COVID диссидентлар кимлар? Ёки яширин фикрлар эпидемияси хавфи
«Одамлар ниқоб тақиб олгани менга жуда кулгули кўринади, ёш болага ўхшаб ишонувчанлиги ғалати», «Кимнидир танишининг таниши, кимнидир қариндошининг қариндоши коронавирусга чалинди, битта бўлсаям менга топиб кўрсатинг-чи?»...
Яқин яқингача интернет тармоқларида мана шундай баҳсларни кузатаётгандик. Ҳатто одамлар орасида «коронавирус бўлмаган гап-ей, бутун дунёнинг сиёсати», деган суҳбатлар қулоғимизга чалинаётганди. Ушбу касалликка ишонмайдиганлар бутун дунёда кўплаб топилади, булар диссидентлар ҳисобланади.
Мутахассисларнинг фикрига кўра, COVID диссидентлари орасида вирус гриппдан ҳам ёмон эмас, дейдиганлар кўпчиликни ташкил қилади. Афсуски, бундай одамлар ҳамюртларимиз орасида ҳам кузатилмоқда. Бу одамлар уйда парацетамол ва мевали ичимликлар билан даволанмоқдалар, улар шифокорни сўнгги чора сифатида чақирадилар, ниқоб тақмайдилар ва ўзларини изоляция қилиш режимига риоя қилмайдилар. Хусусан, улар коронавирусни грипп билан солиштиришни яхши кўрадилар. Аммо тан олишни исташмайдики, бугунги кунда коронавируснинг ўлим даражаси анча юқори. ЖССТ маълумотларига кўра, бир йилда 3,5–5 миллион киши гриппнинг барча турлари билан касалланади ва йил бошидан бери 15 миллиондан зиёд киши коронавируснинг янги турини юқтиришди.
«Эпидемия шунчаки цирк, биз эса масхарабоз»
Токи одамлар «мен коронвирусга чалиндим, менга ёрдам беринг» деб бонг урмагунича кўпчилик ана шундай ўйлаганди. Агар уларга хориждаги шифокорларнинг аҳволини, вазиятни айтсангиз жавоби нақд: «Актёрлар! Уларга иш ҳақи берилади», «Ҳамма ваҳима Ўзбекистонда, коронавирус авж олган хориж мамлакатларида ҳамма хотиржам, демак вирус йўқ нарса...» Афсуски, мана шундай фикрлайдиганларни дастлаб ишонтириш жуда қийин кечди. Ва оқибатда юртимизда одамлар уч кунлаб тўйлар қиладиган, бозорларда, жамоат жойларида масофа сақламайдиган, ниқобни номига тақадиганлар учради... шундай диссидентлар туфайли касаллик авж олди.
Шунингдек, пандемияни фитна деб биладиганлар ҳам бор: гўё вирус сунъий равишда барчани микрочиплаш, вакцина билан бирга микросхемани жорий қилиш учун яратилган. Бир қатор скептиклар эпидемия ўзига хос ижтимоий эксперимент, дунё ҳукуматининг фитнаси эмиш.
Шу боис диссидентлар майдонларда кечалар, шоулар уюштиришди. Ушбу тоифадаги одамлар ҳақиқатан ҳам CОВИД-19 каби касаллик мавжуд эмаслигига ишонишди. Кўпинча улар пандемиядан фойда олишлари мумкин бўлганлар ҳақидаги маълумотларни тарқатдилар. Дастлаб, бундай одамлар коронавирус — бу Хитой иқтисодиётини йўқ қилишга қаратилган ҳужум эканлигини айтишди. Энди уларнинг даъво қилишларича, Хитой вирусни йўқ қилиш учун дунёнинг қолган қисмига юборганмиш. Баъзи диссидентлар коронавирусни фармацевтика компанияларининг фитнаси, яъни пул қилиш йўлидаги «ўйини» деб ҳисоблашди.
Хорижда изоляцияга қарши оммавий намойишлар ўтказилди. Бундай норозиликлар вируснинг ўчоқларига айланди. Шу боис Америкада, Шимолий Кавказда, Петербургда, умуман хорижнинг кўпгина мамлакатларида «иқтисодиётга халақит берадиган» ўз-ўзини изоляциясини бекор қилишни талаб қилиб чиқишди.
Масалан, Шимолий Кавказдаги учрашувни опера хонандаси ва COVID-диссидент Вадим Челдиев ташкил қилди. Челдиев мурожаатида, у «коронавирус мавжуд эмас» ва «улар бизга нисбатан тўлиқ назорат ўрнатишга ҳаракат қилмоқда», деб ишонтирди, айни пайтда бу мурожаат хонанданинг ижтимоий тармоқдаги саҳифасидан аллақачон олиб ташланган. Аммо апрел ойида у деярли барча маҳаллий гуруҳларга парвоз қилди. Митингдан бир ҳафта ўтгач, минтақа раҳбари Вячеслав Битаров вирусни юқтирганлар сони кўпайишини эълон қилди. Бир неча фаоллар ҳатто касалхонанинг юқумли касалликлар бўлимига «экскурсия» қилдилар. Кейин улардан бири камера тўғрисида туриб одамлардан вирусга ишонмагани учун узр сўради: «Тўғри, вирус мавжуд. Шифокорларга осон эмас экан. Мен бу кийимда йигирма дақиқада ўзимни ёмон ҳис қилаяпман...»
Ёки АҚШда, ёшлар коронавирусдан қўрқмасликларини исботлаш учун жамоат жойларида ниқобсиз юришди. Улардан бири қўрқмасдан касалхонада коронавирусни юқтирди. Эронда, битта журналист, коронавирус фантастика эканлигини исботлаш учун жамоат жойларида ибодатхоналарни ёқиб юборди. Бир неча ҳафта ўтгач, эркак коронавирус туфайли келиб чиққан пневмониядан вафот этди.
Хўш, фитна назарияси қаердан пайдо бўлди?
Айни пайтда колл-марказда ишлайдиган танишим бир гапни айтиб қолди— «Баъзилар мендан ўзи касаллик ростдан борми деб сўрайди, шу қадар кўп одам юқтирганми ёки йўқлигини билиш учун қўнғироқ қилишади».
Ҳа, дастлаб шифохоналарда, палаталарда ҳақиқатан ҳам кам сонли одамлар бор эди. Беморларнинг юзлари хиралаштириларди ёки умуман кўрсатилмасди, сабаби тиббий сирни сақлаш керак. Шифокорлар эса махсус кийимлар ичида эди. Қолаверса, бирорта касал бўлган одамнинг ўзи очиқдан очиқ касалини тан олиб ёки тузалгани ҳақида ахборот бермасди, умуман касалхонадаги аҳвол ёритилмасди, балки шунинг учун, эҳтимол, вирусни ўйлаб топилгани ҳақида фитна назарияси пайдо бўлгандир.
«Бор овозда бақираман: ниқоб тақинг, ўзингизни эҳтиёт қилинг»
Н. исмли бемор (унинг илтимосига биноан исм ўзгартирилган) охирги кунгача коронавирусни рад этиб келаётган эди. Унинг онаси тўйда коронавирусни юқтириб аҳволи оғирлашиб қолди. Аввалига онасининг касалини грипп деб ўйлади, кейин онасининг қонида кислород билан тўйинганлиги атиги 75 га тушиб қолганида, бу касалликда ҳаво етишмай қолади деган «тўқима», «ваҳима» гапларга бекорга ишонмаганига афсусланди... У мен билан гаплашар экан: «Онангиз бўлса онангизни, бўлмаса яқинларингизни бу балодан асранг илтимос, мен ҳам бошимга тушмагунча ишонмагандим, онамнинг хотиржам бўлишига менинг тарғиботларим сабаб бўлди, ҳозир ҳаммага бақириб айтгим келади: «ниқоб тақинг, уйда қолинг, ишонинг бу вирус бор ва жуда хавфли...»
Коронавирус билан оғриган беморлар ундан ўлмайди
Дарҳақиқат, кўпинча шундай. Ушбу назариянинг тарқалишига одамларда юқумли касалликлар мавжудлигини алоҳида таъкидлайдиган баъзи куч тузилмалари ёрдам беради. Шу муносабат билан, интернетда ҳаттоки ҳазиллар пайдо бўлди, унда одам пичоқ ёки ўқ жароҳатларидан вафот этди ва шифокор охир-оқибат унинг коронавирусдан вафот этганлиги тўғрисида ёзишни талаб қилди. Ёки одам машинадан аварияга учради ва шифокор уни коронавирусдан ўлди деб ёзиб берди...
Ёки касалланганларда, албатта, ёндош хасталиклар борлиги эслатиб ўтилади. Аммо диссидентлар бир нарсани яна унутишади, яъни агар вафот этган одам коронавирусни юқтирмаганида эди сурункали касалликлари билан узоқ яшаётган бўларди. Демак коронавирус иммунитетни пасайтиради ва организмнинг сурункали касалликларга қарши курашишни сусайтиради.
Изоляция қилиш фойдасиз, барибир касал бўласиз
Қайсидир маънода, яширин диссидентнинг бу фикри тўғри. Бироқ, бу одамларнинг бепарволиги шифокорларнинг иложи борича кўпроқ касалларни қутқаришга уринишларини рад этади. Улар қуйидагиларни ҳисобга олмайди: Биринчидан, шифокорлар фақат коронавирус ва унинг асоратлари билан курашиш усулларини қидирмоқдалар. Кейинчалик сиз касал бўлсангиз даволанишингиз самаралироқ бўлиши учун, иккинчидан, олимлар вакцина устида ишламоқдалар ва бир фоиз одамлар буни кутишади. Хўш, агар у сиз бўлсангизчи, сизга вакцина ёрдамга келса яхши эмасми?
Коронавирус фақат кекса одамлар учун хавфли...
Ушбу турдаги коронавирус диссидентининг таъкидлашича, коронавирусдан фақат кекса одамлар қўрқиши керак — уларга касаллик осон юқади ва иммун тизими заиф бўлгани учун осон вафот этади.
Дарҳақиқат, кекса авлоднинг ўлим даражаси ёшларга қараганда анча юқори. Ва бу мантиқийдир — нафақахўрларнинг иммунитети деярли юқумли касалликлар туфайли заифлашади. Бироқ, бу ёшлар коронавирусдан ўлмайди дегани эмас. Улар ҳам вафот этишади. Мана яқинда Ўзбекистонда 28 ёшли аёл, 14 ёшли ўсмир вафот этди. Вафот этганлар орасида 35 ёшлилари, 40 ёшлилари ҳам мавжуд.
Энди тасаввур қилинг, кексалар ўзини эҳтиётлаб кўчага чиқмаслиги, жамоат жойларида юрмаслиги мумкин. Лекин ёшларчи? Айнан ёшларнинг жамоат жойда кўп юришини ҳисобга олсак, юқтириши ҳам шу даражада кўп бўлади ва ўлим сони ҳам кўпайиши турган гап.
Ёки бўлмаса кечқурун дўконлар олдида, маҳалла атрофида ўсмир йигитларнинг ниқобсиз гурунглашиб ўтирганини кўрамиз. Тўғри, улар зерикаётгандир, уйда ўтиргиси келмаётгандир, балки вирус юқса иммунитети кучли бўлгани учун ёш организм осон енгар, лекин уйда унинг бобоси, бувиси, ота-онаси борку. Уларга симптомсиз ташувчи бўлиб қолсачи?
Ҳақиқатни тан олиш қийин
Нега яширин диссидентлар пайдо бўлди? Кўпинча бунга турли хил психологик сабаблар омил бўлади. Ижтимоий психолог Алексей Рошчиннинг тушунтиришича: «инсон кутилмаганда бошқача, яъни «бўғилган ҳаёт»ни тан олгиси келмайди, шу учун рад этади. Одамлар коронавируснинг хавфи ёки мавжудлигига ишонишни хоҳламайдилар, чунки улар учун тан олмай яшаш осонроқ. Бу ибтидоий мудофаа механизми — инкор. Улар тез орада ҳамма нарса аввалгидай бўлишига ишонишади. Бундай одамлар ҳеч қандай хавф йўқлигига ишонч ҳосил қилиш учун кўпинча интернетда ўз ғояларини қўллаб-қувватлашга интилишади. Бироқ, хавфни унутган одам вирусга биринчи номзоддир». Бундай одамлар ўзларига ва хоҳишларига ҳаддан ташқари эътибор беришади. Улар пандемия туфайли ўз режаларини ўзгартиришга тайёр эмаслар — тўй учун зиёфат залини бекор қилиш, туғилган кунни нишонлаш ёки шоу ўтказиш, саёҳатга чиқиш...
Бошқалардан ажралиб туришга ҳаракат қилиш
«Ҳамма қўрқиб кетди. Аммо мен ундай эмасман. Қолганларнинг ҳаммаси аҳмоқлар, қўрқоқлар». Улар буни ҳамма жойда намойиш қилишади: кўчада, ижтимоий тармоқларда, блоглар ва видеоларда. Бундан ташқари, одамлар ўз-ўзини изоляция қилиш чораларига эҳтиёж борлигига ишонмасликларининг сабабларидан бири касалликнинг даҳшатли оқибатлари ва азоблари ҳақида аниқ мисоллар йўқлигига.
Яширин диссидентларнинг энг кўп учрайдиган саволлари бежиз эмас — сизнинг камида битта дўстингиз коронавирус билан касалланган ва ундан кимдир ўлганми? Овора бўлманг, токи ўзининг бошига келмагунча диссидентни касаллик борлигига ишонтира олмайсиз.
Нега яширин диссидентлар хавфли?
Чунки улар тавсияларга амал қилмайди. Яъни улар потенциал равишда бошқа одамлар учун ташувчи манбаи, вируснинг векторига айланиши мумкин. Диссидентлар коронавирус билан касалланган одам билан алоқада бўлганида, карантин қилинмайди. Охирига қадар улар ниқоб тақмайдилар, чунки «мен юқумли эмасман» ва касалхоналар, карантин ҳудудларидан қочиб кетишади, чунки «бу ерда нима қилишим керак, мен соғломман», деб ўйлашади.
Бунга мисол бизнинг ҳамюртларимиз орасида ҳам карантин ҳудудидан қочиш ҳоллари кузатилди. Бундан ташқари, улар жамоа бўлиб тўпланишади. Улар бошқа одамларни шифокорларнинг тавсияларига риоя қилмасликларига ва фитна назарияларини тарқатмасликларига ишонтиришади. Айниқса кўпчилик эшитадиган, эргашадиган фикр етакчилари бундай одамлар бўлишганда хавфлидир. Масалан, Буюк Британиянинг Бош вазири Борис Жонсон пандемия бошида коронавирус билан касал бўлишга чақирган. Коронавирус юқтириб олгач, бир мунча вақт реанимацияда ётди. Ва у ўз нуқтаи назарини ўзгартирди...
Коронавирус кундан кунга авж олаяпти. Ишонмаганларни ҳам, қўрқмасларни ҳам, пулдорларни ҳам, пулсизларни ҳам, кексаларни ҳам, ёшларни ҳам аяётгани йўқ. Коронавирусга чалинмаслик фақат ва фақат ўзимизга боғлиқ бўлиб турибди. Иложи борича карантин қоидаларини бузмаслик, жамоат жойларига бормаслик, соғлом турмуш тарзига амал қилиш асосий вазифамизга айланган. Коронавирусдан қўрқмай ёки ишонмай соғлиққа хавф етказгандан кўра, унинг борлигига ишониб, бу офатни талафотсиз енган киши ҳеч нарса ютқазмайди, шуни унутмасак бас.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter