Янгиланаётган Конституция: Ўзбекистоннинг ташқи сиёсати қандай мақсадларни кўзлайди?
Ўзбекистон – тинчликсевар юрт. Бошқа мамлакатлар билан дўстона, илиқ муносабатли алоқаларни ўрнатиш эса халқ фаровонлиги ва мамлакат тинчлигининг энг муҳим шартларидан биридир. Конституцияга ташқи сиёсат бўйича алоҳида моддаларгақўшимчалар киритишнинг зарурати ҳам ана шунда – таҳликали даврда барча давлатлар билан дўстона ва тинчликсевар муносабатларни ўрнатиш жуда муҳим.
Ўзбекистонликлар тинчликнинг қадрини биладиган халқ
Бир кун жанжал бўлган хонадонда қирқ кун барака қочади, деган халқ мақоллари бежизга пайдо бўлмаган. Бизнинг халқимиз катта можаролар у ёқда турсин, ён қўшнилари ўртасида кичик айтишувга ҳам муросасиз ёндашади, ҳар доим дуоларида тинчлик бўлсин деб сўрайди. Халқнинг бундай хоҳиш-иродаси эса унинг Асосий қонуни – Конституцияда ҳам ўз аксини топиши шарт эди.
Урушнинг яхшиси бўлмайди
Дунёда ҳозир ҳам турли кўринишларда урушлар, оммавий тўқнашувлар бўлиб тургани инсониятни ташвишга солмоқда. Айрим давлатларда қонли тўқнашувлар 20-30 йиллардан бери тўхтамаяпти.
Узоқ йиллар давомида хорижий давлатлар билан, айниқса ён қўшнилар билан бўлган совуқ муносабатлар ҳеч қачон яхшиликка олиб келмаслигини кўрдик.
Шу сабабли, бундай ҳолат яна такрорланмаслиги учун Конституцияга аниқ қоида киритилмоқда. Яъни Ўзбекистон барча давлатлар билан дўстона ташқи сиёсат юритади. Арзимаган сабаблар билан қайсидир давлатни ўзига душман ясаб олмайди. Кимларгадир уруш бошламайди.
17-модда.
Ўзбекистон Республикаси халқаро муносабатларнинг тўла ҳуқуқли субъектидир.
Ўзбекистоннинг ташқи сиёсати давлатларнинг суверен тенглиги, куч ишлатмаслик ёки куч билан таҳдид қилмаслик, чегараларнинг бузилмаслиги, давлатларнинг ҳудудий яхлитлиги, низоларни тинч йўл билан ҳал этиш, бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик принципларигаҳамда халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган бошқа принциплари ва нормаларига асосланади.
18-модда.
Ўзбекистон Республикаси давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан икки ва кўп томонлама муносабатларни ҳар тарафлама ривожлантиришга қаратилган тинчликсевар ташқи сиёсатни амалга оширади.
Ўзбекистон Республикаси давлатнинг, халқнинг олий манфаатларидан, унинг фаровонлиги ва хавфсизлигидан келиб чиққан ҳолда иттифоқлар тузиши, ҳамдўстликларга ва бошқа давлатлараро тузилмаларга кириши ҳамда улардан чиқиши мумкин.
Ташқи сиёсатдаги ижобий ўзгаришлар
ЎзбекистонМарказий Осиё давлатлари билан дўстона, яқин қўшничилик ва ўзаро манфаатли алоқаларни ривожлантирмоқда.
Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувларини ўтказиш йўлга қўйилди. Қўшниларимиз билан чегаралар очилди, узоқ йиллар давомида бир-бирини кўра олмаган қон-қариндошлар яна учрашди.
Марказий Осиё давлатлари билан ташқи савдонинг умумий ҳажмдаги улуши 2017 йилда 10,3 фоизни ташкил этган бўлса, 2021 йилда ушбу кўрсаткич 15,1 фоизга етган.
Киритилаётган ушбу моддадаги яна бир муҳим жиҳат – Ўзбекистон у ёки бу кўринишдаги халқаро иттифоқчилик кенгашларига фақат ва фақат халқ манфаатларини кўзлаб кириши ёки ундан чиқиши мумкинлиги. Масалан, бир пайтлар Ўзбекистон Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ) аъзоси бўлган, бироқ ушбу ташкилот ўз йўналишини ҳарбийлаштиргач, ундан чиқишга қарор қилган. Бу каби ҳолатларда, албатта, халқнинг манфаатларидан келиб чиқиб, йўл тутиш кераклиги Конституцияда мустаҳкамлаб қўйилаётгани эса ташқи сиёсатдаги аниқ стратегияларни амалга оширишга кўмаклашади.
Конституциямизга барча давлатлар билан дўстона ва тинчликсеварлик ташқи сиёсатини олиб боришга доир мазкур янги принципнинг киритилиши аччиқ хатолардан чиқарилган тўғри хулосадир. Умуман олганда, бугунги кунда ўз қобиғига ўралиб олиб, ҳаммага ёвқараш қилиб яшайдиган давлатлар яккаланиб қолади. Бу эса фақат ва фақат ўша давлатнинг ўзига, аниқроғи халқига зиён қилади. Барча давлатлар билан халқининг манфаатларини устун қўйиб, икки ва кўп томонлама фойдали дўстона муносабатларни йўлга қўйиш ҳозирги замонда энг тўғри қарор дейиш мумкин.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter