Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Анвар Намозов

Дунёда тасодиф йўқ, бу сўзларни ўқиётганингиз ҳам тасодиф эмас!

«Новосельцев, марҳамат, киринг...»

«Новосельцев, марҳамат, киринг...»

Фото: «Ишдаги ишқ» фильмидан лавҳа

Машҳур актёр Андрей Мягков вафот этди.

Биз бу чеҳрани ҳар йили янги йил арафасида ТВда кўрамиз. Сабаби, байрам кунларида у иштирок этган «Тақдир ҳазили ёхуд қушдек енгил бўлинг» кинокомедияси экранда албатта намойиш этилади. Андрей Мягковнинг ажойиб ижроси миллионлаб томошабинларга табассум бахш этади. Унинг «Ишдаги ишқ можароси» фильмидаги бир қадар нўноқ, довдир, аммо пок, ҳалол Новосельцев образи ҳам ўзбек томошабинларига яхши таниш. Хўш, Андрей Мягковнинг бошқа роллари ва шахсий ҳаёти ҳақида нималарни биламиз?

Профессорнинг ўғли

Андрей Мягков 1938 йил 8 июлда Россиянинг Петербург музофотида зиёли оилада дунёга келган. Унинг отаси Василий Мягков политехника институтининг профессори бўлган.

Мактаб йилларида бўлажак актёр техникага алоқадор фанларга қизиқди. Юқори синфга ўтгач эса негадир театрга меҳр қўйди. У драма тўгарагига қатнаб, спектаклларда бош ролни ижро этадиган бўлди. Бироқ Андрей Мягков мактабни тугатгач, актёрлик соҳаси бўйича таҳсил олишни истамади. У кимё-технология институтига ўқишга кирди. Мазкур олий ўқув юртини тамомлагач, уни пластик массалар институтига йўлланма билан ишга юборишди.

Тақдир Андрейни барибир санъат билан боғлади. 1961 йили театр билим юртининг бир гуруҳ ўқитувчилари ёш истеъдодларни топиш мақсадида Петербургга ташриф буюришди. Ана шунда Мягковнинг мактаб давридаги иштиёқи жўш уриб кетди. У ўз истеъдодини синаб кўришга аҳд қилди.

Синовдан ўтказаётганлар Андрей ижросидаги масални охиригача эшитмасдан уни тўхтатдилар. «Йигитча, давом эттиришингиз шарт эмас, сиз қабул қилиндингиз», — дейишди.

Бу кутилмаган омад эди. Саралаш босқичидан муваффақиятли ўтган Мягков ўқишга қабул қилинди. Ваҳоланки, у ота изидан бориб, муҳандис сифатида ишламоқчи эди. Тақдир ҳаётига театрни олиб кирди.

1965 йили МХАТнинг мактаб-студиясини тамомлаган Мягков «Современник» театрига ишга қабул қилинди. Илк роли Достоевский асари асосида саҳналаштирилган «Буванинг туши» спектаклидаги Бува бўлди. Бу ролни томоша қилган режиссёр Элем Климов Мягковни «Тиш шифокори саргузаштлари» фильмидаги бош қаҳрамон ролига таклиф қилди. Актёрнинг жиддий роли эса 1969 йили экранларга чиққан «Ака-ука Карамазовлар»даги Алёша Карамазов бўлди. Бу пайтда Мягков театрда ҳам иш билан ниҳоятда банд эди. Маълум вақтдан сўнг актёр «Современник»дан кетиб, МХАТга ўтди.

1975 йили Элдар Рязановнинг «Тақдир ҳазили ёки қушдек енгил бўлинг» номли фильми намойиш этилди. Мягков унда Женя Лукашин ролини ижро этди ва шон-шуҳратга кўмилди. Орадан икки йил ўтиб, 1977 йили Элдар Рязанов «Ишдаги ишқ можароси» комедиясини суратга олди. Мягков яна бош қаҳрамонни ўйнади. Унинг экрандаги жуфти актриса Алиса Фрейндлих бўлди. Новосельцев ва Калугина роллари томошабинларга беқиёс табассум улашди.

Андрей Мягковнинг бошқа фильмлари сафидан «Турбинлар кунлари» (1976), «Гараж» (1980), «Вертикал бўйича пойга» (1983), «Шафқатсиз романс» (1984) ўрин олди.

1990-йиллар мобанида Мягков кинода кам суратга тушди. У, асосан, театр ва мураббийлик фаолиятига эътиборини қаратди. Шунингдек, режиссёрлик ишини ҳам билан ҳам машғул бўлди.

Шахсий ҳаёт ва душманлар

Андрей Мягков ва Анастасия Вознесенская турмуш қуришганига қирқ йилдан ошган. Улар МХАТ мактаб-студияси ўқиганларида танишишган эди. Кейин турмуш қуришди. Йиллар мобайнида аҳил-иноқ яшашди.

Актёр рассомлик билан ҳам шуғулланарди. У портретлар чизарди. Ўз асарларида инсонлар қалбини чуқур ифода этарди.

Мягков театр режиссёрларининг барчаси билан ҳам келишиб кета олмаган. Бу рўйхатдаги биринчилар қаторида Любимов ва Волчек турарди.

— Юрий Петрович – нақ диктатор, — дейди Мягков Любимов ҳақида. — У мени таклиф қилгач, бир ҳафта ишлай олдим, холос... Любимов — улуғ режиссёр. Саҳналаштирган асарлари менга жудаям ёқади, биттасини ҳам қолдирмайман. У билан бирга ишлай олмаганим ҳеч нимани ифодаламайди. Мен «Современник»дан бўшаб кетгач (30 йилдан ошди), у ерда атиги бир марта бўлдим, холос. Нима десам экан... Тўғриси, жавоб беролмайман. Билмадим. Эҳтимол, мен рўй бериши мумкин бўлган кўнгилсизликдан ўзимни олиб қочгандирман.

Табаков роли?

Мягковнинг ҳақиқий сафдошлари сифатида марҳум режиссёр Элдар Рязанов ва актёр Олег Табаковни кўрсатиш мумкин. Бу инсонлар Андрей Мягков истеъдодининг барча қирраларини кўра олишган.

Олег Табаков шундай эслайди:

— «Современник»да мен ижро этишим керак бўлган ролни Мягковга беришди. Ваҳоланки, ўшанда камина «Мосфильм» ва ТВнинг кўзга кўринган одами, Мягков эса кечаги битирувчи эди. Ўйлаб кўрсам, мен билан Андрейни қандайдир қалб ришталари боғлар экан. Бу эса Мягковнинг қобилиятини кўра олишимга имкон беради. Биз Андрей билан дўстлашмаганмиз, ҳеч қачон бирга ичмаганмиз. Мягков — иқтидорли, уқувли актёр. Ёдимда, театрдаги спектаклга актёрлардан бири ичиб келди. Мен уни саҳнага чиқармадим. Ўша актёрнинг ўрнига бу ролни Андрей зўр ижро этди.

«Ароқхўр ҳам келибди»

Андрей Мягков моддий жиҳатдан ўзи истагандек яшамайди. Ўзининг айтишича, у томошабинларнинг алоҳида чуқур муҳаббатини ҳис этмаган.

— Менинг яхта ёки қиммат автомобиллар туҳфа қиладиган бойвучча мухлисам йўқ, — дейди Мягков. — Кўплаб ҳамкасбларим қатори оддийман. Тўғри, машинам бор, ресторанда ўтириб дўстларимни чақиришим мумкин. Бироқ маошим оз, ҳамиша шундай бўлиб келган.

Мягков ўз феъл-атворида собит одам, у пул учун суратга тушмайди. Буни сериалларга таклиф қилишганида кескин рад этганидан билса бўлади.

— Ақл бовар қилмайди, — ҳайрон бўлади у. — Кўпчилик аллақачон биладики, сериалларга мутлақо яқин йўламаслик керак. Мен буни ниҳоятда ёмон ҳисоблайман. Бир пайтлар кинонинг ўз қиёфаси бор эди, ҳозир эса кинога америкача башарани чизиб қўйишган.

Андрей Мягков халқ артисти, давлат мукофоти совриндори, бир қанча мукофотлар соҳиби. Ҳар йили қишда намойиш этиладиган «Тақдир ҳазили...» машҳур бўлса-да, Мягковнинг ўзи бу фильмни хушламайди. Сабаби, машҳурлиги «бурнидан чиққан».

— Қаерга гастролга бормайлик, одамлар ҳозиргача мени кўрсатиб, «мана, ўша ароқхўр ҳам келибди», дейишади. Дастлаб бу гаплардан қаерга қочиб қутулишни билмадим. Бора-бора бундай муносабатларга кўникдим. Бироқ барибир кўнглим ранжийди, кўпчилик қаҳрамонимни ароқхўр сифатида кўради, аслида у бунақа эмас. Дарвоқе, ҳаммомга ҳам тоқатим қолмаган.

Давоми эмас. Бошқа!

Хабарингиз бор, Тимур Бекмамбетов «Тақдир ҳазили. Давоми» фильмини суратга олган. Унда биринчи фильмдаги актёрларнинг аксарияти роль ўйнаган. Жумладан, Андрей Мягков ҳам. Аммо...

— Мен бу фильмни кўрмадим, кўрмайман ҳам, — дейди Мягков. — Сценарий ёқмади. Очиғини айтсам, «Тақдир ҳазили. Давоми»ни суратга олиш менинг ғоям эди. Бир вақтлар уни синопсис тарзида ёзиб, Элдар Рязановга кўрсатгандим. Рязановга бу ғоя ёқмади. «Андрей, мен битта дарёга икки марта шўнғимайман», — деди у. Кейин мен Константин Эрнстга мурожаат қилдим. У қизиқиб қолди. Менинг сценарийим асосида иш бошланди ҳам. Кейин эса сценарий бошқа кишиникига айланди, фақат ғоя қолди: биринчи фильмдаги қаҳрамонларнинг фарзандлари ҳаётини ёритиш! Хуллас, охирги сценарийга менинг алоқам йўқ. Йигирма тўрт марта ўзгарди ахир! Барибир ниҳоят меники асосида йигирма бешинчи талқин биринчи канал раҳбарияти томонидан маъқулланди. Аммо ўзимга қолса, Тимур Бекмамбетовнинг фильмини «Тақдир ҳазили. Давоми» эмас, «Тақдир ҳазили. Бошқа фильм» деб номлаган бўлардим. Умуман айтганда, «Тақдир ҳазили ёки қушдек енгил бўлинг» фильми ҳақида сўзлайвериш нақ бўғзимга келган. Яна қачонгача гапиришади? Қани эди, бу фильмни ҳеч бўлмаса қирқ йил намойиш этишларини тақиқласам!..

Миллионлаб томошабинларга табассум улашган актёр Андрей Мягков энди уларни йиғлатиб, юрак етишмовчили туфайли ҳаётдан кўз юмди.

У 82 ёшда эди. Интервью беришни ёмон кўрарди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг