«Турмуш ўртоғим туну кун йиғлаган...» – бўҳтонлар билан жиноий жавобгарликка тортилган шифокор ҳикояси (видео)
Қодир Ҳотамов олис қишлоқлардан бирида, оддий деҳқон оиласида вояга етди. Мактабни тугатиб, Тошкент тиббиёт институтига ўқишга кириб, олий ўқув юртини муваффақиятли тамомлади.
Устозларнинг тавсияси билан хирургия кафедрасида иш бошлади. Кейинчалик фаолиятини Сирдарё вилоят шифохонасида шифокор сифатида давом эттирди.
Мазкур тиббиёт масканида бўлим мудири, бош шифокор муовини, бош шифокор лавозимларида фаолият юритди.
Бироқ 2009-2010 йилларда унинг бошига синовли кунлар келди. У турли бўҳтонлар билан жиноий жавобгарликка тортилиб, туҳматнинг «катта ўчоғи»да «ёқиб юборилди».
Бу орада турмуш ўртоғи ва ўғли оғир дардга чалиниб, оила мушкул аҳволда қолди. Қолаверса, синовларга бардош бера олмаган шифокорнинг ота-онаси берин-кетин вафот этди.
Бироқ адолат барибир қарор топди. 2019 йил 20 декабрь куни Олий суд ҳукми билан у айбсиз деб топилди.
«Халқчил ёндашув» кўрсатуви орқали шифокор Қодир Ҳотамов ҳаётида рўй берган синовли воқеалар ҳақида батафсил сўз юритилади.
«...Бизни туҳматнинг катта ўчоғида ёқиб юборишганди. Турмуш ўртоғим туну кун йиғлаган, бирор кун уйдан чиқмаган. Ўғлим институтни битирган, ўсиб келаётган кадр эди, унга ҳам тазйиқ ўтказишган, қийнашган. Нега? Чунки бу жиноятчининг аёли, жиноятчининг ўғли деган тамға босилган эди...
Инсоннинг ичида «рўшнолик насиб этармикан» деган умид, ёруғлик барибир сўнмас экан. Бахтимизга яхши замонлар келди, ҳамма нарса ўз йўлига тушиб, ҳақиқат қарор топа бошлади. Қайтадан гувоҳларни, ўша воқеа иштирокчиларини чақириб, масалага ойдинлик киритишди — бу аслида туҳмат экани, уюштирилгани исботланди. Олий суд ҳукми билан айбсиз эканим ҳақидаги қоғозни олдим. Давлат уч йиллик иш ҳақимни қайтарди, маънавий зараримга компенсация берди. 20 декабрь, 2019 йил мен қайта туғилдим...
Ҳозир бош шифокор бўлиб ишлаяпман. Давлат энг замонавий асбоб-ускунларни ўрнатяпти. Илгари вилоят шароитида ҳамма операциялар қилинмасди — 20 йил олдин қилинадиган ишлар ҳозир амалга оширилаётган ишларнинг ўндан бири ҳам эмас эди...» – дейди Қодир Ҳотамов.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter