Тошкентда яна бир «дом»нинг лифти қулагани айтилмоқда. Жабрланганлар йўқ
Ижтимоий тармоқдаги «Потребитель.уз» саҳифаси фойдаланувчиларидан бири кеча, 24 октябрь куни Тошкент шаҳар Яшнобод тумани Паркент кўчасида жойлашган 253-кўп қаватли турар-жой биносидаги лифт билан боғлиқ нохуш ҳолат содир бўлганини ёзмоқда.
Мазкур турар-жой биносида яшовчи фуқаронинг айтишича, ичида одамлари бўлган лифт 9-қаватдан 5-қаватга қулаган. Пастга қараб тезлашиб кетган лифт, автоматик тормоз тизими ишлаб кетгани боис 5-қаватда тўхтаган.
«Одамлар ҳали ҳам кучли ҳаяжонда», – дейди фуқаро.
У, шунингдек, лифт жорий бошқарув компаниясига қурувчи фирма томонидан фойдаланишга топширилмаганини айтади.
«Уйнинг фойдаланишга топширилганига 3 йил бўлганига қарамай, айрим лифтларда эҳтиёт қисмлар йўқлиги сабабли ҳамон ишламайди. Ҳозирги бошқарув компанияси вакиллари эса уларда эҳтиёт қисмлар етарли эмаслигини айтиб келади», – дейди фуқаро.
У, нафақат лифтлар, балки ҳовлида ўзбошимчалик билан қурилган қўшимча қурилишлар юзасидан ҳам тегишли органларга шикоят йўлланганини билдирган.
«Аммо, ҳеч қандай рекция йўқ», – деб ёзади у.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 18 июнида Тошкент шаҳар Янгиҳаёт туманида ичида 11 киши бўлган лифт қулаган ва ундаги одамлар турли даражада тан жароҳати олган эди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter