Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Анвар Намозов

Дунёда тасодиф йўқ, бу сўзларни ўқиётганингиз ҳам тасодиф эмас!

Миллионлаб одамларни кулдирган актёр аччиқ қисмат қурбони эди

Миллионлаб одамларни кулдирган актёр аччиқ қисмат қурбони эди

Фото: earth-chronicles.ru

Алексей Смирнов «Ишбилармон кишилар», «Ы» операцияси…» ва бошқа фильмлар орқали яхши таниш. Унинг қаҳрамони айтган «Жойни бўшатаман, ўзингни ўхшатаман», «Студент, сени ўлдираман», «Ҳей, болакай, манови обакидандондан еб, бизнинг аравада сайр қилиб келмайсанми?» «Ўн дақиқада Канада чегарасида бўламиз» каби сўзлари томошабин ёдида қолган. Беўхшов хатти-ҳаракатлари миллионлар мухлисларга хуш кайфият, табассум улашган.

Аммо актёр Смирновнинг шахсий ҳаёти ҳақида ҳамма ҳам билавермайди. У томошабинларга кулги улашган бўлса-да, ўзининг бошига кўплаб кулфатлар ёғилган эди.

Яширилган никоҳ узуги

Алексей Смирнов 1920 йил 28 февралда Россиянинг Ярослав вилояти Данилов шаҳрида дунёга келган. У кичкиналигидан актёр бўлишни орзу қиларди. 30-йилларда орзуси ушалиб, Ленинград мусиқали комедия театри қошидаги студияга қабул қилинди. Уни тамомлагач, 1940 йилда эстрада актёри сифатида фаолият юритди.

Ўша пайтларда Алексей қўшни қиз Лидия Масловани ёқтирарди. 1941 йилни кутиб олиш арафасида Алексей Лидиянинг қўлини сўради. 5 март куни ЗАГСга ариза беришди, аммо... уруш бошланди.

Алексей фронтга кўнгилли бўлиб кетди. Кетишидан олдин севгилиси Лидияга қаттиқ тайинлади: «Мени кутгин, тезда қайтаман, кейин тўй қиламиз». Никоҳ узугини яшириб қўйди.

Урушга кетган А.Смирнов дастлаб кимё инструктори, сўнг 169-взвод командири бўлди. Ғарбий, Брянск, 1-Украина ва 2-Белоруссия фронтидаги жангларда қатнашди. 1943 йил 22 июлдаги мукофотлаш варақасида унинг уч гитлерчини ўлдиргани ёзилган. 1944 йилнинг 4 мартида Смирнов ўз взводи билан душманнинг миномёт батареяси, станокли пулемёти ва 30 нафарга яқин аскарини йўқ қилди. Ўша йили 20 июлда немислар 40 жангчисини ҳужумга ташлади. Смирнов қўлида қуроли билан олдинга талпиниб, сафдошларини руҳлантириб юборди. Ҳужум қайтарилди. Немислар 17 аскарини йўқотди. Смирнов шахсан ўзи 7 аскарни асирга олган эди. Орадан бир ҳафта ўтгач, Журавка қишлоғидаги жангда Смирнов ва унинг уч полкдоши 17 та душман аскарига дуч келишди. Қаттиқ жанг бўлди. Душманнинг 9 нафар аскари ўлдирилиб, 5 таси асирликка олинди.

1945 йил 17 январдаги Висло-Одер операциясида Смирнов ва уч сафдоши қуршовга тушиб қолди. Кучли жанг кечди. Смирнов шахсан ўзи уч немис жангчисини ўлдириб, икки нафарини асир олди ва ҳужум йўлини очди. Ўша йили 22 январда эса Одер дарёси қирғоғидан туриб, душманнинг иккита пулемёти жойлашган нуқтаси ва 20 аскари йўқ қилинди. Шу тариқа 36-гвардия ўқчи полкининг Эйхенрид қишлоғидаги плацдарми кенгайтирилди. Кўрсатган қаҳрамонлиги учун Смирнов бир неча марта мукофотланди. Эътиборлиси, уруш пайтида у бадиий ҳаваскорлик гуруҳига ҳам раҳбарлик қилган. Ўнлаб марта концертлар уюштирган.

Аммо Алексей Смирновнинг урушни Берлинда якунлашининг имкони бўлмади. Қақшатқич жанглардан бирида душман ўқи Смирновни оғир жароҳатлади ва госпиталга ётқизилди. У ерда эса урушга яроқсиз деб топилди. Смирнов қаттиқ изтиробга тушди. Чунки оғир жароҳат туфайли у энди бир умр фарзандли бўла олмас, бепушт эди. Чор-ночор уйга қайтди.

Севгилиси Лидиянинг ҳаётини барбод қилмасликни ўйлаган Смирнов ич-ичидан сиқиларди. У қизни бахтсиз қилишни хоҳламасди. Шу боис Лидияга урушдан қайтганини хабар ҳам қилмади.

Лидия Маслова ҳикояси: — Мен уни қанчалик кутгандим. Алексей урушдан ҳар ойда менга хат ёзарди. Уйга қайтганини бошқалардан эшитдим. Олмали пирог пиширдим ва югурдим. Аммо уйларига етиб, эшикни очдиму, жойимда серрайиб қолдим. Мени кўрган Лёша ўрнидан ҳам турмади. «Ҳа, сенмисан? – деди нописандлик билан. – Яхшимисан?..» Мен ҳамон бўсағада турардим. «Лёшка, қара, сенга пирог олиб келдим», – дедим овозим титраб. «Пирогни бошимга ураманми? – деди Алексей тутақиб. – Сени ким чақирди ўзи?»

Лидия уйдан югуриб чиқиб кетди. Алексей унинг ортидан қараб қолди. Сўнг бир стакан ароқ ичиб, Лидия олиб келган пирогдан тишлади ва йиғлаб юборди. «Ҳеч қачон ҳеч қандай тўй бўлмайди. Бу ҳақда мендан сўраб ўтирманг», – деди у онасига…

Орадан икки йил ўтди. Лидия бошқа йигитга турмушга чиқди. Тўй ўтаётган ҳовлида қўни-қўшниларлардан фақат Смирнов йўқ эди. У уйидаги дераза токчасида бош эгиб ўтирарди.

Эртаси куни эрталаб... Лидия уйида гулдаста ва никоҳ узуги солинган хатжилдни кўрди. «Бахтли бўлинглар», деб ёзилганди қоғозда.

Фақат анча йиллар ўтиб, Лидия Ивановна Алексей билан боғлиқ ҳақиқатдан воқиф бўлди.

Бу вақт давомида Смирнов саҳнага қайтишга уриниб кўрди. 1946 йили у Ленинград мусиқали комедия театрига қабул қилинди.

У ҳали кинода кўринмас, театрдаги оммавий чиқишларда иштирок этарди, холос. Актёр кекса ва касалманд онасига қарашар, унга бениҳоя ғамхўр эди.

Ногиронлар уйида...

Алексей Смирновга иккинчи даражали ролларни бера бошлашди. Бу актёрнинг ташқи қиёфасини назарда тутган режиссёрлар уни ножиддий, кулгили ва енгил ролларга муносиб кўришарди. Бора-бора театр томошабини Смирновни севиб қолди. Унинг ҳар бир чиқиши табассум уйғотар, айниқса болалар ёқтиришарди.

Кекса онаси ўғлининг уйланишидан ҳали-ҳануз умидвор эди. «Сен қачон жуфтингни топасан, невараларимни қачон кўрарканман?» — дерди у.

50-йилларда Алексей Смирнов бола асраб олишга аҳд қилди. У ногирон болалар уйига борадиган, ёғочдан ясаган ўйинчоқларини уларга ҳадя этадиган бўлди. Бу гўшада Ваня исмли бола Смирновнинг эътиборини тортди. Юрак касаллиги билан туғилган Ваня ҳеч кимга қўшилмас, маъюс ва сокин эди.

Уни асраб олиш жараёни етти йилга чўзилди. 1960 йили ниҳоят рухсат тегди. Бироқ бу вақтда Смирновнинг бошига кулфат тушган: онаси ҳаётдан кўз юмган эди. Алексей ичкиликка берилди. Соч-соқоли ўсган ҳолда, қўлида бир даста ҳужжат билан интернат уйига келганида уни ичкарига киритмадилар. «Менга боламни беринглар, — деди Смирнов алам билан. — Рухсат қоғозим бор-ку?»

Қимматбаҳо тобут

Смирновни кашф этган режиссёр Леонид Гайдай бўлади. Бунгача актёр кинода кичик ролларни ўйнарб юрарди. Гайдай унга «Ишбилармон кишилар» фильмининг «Ҳиндулар саркардаси» новелласидаги баҳайбат ва соддадил Билл ролини ишониб топширди. Смирнов билан бирга актёрлар Георгий Вицин ва Серёжа Тихонов роллар ўйнашди.

«Ишбилармон кишилар» фильмидан сўнг Алексей Смирнов кино майдонидан ортмай қолди. У билан ишлаш осон эди. Смирнов режиссёрларнинг кўрсатмаларини тез тушунар, тўрт оёқлаб югуриш, сакраш, музли сувда сузиш каби оғир машқларни ўзи бажарарди.

1964 йилда Алексей Смирнов «Хуш келибсиз ёхуд бегоналарнинг кириши ман этилади», «Қуёнча» кинокомедияларида роллар ижро этди.

Орадан бир йил ўтиб, Леонид Гайдайнинг «Ы» операцияси ёки Шурикнинг бошқа саргузаштлари» фильми катта экранларга чиқди. Уни миллионлаб томошабин кўрди. Шундан кейин «Айболит-66», «Малиновкада тўй», «Зарба, яна зарба», «Етти қария ва бир қиз» фильмларида роллар ўйнади.

Алексей Смирновнинг орзуси жиддий ролларни ўйнаш эди. Бироқ, битта-иккита фильмни айтмаганда, режиссёрлар унга жиддий ролларни раво кўришмасди.

1968 йили «Разведкачилар» экранларга чиқди. Смирнов унда сафдошлари учун ўзини қурбон қилган разведкачи ролини талқин қилган. Фильмда Смирновнинг энг садоқатли дўстларидан бири Леонид Биков ҳам «вафот этади». 1974 йили «Урушга фақат «қариялар» боради» намойиш этилди. Унда кинорежиссёр Биков эскадрилья командири Титаренкони, Смирнов эса механик ролини ўйнади. Смирнов ҳамкасбларига шундай деганди: «Мен ўзимнинг режиссёримни жуда кеч топдим».

Бу вақтда онасидан жудо бўлган Смирнов оғир тушкунликка тушиб қолди. У бор-йўғини қимматбаҳо тобут сотиб олишга сарфлади. Онасини бир ўзи кўмди. Волидасининг мурдасини қабристонга олиб боришда қўни-қўшнилар ёрдамлашишди. Смирнов онасининг қабри бошида уч кун қолиб кетди. У тўйиб-тўйиб йиғлади. Кейин эса қайтиб келгач, уйида қамалиб, телефонни, чироқларни ўчирди, шам ёқиб, фақат ароқ ичди.

Икки ой ўтгач, Алексей Смирновнинг ичкилик ва пуллари тугади. У спирт ичадиган бўлди. Ичкиликка муккасидан берилгани боис янги фильмларда кўринмай қолди...

«Отажон, мени кечиринг»

Смирнов умрининг охирги йиллари янада аянчли кечган. Вафотидан уч йил аввал икки болали аёлга уйланган, бироқ тирикчилик учун ҳеч вақолари йўқ эди. Смирновни аллақачон театрдан бўшатишган, кинога ҳам таклиф қилишмас, унинг яна ичкиликка берилишидан чўчир эдилар. Оқибатда Смирнов уйдаги телевизор ва бошқа анжомларни сотиб, яна ича бошлади. Хотини кетиб қолди. Бунинг устига Смирновга бир қанча касалликлар ёпирилиб келди. У ўта аянчли аҳволда эди. Хавотирга тушган қўшнилари «Ленфильм»га қўнғироқ қилиб, Смирновга ёрдам бериш кераклигини айтишар, аммо мурожаатлари жавобсиз қоларди.

Алексей Смирновни юрак хуружи йиқитди. Ўшанда 1978 йилнинг октябри эди. У шифохонада олти ой ётди. Смирновни дўсти Леонид Биковдан бошқа ҳеч ким йўқламади. Биков охирги марта 1979 йилнинг 25 мартида Смирновни кўргани келди. Унинг елкасига қоқиб, «Урушга фақат «қариялар» боради» фильмидаги жумлани айтди: «Биз яшаймиз, Макарич, яшаймиз». Аммо орадан ярим ой ўтиб... Леонид Биков автоҳалокат туфайли вафот этди. Шифокорлар бу ҳақда Смирновга сездирмадилар.

1979 йил 7 май куни Алексей Смирновга уйига жавоб беришди. Шу муносабат билан актёр шифохонада дастурхон ёзди ва дўхтирлар даврасида дўсти Биков учун қадаҳ кўтаришларини илтимос қилди. Бош шифокор беихтиёр айтиб қўйди: «Энди Биков орамизда йўқ, бу ҳақда сизга айтишдан қўрққандик...»

Смирнов қотиб қолди. Сўнг ҳеч нима демади, қадаҳни дастурхонга қўйди. Палатасига йўл олди, каравотга чўзилди ва... ҳаётдан кўз юмди. Ўшанда Алексей Смирнов 59 ёшда эди...

Актёр асраб олмоқчи бўлган интернат-уйдаги Ваня ўн саккиз ёшга тўлганида автомобилсозлик заводига ишга кирди. У узоқ йиллар ёлғиз ҳаёт кечириб, «отаси»ни топишдан умидвор эди. Ваня 1992 йил 7 май куни – актёр Алексей Смирновнинг вафотидан роппа-роса 13 йил ўтиб (ўша санада) қазо қилди. Суд-тиббий экспертизасида қайд этилишича, Ваня ўзини ўзи ўлдирган. Вафотидан сўнг унинг ёғоч ўйинчоқлари ва отасига ёзган мактуби топилди. «Отажон, сизни дафн этишга бормаганим учун кечиринг, – дейилган эди хатда. – Мен бу ҳақда жуда кеч эшитдим...»

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг