Узоқ умр кўришнинг 5 та сири
Ҳар бир одам узоқ ва бахтли ҳаёт кечиришни орзу қилади. Гарчи ким қанча яшаши номаълум бўлса-да, саломатликни сақлашга ёрдам берадиган оддий қоидалар мавжуд, деб ёзади «Рамблер».
Тўйгунча ухланг
Гап соатлаб ухлаш ҳақида кетмаяпти: уйқунинг кўпи ҳам, ками ҳам зарар. Кунига 6 соатдан кам ухласангиз, сизда бир қатор касалликлар келиб чиқиши ҳеч гап эмас: семизлик, диабет, юрак касалликлари, депрессия ва ҳоказо. Ҳар бир одам учун энг мақбули — кунига 7-8 соат ухлаш. Доимо бир вақтда ётиб, бир вақтда туришга одатланинг. Дарвоқе, тушликдан сўнг ярим соат мизғиб олиш юрак касалликлари хавфини 30 фоизга камайтиради.
Фаолликни оширинг
Спорт билан мунтазам шуғулланишга имкониятингиз бўлса — жуда соз. Борди-ю, бунинг иложи бўлмаса, спортзалда шуғулланиш ўрнига кунига ҳеч бўлмаса ярим соат сайр қилинг. Ишга бораётганда бир-икки бекат пиёда юринг, имкон қадар лифтдан фойдаланманг. Ҳатто 15 дақиқалик оддий пиёда қон босими ва ёмон холестерин даражасини пасайтиришга ёрдам беради. Олимлар спорт эмоционал ҳолатни меъёрлаштириши ҳамда депрессия келиб чиқиш хавфини камайтиришини исботлашган.
Нафас машқини бажаринг
Ҳозирги шиддатли ҳаётимизда доимо стресс ҳолатида бўламиз ва ўзимизни умуман бўш қўймаймиз: ўз навбатида нафас олиш ҳам бузилади. Организм ҳужайралари кислородга тўйинмайди, бу эса турли касалликларнинг келиб чиқишига туртки бўлади. Кунига ҳеч бўлмаса 10 дақиқа нафас машқини бажариш учун вақт ажратинг: 10 дақиқа чуқур нафас олиш юрак фаолиятини ва қон босимини меъёрга келтиради. Яна одамни жуда тинчлантиради!
Фойдали ёғларни истеъмол қилинг
Кўпгина витамин ва микроэлементлар фақат ёғлар билан сўрилади. Тухум, авокадо, зайтун ёғи, балиқнинг ёғли турлари, ёнғоқлар — буларнинг бари албатта дастурхонингизда бўлиши шарт. Чунки улар организмни фойдали ёғларга тўйинтиради. Фастфуд ва ширинликни эса имкон қадар камайтиринг. Ёғсизлантирилган маҳсулотларга ружу қўйманг — шифокорлар улардан катта фойда кутмаслик кераклигини бир неча марта исботлашган.
Ўз устингизда ишланг
Бахтли ва омадли ҳаёт калити — хурсандчилик бағишлайдиган иш ёки хоббининг борлигида. Бу эмоционал аҳволингизни яхшилайди ва касалликлар хавфини камайтиради: касал бўлишга вақтингиз бўлмайди, чунки сиз севимли ишингиз билан банд бўласиз!
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter