Самолёт бортида нохуш ҳолат содир бўлди
Жорий йилнинг 8 декабрь куни 1989 йилда туғилган фуқаро О.Л. Тошкент маҳаллий аэропортидан «Тошкент – Наманган» йўналишидаги рейсда учиб кетиш учун ҳаво кемасидаги ўз ўрнига бориб жойлашади. Шундан сўнг О.Л. самолёт бортидаги йўловчилар ва ҳаво кемаси экипажи олдида жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасдан, борт кузатувчилари бригадири Р.Мухаметзянова билан ўзаро жанжал чиқариб, уни турли сўзлар билан ҳақорат қилади, деб хабар бермоқда ИИВ Транспортда хавфсизликни таъминлаш бош бошқармаси.
Ҳолат бўйича Тошкент шаҳри аэропортларида хавфсизликни таъминлаш бошқармаси навбатчилик қисмига хабар келиб тушгач, бошқарма ходимлари ҳаво кемаси бортига етиб бориб, О.Л.ни тинчлантиришга ҳаракат қилишади. Аммо аёл ўзининг номақбул хатти-ҳаракатларини давом эттириб, тўсатдан Р.Мухаметзяновага ташланади ва унинг бўйин қисмининг чап соҳасига тан жароҳати етказади.
Юқоридаги ҳолат юзасидан фуқаро О.Л.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 277-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Фуқаро О.Л.га муносиб хулқ-атворда бўлиш ҳақидаги тилхат эҳтиёт чораси қўлланилган.
Суриштирув давомида фуқаро О.Л. айбига тўлиқ иқрор бўлиб, Р.Мухаметзяновадан кечирим сўраган.
Ҳозирда мазкур жиноят иши тугатилиб, тегишли ҳужжатлар судга юборилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter