«Блогерларни қамашмоқда...» — Блогер ўзи ким? Блог нима?
Кўпчилик «блогер» деганда жамиятимиздаги ижтимоий муаммоларни кўтариб чиқадиганларнигина кўз олдига келтиришади. Умуман, ижтимоий тармоқлардаги ўзбек сигментида амалдору давлат хизматчиларидан тортиб оддий одамларгача, блогерни жамиятимизда бўлаётган воқеа ҳодисаларни танқид қилувчи, мурожаатни ўрганувчи, ечим изловчи, деб ҳисоблашади. Аслида блогер ким?
Блог — инглизча web-log сўзидан олинган, яъни интернет саҳифаси, онлайн кундалик ҳисобланади. Бу онлайн кундаликдан матн, расм ёки мультимедия ўрин олган бўлиб, маълум бир шахс томонидан юритиладиган интернетдаги саҳифа.
Ўз саҳифасини юритадиган одамлар блоггерлар, блоглар тўплами эса блогосфера деб аталади. Илк блог 1992 йилда очилган бўлиб, Тим Бернерс-Лига тегишли. 1996 йилдан бошлаб эса блоглар оммалаша бошлади. 1999 йил августда Pyra-Labs компьютер компанияси Blogger.com — биринчи бепул блоглаш хизматини ишга туширди. «Блог» атамаси 1997 йил 17 декабрда Жорн Баргер томонидан ўйлаб топилган.
Блоглар муаллифлигига кўра шахсий, жамоавий ва корпоратив, мазмунига кўра тематик ёки умумий бўлиши мумкин. Жойлашувига кўра, тармоқ, яъни блогинг хизматларида (blogspot.com, livejournal.com) ва автоном, контент мустақил бошқариладиган тизимда (Telegram, Facebook, Instagram, Youtube, Тik-Tok, Twitter платформалари кабиларда) фаолият олиб борилади.
Facebook ижтимоий тармоғидаги дўстларим орасида Баҳодир Камолов ўзининг боғи, токлари, экаётган сабзавотлари, қишлоқ об-ҳавоси ҳақида постлар қўйиб борса, тарихчи Ихтиёр Эсоновнинг саҳифасида қизиқарли тарихий фактлар, машҳур тарихий шахслар ҳақида ўқийсиз.
Қўғирчоқ ясовчи Моҳидил Турсунова, каштачи Моҳира Султонова эса ҳунармандлик сирлари билан батафсил ўртоқлашиб боради.
Ҳайвонлар учун бошпана очган Ирода Маткаримова ҳам блогер ҳисобланади. Унинг саҳифасида Ўзбекистонга нега шундай ҳайвонлар учун бошпана кераклиги, ҳайвонларга нега меҳр-муҳаббат бериш лозимлиги ҳақида ўқийсиз. Ирода Маткаримованинг блоги орқали ҳайвонлар бошпанаси сони ошди, ҳайвонларга меҳр кўрсатадиган одамлар кўпайди. Айнан шу блогер ҳам ушбу тизимдаги камчиликларни бемалол танқид қила олади. Нафақат Facebook балки телеграмм каналлари ҳам мавжуд. Мен юқорида санаб ўтган блогерлар қўядиган постига, мазмунига кўра тематик ёндашади.
Бизда эса айримлар камерани кўтариб олиб эр-хотинни тўшагини суратга олиш, фоҳишани сўроқ қилиш, бирор идора раҳбарининг хонасига бостириб кириш ёки бирор фуқаронинг ҳақиқатини юзага чиқариш учун аниқ бўлган ёки бўлмаган фактларни кўтариб чопадиганларнига блогер ҳисоблашади.
Яъни, юқорида таъкидлаганимдек, блогер деганда ижтимоий муаммони кўтариб чиқадиганларнигина тушунишади. Аслида йўналишига кўра саёҳат, сиёсий, мода, ҳаётий, таълим, спорт, кино, саломатлик, бизнес, таомлар, ҳунармандчилик асарлари, мусиқа, АКТ — буларнинг барчасини изчил ёритадиган, маълумотлар бериб борадиган, янгиликлар билан таништирадиганлар ҳам блогерлар ҳисобланади. Улар шов-шувга ўралашмай, бировни шарманда қилиш орқали ном чиқармай, бошқаларнинг янгилик олиши, вақтини мазмунли ўтказиши, нимадир ўрганишига хизмат қилади.
Ўзга мамлакатларда блог саҳифалари оммалашган сари ҳатто энг яхши блоглар учун танловлар уюштирилади.
Бизда ана шундай турли тематикаларда изчил мавзуларни ёзиб борадиганларни блогер ҳисоблашадими? Йўқ. Ёки уларнинг ёзганларини кузатишадими? Йўқ. Танловлар ўтказишадими? Йўқ. Танловлар нега керак? Бошқа ўз саҳифасига эга бўлганларга мотивация бериш, ҳар бир одам ўзидан «блогер яратиш», ўқиб-ўрганиш, аудиторияни кенгайтириш, ижтимоий тармоқлардаги ўзбек сигментини ижтимоий, маданий фикрини кенгайтириш учун ҳам керак.
Кейинги пайтларда блогерларни қамашмоқда, деган хабарлар тез-тез қулоғимизга чалинмоқда. Ва гўёки журналистлар эркин сўз айтмаётгани учун улар билан ҳеч кимнинг иши йўқ, деган баҳслар юзага келмоқда. Ўша қўлга тушганларнинг орқасини суриштирсанг, пул эвазига ер олиб ёки манфаат эвазига биронтасининг ишини ҳал қилиб бермоқчи бўлганининг гувоҳи бўласан. Ва ижтимоий тармоқларда, «Блогерлардан қўлингни торт», «Ҳақиқатчи блогерлар», деган гуруҳларнинг пайдо бўлгани ҳатто «блогер»ларнинг ўзи ҳам блогер ва блог тушунчасига эга эмаслигидан, яъни блогер дегани фақат ҳақиқат изловчи деб тушунишини англаш қийин эмас.
Кейинги пайтлар бирон мавзу хусусида гап кетса ёки мурожаат пайдо бўлса журналистлар ва блогерлар деб мурожаат қилинадиган бўлди. Ва энг қизиғи, бирор жойдан интервью олишга борса журналистдан ҳужжат талаб қилишларию, блогердан ҳужжат талаб қилмасликлари, уларнинг ваколатини тўртинчи ҳокимият ҳисобланмиш журналистларникидан ҳам баланд қўйиш эмасми?
Кўпчилик журналист ўз ишини бажармагани учун блогерларга одамлар мурожаат қилишади, деб ўйлашади. Ёки қанчадан-қанча муаммолар интернет нашри ёки босма нашрларда журналистларнинг муаммоларга қайта-қайта урғу бергани учун ҳал бўлаётганини тан олишни исташмайди.
Журналист бирор муаммони холис ўрганиб, ўша муаммони жабрдийда томон ҳал қилса ҳам, амалдорни танқид қилсаям ўринли танқид қила оладики, бирор журналистга босим ўтказилмайди. Ижтимоий тармоқда яқинда бир блогерни қамаб қўйишибди, деган хабарларга кўзим тушди. Саҳифасига кириб кўрсам бирорта тайинли фикр, гап йўқ. Бир марта мен блогер сифатида мурожаат қилаяпман, деган фактсиз танқидлари учун уни қўлга олишибди. Ва ҳамма жойда блогерга босим бўлаяпти, деб хайп қилишди. Унинг тўғридан-тўғри айтган танқидини қанчадан-қанча журналистлар фактлар билан ёзяпти, нега ҳеч ким уларни ушлаб кетмяпти. Ёки ҳақиқий сиёсатдан, ижтимоий ҳаётдан яхши хабардор блогерлар ўз каналларида, саҳифаларида ёритаяпти, ҳеч ким индамаяпти? Масалан, таниқли Нилуфар Жумаева, Азиза Қурбонова, Хушнудбек Худойбердиев, Қобил Хидиров, Шаҳноза Соатова каби журналистлар ўзининг ижтимоий тармоқ саҳифаларида ҳам, телевидение орқали ҳам қанчадан-қанча муаммоларни кўтариб чиқаяпти, аёвсиз танқид қиляпти, лекин уларга тақиқ бўлгани йўқку.
Блогер ким? Блогер ижтимоий тармоқларда ўз саҳифасини юритувчи ижтимоий тармоқ фойдаланувчиси. У ҳақиқат изловчи, муаммоларга ечим топувчи, кимнидир шарманда қилувчи, шантаж қилувчи эмас. У исталган мавзуда қизиқарли қилиб маълумот бера оладиган, одамларга янгилик етказа оладиган, бирон воқеа-ҳодисага ўз муносабатини креатив билдира оладиган фаол ижтимоий тармоқ фойдаланувчисидир, асло икки тараф ўртасида турувчи қози эмас...
Барно Султонова
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter