Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Барно Султонова

Озодлик қўрқувнинг юзига тик қарай олишдир.

«COVID эмас, пневмония…» Пневмония COVID эмасми?

«COVID эмас, пневмония…» Пневмония COVID эмасми?

Иллюстратив фото

Хуллас COVIDни ҳам ўзбекчалаштириб олдик. ТВда бир мутахассис шифокор аёл тана ҳароратининг 38°Сгача кўтарилиши (ёки умуман иситма чиқмаслиги), терлаш, умумий ҳолсизлик, йўтал, бетоблик, тумов ёки томоқдаги оғриқ, томоқ қичишиши ва ачишиши, кўнгил айниши, қусиш ва (ёки) диарея, мушаклар ва танадаги оғриқ, бош оғриши, ҳид ва таъм билиш хусусиятининг йўқолиши (бу ҳақда ОАВда ҳам маълумотлар етарлича бериб борилмоқда) коронавируснинг белгилари эканлигини эслатиб ўтди.

Кейин томошабинлар томонидан савол берилди: «Худди шундай белгилар билан касал бўлаётганлар кўп, (ижтимоий тармоқларда айнан шундай белгилар билан касал бўлаётганлар кўплаб топилади) айниқса, ҳид ва таъм билмаганлар ҳид ва таъм билиш қачон қайтади, деб сўраётганлар, уй шароитида  ўз билганича даволаниб ётганларни кейинги пайтда жуда кўп кузатаяпмиз, оддий грипп билан коронавируснинг белгилари бир-бирига ўхшаб кетмаяптими?».

Мутахассис шундай деди: «Ҳозир бизга шундай симптомлар, яъни оддий шамоллаш билан касалланганлар кўпроқ мурожаат қилаяпти, бунга муздай сув ичиш, кондиционерни тагида ўтириш сабаб бўлмоқда».

Хуллас саволга аниқ жавоб берилмади, ҳар доимгидек айб яна аҳолини ўзига ағдарилди. Лекин мутахассиснинг жавобидан коронавирус билан оддий шамоллашнинг симптомлари бир хил эканда деган фикрга келдим.

Яна бир гап: ижтимоий тармоқларда баъзиларнинг ёзишича, бир оиладан бир кишидан коронавирус чиқаётганмиш ўша оиланинг қолган аъзоларига пневмония ташхиси қўйилаётганмиш. Афсуски, бизнинг оиламиз ҳам худди ўша юқоридаги белгилар билан шамолладик, COVID чиқмадию, лекин ҳозирча (чунки фақат хўжайинимнинг рентген жавобини олишга улгурдик) турмуш ўртоғимнинг ўпка рентген жавоби бронхит пневмония чиқди! Менда очиғи шубҳа пайдо бўлди, нима фақат бир оиланинг бир аъзосидан тест олинадими, қолганлари текширилмайдими ёки тест етишмайдими, гумдон қилинадими, натижада бир одамдан COVID чиқади, икки нафар одам текширилмагани учун пневмония деб қўя қолинадими?

Ахир барибир икковиниям даволашади, бир хил усулда. Яна шубҳа пайдо бўлади, ахир коронавирус жуда юқумли эдию, қолган оила аъзоларига қанақасига юқмаслиги ёки улар оддийгина пневмония бўп қўя қолиши мумкин?  Нега шуни ўрганадиган бирор вирусолог шифокор йўқ бизда. Ҳаммаси аралаш қуралаш бўлиб кетди. Ё соғлиқни сақлаш вазирлиги оммавий гриппга чалинаётган коронавируснинг симптоми билан гриппга чалинаётганларни COVID деб тан олишдан қўрқаяптими? Уларга кетадиган маблағ, ишчи кучи етмаслигидан коронавирусни оддий шамоллаш деб хаспўшлаяптими? Агар шундай қилаётган бўлса, аҳолининг карантинда ўтиришидан нима наф. Чунки  оддий шамоллабман деб одамлар бемалол кўчада юрибди. Аптекага кирган одам азитромицин, эргоферон, аскорбин кислотаси сотиб олаяпти.

Хўп, ростдан ҳам оммавий шамоллаш кучайиб кетибди, айнан шу йили нимага ҳаммага оммавий пневмония деган ташхис қўйилаяпти. Бу ҳолат ҳеч бир йили кузатилмаган, яна жазирама иссиқда қанақасига пневмония бўп қолиши мумкин дарров одам. Биз биламизки, қишда, кузда совуқ ҳавода грипп бўлган одам ўзига қарамаса, муолажа олмаса, зах ишда ишласа, шамоллаш узоқ муддатга чўзилиб кетса, пенвмония бўлиш эҳтимоли ортади. Шунда ҳам барча гриппга чалинган оила аъзоларидан биргина одам пневмония бўлиши мумкин. Лекин нима учун бир оиладан 2-3 киши бирданига пневмония бўлиб қолмоқда? Аввалги йиллари грипп бўлганлар орасида деярли пневмония бўладиганлар учрамасди, нега энди деярли барча грипп бўлаётганларга пневмония ташхиси қўйилмоқда? Нимага ҳатто ташхис қўйишда ҳам кўзбўямачиликка йўл қўйилмоқда. 

Яна бир гап. Бизда фармацевтика институти бор. Мана шу институтда ишлаётган мутахассислар, ўқиётган талабалар ўзимизда етиштирилаётган маҳаллий ва бугунги кунда одамлар учун асосий даволаниш чораси бўлиб қолаётган хрен, седана, исириқ, чеснок ва лимоннинг фойдаси ва зарарни нега шу пайтгача ўрганиб, илмий асослаб оммага тарқатмаяпти. Ёки фармацевтикага ўқиганлар фақат дори сотиш билан шуғулланиш учун диплом олганми? 

Эслатма: Қозоғистонда ҳам худди шундай ҳолат, жараён давом этмоқда. Жорий йилнинг 1 январидан 15 июлгача бўлган вақтда у ерда 3300 дан ортиқ одам пневмониядан вафот этди. Гарчи экспертлар томонидан пневмония коронвируснинг бир тури эканлигини тахмин қилинаётган бир пайтда, яна экспертлар томонидан бу ҳолатга жамиятни тинчлантириш учун, унчалик юқори динамикани намойиш этмаслик, ҳаддан ташқари ваҳима қўзғатмаслик учун, аниқ бир неча ҳафта давомида амал қилган вақтинчалик чора, вақтни ортга суришга уриниш бўлган чора эканлигини таъкидлаб ўтган бўлсалар-да, биздаги вазият ҳам ана шундай чуқурлашмаслигига, чигаллашмаслигига ким кафолат беради?

Айтганча, Қозоғистон пневмония билан касалланганлар таҳлил намуналарини тадқиқот учун Германияга жўнатишни режалаштирган. Шунга қарамай, 1 августдан бошлаб Қозоғистонда атипик пневмония ҳолати COVID-19 умумий статистикасида ҳисобга олинади. Бизнинг Соғлиқни сақлаш тизими ҳам айнан ана шундай чора тадбирларни қўллаш вақти келмадимикан? Йўқса, эртага жуда кеч бўлади...

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг