Янги таҳрирдаги Конституцияда инсон манфаатларига устуворлик берилмоқда
Конституциявий қонун лойиҳасида инсон ҳуқуқ ва эркинликларни таъминлаш давлатнинг олий мақсади эканлигининг ўзи, амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотларнинг туб моҳиятида инсон қадри турганлигидан далолат беради.
Ҳар бир давлат ўз фуқаролари билан муносабатга киришар экан, алоҳида ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга бўлади. Яъни, давлат ҳам, фуқаро ҳам ўзига хос ҳуқуқ ва мажбуриятлар эгасидир. Давлат фуқаролар тинч, хавфсиз, фаровон яшаши учун барча шарт-шароитларни яратиб бериш каби мажбуриятга эга бўлса, фуқаролар эса, биринчи навбатда, қонунларга бўйсуниши, жамиятдаги қоидалар ва талабларга риоя қилиши, ҳаёти даврида дуч келадиган мажбуриятларини бажариши каби масъулиятли вазифани ўз зиммасига олиши лозим бўлади.
Оддий бир ҳаётий мисол. Ҳар бир фуқаро шахсий автомобилга эгалик қилишга ҳақли. Бу унинг мулк ҳуқуқи ҳисобланиб, қонун билан ҳимоя қилинади. Фуқаро ушбу ҳуқуқни амалга оширишда бошқа шахсларнинг ҳуқуқларини бузмаслиги, автомобилдан фойдаланганда йўл ҳаракати қоидаларига риоя этиши керак бўлади.
Инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари бевосита амал қилади, деган муҳим норма мустаҳкамланаётганига алоҳида эътиборимизни қаратишимиз лозим.
Мазкур конституциявий норма ислоҳотларнинг бош мақсади «Инсон қадри учун» ғоясини кундалик амалиётимизда бош қадриятга айлантиришга, яъни инсоннинг қадр-қиммати, шаъни ва ғурури бундан буён барча соҳаларда биринчи ўринда туришини таъминлашга хизмат қилади.
Мисол тариқасида, Германия Конституциясининг 1-моддасида айтиладики, «Қуйида санаб ўтиладиган асосий ҳуқуқлар қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимияти учун бевосита амал қиладиган ҳуқуқ сифатида мажбурийдир». Қуйида деганда, фуқароларнинг асосий шахсий, сиёсий, иқтисодий-ижтимоий ҳуқуқларини назарда тутади.
Таъкидлаш лозимки, инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари қонунларнинг, давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, уларнинг мансабдор шахслари фаолиятининг моҳияти ва мазмунини белгилайди, деган норманинг мустаҳкаланиши ҳам амалда муҳим аҳамият касб этади.
Мазкур норма билан биринчидан, қонунчилик ҳужжатларини қабул қилиш ва уни амалда қўллашда, иккинчидан, давлат органлари, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари ва уларнинг мансабдор шахслари фаолиятини ташкил этишда инсон ҳуқуқлари мазмун-моҳиятига устуворлик бериш Конституция даражасида мустаҳкамланмоқда. Мазкур норма орқали барча давлат ва нодавлат тузилмалар функция ва вазифалари инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга йўналтирилади.
Мазкур янгилик ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, инсон учун муносиб турмуш шароитини, малакали тиббий хизмат кўрсатиш, сифатли таълим, ижтимоий ҳимоя тизимини, соғлом экологик муҳитни яратиш қонун ҳамда давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг асосий мақсади сифатида белгиланишига хизмат қилади
Янги таҳрирдаги Конституцияда давлат органлари томонидан инсонга нисбатан қўлланиладиган ҳуқуқий таъсир чоралари мутаносиблик принципига асосланади, дейиляпти. Яъни, бунда жазолаш ёки бошқа таъсир кўрсатишнинг чегараси инсонийликка бориб тақалади. Аниқ айтганда, Конституция ва қонунларнинг асосий мақсади инсон, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини рўёбга чиқариш ва ҳимоя қилишдан иборатдир. Яъни, қонунлар кимгадир ортиқча мажбурият ёки харажат юклаши мумкин эмас. Эслаб ўтиш лозимки, ўтган пандемия шароитида баъзи тадбиркорлар қийинчиликларга дуч келди, давлат эса мазкур ҳолатга баҳо берган ҳолда ушбу тадбирокрларга тегишли имтиёзлар берилди, ортиқча ҳуқуқий таъсир чоралари қўлланилмади. Бу инсонпарпарварлик принципининг амалдаги ижроси десак, хато қилмаган бўламиз.
Ҳуқуқий давлатда барча муносабатлар аниқ қоидалар билан тартибга солинган бўлиши керак. Аммо ҳаётда шундай вазиятлар ёки ҳолатлар вужудга келиши мумкинки, давлат ва инсон ўртасидаги айрим муносабатларнинг ечими қонунчиликда кўрсатилмаган ёки ноаниқликларга сабаб бўлиши аниқ. Мана шундай ҳолатларда муаммо кимнинг фойдасига ва қандай тартибда ҳал этилиши муҳим аҳамият касб этади.
Давлат билан инсон ўртасидаги ўзаро муносабатларда юзага келадиган қонунчиликдаги барча зиддиятлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига талқин этилади, деб белгиланмоқда. Яъни, инсон давлат органига мурожаат қилса-ю, бироқ унинг ишига тегишли қонунчиликда қарама-қаршиликлар ва ноаниқликлар бўлганда иш қандай ҳал этилиши керак? Масалан, давлат ва фуқаро ўртасида қайсидир масалада келишмовчилик юз берди. Агар ушбу масала бўйича қонунчиликда қандайдир ноаниқлик бўлса ёки ишни давлат фойдасига ҳам, фуқаро фойдасига ҳам ҳал қилиш имконияти бор бўлса, албатта фуқаро фойдасига ён босилади. Ушбу тамойил одатда жиноят процесси иштирокчилари, тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш доирасида кенг қўлланилиб келинмоқда.
Конституцияга киритилаётган инсон ҳуқуқ ва эркинликларини янада кучайтиришга қаратилган янги нормалар сўнгги йилларда илгари сурилган инсон қадрини эъзозлаш тамойилларига тўла мос келади. Инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг бевосита амал қилиши, қонунчиликда ечими топилмаган ҳар қандай масала фуқаро фойдасига ҳал этилиши каби нормалар муҳим концептуал ўзгаришлардан далолат беради.
Шерзод ЗУЛФИҚОРОВ,
Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги
университети профессори, эксперт
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter