Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Терининг ёшлигини узайтирувчи ва қорин ёғини йўқотувчи маҳсулот

Терининг ёшлигини узайтирувчи ва қорин ёғини йўқотувчи маҳсулот

Фото: «Zen.yandex.ru»

Қандли диабетни даволашга ихтисослашган диетолог Тоби Смитсон бодомнинг соғлиқ учун фойдали хусусиятлари ҳақида гапирди. Унинг сўзларини Eat This, Not That! нашри келтирган.

Смитсоннинг сўзларига кўра, бодом қариш жараёнини секинлаштириш орқали терининг ёшлигини узайтира олади.

«Aжинлар пайдо бўлмаслиги учун кунига икки маҳал бир ҳовучдан бодом истеъмол қилинг. Постменопауза давридаги аёллар орасида ўтказилган тадқиқотлар шуни кўрсатдики, кунига икки порциядан (ҳар бири тахминан 15 граммдан) бодом истеъмол қилиш ажинлар силлиқлашига ва тери пигментациясини камайтиришга ёрдам беради», — деди у.

Диетологнинг таъкидлашича, тадқиқотларга кўра, бодомни мунтазам истеъмол қилиш орқали ажинлар аниқлиги 16 фоизга, пигментация интенсивлиги 20 фоизга камаяди.

Мутахассиснинг фикрича, бодом таркибида фойдали моддалар бисёр. Масалан, 100 грамм маҳсулот таркибида 21 грамм оқсил, 12,5 грамм клетчатка, 24,6 миллиграмм Е витамини (кунлик эҳтиёж тахминан 10 миллиграмм) ва 234 миллиграмм магний (кунлик меъёрдан 50 фоиз ортиқ) мавжуд.

Смитсоннинг қўшимча қилишича, бодом, шунингдек, юрак-қон томир хасталиги ва диабет эҳтимолини оширадиган қорин ёғини йўқотишга ёрдам беради ва метаболик синдром хавфини камайтиради. Бодомни истеъмол қилиш юрак учун фойдали, чунки у қондаги холестерин даражасини пасайтиради.

Бодом калорияли таом ҳисобланса-да, мутахассиснинг таъкидлашича, аслида унинг калорияси тахмин қилинганидан анча камроқ.

Қадоқда кўрсатилган миқдордан кўра тўлиқ қовурилмаган бодомда 25 фоиз, тўлиқ қовурилган бодомда 19 фоиз, майдалаб, қовурилган бодомда эса 17 фоиз камроқ калория сўрилади. Унинг фикрича, бу номувофиқлик ёрлиқдаги маълумотлар маҳсулотнинг биологик хусусиятини ҳисобга олмаганлиги билан изоҳланади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг