Туркия геология соҳасида Ўзбекистон билан ҳамкорликни кенгайтиради
Ўзбекистон томони ва Туркиянинг Фойдали қазилмаларни тадқиқ этиш ва қидириш Директорати (МТА) келгусида ҳамкорликни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида келишиб олдилар.
Бу ҳақда жорий йилнинг 19 декабр куни Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги мутасаддилари ҳамда МТА бош директори ўринбосари Наил Йилдирим ва лойиҳа раҳбари Мустафо Токўғли билан бўлиб ўтган учрашувда қайд этиб ўтилди.
Учрашувда МТА вакиллари Ўзбекистонда хорижий инвесторларнинг қулай фаолият юритиши учун яратилган шарт-шароитларни юқори баҳолаб, янги қўшма лойиҳаларни амалга оширишда фаол иштирок этишга тайёр эканликларини билдирдилар.
Фойдали қазилмаларни қидириш соҳасида янги лойиҳаларни амалга оширишни назарда тутган ҳолда сармоявий муносабатларни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди. Икки мамлакат мутахассисларининг ҳамкорликдаги фаолиятини кенгайтириш, тажриба ва технологиялар алмашиш, малакасини ошириш имкониятлари ҳам мавжудлиги таъкидланди.
Маълумот учун, Туркиянинг Фойдали қазилмаларни тадқиқ этиш ва қидириш Директорати 1935 йилда геологик тадқиқот ташкилоти сифатида ташкил этилган. Бош офиси Анқарада жойлашган бўлиб, ташкилотнинг асосий фаолияти геологик қидирув хизматларини кўрсатишдир. МТА Ўзбекистонда 2018 йилдан буён фаолият юритиб келмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter