Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Барно Султонова

Озодлик қўрқувнинг юзига тик қарай олишдир.

Бу гал маҳалла аралашмасин!

Бу гал маҳалла аралашмасин!

Фото: «Xabar.uz»

Моддий жиҳатдан оғир аҳволга тушиб қолаётган энг муҳтож оилаларга озиқ-овқат, дори-дармон воситалари ва биринчи эҳтиёж маҳсулотларини сотиб олиш ҳамда ҳомийлик, хайрияларни мувофиқлаштириш ва волонтёрлик марказлари орқали етказиб бериш учун давлат томонидан 20 млрд сўм миқдорида маблағ ажратилади 120 минг эҳтиёжманд оилалар учун.

Қувонарли хабар. Аммо талон-торож бўлиши эҳтимоли жуда катта. Айниқса, маҳалла аралашса. Буни биз биринчи карантин давридаги гуманитар ёрдам тарқатилишида, Сардобадаги эгаларига етиб бормаган ижтимоий ёрдамнинг талон-торож қилинишида кузатдик, гувоҳи бўлдик, ҳатто айрим маҳалла раислари, ҳокимият вакиллари жавобгарликка тортилди. Энди бу ташкилотга ишониб бўлмайди. Унда нима қилиш керак?

Маҳалла тизими йўқ бўлган, аммо ҳар бир оила ёрдамдан бенасиб қолмаётган хориж тажрибасини қўллашга ўтиш керак. Масалан, катталар учун америкаликларнинг кўпи бир марталик тўловни 1200 АҚШ доллари миқдорида олишди. 16 ёшгача бўлган ҳар бир бола учун қўшимча 500 доллар тўлашди. Тўлиқ пулни олиш учун битта америкаликнинг даромади йилига 75 минг АҚШ долларидан ошмаслиги лозим, икки кишидан иборат фарзандсиз оила учун — 150 минг АҚШ доллари, битта оиланинг, болалар сонидан қатъи назар, олиши мумкин бўлган энг катта миқдори  — 7,5 минг долларни ташкил этади. 

Йилига 99 минг доллар ишлайдиган киши ёки даромади 198 минг доллар бўлган фарзандсиз жуфтлик давлатдан пул олмайди. Молия вазири Стив Мнучиннинг айтишича, биринчи чеклар уч ҳафта ичида олинган, охирги муддати 1,5-2 ой. Бу пулларнинг тақсимланишига миллий солиқ тўловчилар иттифоқи, Вашингтонда жойлашган жамоат бирлашмаси бош-қош бўлган. Худди шундай жамоат бирлашмаси бизда борми? 

Иқтисодчиларимиз, мана шу маблағни  тарқатиш ишига масъул шахслар хориж тажрибасини ўрганиши зарур эди. Фақат зинҳор-базинҳор маҳаллага ишониш керакмас. Маҳалла битта кам таъминланган оилани кўз кўрарга пул, дори-дармон, озиқ-овқат билан таъминлайди, суратга олади—ўзини қилаётган ишини кўз-кўзлайди гўёки, қолгани таниш-билишчилик ва ўзлаштириш билан якун топади. Чунки бу тизим «Маҳаллада дув-дув гап» кўрсатувида ҳажв қилинганидек ўзларининг таниш билишчилиги оқибатида эркакларни қоғозда аёлга айлантириб, бола пули беришни «кашф» қилган тизим.

Ҳазил ҳазил билану, лекин ҳазилнинг ортида катта ҳақиқат бор. Илтимос, маҳаллага ишониб кам таъминланган оилаларга ажратилган пулни—дори дармонни, озиқ-овқат маҳсулотларини талон-торож бўлишига йўл қўймайлик лоақал бу сафар...

Ҳатто, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири Раҳмат Маматов журналистларга берган интервьюсида ишора қилиб ҳам қўйди: «Шоли курмаксиз бўлмайди, лекин агар кам таъминланган фуқаронинг ризқига кўз олайтирадиган одам маҳалла тизимида ишлайдиган бўлса, биз уни албатта ишлатмаймиз ва қонуний чораларни кўрамиз». Айни қийин аҳволда қолган муҳтож оилаларни чирқиратиб, уларнинг насибасини еб тугатганидан кейин ходимни ишдан ҳайдашдан кимга наф?!

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг