Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Анвар Намозов

Дунёда тасодиф йўқ, бу сўзларни ўқиётганингиз ҳам тасодиф эмас!

Журналист нега қамалган эди? (3-қисм)

Журналист нега қамалган эди? (3-қисм)

Ортиқали Номозов (чапда).

Олдинги суҳбатларимизни ўқиган бўлсангиз, ҳийлагар ҳисобчилар туфайли газета таҳририятида тафтиш бошланган. Шу тариқа журналист Ортиқали Номозов устидан жиноий иш қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари бошлаб юборилган. Ўзини айбсиз ҳисоблаган Ортиқали ака бир қадар хотиржам эди, бироқ кутилмаганда уни суд залидан қамоққа олишди...




Суд куни қорин оғриғи

– Қўлларингизга кишан уришди? Журналистни ҳибсга олиш нақадар хунук ҳолат, тағин суд залида! Сиз судни нима деб чалғитган экансиз?

– Шуни билмайман. Ишонсангиз, ҳанузгача бунга ақлим бовар қилмайди.

– Кейин нима бўлди?

– Мени Тўрақўрғон туман ички ишлар бўлимининг вақтинчалик сақлаш изоляторига олиб бориб қамашди. Эсимдан чиқмайди. Изоляторга олиб киришаётганда эшик туйнугидан бир киши исмимни айтиб чақиргандек бўлди. Ўгирилдим. «Ҳа, Номозов! Қалайсиз энди?» – деди ишшайган бу нотаниш башара. «Кўриб турибсиз-ку?» – дедим энсам қотиб. «Одамларни газета орқали таҳқирлашнинг оқибати шунақа бўлади! – деди у. – Бу кунингдан баттар бўл!» Уни танимадим.

– Тошкентдан адвокат бордими?

– Ҳа. Эртаси ўтиб, индин куни келди. Мени яна қўлимга кишан уриб, суд биносига бошлашди. Бир хонага кирдик. У ерда ўрта ёшлардаги, қорамағиздан келган, сипогина бир аёл ўтирган экан. Салом бериб, мени қарши олди. Сўнг тепамда турган милиционерга қараб, қўлларини бўшатинг, деди. Кейин ўзини таништирди:

«Мен халқаро журналистларни ҳимоя қилиш ташкилотида адвокат бўлиб ишлайман. Исми-шарифим... (ёдимдан кўтарилган). Сизга Карим Баҳриевдан салом. Кеча келгандим. Иш материаллари билан танишиб чиқдим. Ҳатто Попга бориб келдим. Солиқ идорасида бўлдим. Гап кўп. Солиқдан яширилган суммаларни бир неча ҳисса ошириб кўрсатишган... Кечи билан бир ой сабр қиласиз. Суд раиси билан гаплашдик. Шошяпти. Душанба куни санаторийга кетаркан. Эртага ҳукм ўқишади. Нима бўлганда ҳам сиқилманг, ўзингизни олдирманг. Аппеляция судида албатта ютиб чиқамиз. Бизнинг ташкилотимиз айнан сизга ўхшаган ноҳақ жабр кўрганлар иши билан шуғулланади. Шу кунгача саккизта журналистни оқлаб, озодликка чиқарганман. Сиз – тўққизинчиси... Сабр-тоқат тилайман, ака. Бардам бўлинг!

Милиционерлар қўлимга яна кишан уриб, «жойим»га «кузатиб» қўйишди. Жойимки, полидан шифтигача цемент чапламали, тепасида кафттеккина дарчаси бор иркит бир хона. Нажас ҳиди димоқни ёради. Ётиш учун тўшамани кечки ўндан кейин беришади. Унгача симтўр ўрнига темир-терсак дегани чалакам-чатти пайвандлаб ташланган ғадир-будур каравотда, биқининг тешилиб ётаверасан... Овқати бир маҳал – тушликка қуруқ сувда чиланчакдек сузиб юрган угра. Эрталаб-кечқурун эшик туйнугини шарақлатиб очиб, пачоқ бир кружкада чой билан икки бўлак нон узатишади...

– Хўш, эртасига?..

– Пойтахтдан келган адвокат хонимнинг ҳурмати туфайли бўлса керак, ҳар қалай суд мажлиси суд залида бўлиб ўтди. Аммо, таассуфки, адвокат қатнашмади. Мен панжара ортида «занжирбанд шер»дек турарканман, у олдимдан ўтаётиб бирров тўхтади: «мазам қочиб, қорним оғриб қолди, – деди у. – Судда қатнашолмайман. Аппеляция куни келаман. Хайр».

Биринчи марта прокурор ҳам қатнашди. Сўзга чиқиб, тергов материалини қайтадан ўқиди. Ва суддан Жиноят кодексининг 167-моддасига кўра (яна қандайдир қўшимча моддалар ҳам бор эди, ёдимда қолмаган) менга ва икки ҳисобчига саккиз йилдан озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинлашини сўради. Шундан кейин ҳисобчилар ва бошқа гувоҳларнинг «тайинлаб-пишитилган» иддаолари яна бир бор эътибор билан эшитилди. Адвокат эса йўқ... Шу билан суд маслаҳатга кирди.

Ўн дақиқа ўтиб, яна ҳамма жойини эгаллади. Суд раиси худди прокурор каби тергов материалини ҳижжалаб ўқиб бергач, менга беш ярим йил озодликдан маҳрум этиш жазоси бериш ҳақидаги ҳукмни ўқиб эшиттирди. Ҳисобчи ва бошқаларга ҳам худди шу айбловлар қўйилган бўлса-да, улар қамалмади.

– Сизга сўнгги сўз беришдими?

– Беришди. Гапирадиган ҳолатда эмасдим... «Ҳукмдан норозиман. Адолат қарор топишига ишонаман» қабилида гапирдим, чоғи... Аниқ эсимда йўқ ҳозир... Лекин бир нарсадан пушаймонман. Бу ҳали-ҳамон қалбимни ўртайди, менга армон...

– Суд залидаги қандай армон?

– Суд раисини оғзимни тўлдириб сўкмаганим, башарасига тупурмаганим... Поданинг ичида битта «шириллатар» бўлса ҳаммаёқни булғайди, дейишади. Ишонасизми, шу кас туфайли «суд» деса юрагим бир қалқиб тушадиган бўлиб қолган. Дейлик, шу маҳкаманинг ёнидаги бир идорада зарур ишим бор. Боришим учун «суд»нинг олдидан ўн метр юриб ўтишим кифоя. Аммо мен шу ўн метрдан юришни хоҳламайман. Икки-уч километр айланиб ўтиб, кейин ўзимга керакли ташкилот эшигидан кираман.

Музлатилган қалам ҳақи

– Ортиқали, ака, бир ижодкор сифатида сизнинг аҳволингизни ҳис қилиш мумкин. Демак, шунчалик оғир бўлган.

(Хўрсиниб) Шунчалик. Қамоқдан қайтганимдан сўнг «Агробанк» туман бўлимига Тошкентдан – «Қишлоқ ҳаёти» таҳририятидан ҳисоб рақамимга тушган сўнгги иш ҳақим ва гонораримни олиш учун бордим. У ердаги бир чиновникча «ҳисобингиздаги маблағ суд томонидан музлатилган, беролмаймиз», деди. «Нима қилишим керак?» дедим. «Сизни суд қилган маҳкамадан рухсат олиб келишингиз керак», деди. МЕН ҲЕЧ ЎЙЛАБ ЎТИРМАЙ, ЎША ПУЛДАН ВОЗ КЕЧИБ ҚЎЯҚОЛДИМ.

– Шу мисолнинг ўзидан аҳволингизни тушунса бўлади. Ҳафсалангиз пир бўлгани, нақадар хўрликни ҳис этганингизни англаш мумкин.  Ортиқали ака, сизни туман ҳокимининг ўзи ишга таклиф қилган эди-ку? Бошингизга шунча кўргиликлар тушганида муносабат билдирмадими?

– Тўрақўрғонга, судга қатнаб юрган кунларимизнинг бирида у менга қўнғироқ қилди. «Ортиғали ака, далада эдим... Марказга яқинлашиб қолдим. Идорангизнинг олдига чиқиб туринг», деди. Чиқдим. «Дамас»нинг рулида ўзи экан. Келди. «Бу... индамайсиз ҳам. Ғалати гаплар эшитяпман. Ўзи нима гап, ака?» – деб сўради. Ҳаммасини айтиб бердим. Бу ишнинг бошида кимлар турганини сўради. «Прокуратура қошидаги туман департаменти», – дедим. Ҳоким телефонини қўлига олиб ёрдамчисига: «Тезда департамент бошлиғини топ, ҳозирнинг ўзида ҳокимиятга келсин», деди. Сал ўтиб телефони жиринглаб қолди. Ёрдамчи эди бу. «Тополмадик» деди, шекилли, ҳоким «топиб айтинглар, эртага саккизда қабулимда бўлсин», деб тайинлади. Кейин менга юзланди: «Ишнинг кетиши қандай?» «Афтидан қамаладиганга ўхшаб турибман», – дедим. Ҳоким кулди: «Йўғ-ей! Бўладиган гапни гапиринг-ей! Кимсан, Ортиқали Номозовдек одамни қамаш осон экан-да!»

Ҳоким Олий Мажлис депутати эди. «Депутатлик бланкангиз бор-а?» – дедим. «Бор, албатта», деди. «Шунга, суд раиси номига икки оғиз тавсифнома ёзиб берсангиз». Ҳоким шу заҳоти телефонига қўл чўзди: «Шуҳрат! Менинг хонамга кир. Столим устида корешокли депутатлик қоғозларим турибди. Шундан биттасини таҳририятнинг олдига олиб кел... Кутиб турибман».

Ёрдамчи олиб келди. Ҳоким уни менга тутқазаркан: «Мана, ака, хоҳлаган нарсангизни, қандай гап керак бўлса ўзингиз ёзинг, кейин мен қўл қўйиб бераман», деди. Кейин хайрлашиб кетди. Мен депутатлик бланкасини «ҳали кечқурун ёзаман», деб столим устига қўйиб, Тўрақўрғонга жўнадим. Ўша куни сира кутилмаганда қамоққа олиндим...

– Демак, Наманган қамоқхонасига олиб келишди...

– Бу ерда ҳам энди анча-мунча қизиқ воқеалар бўлиб ўтди. Эртакка ўхшайди. Ишонишингиз қийин. Хуллас, «қарға» дейиладиган машинадан тушганимиздан кейин мени тиббий кўрикдан ўтказиб, ертўладаги 14-хатага олиб киришди ва эшикни ташқаридан шарақ-шуруқ қулфлашди. Ҳозиргина қўлимга беришган матрас билан яғир ёстиқни бағримга босганча жойимда туриб қолдим. Кенг, чорси хона эди бу. Ён-атрофи икки қаватли темир каравотлар. Ўртада етти-саккиз чоғли, бири иштонли, бири турсили, бири шортикли – ярим яланғоч одамлар намчил битон устида гаплашиб туришар, каравотда ўтирганлари ҳам бор эди. Кўпчилигининг билагида, елкасида алламбало ёзувлар. Ҳаммалари қизиқсиниб қараган. Мен эса ҳамон бағримдаги матрас билан қаққайиб турибман. Ниҳоят, тўрдаги каравотда икки қўлини тирсагига тираб эррайимлардек ўтирган қизил шортикли миқтидан келган, қизилмағиз юзли йигит менга ўқдек кўзларини қадаб сўради:

– Қаердансан?

– Попданман, – дедим.

– Попдан бўлсанг... Ортиқали Номозовни танийсанми? – сўради у.

Қўлимдаги матрас тушиб кетай деди. Нима деяримни билмай анграйиб қолдим.

– Демак, танимас экансан, – деди у. – Бундай одамларни таниш керак. Ўзи журналист. Редактор! Жа қалами кучли, честний одам. Справедливий! Мен ҳам уни кўрмаганман. Шаҳарда Пўлат Ҳамдам дегани бор. Уям кориспондент! Ўша айтган. Жа мақтаган. Бир-иккита статяларини ўқиб берган. Ментларни ёзибди! Пиркурорни ёзибди! СНБни урганига нима дейсан! Юрак деганданам отнинг калласидек боракан-да! Бир марта бизнинг клубимиз ҳақида телефонда гаплашгандик. Баъзи муаммоларимизни айтгандим унга. Келадиган, битта зўр статя чиқарадиган бўлганди. Кейин менда мана бунақа ишлар бўлиб кетди. Попдан бўлатуриб бу одамни танимасанг, нима қилиб юрибсан? Кимсан ўзинг?!

Менинг ҳамон тилим айланмасди.

– Ҳой! Нега индамайсан, гапир!

Қарасам, важоҳати хунук.

– Мен... ўша Ортиқали Номозовман, – дедим.

Шортикли ўрнидан туриб бир сакрашда иягим тагига келиб қолди:

– Нима! Сен, аблаҳ мени масхара қиляпсанми? Афтингни бузиб ташлайман ҳозир... – у баркашдек кафтларини кўтарди.

– Ростдан ҳам сиз айтган ўша журналист менман, – дедим кўзига тик қараб.

– Ие! У ҳолда бу ерга қандай келиб қолдингиз?

– Шунақа бўлиб қолди...

У ҳар иккимизга қизиқсиниш билан қараб турган шерикларига юзланди.

– Нега қаққайиб турибсанлар? Қўлларидан матрасни олмайсанларми?

Маҳкумлардан бағримдаги матрасни олиб ёнбошидаги каравотга қўйди.

– Ортиқали ака! Брат мой! Келинг, бир бағримга босай! – шортикли шундай деб қучоғини очди. Анчайин кифтларимдан силаб бағрига босиб турди. Кейин кўзларимга термилиб: – Телефонда гаплашганимиз эсингиздами? – деб сўради. – Мен ўша «Навбаҳор» футбол клуби раиси Баҳодир Мамадалиевман...

Баҳодир елкамдан қучган куйи шерикларига юзланди:

– Дастурхон ёзинглар, чой қўйинглар! Қани-қани, ака... – у шундай деб мени эшикдан кираверишга қўйилган столга бошлади. Ўтирдик. Маҳкумлар бир зумда дастурхон ёзиб, иккита новвой нон қўйишди. Ҳар ким каравоти остидаги сумкасини очиб, кимдир бир ҳовуч қанд, кимдир майиз, бошқаси ёнғоқ олиб, ўзларича дастурхонни «безатган» бўлишди. Яна кимдир қўлбола совқайнатгичда чой қўйди.

Мен бошимдан ўтган воқеаларни қисқача айтиб бердим.

– Демак, душманларингизнинг қўли баланд келипти-да, – деди Баҳодир. – Нечего! Вақтинчалик! Переживат қилманг. Мана мени айтди дейсиз, ҳаммаси яхши бўлади...

– Дарвоқе, аппеляция суди бўлдими?

– Бўлганда қандоқ! Тошкентдан юқорида эслатганим Карим Баҳриев тавсия қилган адвокат хоним ҳам келди. Қўлимга кишан уриб, вилоят судига олиб боришди. Аминистия судига кирадиган менга ўхшаган маҳкумлар кўп экан. Ҳаммамизни бир томони темир панжарали хонага олиб кириб қамашди. Тасаввур қилинг, 2х2 хонада ўттиз чоғли маҳкум – қўрадаги қўйлардек бир-биримизга қапишиб турибмиз. Шу туришда кимдир бурқситиб сигарет чекади, кимдир баклажкага пешоб чиқаради, яна кимдир тупуради... Кун иссиқ. Нос, тер, тамаки, нажас ҳиди димоқни ёради. Тавба қилдим-у дўзах бўлса шунчалик бўлар-да! Чақиришларини кутиб тўрт соатдан кўпп вақт шу ҳолатда тик оёқда туришни тасаввур қилинг энди!..

Ниҳоят «қуёш чиқди» – чақиришди! Қўлим кишанланган ҳолда катта бир залга олиб кириб, этакдаги темир қафасга киритиб устимдан қулф уришди. Ўзим билан ўзим бўлиб ҳеч қаёққа қарамаган, эътибор бермаган эканман. Аста бошимни кўтариб зеҳн солсам, залда анча-мунча ўриндиқ бўлиб, ҳаммасида одам. Кўпи таниш, мени орқамдан, менга жон тортиб борган оила аъзоларим, қариндошларим. Улар билан нигоҳларимиз орқали салом-алик қилдик. Олдинги қаторда қўр тўкиб ўтирган ҳисобчиларим билан муовинимга қарагандим, кўзларини олиб қочишди. Тепадаги узун стол ортида аппеляция суди аъзолари қишда электр симига қўнган олақанотлардек тизилишган. Мен шўрликдан уят, чарчоқ қўшилиб тер дегани қуюлиб кетяпти! Кўзларим ачишади. Артай десам, қўлимда кишан (кишанни ечишса қафасни ёриб, қуш бўлиб учиб кетаман-да).

Ҳайъат ўртасида ўтирган ўрта ёшли, сочларига оқ оралаган киши аппеляция суди раиси бўлса керак, жуда паст овозда эшитилмас-эшитилмас қилиб бугунги суд мажлисида қандай иш кўрилаётганини маълум қилди ва сўзни прокурорга берди. Прокурор ҳукмни (тергов материалини деса ҳам бўлади) шариллатиб ўқигач, адвокат хоним сўз олди. Хоним пухта тайёргарлик кўриб келган экан. Бизнинг устимиздан қўзғатилган жиноят ишида терговдаёқ қонун талаблари қўпол равишда бузилгани, тергов бир ёқлама олиб борилгани, солиқдан яширилган суммалар бир неча баробар ошириб кўрсатилгани, факт ва даллиллар етарли эмаслиги устига асосланмаганини тўлиб-тошиб гапирди.

– Айниқса, жиноий ишлар бўйича Тўрақўрғон туман суди ишни жуда масъулиятсилик ва шошма-шошарлик билан олиб борган, – деди адвокат. – Суд мажлислари қонунга мутлақо хилоф равишда прокурор иштирокисиз, суд раиси иш кабинетида наридан-бери ўтказилган. Пала-партишликка йўл қўйилган. Кўрсатилган далиллар мутлақо ўрганилмаган ва таҳлил қилинмаган. Қонун талаблари ошкора бузилган. Ҳатто, «Поп тонги» газетаси муҳаррири Ортиқали Номозовнинг ҳисобчилар жиноий ҳаракатларини фош этувчи сўзлари протоколга қайд этилмай, қасддан тушириб қолдирилган. У судга тақдим этган икки ҳисобчининг жиноий ишларини фош этувчи далилий ҳужжатлар протоколга тикилмасдан йўқ қилинган. Ортиқали Номозовнинг иш жараёнида ҳисобчилардаги жиноят аломатларини аниқлаб, чора кўрганлиги, ҳатто улар ишини туман прокуратурасига ёзиб берганига эътибор қаратилмаган ва инобатга олинмаган. Ортиқали Номозовга жазо чораси белгилашда суд амнистияни қўллаши, унинг «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист» деган давлат мукофоти билан тақдирланганлиги, «Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 10 йиллиги» нишони олганлигини инобатга олган ҳолда жазо чорасини бир мунча енгиллатиш керак бўлса-да, суд бу ҳолатларни ҳисобга олмаган.

Айниқса, суд раиси айбланувчи Ортиқали Номозовнинг ҳақли равишда суд боришидан норози бўлиб, ишини бошқа судга ўтказиш юзасидан берган аризасига жавобан «судни чалғитгани учун» деган куракда турмайдиган важ билан эҳтиёт чорасини ўзгартириб, Номозовни суд залидан қамоққа олиш ҳақида қарор чиқарган. Бу қонун талабаларига мутлақо хилоф эканлиги, суд раиси қонун олдида жавоб бериши шартлигини алоҳида таъкидламоқчиман.

Мен маҳкум Ортиқали Номозов суд залидан дарҳол озодликка чиқарилиб, унинг ва икки ҳисобчининг иши қайта тергов қилиниши керак, деган қатьий фикрдаман. Ҳурматли аппеляция суди ҳайъати аъзоларидан шуни сўрайман!

Адвокат хонимнинг гапларидан кейин «чарчоғим тарқаб», яйрадим. Бу гапларнинг биттагинаси инобатга олинганида ҳам бу ердан чиқиб кетадигандек эдим. Оилам, қариндош-уруғларимнинг ҳам чиройи анча очилиб қолганди. Афтидан, улар ҳадемай аппеляция судининг одилона қарори билан озодликка чиққан каминани олиб кетиш кайфиятида эканликлари шундоқ билиниб турарди.

– Аппелция суди маслаҳатга киради! – дея минғирлади раислик этувчи.

Беш дақиқа ҳам ўтмади.

Ҳайъат аъзолари яна жой-жойини эгаллади. Раис ўрнидан туриб қоғоздан бош кўтармаган ҳолда паст овозда, бағоят хотиржамлик билан икки оғизгина гап айтди:

– Аппеляция суди ҳукмни ўз кучида қолдиришга қарор қилди.

Кейин у олдинги қаторда ўтирган ҳисобчиларга ер остидан қараб, худди ёш болаларга «тўполон қилманглар» деб тергаган отадек деди:

– Сизлар камомадни ўрни қўйишга ҳаракат қилинглар.

Миршаб темир қафас эшигини шарақлатиб очиб, мени олдига солиб чиқиб кетаркан, зални хотиним, ўғил-қизларимнинг уввос солиб йиғлаган овозлари, оҳи-зорлари тутиб кетганди...

– Жуда ачинарли. Наҳотки адвокатнинг шунча гапидан биттаси ҳам инобатга олинмаган бўлса?

– Бундай пайтда одам бўлиб туғилганингга пушаймонлар еб кетаркансан, киши... Аппеляция суди шунчаки йўлига ўтказилган «театр томошаси» экани, аслида менинг тақдирим, аллақачон «ёпиқ эшиклар» ортида ҳал бўлгани кўриниб турарди... Ўша пайт миямда шаклланиб улгурган бир қатъий фикримни айтайми?

– Айтинг, ҳеч қайси гап ичингизда қолиб кетмасин.

– Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев давлат тепасига келишлари билан суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш ҳаракатига тушиб, бу идоралар раҳбарларини ишдан олиб, кескин чора-тадбирлар кўргани бежиз эмас. Бу соҳалар, кечирасиз-у, айниб, чириб-ириб кетгани, қонунларни топташ, одамларни ҳақоратлаб эзиш, бир умрга майиб-мажруҳга айлантириш механизмига айланганига мен ўша кунлари юз фоиз амин бўлган эдим...

Хуллас, аппеляция суди шунчаки ўтказилган ва ҳукм ўз кучида қолган. Ортиқали Номозовнинг панжара ортидаги ҳаёти ҳам ачинарли. Уни бир турмадан бошқасига – яхшироғига ўтказишлари учун оила яккаю ягона сигирини сотган. Қаҳрамонимиз қамоқда бир неча тақдир эгалари билан танишган, у ердаги тўрачилик, тамагирликларга бевосита гувоҳ бўлган. Ниҳоят бир ярим йил ўтиб, Ортиқали Номозов озодликка чиқарилди ва оиласи бағрига қайтди.

– Бутун бошли асар бу. Сабр-тоқатингизга балли. Шу ўринда сизга бир савол берсам. Сизни ноҳақ қамаганлар билан кейин ҳеч учрашдингизми?

– Учрашгулик қилмасин. Аллоҳ ҳаммасини кўргувчи ва билгувчидир. Ҳисобли дунё бу. Ёмонлик, албатта, бир кун келиб жазосини олади. Кейин эшитдим. Мени суд қилган ўша манқурт аллақачон бўшаб кетибди. Ўринбосарим куппа-кундуз куни йўлда бораётиб, қоқилиб тушиб ўлди. Шоир дўстим эса, тавба қилдим, саратон касалига чалиниб, қийналиб жон берди. Мени фириб тўрига туширган ҳисобчилар ишсиз юриб, хор-зор бўлибди.

Ачиндим. «Аллоҳим, уларни раҳматингга олгин. Мен уларни аллақачон кечирганман, сен ҳам мағфират қилгин!» дедим. Ҳақларига дуо қилдим.

– «Одиловни отмоқчи эдилар» китобингизнинг бир жойида «қўрқаман» дегансиз. Гап-сўзларингиздан қўрқоқ одамга ўхшамайсиз-ку? Нимадан қўрқасиз?

О.Н.: – Э, укажон... Мендан қаҳрамон ясаманг! Оғзи куйган қатиқни ҳам пуфлаб ичади Мен ҳам Яратганнинг бир ожиз бандасиман. Афсуски, орамизда бад ниятли, бировга азият етказиб ҳузур қиладиган каслар бор... Умрида қўлига китоб ушламаган манқуртлар бор, нодон-у ножинслар бор... Бундайлардан қўрққулик. Аллоҳдан сўрайман. Ана ўшаларга ҳам инсоф берсин. Юзини тескари қилсин. Ундайларга ҳеч бир яхши инсонни рўпара қилмасин.

– Ёш ҳамкасбларингизга, бошловчи журналистларга қандай маслаҳат берган бўлардингиз? Тилакларингиз?

– Менинг ўзим маслаҳатга муҳтожман. Тилакларимга келсак, шу элга, шу юртга, президентимизга муносиб бўлсинлар!

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг