Ходим меҳнат таътилидан чақириб олинганда қолдиқ кунлар учун тўлов қандай бўлади?
Савол: даромад солиғидан бошқа аъзолик бадали учун ушлаб қолинадиган ташкилотлар аъзолигидан чиқиш мумкинми? Бу қандай тартибда амалга оширилади?
Меҳнат кодексининг 269-моддасига кўра, умумий қоидага кўра ходимнинг ёзма розилиги билан, ходимнинг розилиги бўлмаган тақдирда эса ушбу модданинг иккинчи қисмига мувофиқ иш ҳақидан ушлаб қолиниши мумкин. Яъни касаба уюшмаси, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва бошқа турли ташкилотлар учун пул ушлаб қолишга сизнинг розилигингиз шарт.
Конституциянинг 73-моддасига кўра, касаба уюшмаларига аъзо бўлиш ихтиёрийдир. Бундан ташқари, «Касаба уюшмалари тўғрисида»ги қонуннинг 7-моддасига кўра, фуқаролар ўз қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш учун ўз танловига кўра ихтиёрий равишда касаба уюшмаларини тузиш, уларга аъзо бўлиш, касаба уюшмаси фаолияти билан шуғулланиш ва касаба уюшмаларига аъзоликдан чиқиш ҳуқуқига эга.
Шунингдек, МКнинг 4-моддасига кўра, ҳар ким касаба уюшмасига аъзо ёки аъзо эмаслигидан қатъи назар меҳнат ҳуқуқларини амалга ошириш ва ҳимоя қилишда тенг имкониятларга эга. Яъни ходим касаба уюшмасидан чиқиб кетган тақдирда ҳам уни меҳнат ва машғулотлар соҳасида камситишга йўл қўйилмайди.
Демак, касаба уюшмаларига аъзо бўлиш ихтиёрийдир ва ходим касаба уюшмаларига аъзоликдан чиқиш ҳуқуқига эга.
Агар бу каби ташкилотлардан чиқиб кетмоқчи бўлсангиз, аъзоликдан чиқиш ҳақида ариза тўлдирилади.
Савол: қизим ўқитувчи бўлиб ишлайди. Бола парваришидан оилавий шароити сабабли муддатидан аввал қайтмоқчи эди. Аммо бош ҳисобчи қизимга сентябр ойидан қайтиши мумкинлигини айтиб қаршилик қиляпти. Бу ҳолатда бош ҳисобчи ҳақми?
МК 405-моддасига кўра, ҳомиладорлик ва туғиш таътили тугаганидан кейин, аёлнинг хоҳишига кўра, унга боласи икки ёшга тўлгунига қадар болани парваришлаш таътили берилиб, бу давр учун Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган тартибда нафақа тўланади.
Аёлга унинг хоҳишига кўра, боласи уч ёшга тўлгунига қадар уни парваришлаш учун иш ҳақи сақланмаган ҳолда қўшимча таътил ҳам берилади.
Эътибор беринг, аёлнинг хоҳишига кўра дейилмоқда. Аёл исталган вақтда бола парвариш таътилидан ишга чиқиши мумкин, масалан, 3 ёшгача бола парваришга ариза ёзиб, 3 кундан сўнг ҳам ишга қайтиши мумкин. Бу қоида ўқитувчилар учун ҳам тааллуқли.
Савол: ходимга 41 кунлик меҳнат таътили ва бу учун таътил пуллари ҳам тўлаб берилди. Аммо иш берувчи ходимни 35 кундан сўнг меҳнат таътилидан чақириб олди. Бунда ходимнинг 6 кунлик фойдаланилмаган меҳнат таътили учун пуллик компенсация тўланадими ёки қолган 6 кунига табел бўйича иш ҳақи тўланадими?
Йиллик меҳнат таътили вақтида сақланиб қолинадиган ўртача иш ҳақи миқдорини аниқлаш тартиби тўғрисидаги Йўриқнома 21-бандига кўра, ходим таътилдан чақириб олинса ва таътилнинг қолган қисми бошқа муддатга кўчирилса, таътилнинг кўчирилган кунларига тўғри келадиган тўланган ўртача иш ҳақи суммаси бажарилган иш ёки ишланган вақт учун ойлик иш ҳақи ҳисобига ёзилади. Таътилнинг фойдаланилмаган қисми кунларига ҳақ тўлаш учун ўртача иш ҳақи белгиланган тартибда ҳисоблаб чиқилади.
Таътил қисмларга бўлинганда сақлаб қолинаётган ўртача иш ҳақи ушбу Йўриқномада белгиланган тартибда ҳар бир қисм учун алоҳида ҳисоблаб чиқилади.
Саволларингизни @xabargayoz_bot 'га жўнатишингиз мумкин.
Саволларга экспертимиз Муҳаммадамин Каримжонов
жавоб берган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter