Ҳаётнинг маъноси нимада?
Кўпинча «ҳаётнинг маъноси нимада?» деган саволни инсонлар ўзига ва бошқаларга беради. Бу ҳар биримизни ўйлантирадиган муҳим савол.
Кўпчилик бу саволга муҳаббатдан жавоб топади ва бу, албатта, инсон ҳаётидаги энг муҳим жиҳат. Аслида, муҳаббат – ҳаётга маъно берадиган, уни ранг-баранг ва қимматли қиладиган кучли манба.
Муҳаббат севгилисига бўлган муносабатдан бошлаб, яқинларга ва бутун дунёга бўлган муҳаббатни ўз ичига олади.
Муҳаббат – бахт, илҳом ва ўсишнинг кучли манбаи. Севиб ва севилиб яшаётган инсон ўзини тўлақонли ва бахтли ҳис қилади.
Лекин, ҳаёт маъносини фақат муҳаббат билан чеклаш жуда оддийлаштирилган ва ҳиссиётларга таянилган фикр.
Муҳаббат кучли двигатель бўлса ҳам, ҳаёт маъноси бу – ҳар бир инсон учун индивидуал бўлган кўп қиррали тушунча.
Концлагерларнинг даҳшатларини бошдан кечирган Виктор Франкл (психотерапевт, айнан ҳаётни маъносини қидираётган инсонлар учун қўлланиладиган машҳур логотерепая усули асосчиси) ўз логотерапиясида ҳаёт маъноси олдиндан белгиланмаган, балки инсон томонидан мақсадни излаш, мавжудлигини англаш ва масъулиятни қабул қилиш орқали яратилади, деб таъкидлаган.
Унинг «инсон «нима учун» деган саволга жавоб топса, ҳар қандай «қандай»га чидаб бера олади» – деган фикри шахсий мақсад ва маънони излашнинг аҳамияти қанчалик эканлигини кўрсатади.
Алберт Камю эса ўз абсурдлик фалсафасида: ҳаёт объектив маънодан маҳрум бўлсада, лекин бу уни бемаъни қилмайди – дейди. Маъно инсон томонидан дунёни фаол идрок этиш, танлов эркинлигини қабул қилиш ва мавжудликнинг абсурдлиги билан курашиш жараёнида яратилади.
Демак, муҳаббат муҳим, лекин ягона маъно манбаи эмас.
Ҳаёт маъносини излаш бу – ўзини англаш, ўзини рўёбга чиқариш ва дунё билан ўзаро муносабатда бўлишнинг доимий жараёни.
Бу жараёнга қуйидагиларни киритишимиз мумкин:
Ўзини рўёбга чиқариш: ўз салоҳиятини очиш, истеъдод ва қобилиятларни рўёбга чиқариш.
Жамиятга ҳисса қўшиш: бошқа одамлар учун фойдали нарса яратиш, муҳтожларга ёрдам бериш.
Маънавий ўсиш: ўз ўрнини оламда топиш, дунёдаги ўз ролини англаш.
Мустаҳкам муносабатларни яратиш: фақат севги муносабатлари эмас, балки дўстлик, оилавий ва касбий муносабатлар ҳам.
Ўзини ва дунёни қабул қилиш: ўзи ва атроф-муҳит билан ҳамоҳанг яшаш.
Ўша ўқиган постимда таъкидланганидек, собиқ севгилисига адоват ва хафагарчилик бахтсизлик белгиси. Бунга, қўшиламан. Лекин, ўтмишни қўйиб юбора олмаслик психологик травма ёки улғаймаганликнинг натижаси бўлиши ҳам мумкин.
Кечиришни, хафагарчиликларни қўйиб юборишни ва салбий ҳиссиётлар билан қолиб кнтмасдан олға силжишни ўрганиш ҳам муҳим.
Хулоса қилиб айтганда, ҳаёт маъноси бу – статик жавоб эмас, балки динамик жараён бўлиб, уни изланишимизни ўзи ҳаётимизни ўзига хос қилади.
Муҳаббат бу изланишнинг муҳим қисми, лекин ҳаёт мақсадини ҳар ким ўзи белгилаши керак!
Мадина Мийтан, психолог
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter