Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Барно Султонова

Озодлик қўрқувнинг юзига тик қарай олишдир.

Иккинчи хотинга қўйилган шарт: Отасини билмай ўсган болалар ёхуд ўз боласидан яширинча учрашувга борадиган қўшхотинлилар

Иккинчи хотинга қўйилган шарт: Отасини билмай ўсган болалар ёхуд ўз боласидан яширинча учрашувга борадиган қўшхотинлилар

Кейинги пайтларда шаръий никоҳ ўқитиб оила қурган ва натижада агар эр биринчи оиласига кетиб қолса фарзанди билан кўчада қолаётган аёллар ҳақида кўп эшитаяпмиз. Ҳаттоки ўз жонига суиқасд қилган биринчи ёки иккинчи, учинчи бўлган аёллар ҳам бор. Қўшхотинлик масаласи ҳозирда долзарб муаммога айланиб бўлди. Шу боис Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Ўзбекистон Республикасининг Жиноят ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритишга оид қонунни иккинчи ўқишда кўриб чиқмоқда. Яъни, қўшхотинлик тарғиботи учун жавобгарлик масаласи.

Бугунги суҳбатдошимиз Турғуной Худайназарова билан айнан шу мавзуда суҳбат ташкил қилдик. Турғуной Худайназарова Фарғона шаҳар «CIVIL EXPERT» адвокатлик бюроси адвокати. 1995 йилдан шу кунгача адвокатлик фаолияти билан шуғулланади. Орада беш йил (2004-2009) фуқаролик ишлари бўйича Марғилон туманлараро судининг судьяси лавозимида ишлаган.

– Авваллари ҳам бирдан ортиқ аёл билан яшаганлар бўлган, лекин бу ҳолат бошқалардан сир тутилган, энди эса бундай шаръий никоҳли оилалар ошкора пайдо бўлмоқда ва аввалгидан анча кўпайган...

– Собиқ СССР давридан буён қонунчиликка кўра бирдан ортиқ аёл билан умумий рўзғор асосида бирга яшаш жиноят ҳисобланиб келган. Мустақилликдан кейин ҳам бу модданинг диспозицияси ўзгармаган. Бир неча хотин билан яшовчилар аввалдан бўлса-да, сони жуда оз ва улар кейинги оиласи билан яширинча яшашган, ошкорликдан қаттиқ қўрқишган.

Ўша даврда бу никоҳнинг ошкор бўлиши,  агар эркак давлат ходими бўлса, унинг ахлоққа зид хулқи учун ишдан кетишига сабаб бўларди.

Динга мутлоқ эркинлик берилди. Ҳамюртларимиз учун ҳаж, умра амалларини бажаришларига имкониятлар кенгайди. Аёлларнинг ҳижоб ўраши ўз танловига қолдирилди, номоз ўқиш, рўза тутиш каби фарзлар бекаму кўст бажарилмоқда. Аммо шунга қарамай интернет тармоқларида диндан унча тушунчаси бўлмаганлар фаолияти авж олди – аёлнинг эркак билан тенглигини камситувчи, аёлнинг эркини чеклаш (кўчага чиқармаслик, аёлга сўзи ўтмаса уриш мумкинлиги, аёлини рашк қилмаганлар даюс ҳисобланиши ва ҳоказо)га қаратилган тарғибот қайнаб тошди. Баъзи чала муллалар бошлаб берган тенденцияни уларга эргашувчилар кенг ёйишди, шу даражага етиб келдикки, ҳали жағига тук чиқиб улгурмаган йигитчалар ҳам қўшхотинликни тарғиб қилувчи роликлар олиб тарқатаяпти.

Бу орада моддий имкони кенгроқ бўлганлар очиқ-ошкора бир неча хотин олишни, бир неча оилада фарзандлар кўпайтиришни бошлашди.

 Айнан айрим диний чиқишлар, даъватлар жамиятда мавжуд бўлган ўша УЯТ ҳиссини йўқотди, ўрнига кўп хотинлиларнинг мақтанчоқлиги фахрга айланди.

Илгари эркакларнинг ҳирсини жиловлай олмаслик уят эди, энди аёллар бегона эркакнинг нафси қўзғалишига сабаб бўлиши уятга айланди, яъни уятнинг субъекти алмашди.

Аввалига моддий имконияти кенг эркаклар хотинни кўпайтирган бўлсалар, эндига келиб ота-онасининг қўлига қараб яшайдиган боқиманда йигитнинг бир неча қизга уйланаётганини ҳам ёки аксинча, моддий имкони кенг аёлга осилиб олаётган оилали альфонсларни ҳам кўряпмиз.

Фаолиятим давомида кўпхотинлик масаласи билан боғлиқ кўплаб ҳолатларга дуч келганман. Юқоридаги хулосани чиқаришимга шулар асос бўлган.

– Кўпхотинлик тенгликни инкор қиладими? 

– Кўпхотинлик тарғиботи ва аёллар ҳуқуқларини камситиш масалаларини бир-биридан ажратиб бўлмайди, улар доимо ёнма-ён. Чунки кўпхотинликнинг ўзи аёлнинг эркак билан тенг ҳуқуқли эканлигини инкор этади. Тарғиб этилаётган тушунчага кўра эркак бир неча хотин олиши мумкин, аёл бир неча эр билан яшаши мумкин эмас (аслида буларнинг ҳар иккиси ҳам жамиятни бузувчи иллат!).

Кўпхотинлик тенгликни инкор қилишидан ташқари яна кўплаб муаммоларни ҳам келтириб чиқаради. Иш жараёнимда жуда кўп кузатадиган воқеа:

Эркак аёлни иккинчи хотин қилиб олган, уй олиб беришни ваъда қилиб, ижара квартирага жойлаштирган. Аёл ҳомиладор бўлиши билан қочиб қолган. Ҳеч қандай даромадга эга бўлмаган аёл қўлида чақалоғи билан сарсон. Боланинг оталигини белгилатиш, алимент ундириш керак, лекин бу ҳам унинг муаммоларини тўлиқ ҳал қилмайди.

Яна бир мисол: Бир ташкилотда ишлайдиган мансабдор шу идорадаги фаррош аёлнинг қизини оиласидан яширинча иккинчи хотин қилиб олган, фарзанд кўришган. Иккинчи хотинидан бўлган қизи 8 ёшга тўлганида у билан жинсий эҳтиёжини ғайритабиий усулда қондириб юрганини хотини билиб қолган. Эркак 15 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди.

– Эркакнинг биринчи хотинидан яширинча уйланишнинг салбий оқибатлари ҳақида ҳам тўхталиб ўтсангиз. Чунки касални яширсанг иситмаси ошкор бўлади...

– Бунақа мисоллар кўп...Биринчи хотини билан қонуний ажрашмаган эркак ўзига тўқ аёлга хотини билан яшамаслигини айтиб, шаръий никоҳ билан уйланган. Лекин яширинча биринчи хотини билан ҳам яшаб юрган, никоҳини бекор қилмаган. Бир неча йиллик шу тариқа ҳаётдан сўнг эркак ўзини осиб ўлдирган. Унинг номига иккинчи хотин билан биргаликда сотиб олинган барча мулкларнинг ярмиси биринчи хотиннинг умумий мулкдаги ҳиссасига айланган. Эрига ишониб унинг номига мулк сотиб олган иккинчи хотин нафақат умумий мулкка улушдор, балки эрига меросхўр ҳам бўлмаган. Ҳозирда марҳумнинг онаси томонидан судда даъво қўзғатилган.

Яна бир шундай ҳолат. Бизга биринчи хотин мурожаат қилди. Эркак иккинчи хотин олган, ҳар иккиси билан яшаб юрган, ҳар иккисига ҳам ҳовли олган, лекин барча кўчмас мулклари ўзининг номида бўлган. Эркак вафотидан кейин иккинчи хотиндан туғилган болалари мол-мулкни дадасининг шахсий мулки деб топиш (биринчи хотин билан умумий мулки эмас деб топиш) ҳақида даъво қўзғатган.

– Иккинчи хотинга шарт қўядиганлар ҳам учрайди, шундайми? Ва бу шартлар кейинчалик қанчалик қимматга тушади?

– Мени энг таъсирлантиргани бундан 10-15 йил олдин бир воқеа бўлганди. Фарғонанинг кўзга кўринган тадбиркорларидан бири ёрдам сўраб келганди.

Хуллас, у бир аёл билан яширин учрашиб юрган. Аёл фарзанд кўришни истаган, эркак унинг олдига бир қатор шартлар қўйган. Аёл унинг шартларига кўниб, болани ўзи учун туғишини, унга ҳеч қандай мажбурият юкламаслигини айтган. Бола туғилган. Таъсир қилгани шуки, эркак аёл билан учрашишни давом эттирган бўлса-да, унинг уйига бола йўқлик вақтида бораркан, болани кўрмасликка ҳаракат қиларкан, унга меҳрим тушиб қолмасин деркан. Бола мактабга борган вақтида ўрталарида келишмовчилик бўлган, аёл оталикни белгилаш ҳақида даъво қўзғатган. Эркак менинг олдимга шу гап оиласига, болалари ва хотини қулоғига етиб бормаслиги учун қандай йўл тутишни сўраб келган. Иккинчи аёлдан орттирган боласининг тақдири уни мутлақо қизиқтирмасди...

Шундай шарт билан болали бўлган аёллар ҳам кўп. Яна бир аёл  оилали эркакдан шундай шартларда икки фарзанд туққан. Болалар вояга етди, тўйлар қилди, фарзандли бўлишди, аммо улар ҳақиқий дадаларини танишмайди. Ҳозир у яна биттасига иккинчи хотин бўлиб тегиб, бир ўғил туққан. 

– Қонуний никоҳи бўлмаганларга шаръий никоҳ ўқилганлиги учун маъмурий жавоб белгиланган, бу қанчалик ўзини оқлади?

– Авваллари кўпхотинлилар энди «фаолият бошлаган» вақтда кўпроқ алимент, болалар тарбияси ва таъминоти билан боғлиқ низолар бўларди. Қўшхотинлиларнинг биринчи авлоди қўпол қилиб айтганда вақти қазоси етиб дунёдан кўз юмаяпти. Энди судларда мерос низолари кўпаймоқда. Янги қўшхотинли эркаклар ёш, улар ҳам қачондир вафот этса тасаввур қилаяпсизми, келажакда улардан туғилган болалар мерос талашишини. Улар катта бўлиб, мерос талашадиганлар ҳозиргилардан бир неча баробар кўп бўлишини, яна қанча чалкашликлар бизни кутиб турганини тасаввур қилаяпсизми?

Шу ҳолатларга барҳам бериш учун қонунчиликка ўзгариш киритиш шарт эди. Тўғри, қонуний никоҳи бўлмаганларга шаръий никоҳ ўқиш учун аввалига маъмурий жавобгарлик белгиланди, лекин ўтган вақт бу жавобгарлик айримларни тўхтатмаганини, яъни бу чора етарли эмаслигини исботлади. Шунингдек,  ЖКнинг 156-моддаси 1- ва 2- қисмларига ҳам ўзгариш киритилмоқда. Бу модда миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатиш учун жавобгарликни белгилайди.

Ижтимоий тармоқда кенг тарқалган мавзулардан яна бири миллий масала.

Ўзбек билан қирғизни, рус, тожик ва қозоқни таққослаб, ўтмишда бўлган баъзи низоларни ўз талқинида ёритиш билан бошқа миллатга нисбатан адоват уйғотишга қаратилган материаллар кўплигини ҳеч ким инкор этолмайди. Лекин бу материаллар диний адоват, ўзгаларнинг эътиқодий туйғуларини ҳақоратлаш ҳаракатлари олдида ип эшолмайди.

Интернетдаги баъзи диндан хабари йўқ чала диндорлар бу соҳада монополия ўрнатиб олишган, десам муболаға эмас, улар истаган одамига «кофир», «муртад», «нажас» тамғасини босиш ҳуқуқига эгаман, деб ҳисоблайдилар. Эътиқод бўйича туйғуларни ҳақоратлаш учун жиноий жавобгарликнинг белгиланишидан жазавага тушаётганлар ҳам айнан шулар.

Бундан ташқари Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ҳам бир неча ўзгариш киритилмоқда.

Кўпхотинликни тарғиб қилиш, рағбатлантириш ҳаракатлари учун жавобгарлик белгиланиши (47-8-модда) назаримда айни муддао ва бунинг учун оғирроқ жазо белгиланиши тарафдориман. Чунки айнан шу тарғибот жамиятни феодал тузум томонга тортяпти, аёллар ҳуқуқлари камситилишига, болаларнинг тўлақонли бўлмаган оилаларда, нотўғри муҳитда ўсишига, низоларга сабаб бўлмоқда.

– Яна бир савол бурқа кийишни таъқиқловчи қонунни кўпчилик тескари талқин қилишмоқда, ахир у ерда рўмол ўрамаслик ҳақида ҳеч қандай гап йўқ, балки юзни яширмаслик ҳақида фикр кетаяпти...

– МЖтКга янги киритилаётган 184-4-модда жамоат жойларида шахсни аниқлашга имкон бермайдиган даражада юзни ёпиб юриш учун маъмурий жавобгарлик белгиланиши ҳам эҳтиёж. Дунё миқёсидаги аччиқ тажрибадан маълумки, кўплаб жиддий жиноятлар, айниқса, террорчилик ҳолатлари айнан шундай либослардан фойдаланган ҳолда бажарилган. Либос фуқарога кимлигини яширган ҳолда ғайриҳуқуқий ҳаракатларни амалга ошириш имконини бермаслиги керак. Тасаввур қилинг, бурқа кийиб юзини тўлиқ яширган одам бир болани ўғирлаб кетди. На бармоқ изи, на шахсни аниқлаш имконини берувчи кўриниш бор. Бундай жиноятни очиш имкони борми?! Шу сабабли бу ўзгариш ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятини тўғри йўлга қўйиш учун ҳам муҳим.

Давлатимиз конституцион тузумда, секуляр давлат эканлигини унутиб қўйган ёки тан олишни истамаганлар жудаям кўп ва уларнинг асосий қисми диний мутаассиб эркакларни ташкил  қилади.

2019 йилда МЖтКга киритилган 184-1-модда кўп баҳс-мунозараларга сабаб бўлганди. Бу моддада фуқароларнинг жамоат жойларида ибодат либосларида юриш учун жавобгарлик белгиланганди, модда ҳақиқатан ҳам мукаммал бўлмагани учун деярли ишламаганди. 184-4-модда кодексга киритилаётгани муносабати билан 184-1-моддага эҳтиёж қолмади ва кодексга киритилаётган охирги ўзгариш – ушбу моддани чиқариб ташлаш бўлди.

ЖКнинг 126-моддасидан «умумий рўзғор асосида», деган сўзлар чиқариб юборилмади. Яъни умумий рўзғор юритмасдан, алоҳида рўзғорда бир неча аёл билан яшаш ҳалиям жиноят эмас, деган тушунча кўпчиликни чалғитаётган бўлишини эътиборга олишимиз керак. Ўйлайманки, масаланинг бу томони ҳам ўрганилади.

Бундай қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритилиши келажакда аёллар ва болаларнинг ҳуқуқлари бузилмаслиги, етим болаларнинг кўпайиши олди олинади, ҳар бир фуқаронинг виждон эркинлигига дахл қилинмайди.

– Суҳбат учун ташаккур!

 

Барно Султонова суҳбатлашди

 

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг