Ёш болали оналар учун ишхонасида қандай имтиёзлар берилиши керак?
Аҳоли ўртасида, айниқса бирор ташкилотда ишчи ёки ходим бўлиб ишлайдиганларда меҳнат ҳуқуқига доир саволлар кўп учрайди.
Жумладан, кузатувчилардан бири 1 ёшли фарзандини тарбия қилаётган она эканлигини ва унга ишхонада қандай имтиёзлар берилиши кераклиги ҳақида сўрамоқда.
Мазкур саволга экспертимиз ТДЮУ Меҳнат ҳуқуқи кафедраси катта ўқитувчиси Муҳаммадамин Каримжонов жавоб беради.
– Меҳнат кодекси 182-моддасига кўра, ходим учун иш вақтининг нормал давомийлиги 5 кунлик ёки 6 кунлик иш ҳафтасида ҳафтасига 40 соатдан ортиқ бўлиши мумкин эмас. МК 185-моддасига кўра, ўзига нисбатан иш вақтининг нормал давомийлиги белгиланган ходимлар учун: 6 кунлик иш ҳафтасида — 7 соатдан (6*7=42 соатку деб ҳайрон бўлманглар, қайсидир бир кун, одатда шанба куни 5 соат ишланади шунда (5*7)+5=40 соат), 5 кунлик иш ҳафтасида — 8 соатдан ошиши мумкин эмас.
Иш вақти соат 09:00 дан 18:00 гача бўлса, 9 соат бўлиб кетяптики деб ҳам ҳайрон бўлманглар. МК 204-моддасига кўра, иш куни (смена) давомида ходимга дам олиш ва овқатланиш учун давомийлиги кўпи билан 2 соат ва камида 30 дақиқа бўлган, иш вақтига киритилмайдиган танаффус берилиши керак. Демак, савол муаллифига 1 соатлик иш вақтига киритилмайдиган танаффус берилган экан. Шуни ҳисобига умумий 9 соат чиқяпти, аслида иш вақти 8 соат, чунки 1 соатлик танаффус иш вақтига кирмайди.
МК 397-моддасига кўра, 3 ёшга тўлмаган боланинг бюджетдан молиялаштириладиган ташкилотларда ишлайдиган ота-онасидан бирига (васийсига) меҳнат ҳақини камайтирмасдан ҳафтасига 35 соатдан ошмайдиган иш вақти давомийлиги белгиланади.
Демак, биринчидан, сизлардаги иш вақти хафтасига 40 соат ва 5 кунлик иш хафтаси бўйича кунлик 8 соат бўлса, ёш болангиз борлиги сабабли, 35 соатлик имтиёз сиз учун кунлик 7 соатга тўғри келади. Ва агар, кунлик иш вақти соат 9.00 дан 18.00 га қадар белгиланган бўлса, демак сиз соат 17.00 да ишдан чиқиб кетишингиз мумкин.
Иккинчидан, МК 407-моддасига кўра, 2 ёшга тўлмаган боланинг ота-онасидан бирига (васийсига) дам олиш ва овқатланиш учун танаффусдан ташқари болани овқатлантириш учун қўшимча танаффуслар берилади. Бу танаффуслар камида ҳар 3 соатда, ҳар бири 30 минутдан кам бўлмаган давомийликда берилади. Икки ёшга тўлмаган 2 ёки ундан ортиқ нафар фарзанди бўлган тақдирда, танаффуснинг давомийлиги камида 1 соат қилиб белгиланади. Болани овқатлантириш учун танаффуслар иш вақтига киритилади ва ўртача иш ҳақи бўйича ҳақ тўланади.
2 ёшга тўлмаган бола отасининг ёки онасининг (васийсининг) хоҳишига кўра болани овқатлантириш учун танаффуслар дам олиш ва овқатланиш учун танаффусга қўшиб берилиши ёхуд иш кунининг (сменанинг) тегишинча қисқартирилган ҳолда бошига ёки охирига кўчирилиши, шу жумладан жамланган ҳолда кўчирилиши мумкин.
Демак, хулоса қиладиган бўлсак, 1-вариантдаги имтиёз билан сиз соат 17.00 да ишни якунлаш ҳуқуқига эга бўлсангиз, давомли имтиёз сифатида 2-вариантдан фойдаланиб, 2 та 30 дақиқаликни жамлаган ҳолда қўшимча 60 дақиқа – 1 соатлик (ҳар 3 соатда камида 30 дақиқалик, 7 соатга 60 дақиқа – 1 соат тўғри келадиган) танаффус вақтини иш кунининг охирига кўчирган ҳолда, соат 16.00 да ишдан чиқиб кетишингиз мумкин. Агар 2 ёки ундан ортиқ нафар фарзандингиз бўлса соат 15.00 да ишдан чиқиб кетишингиз мумкин. Болангиз 2 ёшга тўлса, у ҳолда болангиз 3 ёшга тўлгунга қадар фақат МК 397-моддасидаги имтиёздан фойдаланасиз.
Диққат! 35 соатлик қисқартирилган иш вақтидан ва болани овқатлантириш учун бериладиган қўшимча танаффус вақтидан фойдаланилганда, ходимларнинг иш ҳақида камайиш бўлмайди, қоидага кўра, бу даврларда нормал иш вақти доирасида ўртача иш ҳақи сақланади ҳамда тўланади.
Эътибор берган бўлсангизлар юқоридаги кафолатлардан нафақат она, балки ота ёки боланинг васийси ҳам фойдаланса бўлади. Оилавий вазифаларни бажариш билан машғул шахслардан бирига кафолатлар бериш шарти МК 410-моддасига кўра тартибга солинади.
Бюджетдан ташқари, хусусий сектордаги ташкилотдаги ходимларчи?
МК 397-моддасидаги кафолат бюджетдан молиялаштириладиган ташкилотларда ишлайдиган ота-онадан бирига (васийсига) тақдим қилинади.
3 ёшга тўлмаган боланинг буджетдан молиялаштирилмайдиган иш берувчиларда ишлайдиган ота-онасидан бирига, васийсига қисқартирилган иш вақти давомийлиги жамоа келишувларида, шунингдек жамоа шартномасида ёки иш берувчи томонидан касаба уюшмаси қўмитаси билан келишилган ҳолда қабул қилинадиган ички ҳужжатларда белгиланиши мумкин. Агар белгиланмаган бўлса бу кафолат тақдим қилинмайди.
Диққат! МК 407-моддадаги болани овқатлантириш учун бериладиган танаффусларни тақдим қилиш эса мулкчилик шаклидан қатъи назар барча ташкилотлар учун мажбурийдир.
Расмийлаштириш қандай бўлади?
«Менга 1 ёшли фарзандим Фалончи Фалончиевни овқатлантириш учун танаффусни жамланган ҳолда иш кунининг охирига кўчириб беришингизни сўрайман. Фарзандимнинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси илова қилинмоқда» деган мазмунда ходим ариза ёзади.
Диққат! Ходимнинг хоҳишига кўра болани овқатлантириш учун танаффуслар дам олиш ва овқатланиш учун танаффусга қўшиб берилиши ёхуд иш кунининг (сменанинг) тегишинча қисқартирилган ҳолда бошига ёки охирига кўчирилиши, шу жумладан жамланган ҳолда кўчирилиши мумкин.
Ходимнинг аризасига мувофиқ иш берувчи буйруқ чиқаради. Буйруқнинг мазмуни қуйидагича бўлиши мумкин:
«Фалончи Фалончиевага болани овқатлантириш учун танаффус ўртача иш ҳақи бўйича ҳақ тўланиб жамланган ҳолда иш кунининг охирига кўчириб берилсин».
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter