Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Тошкентда уруш кетаётган ҳудудлардан қайтганларни реабилитация қилишга доир минтақавий тадбир бўлиб ўтади

Тошкентда уруш кетаётган ҳудудлардан қайтганларни реабилитация қилишга доир минтақавий тадбир бўлиб ўтади

Жорий йил 14 май куни Тошкентда қуролли можаро зоналаридан қайтганларни реабилитация ва реинтеграция қилиш масалалари бўйича Марказий Осиё минтақавий экспертлар Кенгашининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтади.

Минтақавий экспертлар Кенгаши Президент Шавкат Мирзиёев томонидан 2022 йил 3-4 март кунлари Тошкентда ташкил этилган юқори даражадаги «БМТ глобал аксилтеррор стратегиясини амалга ошириш бўйича Қўшма ҳаракатлар режаси доирасида Марказий Осиё мамлакатлари минтақавий ҳамкорлиги» халқаро конференциясида илгари сурилган ва халқаро шериклар томонидан кенг кўламда қўллаб-қувватланаётган ташаббуси доирасида ташкил этилмоқда.

Анжуман Президент ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти, ДХХ, Ташқи ишлар вазирлиги, Оила ва аёллар масалалари қўмитаси, шунингдек БМТ Терроризмга қарши кураш бошқармаси, Марказий Осиё учун превентив дипломатия бўйича минтақавий марказ, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси ҳамкорлигида ташкил этилди.

Мазкур йиғилишда Марказий Осиё давлатлари, халқаро ташкилотлар – БМТ ва ЕХҲТнинг юқори мартабали мансабдор шахслари, шунингдек қайтганларни реабилитация ва реинтеграция қилиш, хусусан жиноий ҳаракатлар содир этишда гумон қилинаётган шахсларни жавобгарликка тортиш соҳасидаги мутахассислар иштирок этади.

Конференциянинг очилиш маросимида БМТ Бош котиби ўринбосари –Терроризмга қарши кураш бошқармаси раҳбари Владимир Воронков, Бош котибнинг Марказий Осиё бўйича махсус вакили, БМТнинг Марказий Осиё учун превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази раҳбари Каха Имнадзе, БМТ Хавфсизлик Кенгаши Аксилтеррор қўмитаси Ижроия директорати раҳбари вазифасини бажарувчи Вейсун Чен, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон делегациялари раҳбарлари нутқ сўзлаши кутиляпти.

Тадбирда кўплаб халқаро ва минтақавий ташкилотлар, жумладан МДҲ Аксилтеррор маркази, ШҲТ Минтақавий аксилтеррор тузилмаси, Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш Котибияти, Иқтисодий Ҳамкорлик Ташкилотининг Парламентлараро Иттифоқи, Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти ва БМТ тузилмалари, хусусан Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси, Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссар бошқармаси, Қочоқлар ишлари бўйича Олий комиссар бошқармасининг юқори даражали вакиллари иштироки режалаштирилган.

Конференция қайтганларни реабилитация ва реинтеграция қилиш ҳамда минтақадаги давлатлар ҳамкорлигини институционаллаштириш соҳасида Марказий Осиё давлатлари ўзаро тажриба алмашиши учун ўзига хос майдонга айланади ҳамда Марказий Осиё давлатларининг юксак даражадаги бирлашувининг ва минтақада тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш учун масъулиятни биргаликда зиммасига олишга тайёрлигини яна бир бор намойиш этади.

Тадбир доирасида «Репатриантларни реабилитация ва реинтеграция қилишга давлат ва умумий ижтимоий ёндашувнинг аҳамияти»,  «Маҳаллий жамоалар ва жамоат ташкилотларининг соҳадаги ўрни» каби муҳим мавзуларда секциялар ташкил этилади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг