Нечун бу қадар ожиз ҳолга тушдик?
•Шифокорни оч қолдириб порага ўргатдик, унинг ҳам бола-чақаси бор. Натижа эса кўп куттирмади – беморнинг саломатлиги тушумнинг баракасига бевосита боғланиб қолди;
• Гигиена деган фанни генетика сингари узоқ билдик (аксариятимиз икковини фарқлай олмаймиз, янада тўғрироғи – иккови нималигиниям билмаймиз), элементар қоидаларни на ўргандик, на ўргатдик;
• Тўй қилдик, на зиё берган ўқитувчини, на шифо берган дўхтирни эъзозладик. Креслоси сингари йўғон амалдорни тўрга чиқариб, ўзимиз ярим соатга келган пўрим отарчининг атрофида ялтоқландик, устидан топганимизни сочдик;
• «Соғлом турмуш тарзи» деган гап «Нил дарёсидаги тимсоҳ» деган ибора сингари биздан нари бўлди. Унга амал қилмаганимиз камлик қилгандай йилда бир марта саломатликни текширишга чорловларни ҳам қулоғимиз олмадик;
• Шифокор кўригига, соғлиққа топилмаган вақт ва пул чойхонага, гапга мунтазам топилиб турди. Қорнимиз чиқди, лекин ақлимиз кирмади;
• Энамиз бўлган табиатга шафқатсизлик кўрсатдик. Чиқитга, айниқса елимга тўлдириб нафасини бўғдик. Энди у бизнинг нафасимизни бир лаҳза бўғганида дод-вой қилмоқдамиз;
• Бизни алоҳида текшириб, ёнимизда турган шифокорнинг эмас, интернетда чиройлироқ гапирган артистнинг тавсияси бизга жўяли туйилди. Шунга амал қилдик;
• Дорига ружу қўйдик, танамизни синов майдонига айлантирдик, бирор касалликка мустақил қарши тура олмайдиган ҳолга келтирдик;
• «Битта шифохона, битта мактаб, ўнта сити» нисбатини қилдик. Тиббий масканлар нураб бораверди;
• Тез ёрдамни ўзимиз чақириб, ўзимиз тепкилаб таҳқирладик. Қизиғи, бунинг учун бирортамиз жазо ҳам олмадик!
Ана шундай «багаж» билан коронавирусни кутиб олдик ва «Касаллик нега чекинмаяпти?», – деб ҳайратдамиз яна...
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter