«Қорнимга эмас, қадримга йиғладим...»
Бугун юртимизнинг турли гўшаларида тадбиркорлик ишларини йўлга қўйган юртдошларимизга ҳавас қилади киши. Ишбилармонлиги, тадбиркорлиги ортидан ҳам ҳурмат, ҳам давлат топаётган инсонлар ҳар қанча ҳавасу эҳтиромга муносибдирлар.
Аммо... Танганинг иккинчи томони ҳам бор. Биз икки гапининг бирида тадбиркорларнинг, хусусий мулк эгаларининг эришаётган муваффақиятлари, ютуқ ва зафарлари ҳақида оғиз кўпиртиряпмиз, мақтову ҳамдларга кўмиб ташлаяпмиз-у, бироқ уларнинг бу қадар обрў-эътиборга, бойликка, тўкин ва фаровон турмушга эришишларига катта ҳисса қўшаётган, заҳматкаш ишчилар ҳақида унутиб қўяётгандекмиз...
Сир эмаски, аксарият тадбиркорлар ёлланма ишчи кучидан фойдаланиб ўзларининг ишбилармонлик фаолиятларини ривожлантирмоқдалар. Айниқса, тикув цехлари, қандолат маҳсулотлари ва ширинликлар ишлаб чиқарадиган цехлар, сут маҳсулотларини қайта ишлаш кичик корхоналари, ҳар хил даражадаги емакхоналарда ишлайдиган ишчиларнинг аксарияти ёлланиб ишламоқдалар. Уларнинг кўп қисмини хотин-қизлар ташкил этади. Шу ўринда ҳақли саволлар туғилади: «Хусусий корхоналарда ёлланиб ишлаётган хотин-қизларнинг ҳуқуқи қай даражада муҳофаза қилинади? Уларнинг меҳнати ҳар доим ҳам муносиб баҳоланадими? Иш берувчи ёлланма меҳнат асосида ишлайдиган ходимини ҳимоя қиладими?»
«Қорнимга эмас, қадримга йиғладим...»
– Саломатлигим яхши эмас, – дейди андижонлик Ш. исмли қиз. – Тез-тез даволаниб турмасам бўлмайди. Шу сабабдан пойтахтга келиб, тикув цехига ишга кирдим. Бошида ҳар ой тикадиган нарсамизга қараб 500 мингдан 800 мингача ойлик беришини айтишганди. Бир ярим йилдан бери ишайман, тўрт юз-тўрт юз эллик минг сўмдан ортиқ маош олмадим. Байрам-ҳайитларда ҳам ишчиларни хурсанд қилишни ўйлашмайди. Бу орада бетоб бўлиб, бир ой ишга чиқолмадим. Дори-дармонга ёрдам сўраб мурожаат қилгандим, цех эгаси имконияти йўқлигини айтди. Жуда дилим оғриди. «Қорнимга эмас, қадримга йиғлайман» деган гап маънисини ўша кунларда англадим...
Мунофиқлик – «ишбилармонлик»ми?
Қўл остида ишлайдиган ишчиси бетоб, эҳтиёжмандлигини инобатга олмайдиган, ҳатто байраму ҳайитларда ҳам ишчиларини рағбатлантирмайдиган тадбиркорнинг ишбилармонлигидан кимга наф?..
Ҳозир иккита одам гаплашиб қолса, асосий мавзу моддий даромад масаласида бўлади. Йўловчи машинада уч-тўрт аёлнинг суҳбатига гувоҳ бўлдим.
– Хусусий фирмада ишлайман. Бюджет ташкилотларида ҳар йили икки марта иш ҳақи икки ошади. Бизнинг ишхонамиз эса алмисоқдан қолган иш ҳақи тарифлари билан юрибди, – дея зорланди бир аёл. – Ҳар гал ойлик ошганда, умид билан «шеф»га термуламиз. Қайда? «Бу қарорнинг бизга тааллуқли жойи йўқ, бюджет ташкилотлари учун қабул қилинган», дейди тап тортмай...
Иккинчи аёл бунақа ҳолатларга кўп гувоҳ бўлган чоғи, одатий гапни гапиргандек:
– Мен ҳам хусусий фирмада ишлайман. Шу кунларда ойлигимиз уч юз минг-уч юз эллик минг сўмлар атрофида, холос, – деди. – Бошлиққа иш ҳақимиз озлигидан шикоят қилсак, «Мен ҳам тўрт юз минг сўм маош оламан-ку, раҳбар бўлсам ҳам сизлардан маошим ҳеч қанча фарқ қилмайди», деб ўшқиради. Уйини кўрсангиз, нақ саройми, кошонами дейсиз! Хотини, қизлари-ю, келинлари тиллоларга, зебу зийнатларга кўмилиб юришадики, асти қўяверинг. Ана шунақа улар!
– Кейин изтироб билан кесатди: – Аслида бундайларнинг шу туришини ишбилармон дейишса керак-да!..
Дарҳақиқат, тадбиркорларимизнинг мол-давлати, уй-жойининг дабдабасию ҳашамати кўзни қамаштиради, ҳасад қилмаймиз, зиёда бўлсин. Аммо ажабки, уларнинг қонунан («ведомост»га қўл қўйиб) оладиган маошларига чумчуқни ҳам тўйдириб бўлмайди. Бу риё кимга керак? Эртадан кечгача тиним билмай ишлайдиган, ойлиги боласининг қорнига етса эгнига, эгнига етса дафтар-китобига етмайдиган ишчиларнинг кўзини шамғалат қилишгами? Ахир тадбиркорнинг давлатига давлат қўшаётган – шу бечора ишчиларнинг меҳнати-ку!
«Еганин ош деманг ёлғиз аёлнинг...»
– Турмушим бузилгач, икки боламни боқиш ўзимга қолиб кетди, – дейди жиззахлик Д. исмли аёл. – Қишлоқда иш йўқ, «Тошкент – нон шаҳри» деб ризқ истаб пойтахтга келдим. Қўлида бирор касб-ҳунари бўлмаган аёл қаерга иш сўраб борарди, ё ошхоналарга боради ёки хусусий цехларга боради. Таниш аёлнинг маслаҳати билан ширинлик ва пишириқлар тайёрланадиган цехга иш сўраб бордим. «Бир ой синов муддатида ишлайсиз. Агар ишингиз маъқул бўлса, ишга оламиз» дейишди. Пазандаликдан оз-моз хабарим бор эди. Аёл кишига яхши иш экан, деб қунт қилиб цехда бажариладиган ишларни ўргандим. Эрта келиб, кеч кетиб ишладим. Бу орада ижарага пул сарфладим, йўл кира, тушлик ўз ҳисобимдан бўлди. Бир ойдан сўнг «Ишингиз маъқул бўлмади» дейишди. Анча пайт иш излаб бир ошхонадан официант бўлиб ишлашга рози бўлдим. Бу ерда ҳам аввалги ишлаган жойларимдаги ҳолат экан. Ҳеч ким хизматчини ҳимоя қилмайди. Иш ҳақини бермайди. Бунинг устига, мижозлар официант аёлларга ахлоқсизга қарагандай қарашади. Ошхона эгаси бунга парво ҳам қилмайди. Беванинг кўрган куни қурсин, егани ош эмас, заҳар бўлар экан...
Мулоҳаза: Ҳукуматимиз тадбиркорларга барча шарт-шароитларни муҳайё қилиб, уларнинг фаолиятига кенг йўл очиб қўйган. Лекин бу – тадбиркорлар ўз ишчиларига истаган муомаласини қилавериши мумкин, дегани эмаслигини баъзи ўзбилармон «ишбилармон»ларимиз англамаганлар шекилли.
Оммавий ахборот воситаларида чиқиш қиладиган хусусий тадбиркор борки, «Корхонамиз ташкил этилганидан буён фалонча ишчи ўрнига эга бўлдик, писмадонча йигит-қиз иш билан таъминланди», деб оғиз кўпиртиради. Кейинини суриштирсангиз, уч-тўрт ой, борингки, бир йил ишлаб ҳам тузукроқ маош ололмаган ишчилар бирин-кетин у корхонани тарк этишади.
«Ман фақат»га айланган манфаат
Бугун замонавий қуллик – одам савдоси ҳақда тинмай бонг уриляпти. Хорижга иш излаб бормоқчи бўлган юртдошларимизни одам савдосига йўлиқишдан қайта-қайта огоҳлантиряпмиз. Аммо бу муаммонинг у ёки-бу кўриниши ўзимизда, ўз юртимизда, кўз ўнгимизда рўй бермоқда. Тадбиркор номи остида ўз фойдасини кўзлаб, манфаат сўзини «ман фақат» дея тушунган «ишбилармон»лар ҳимоясиз, муҳтож ожизаларни ишлатиб, ҳақини бермаётгани инсонга қулдай муомала қилгани эмасми?
Хулоса
Бугунги фикрларимиз билан юртимиздаги ҳамма тадбиркорларни худбин, бойликпарастга чиқариш ниятимиз йўқ. Фақат хусусий корхоналар раҳбарларининг қўл остида ишлаётган аёлларга эътиборли бўлишларини, уларнинг меҳнатини муносиб тақдирлаб, ҳолидан хабардор бўлиб туришларини астойдил истаётганимизни билдириб қўймоқчимиз, холос. Унутманг, ишчининг ҳам уволи бор!
Кубро БУЮК
Манба: azon.uz
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter