Эълон қилинмаган уруш...
Мустақилликнинг илк йиллари. Турмуш ўртоғим билан иложсизликдан аспирантлар турадиган хароб, бадбўй, шароитсиз ётоқхонада турганмиз.
Аспирант бўлмаганимиз учун кунда текширувлардан қочиб юрардик, яна унинг устига ётоқхона «президенти» (мақоми шу даражада эди) ҳар кўрганда чиқиб кетинглар дейиши, камхарж бўлсакда амаллаб пул топиб берсак бир муддатга овоз ўчиши...
Кейинчалик амаллаб, орада депрессияларни бошдан ўтказиб, пропискамиз бўлмагани учун танишимизнинг номига икки хонали уй олдик, ўз уйимизда 9 йил яшириниб яшадик. Ойда икки-уч марта «пропискасиз яшаяпсан, жарима тўла», деб дўқ уриб келадиган маҳалла посбонларидан безгандик, ҳар икки ҳолатда ҳам эшик тиқ этса бизнинг юрагимиз шиғ этар, сасимиз чиқмай қолар, худди жиноятчидек олазарак бўлардик.
Машаққатлар билан пропискага эришдик, уй-жойга ҳам... Инсон қадри, инсон манфаатлари деган гапларни эшитганимда нимагадир қалбимда фахр ҳис бўлмайди ва тушунуксиз, ўлик туйғуларим билан ўзимни қандайдир ношукрдек ёки дийдаси қотган одамдек ҳис қиламан.
Дийда нега қотади?
Одамнинг қачон дийдаси қотади, деган саволга мен қийинчиликлар кўп кўргандан сўнг дегим келади. Оддийгина мисол, бир пайтлар зуғум кўрган қайнона келинига ўшандай зуғум кўрсатишни оддий ҳол деб билгани.
Ёки уруш даврини эслайлик — кўчаларда одамлар очликдан ўлиб ётсада, бировнинг пинаги бузилмайди ва яна жанг майдонида қон кўрган аскарнинг туйғуларини тинчлик замонида яшаётган одамнинг ҳиссиётлари билан солиштириб кўринг. Дийдаси қаттиға шу одамнинг дейишса, уруш кўрганда, деб жавоб бериларди, бир пайтлар.
Уруш қурбонсиз бўлмайди, деган маълум ва машҳур ибора ҳам бор. Урушлар, очарчилик, йўқчилик, адолатсизлик, ноҳақликлар одамнинг дийдасини қотиради, фожиаларга бефарқ қилиб қўяди. Тинчлик замонидаги бефарқлик эса уруш замонидаги дийдаси қотганликдан ҳам ёмон.
Мана, қиш келиши билан кунора ис газидан вафот этган одамлар ҳақида эшитамиз, гоҳида бутун бир оила ёки эндигина турмуш қурган ёш келин-куёв ёинки бир оиладан барча фарзандлар... сўппайиб қолган, қабр қучган ота-оналар.
Нимагадир бу хабарларни ўқиймиз, даҳшати борган сари буни оддий хабардек, оддий воқеадек қабул қилаётганимиз. Уларнинг болаларини қайси урушнинг қурбони деб атасак бўлади? Иккинчи жаҳон урушида газ камераларига тиқиб ўлдирилган болаларнинг қисмати такрорланмаяптими?
Украинага уюштирилган ҳужум ортидан ўлаётган, бомба остида қолган, ота-онаси ўлиб етим қолаётган болалар ҳақида хабарларга кўзимиз тушса, уруш номинг ўчсин деймиз, юртимизда тинчлик эканлигига шукр қиламиз. Аммо ўша уруш бўлаётган жойда боласи бомба остида қолган онанинг мусибати билан ис газидан заҳарланган, машина уриб кетаётган, доридан ўлаётган боласига аза тутган онанинг мусибати ва йўқотиши ўртасида фарқ борми?
Жорий йилнинг августигача бўлган маълумотларга қараганда Украина ва Россия ўртасидаги уруш оқибатида 341 нафар бола ҳаётдан кўз юмибди, 627 нафар бола жароҳат олган. БМТнинг Болалар жамғармаси — UNICEF хабарига кўра, Афғонистонда бомба портлаши оқибатида бир ҳафта ичида 50 дан ортиқ қиз ва ўғил болалар инсон ҳуқуқларининг қўпол равишда бузилиши оқибатида ҳалок бўлган.
«Қундуздаги Мавлавий Искандар масжидида 22 апрель, жума куни содир бўлган портлаш камида тўрт боланинг ҳаётига зомин бўлди. Кўпчилик оғир жароҳт олди», — деган UNICEF минтақавий директори Жордж Ларьеа-Ажей. Бу уруш бўлаётган юртлардаги ўлимлар.
Энди ўзимизнинг бағритош фактларимизга эътибор қаратинг: жорий йилнинг 29 сентябрь куни Сенат Кенгаши мажлисида Репродуктив саломатликни сақлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳолатини ўрганиш масаласи муҳокама қилинди. Жумладан, 2021 йилда гўдаклар ўлими 7 214 нафарни ташкил этган бўлиб, бу кўрсаткич 2020 йилга нисбатан 160 тага ошган.
Ўзбекистонда бу йил январь-октябрь ойларида юз берган 7636 та йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида 1931 киши ҳалок бўлди, уларнинг 226 нафари — болалар.
ЙТҲлар оқибатида 5−14 ёшли болалар ўлими даражаси Европа мамлакатларига қараганда 4 баравар юқори.
Ис гази билан боғлиқ фожиалар эса унданам ачинарли. Маълум қилинишича, 2022 йил бошидан буён Ўзбекистонда 90 дан ортиқ ис газидан заҳарланиш ҳолати қайд этилган. Оқибатида 50 нафар фуқаро жабрланган. 146 нафар одам вафот этган. 2020 йилдан бошлаб 2022 йилнинг май ойигача Ўзбекистонда ис газидан заҳарланиш билан боғлиқ 428 та ҳолат содир бўлган, оқибатда 366 нафар фуқаро вафот этган.
Уруш вақтида болалар етим қолган, отаси урушга кетиб йиллаб кўролмаган, соғинган, отасиз болалар авлоди вояга етган. Бугун ҳам тинчлик замонида оталари чет элда ишлаб ота меҳрига зор болалар қанча. Уруш туфайли отасиз қолган бола билан хорижга тирикчилик учун кетиб қайтиб келмаётган, отасини соғинаётган боланинг соғинчи ўртасида қандай фарқ бор?
Яна фактларга юзланамиз: Ўзбекистондан хорижий давлатларга ишлаш учун чиқиб кетган мигрантлар сони 2 млн 346 минг нафарни ташкил қилади. Бу ҳақда 13 декабр куни Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги томонидан ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди.
Урушда ўлган одам ҳақидаги хабар бир пайтлар уларнинг оила-аъзосини чуқур қайғуга изтиробга солган, тинчлик замонида мигрантларнинг хорижда ўлиши фарзандлар ёки ота-оналар учун қай даражада оғриқли. Бу иккала мусибатнинг бир-биридан фарқи нима? Уруш элга келган тўй, деб қаралган, иложсиз кечмиш. Аммо тинчлик замонида яъни 2021 йилнинг ўн ойлигида 361 нафар хорижда вафот этган фуқароларнинг жасади олиб келинган. Шунча мусибат, шунча ота-оанинг ёки фарзандларнинг қадди букилган, ҳали ҳам шу йўқотишлар исканжасидан чиқа олмаяпти?
Инсон қадри нима?
Яқинда Норвегиядаги қамоқхона тизими ҳақида ўқиб қолдим. Қамалганларнинг жинояти қанчалик оғир бўлмасин, уларга инсонийликнинг олий намунаси кўрсатилар экан. Энг яхши шароитлар, энг яхши муомала, муносабат.
Норвегия қамоқхона тизими, кўпроқ анъанавий ахлоқ тузатиш муассасаларидан барча фарқларга қарамай, амалий ижобий натижаларни кўрсатмоқда. Статистик маълумотларга кўра, мамлакатда такрорий жиноятлар даражаси 20 фоиздан ошмайди. Сабаби қамоқхона мутасаддиларининг бу масканда ғазаб, аламзадалик ва зўравонлик бўлишини истамаслигидир.
Маълумотларга қараганда, қамоқхоналарда тинчликни сақлаш арзон эмас. Ҳалден қамоқхонасидаги бир маҳбус учун жой йилига $122,000 маблағ талаб этади. Ва эътиборли томони бу ердаги қамоқхона ходимлари билан маҳбусларнинг бирга ҳаракат қилишлари, ўртада хитой деворининг йўқлигидир. У ердаги ходимлар маҳкумнинг ўз жазосини ўташини таъминлаш билан бирга уларнинг яхши инсонга айланишига, жамиятга қўшилишига ҳам ҳаракат қилишади. Уларга қилинаётган бу яхшиликлар эвазига маҳбуслар ҳеч қачон қочишга ҳаракат қилмайдилар. Қамоқхона бошлиғининг BBC нашрига берган интервюсига кўра: «Бировнинг эркини тортиб олиш осон эмас. Норвегияда жазо — бу шунчаки кимнингдир эркинлигини чеклаш. Бошқа ҳуқуқларга тегилмайди. Маҳбуслар сайловда овоз бериши, мактабга бориши, тиббий хизматдан фойдаланиши мумкин. Уларнинг ҳуқуқлари оддий фуқароларники билан бир хил. Сабаби маҳкумлар ҳам одам. Улар нотўғри ишга қўл урган, бу учун жазоланиши шарт, лекин улар барибир инсон. Бундан мақсад — уларнинг одатий ҳаёт ҳиссини туйишига имкон бериш ва жазодан сўнг янги ҳаёт бошлашига кўмаклашиш. Уларнинг бири сизнинг қўшнингизга айланиши мумкин. Агар биз уларга ҳайвондек муносабатда бўлсак, озодликка чиққандан сўнг сизнинг кўчангизни ҳайвондек вайрон этади».
Мана шу ерда Норвегия қамоқхонасини таърифлашни бас қиламиз. Энг охирги жумлаларнинг ўзи инсон қадри нима, деган саволга жавоб: Инсонга ҳайвондек муносабатда бўлинса, ҳайвондек вайронкор бўлади...
Юқорида Норвегиядаги қамоқхонада шароитлар яхши бўлса жиноятчи яна қайтиб келиш учун жиноят қилмайдими, деган савол туғилади. Менимча қамоқхонага жиноят қилиб тушган маҳбусга ИНСОНИЙ муносабатни кўриб уялади, шундай ватанда яшаб яна жиноят қилишга уялади, қолаверса, озодликдаги ҳаёти бундан ҳам яхшироқдир эҳтимол. Яъни бундан хулоса қилиш мумкинки? одамни инсонийликдан чиқарадиган, қаҳрини қаттиқ қиладиган нарса — бу ташвишлар, азоблар, қийноқлар, ноҳақликлар... Ёмон одамга қилинган чексиз мурувват эса уни яхши йўлга қайтариши мумкин!
Мана янаги йил «Инсонга эътибор ва сифатли таълим», деб номланди.
Кўринмас уруш
Уйингга бомба тушмаётганига шукр қил дейишади, аммо газдан портлаб ўлаяптику одамлар, фашистлар болаларни тажриба қуёнчаси қилган, турли дориларни синаб кўрган дейишади, бугун бизда оддий йўтал доридан ўлган болаларнинг тажриба қуёнчасидан нима фарқи бор?
Тўқчилик замонида фарм бизнес қурбонига айланаётган одамлар, болаларнинг оғриғу азоблари уруш давридагидан бошқачароқми ё тинчлик даврдаги ўлимлар уруш замонидаги ўлимлардан фарқлироқми, оғриқсизроқми?
Фашистларни қаҳри қаттиқ деб ёзғирамиз, бугун ис газидан, доридан ёки хорижга кетиб ўлаётганлар учун виждони қийналмаётган, ўзини айбдор ҳис қилмаётган, бир туки қилт этмаётган мутасадди раҳбарларнинг фашистлардан қаери кам? Одамларни йўқотишга кўниктириб қаҳри қаттиқ халқни, авлодни яратаётганлар аслида шулар эмасми? Газдан ўлганларга биргина тозаланмаган мўри, доридан ўлганлар учун ота-она айбдор, хориждан ўлиги қайтаётганларга бахтсиз ҳодисани пеш қилишади, йўл ҳалокатлари туфайли ўлаётганлар учун фақат ҳайдовчи жавобгар. Декабрда қор ёғиб одамлар газсиз ва чироқсиз совқотса ноқулай об-ҳаво сабаб. Газ ва кўмирнинг сифатсизлиги, йўлларнинг носозлиги, дорилар аллақачон бизнесга айланиб кетганини эса гўёки эшитишмайди, билишмайди.
Ҳар қаерда тез-тез содир бўлаётган ўлимларни кўриб ўзимни тинч замонда яшаётгандек тасаввур қилолмайман. Кўринмас кучлар кўринмас уруш оловини ёққандек... Зўравонликлар, ўлимлар, қотилликлар, аламзадаликлар — буларнинг барчаси тинч замонда яшаётган хотиржам одамларнинг иши эмас. Кунда-кунора ис газидан, ҳалокатлардан, бефарқликлардан ўлаётган одамлар ҳақидаги хабарлар мусаффо осмонимизга соя солиб тургандек. Замонамиз тинч, осмонимиз мусаффо... деган гапларни ота-онаси четда юрган болалар, газда портлаб ўлган, қамоқ камераларида ўлдирилган маҳбуслар, фарм бизнес туфайли ўлиб кетаётган болаларнинг, инсонларнинг ота-оналари, яқинларига айтсангиз сизга бир саволни сиртида беролмасада ичида жавоб излаши аниқ: «Тинчлик нима, хотиржамликчи, ота-она меҳри қандай бўлади, қишда иссиқ хоналар, ис газисиз тунлар-чи, қўрқувсиз дори ичиш мумкинми?»
Аниқ биламан, бу саволни ўзларига бераётган одамлар: «Инсон қадрини улуғлаш», деган тушунча ҳақида бош қотиришларига анча, ҳали анча бор.
Ётоқхонада, ўз уйимда, ўз ватанимда жиноятчидек олазарак яшаган йилларим – «Меҳр ва мурувват йили», «Инсон мафаатлари йили», «Обод турмуш йили», «Соғлом она ва бола йили» деб номланган. Ўша олис йиллардан менга нафақат аччиқ хотиралар, балки баъзида ўша ётоқхоналар олдидан ўтсам, комендант кўриб қолмасмикан деган қўрқув пайдо бўлади, юрагим тез-тез уради.
Ҳозир пропискам ўзимники, уйим ўзимники бўлган ҳолатда дарвозам тақилласа милиция эмасмикан, деган ўша оний қўрқув қуршовида қоламан. Мендай онг остида травма (жароҳатларнинг у кўриниши ёки бу кўриниши билан) яшаётганлар қанча? Баландпарвоз туюладиган гапларни эшитганда мендек қалбида шукроналик ҳиссини ҳис қилишга қийналаётган дийдаси қаттиқлар қанча?
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter