Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Барно Султонова

Озодлик қўрқувнинг юзига тик қарай олишдир.

«COVID-19»га кўникамиз, аммо йўқотишларга эмас...

«COVID-19»га кўникамиз, аммо йўқотишларга эмас...

Фото: «Xabar.uz»

Бугун коронавирус билан боғлиқ вазият бутун дунёда тобора жиддий тус олмоқда. АҚШда сўнгги бир кунда 60 мингдан ошиқ инсон коронавирусни юқтирган, мингга яқин одам вафот этган. Россияда эса бир кунда 15 мингдан ортиқ одам коронавирусни юқтириб олган...

Ўзимизда ҳам вазият яхши эмас. Хитой бугунги кунда иқтисодиётини ўнглаётган биргина мамлакат бўлиб турибди. Улар бунга, коронавирус билан боғлиқ вазиятнинг яхшиланишига қатъий кўрилган чоралар орқали эришмоқда. Аммо айнан ниқоб тақишни хоҳламайдиган, ҳатто ниқобсиз, карантинсиз ҳаётни талаб қилиб намойишлар ўтказаётган мамлакатларда эса аҳвол гувоҳи бўлаётганимиздек ачинарли.

Мамлакатимизда нима учун вазият ўнгланиши қийин кечмоқда? Бунинг бир қатор сабаблари бор, албатта. Асосий сабаблардан бири аҳоли коронавирусдан қўрқмай қўйди. Кўпчилик гўёки бу касалликнинг ўзига даҳли йўқдек эҳтиёткорликни унутди.  Пандемиянинг бошланишида ҳамма қўлини тез-тез совунлаб ювиб, антисептик воситалардан фойдаланаётган эди. Ва ўша пайтлари касаллик бу даражада авж олмаган ҳам эди. Аммо бугунга келиб одамлар барча эҳтиёт чораларини унутиб қўйди. Ҳўл салфеткадан, антисептик воситаларидан тез-тез фойдаланиш уёқда турсин тўйларга гурра-гурра бўлиб бориш, нафақат қўл бериб кўришиш, балки қучоқлашиб кўришишдан ҳеч ким ўзини четга тортмаяпти. Афсуски, катта-катта мажлисларимиз тўхтамаяпти, юзлаб инсонларнинг бир ерда тўпланиб, тадбирлар ўтказилишига расмийлар йўл қўйиб беришяпти...

Яқинда олимлар овқатдан коронавируснинг қандай юқишини исботлаб беришди. Бугун бозорларга борсангиз очиқ сотилаётган маҳсулотларни ювилмаган қўли билан татиб кўраётганларни ёки бозорларда одамлар гавжум жойларда егулик еб юрганларни учратамиз. Ёки бўлмаса, тўйлардаги бетартибликлар, тўйга борганларнинг очиқчасига на масофа сақламай, на эҳтиёт чораларини кўрмай, худди анъанавий ҳаётда яшаётгандек карантин қоидаларини унутишларчи?

Бугун бутун дунё ушбу хасталикни енгиш учун қанчадан-қанча маблағ сарфламоқда, иқтисодий тангликни бошидан кечирмоқда, олимлар, шифокорлар кечани кеча, кундузни кундуз демай ушбу касалликни енгиш учун бош қотиришмоқда. Аммо бизнинг қўлимиздан келадигани ва талаб қилинадигани биргина нарса — эҳтиёт чораларини кўриш.

Тўғри, орамизда бу касалликни бошидан ўтказган, тузалиб бўлганлар ҳам кўп. Афсуски, талафот кўрганлар, севимли, яқин инсонларидан ажраганлар, бу йўқотишдан ҳалигача ўзига келолмаётганлар ҳам бисёр. Нима учун мана шу йўқотишлардан сабоқ чиқармаймиз? Айтайлик, сиз айни пайтда бу касалликнинг енгил формаси билан оғригансиз ва ўзингизга юқиши сизни энди ташвишга солмайди. Аммо эҳтиётсизлигингиз — ниқобни чала таққанингиз, тўйларга бориб ким биландир қучоқлашиб кўришишингиз, бирга ўтириб овқатланишингиз, меҳмонга боришингиз кимгадир қимматга тушишини ҳеч ўйлаб кўрганмисиз? Вирусли қўлингиз билан биргина эшик тутқичини ушлаганингиз ёки жамоа транспортида тутқичларда вирусни қолдирганингиз кимнингдир ҳаётига зомин бўлиши мумкинлигиничи?

Қолаверса, бу грипп енгил ўтгани билан ундан кейин ҳам уч ойлаб кетмайдиган асоратлари-чи? Ўша асоратларни деб асаббузарликларнинг келиб чиқиши, қанчадан-қанча ортиқча маблағ сарфланишичи? Масалан, олимлар коронавирусни бошидан ўтказганларни йиллаб чарчоқ синдроми тарк этмаслигини, уч ойгача сочлар тўкилишини ўрганишди. Бугун аҳоли орасида ижтимоий тармоқлар орқали асоратларидан қийналиб, ўз фикрларини бўлишаётган одамларни ҳам кўп учратаяпмиз. Масалан «Facebook» ижтимоий тармоғидаги «Тошкент шифокорлари» гуруҳида COVID-19дан кейинги яна бир асорат руҳият билан боғлиқлиги ҳақидаги постга кўпчилик ваҳимадан, вос-восдан, қўрқувдан азият чекиб асаб-руҳий касалликлар шифокорларидан муолажа олганини, ҳаттоки шифохонада ётиб чиққани ҳақидаги изоҳларни ўқиб қолдим.

Ҳа, биз бундан буёғига коронавирус билан қанча вақт яшашимизни билмаймиз. Унга кўникишимизга тўғри келади, лекин йўқотишларга, хасталикдан кейинги асоратларга кўз юмишга эмас. Биз айни пайтда эҳтиёт чораларни кучайтиришга, доимо ниқобда юришга, антисептик воситалардан фойдаланишга, оммавий йиғинлардан, мажлислардан чекланишга нафақат кўникиш, балки қатъий риоя қилишимизга тўғри келади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг