишга мажбур бўлди. Ижтимоий тармоқларда тарқалиб кетган видеода маҳаллада кам таъминланганлар ва ижтимоий кўмакка муҳтожлар рўйхатда йўқлиги иддао қилинган. Шундан сўнг шаҳар ҳокими томонидан 1-2 кунда ижтимоий ҳимояга мухтож аҳоли рўйхатини маҳалла фуқароларининг ўзлари шакллантиришлари бўйича таклиф берди ва шу рўйхат асосида уйма-уй кириб пул тарқатишни ваъда қилди.
Бу фақатгина биз хабар топган воқеа. Биз ҳали хабарини топмаган, билмаган воқеалар қанчадан-қанча. Андижонда ҳам худди шундай талон-торожликка чек қўйилди. Андижоннинг Шаҳрихон туманидаги «Яккатут» МФЙ мансабдорлари 82,2 млн. сўм бюджет маблағларини талон-торож қилганликлари аниқланди. Яъни, маҳалла оқсоқоли ва бошқалар кам таъминланган оилалар тоифасига кирмайдиган 51 нафар фуқарога асоссиз равишда моддий ёрдам пуллари тўлаб бериши оқибатида ҳақиқий муҳтожларга берилиши керак бўлган маблағлар ғойиб бўлган.
Хайриятки, бу ҳолат бўйича ўзлаштириш ва мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш аломатлари билан жиноят иши қўзғатилган. Департаментнинг Бекобод тумани бўлими томонидан текширув ўтказилганида «А» МФЙ раиси Х.Ғ. сохта маълумотлар асосида мазкур маҳаллада яшамайдиган ва нафақага муҳтож бўлмаган 26 нафар фуқарога жами 101,5 млн. сўм нафақа пуллари тайинлаган. Шундан 31,6 млн. сўми фуқароларга асоссиз тўлаб берилганлиги аниқланган. Шунингдек, ўз вақтида олиб борилган ўрганишлар натижасида 69,9 млн. сўмлик бюджет маблағлари талон-торож қилинишининг олди олинди.
Яқинда бўлиб ўтган Олий Мажлис Сенатининг олтинчи ялпи мажлисида Сенат раиси маҳалла тизимининг қуйи бўғинлари фаолиятини танқид қилиб, коронавирусга қарши кураш тадбирларига ажратилаётган маблағлар талон-тарож қилинганидан жиддий ташвиш билдиргани ҳам бежиз эмас.
– Камбағалликни қисқартириш бўйича нимаики қилмайлик, қабул қилинаётган фармон, қарорларнинг жойлардаги ижроси юзасидан ҳозирги ҳаракатларимиз бетартиб тарзда кечмоқда, – деди Сенат раиси Танзила Нарбаева.
Шунингдек, Сенат раиси маҳалла тизимининг жойлардаги қуйи бўғимларида фаолият кўрсатаётганларнинг аксариятида эскича фикрлаш, эскича ишлашдан қутулмаётгани дард устига чипқон бўлаётгани мазмунида гапирар экан, аҳолига ижтимоий ёрдам маблағлари тарқатилишида очиқлик ва шаффофлик тамойилига амал қилинмаётгани айрим ҳудудларда норозиликлар келтириб чиқараётганини қайд этиб ўтди.
– Шу ўринда яна бир муҳим жиҳатга эътиборни қаратмоқчиман. Коронавирусга қарши кураш тадбирларига ажратилаётган маблағлар, аниқроғи, Инқирозга қарши кураш жамғармаси маблағлари талон-торож қилинаётгани бизни ташвишлантирмоқда. Хусусан, Андижон, Бухоро, Қашқадарё, Навоий, Наманган вилоятларидаги санитария-эпидемиология хизмати мутасаддилари томонидан умумий ҳисобда жамғарманинг 1 млрд. 750 миллион сўмдан зиёд маблағи талон-торож қилингани масаласи ҳам жиддий эътибор қаратишни талаб қилади...
Одамни бир нарса ўйга толдиради. Мана шу маҳаллаларда камолга етаётган ёшлар бундай адолатсизликларни кўриб, гувоҳи бўлиб келажакда уларнинг изидан бормайдими?
Яқинда кun.uz сайтида «1000та жўжа спектакли» ҳақидаги мақола ҳам бевосита маҳалла фаолияти билан боғлиқ. Гап шундаки, «Қўқони» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Ҳ.Турсуновнинг маҳалладаги камбағал оилаларга кўрсатилаётган ижтимоий ёрдам намунаси сифатида ўз уйида боқилаётган 1000 дона жўжани ҳамда камбағал оила вакили сифатида ўз ўғли – Д.Тиркашевни кўрсатган.
Мақола ижтимоий тармоқларда кенг баҳс- мунозараларга сабаб бўлди. Баҳс-мунозаралар орасида аҳолининг кўп қисми маҳалла оқсоқолларининг аксарият қисми моддий ёрдам пулини ёки ижтимоий ёрдамни ўзларининг танишларига, қариндошларига «илиниши»ни изоҳлаб ўтишган.
Ёки бўлмаса кейинги пайтларда маҳалладан бериладиган бола пули билан боғлиқ нохуш вазиятлар ҳам тез-тез қулоққа чалинмоқда. Хоразм вилоятининг Гурлан туманидаги маҳалла фуқаролар йиғинидан бирига раислик қилиб келаётган масъул икки ёшга тўлмаган фарзанди учун нафақа тайинланишида ёрдам сўраб мурожаат қилган фуқарога ғамхўрлик қилиш ўрнига, аксинча, 400 000 сўм миқдорида пора талаб қилган.
Яна бир Нурота туманидаги маҳалла раиси бошпанаси бўлмаган ва эҳтиёжманд иккитага оилага уй-жой сотиб олиш учун бюджетдан ажратилган маблағлардан 28,5 млн. сўмини қўлга киритади. Уй-жойини таъмирлатиб бериш ваъдаси билан олинган пулларни эса оқсоқол ўз эҳтиёжи учун сарфлаб юборган. Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Афсуски, бундай хунук ҳолатлар борган сари авж олмоқда. Чин маънода қадриятлар бешиги бўлган маҳаллалар бугун порахўрликни, фирибгарликни, юлғичликни, талон-торожликни қадриятга айлантириб қўяётгандек, афсус...
Жорий йилнинг 12 феврал куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида маҳалла тизимини такомиллаштириш, маҳаллаларда тинчлик-осойишталикни мустаҳкамлаш, жиноятчиликнинг олдини олиш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилганди. Ана шу видеослекторда президент «Маҳалла тизими жамиятимизнинг энг муҳим ва таянч бўғини ҳисобланади. Охирги уч йилда уни ривожлантириш борасида қатор амалий ишлар амалга оширилди», дея таъкидлаганди.
Президент таъкидлаганидек, жамиятимизнинг энг муҳим ва таянч бўғини ҳисобланмиш маҳалла тизимида энг ҳалол ва фуқароларига суянч бўла оладиган раисларгина ишлашга ҳақли.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter