Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Анвар Намозов

Дунёда тасодиф йўқ, бу сўзларни ўқиётганингиз ҳам тасодиф эмас!

Боксчи хотин

Боксчи хотин

Кутилмаганда хотини ўнг томонига ўгирилиб, эрининг юзига мушт тушира кетди: – Мана-мана!

Фото: «Armboxing.com»

Ўрозалининг тонг маҳали уйқуси ўчди. Турмоқчи бўлди-ю, яна бироз ёта қолай, деди. Бугун уйга келадиган улфатлари, кечаги тайёргарлик, сарф-харажатларни хаёлан ҳисоб-китоб қилди. Ҳаммасини тахт қилган, фақат айрим майда-чуйдалар қолган.

– Ҳа, аралаштир! – деди Ўрозалининг ёнида ётган хотини уйқусираб.

Ўрозали унга қараб қўйди. Бечора Зулайҳо тиним билмади ўзиям. Ҳали бозорга югур, дўконга чоп, ҳали гўштни майдала, кўк сомсанинг кўкини тўғра... Терлаб-пишди. Қизлариниям тиндирмади. Бунинг устига кеча Ўрозали уни телевизорда кўрсатилаётган бокс мусобақасини бирга кўришга мажбур қилганди.

– Хамир қани, ҳа, мана! Қоч, ўзим муштлайман! – Зулайҳо яна босинқираб, қўлларини юқорига чўзди-да, «бокс» қила бошлади.

Ўрозали мириқиб кулди ва хотинининг елкасига туртди:

– Зулайҳо, уйқусираяпсан, бурилиб ёт!

– Ўзим муштлайман, дедим, қоч! Бокс қиламан, бокс!

– Бурилиб ёт, Зулай...

Кутилмаганда хотини ўнг томонига ўгирилиб, эрининг юзига мушт тушира кетди:

– Мана-мана!

Ўрозали аввалига «хотиним ҳазиллашяпти», деб ўйлади, аммо юз-кўзига чинакам муштлар ёғилгач, ўзини дивандан пастга отди:

– Уҳ!.. Кўзимни чиқардинг!

– Ана шундай қилиб муштлайдилар! – Зулайҳо энди ёстиқни «бокс» қилиб ётарди. – Мана, мана!

Ўрозали бир қўли билан кўзини ушлар экан, иккинчиси билан кўрпани силтаб тортди. Зулайҳо чўчиб, кўзларини очди. Эрини бир аҳволда кўриб, сакраб турди. Ўрозали жавоб тариқасида унга мушт туширмоқчи эди, Зулайҳо эгилиб қолди.

– Вой, сизга бўлди? – деди ўзини орқага ташлаб. – Ёмон туш кўрдингизми, нима бало?

Ўрозали бақирди:

– Ёмон туш кўрган менми ёки сенми, онангни эмгур? Қара, нима қилдинг?

Зулайҳо ҳеч вақони англамади. У эрининг юзига тикилар, яқинлашишга қўрқарди.

– Тушунмадим... қандай...

– Кўзимга урдинг, аҳмоқ! Жўрттага урдинг!

– Вой, нега ураман? Бу нима деганингиз?

– Ўл, тушингда хамир қоримай! Қара, кўзимни!

– Вой, кўк... кўкарибди.

– Ҳе, онангни... Хамир муштламай кет. Кеча айтдим-а сенга, эрталаб қиласан хамирингни, дедим. Бослиқиб ўл! Хамирим ачиши керак, дединг. Энди улфатларим олдида қандай ўтираман, аҳмоқ?.. Нега бақраясан? Бор сочиқни ҳўллаб кел. Тез бўл!

Зулайҳо Ўрозалини айланиб ўтаётиб, у боплаб тепмоқчи эди, оёғи етмай қолди. Сўкинганча қолаверди.

Бироздан сўнг нам сочиқни кўзидан олган Ўрозали ойнага тикилар экан, бир сапчиб тушди: чап кўзининг ости аллақачон «кўкаламзорлаштириб» бўлинган эди! Жиғибийрони чиқди. Хўрлиги келди. Ёнида турган хотинига мушт туширмоқчи эди, Зулайҳо бу сафар қочмади.

– Уринг, дадаси! – йиғлаб юборди у. – Сизга мушт кўтарган қўлларим синсин! Уринг, аяманг! Ўнта кўзим бўлса, ўнтасиниям кўкартиринг! Қўлларим синсин-а, сизни ургунча!

– Йўқол кўзимдан, – бақирди Ўрозали.

Болалар хонасидан қизлари ва ўғли чиқишди. Улар кўзига сочиқ тутган отаси ва нарироқда йиғлаётган онасига ҳайрон бўлиб қарашди.

– Нима бўлди? – сўради тўнғич қиз.

Ўрозали индамади. Нима десин? «Онанг урди», десинми? Учала қиз онасини ўраб олиб, юпатишга тушди. Ўғли ҳам пилдираб уларнинг ёнига югурди. Бироздан сўнг унинг пичирлагани эшитилди:

– Ойим дадамни урибдилар, мен эшитдим.

Ўрозали ҳовлига чиқиб, сочиқни водопровод сувига тутди. Кўзига босди. Кейин ўйлаб-ўйлаб, Самандарга қўнғироқ қилди.

– Жўражон, ўтиришни сенинг уйингда ўтказайлик.

– Нега? – ҳайрон бўлди Самандар.

– Қўрқма! Ҳамма нарса муҳайё. Шунчаки... Ишим чиқиб қолди, жўра.

– Қандай ишинг?

– Сўрама... Майда-чуйдаларни, овқатни шундоқ сеникига ўтказ...

– Мен айтувдимми сенга, бошқа куни ўтказгин, деб? Байрам куни ҳар ким ўзининг уйида ўтирсин, девдимми? Кўнмадинг! Сенлар ҳамманг хотинингдан қўрқасан, дединг! Хотин-қизлар байрами – аслида эркаклар байрами, дединг!

– Самандар...

– Меникида бўлмайди, Ўрозали. Қайнонам, қайинсингилларим, яна бир тўда аёллар келишади.

– Нима қилай унда?! – деди ўкириб Ўрозали.

– Бошқа куни ўтказасан.

– Калланг борми? Шунча харажатга тушганим етмагандай, яна бошқа куни ўтказаманми?

– Унда ўзинг биласан, – Самандар шундай деб телефонини ўчирди.

Асабийлашган Ўрозали ҳовлининг у бошидан-бу бошигача айланиб чиқди. Оғзидан боди кириб, шоди чиқди. Гоҳ Зулайҳони, гоҳ Самандарни, гоҳ эса эрталабки зарбага «блок» қўя олмагани учун ўзини сўкарди. Аммо ҳовлини чир айлангани билан вақтни тўхтатиб бўлса экан. Нимадир ўйлаб топиш керак.

– Зулайҳо! – бақирди у ичкарига қараб.

Ичкаридан хотини чиқди.

– Уришга уриб, нега индамай ўтирибсан?

– Нима... қилай? – кўзлари намланиб сўради Зулайҳо.

Ўрозали гап билан узиб олди:

– Бу кўзимниям кўкартир, иккаласи бир хил бўлсин!

Зулайҳо уввос солди:

– Ҳаҳ, сизни урган қўлларим синсин!

– Бақирма! – деди Ўрозали девор томонга қараб қўяркан. – Қўшнилар эшитади, довдир! Ундан кўра, ўйла!

– А?.. Нимани ўйлай?

– Оббо!..

Зулайҳодан жўяли фикр чиқди: уйга Муртазо ака билан Зокир чақириладиган бўлди. Ўрозали акасига сим қоқиб, бир иш билан чиқиб кетгани, уйда улфатларини кутиб олишини илтимос қилди. Зокирга Зулайҳо қўнғироқ қилди ва Ўрозали оғилхонага кириб кетар-кетмас, у ҳовлига ташриф буюрди.

Тушга яқин аввал Муртазо ака келди. Дастурхонни кўздан кечираркан, «яхши» деб қўйди. Сўнг Ўрозалининг улфатлари бирин-кетин пайдо бўлишди. Муртазо укасининг номидан узр сўраб, уларни кутиб олди. Зиёфат қуюқ бўлди-ю, Муртазо ака келиннинг ўзини тутишидан хавотирга тушди. Бояқиш келин оғилхонага қараб-қараб қўяди. Лабини тишлайди. Кейин ликопчаларга егуликлар солиб, ўша ерга қатнайди. Муртазо ака уни зимдан кузатаркан, ўйлади: «Укам оғилхонада. Бир гап бўлган-ов!..»

Меҳмонлар кузатилди. Уларга чой-пой ташиб чарчаган Зокир ҳам хайр-хўшлашиб кетди. Фақат Муртазо ака шошилмасди. Яна келинни кузатди. Зулайҳо унинг кўзини шамғалат қилиб оғилхона эшигига етганида шартта тўхтатди:

– Ҳа, келин, оғилда хазина-пазина борми дейман?

– А? – талмовсиради Зулайҳо. – Мен... моллардан хабар олмоқчи эдим.

– Қўлингиздаги нима? Э-ҳа!.. Молларингиз торт ейдими?

– Йўғ-ей, ака... Бу...

– Боя «мужской каприз» олиб кириб кетувдингиз. Жа аристократ сигирларларми, дейман? Қани, мен бир кўрай-чи!

Бу гапни эшитган Зулайҳо оғилхона эшигига қулф солди. Калитни тутган қўлини орқасига яширди. Муртазо аканинг жаҳли чиқди. У эшикни бир тепаркан, дўқ урди:

– Ўрозали, чиқ бу ёққа, нодон! Молхонада нима бор?

Ичкаридан садо чиқмади. Зулайҳо кўз ёшларига эрк берди.

– Нега йиғлайсиз, келин? – ҳайрон бўлди Муртазо ака. – Бугун байрам бўлса! Шундай кунда ҳам йиғлайдими хотин киши! Ё укам хафа қилдими, айтинг!

Зулайҳо ҳўнграб юборди:

– Йўқ, мен у кишини хафа қилдим.

Молхонадан Ўрозали бақирди:

– Ўчир овозингни! Айтиб қўйма! Ўлдираман!

Муртазо ака эшикни урди:

– Ўрозали, таппига беланиб ётмоқчимисан? Чиқ-ей!

– Ўзингиз киринг, ака. Мен... чиқолмайман...

Бироздан кейин оғилхонага кирган Муртазо ака Ўрозалининг гапларини эшитди. Унинг қаҳ-қаҳ урган кулгисидан қўрққан дарахтдаги қушлар учи-и-и-б кетди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг